Ҳамдардлик мактублари
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига укаси Исломхон Алимовнинг вафоти муносабати билан хорижий давлат муфтийлари номидан ҳамдардлик мактублари келмоқда. Уларнинг айримлари мазмунини эътиборингизга ҳавола этамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси,
муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига,
Ҳурмали Муфтий ҳазратлари!
Укангиз Исломхон Алимовнинг вафоти ҳақидаги хабарни чуқур қайғу билан эшитдим. Шу муносабат билан шахсан ўз номимдан, Уламолар Кенгаши ва Қозоғистон мусулмонлари номидан Сизга чуқур таъзия билдираман. Аллоҳ таоло марҳумни Ўз раҳматига олиб, гуноҳларини мағфират этсин.
Ўзбек-қозоқ халқлари азал-азалдан бир-бирларига оға-инидир. Қадимдан қувончли ёки қайғули кунларида бир-биримизга елкадош бўлиб келаётган элмиз. Қозоғистон мусулмонлари Сизнинг бошингизга тушган мусибатга улуғ ажр-савоблар беришини Ҳақ таолодан сўрашмоқда. Дин хизматида бўлган Қозоғистондаги уламолар ва имом-хатиблар ҳам дуода бўлмоқда.
Ҳақ таоло Сизга ва марҳумнинг яқинларига чиройли сабр бериб, инингиз Исломхон Алимовнинг имонини саломат айлаб, жаннат хушхабари билан хушлантирсин.
Эҳтиром ила,
Қозоғистон мусулмонлари
идораси раиси, муфтий Серикбай ҳожи ОРАЗ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси,
муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига,
Ҳурмали Муфтий ҳазратлари!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига укаси Исломхон Алимовнинг вафоти муносабати билан Қирғизистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши ва шахсан ўз номимдан чуқур таъзия билдираман.
Бу фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилган инингиз Исломхон Алимовни Аллоҳ таоло ўз раҳматига олиб, гуноҳларини мағфират айласин. Ётган жойларини жаннат боғчаларидан бир боғча айлаб, Охиратда жаннатдан муносиб жой берсин.
Ҳақ таоло Сизга ва марҳумнинг яқинларига чиройли сабр бериб, ортда қолган фарзанду аржумандларини солиҳлардан айласин. Қилган амалларини мақбул қилиб, имонларини саломат айласин.
Эҳтиром ила,
Қирғизистон мусулмонлари идораси
Уламолар Кенгаши раиси Ҳабибуллоҳ ҳожи Қодирбердиев
Муборак Рамазон кунларида эҳтиёжманд инсонларга ёрдам бериш, уларни хурсанд этиш Ислом динида буюк фазилат саналади. Шу муносабат билан Фарғона шаҳрида кам таъминланган, ёрдамга муҳтож инсонлар учун ифторлик дастурхони ёзилди.
Меҳрибонлик ва саховат муҳити ҳукм сурган тадбирда Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев ҳам иштирок этиб, йиғилганларни муборак ой билан табриклади.
Рамазон – саховат, бирдамлик ва бағрикенглик ойи экани, бу ойда мўмин-мусулмонлар ибодатларини зиёда қилиб, мустаҳкам биродарлик ва бағрикенглик билан яшашга даъват этилгани, муҳтожларни қўллаб-қувватлаш инсон учун икки дунё саодатига элтадиган фазилат экани таъкидланди.
Тадбир давомида меҳмонларга таом тортилиб, дуолар қилинди ва хайрли амалларга тарғиб этилди. Тадбир иштирокчилари хайрия ифторлиги ташкилотчиларига ва саховатли инсонларга ўз миннатдорликларини изҳор қилдилар. Мана шундай хайрли тадбирлар орқали юртимизда меҳр-мурувват, ўзаро қўллаб-қувватлаш фазилатлари янада мустаҳкамланиши қайд этилди.
Фарғона вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати