Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилиши назарда тутилган. Мазкур академия Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Ўзбекистон ислом академияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университети негизида ташкил этилиши, шунингдек Халқаро ислом академияси Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита муассислигидаги Қуръон илмлари, ҳадис, ислом ҳуқуқи, ақида, тасаввуф, ислом иқтисодиёти ва молияси, халқаро муносабатлар, хорижий тиллар (араб, форс, инглиз, рус, урду, турк ва б.) ва бошқа халқаро миқёсда эҳтиёж мавжуд бўлган соҳалар бўйича малакали кадрларни тайёрлаши белгиланган.
Жорий йил 11-июль куни Нукус шаҳри Имом эшон Муҳаммад жоме масжиди мажлислар залида Ўзбекистон хақаро Ислом академияси Қорақалпоғистон Республикаси минтақавий филиали Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги диний соҳа ходимларининг малакасини ошириш ўқув-семинарини бошлаш маросими бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси, республикадаги Олий талим муассасалари профессор-ўқитувчилари, қозиёт ходимлари, имом-хатиблар ва Муҳаммад ибн Ахмад ал Беруний номидаги ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчилари иштирок этди.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти
Cавол: Интернетда мусулмон юртлардан ҳижрат қилиб кетиш фарз экани ҳақида чақириқларга кўзим тушди, ҳақиқатан ҳам ҳозирда ҳижрат қилиш фарзми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳозирги кунда мусулмон юртлардан ҳижрат қилиш фарз эмас. Чунки ҳижрат куфр диёридан Ислом диёрига қилинади. Қадимдан мусулмонларнинг ери бўлган ва Ислом арконларига очиқчасига амал қилиниб келинаётган жойлар Ислом диёри дейилади. Мусулмонлар тинч омон яшаётган жойдан жони, моли ва обрўсини хатарга қўйиб, ҳарбий ҳаракатлар кетаётган жойларга бориш ҳижратнинг маъносига бутунлай зиддир.
Демак, Ислом диёрини ташлаб кетиш шаръий ҳижрат дейилмайди, фарз ёки вожиблик касб қилмайди, балки оддий бир манзилдан бошқасига яшаш учун кўчиш бўлиб қолади.
Уламоларнинг сўзларига кўра ҳижрат танг ҳолат юзага келганида, яъни асосий фарз амалларни бажариш имкони қолмаганда амалга оширилади. Бунга Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жонларига суиқасд қилинганда Мадинага ҳижрат қилишлари ва мусулмонларнинг Ҳабашистон ва Мадинага ҳижрат қилиб жон сақлаганлари мисол бўлади. Мазкур ҳижратлар мусулмонларнинг жонлари, эътиқодлари ва мол-мулкларига нисбатан хатарнинг ўта кучайганлиги оқибатида содир бўлган.
Хулоса шуки, ғаразли мақсадлар билан фитна ўчоғига чақираётганларнинг даъволари асоссиз. Ҳар бир ақлли-мулоҳазали мусулмон инсон уларнинг алдовларига учмаслиги, мўътабар уламоларимизнинг кўрсатмаларига амал қилиши ва мусулмонларнинг катта жамоатини лозим тутиши керак. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.