Қуръони Каримда “Нисо” (“Аёллар”) деган сура бор.
*****
Аёл кишининг илтимоси туфайли бир сура нозил бўлди. Бу Мужодала сурасидир.
*****
Оиша онамизнинг покликларини таъкидлаб оятлар нозил бўлди.
*****
Агар эркак иккита хотинга уйланиб, уларнинг орасида адолат қилмаса, қиёмат куни ярми шол ҳолда тирилади.
*****
Агар эр хотинига белгиланган маҳрни бермаса, у заифанинг молини ўзлаштирган ўғри ҳисобланади.
*****
Агар эр хотинини талоқ қилса ҳам, унга берган маҳрни қайтариб олишга ҳаққи йўқ.
*****
Агар эркак опа-синглиси, бувиси, аёли ва қизларининг меросдаги улушини тортиб олса, Аллоҳ таолонинг белгилаб қўйган чегарасидан ошиб ўтган бўлади. Ким шундай қилса, ўзига кўп зулм қилган бўлади.
*****
Агар эр аёлини урса ёки хўрласа, пасткаш кимса, агар икром қилса, олийжаноб киши ҳисобланади.
*****
Агар эр аёлини ёмон кўрса ҳам сабр қилсин, Аллоҳ таоло ўша аёлда кўп яхшиликларни пайдо қилади.
*****
Агар эр аёли билан ажрашса ҳам ўртадаги никоҳ, бирга яшаганлик эътиборидан уни ҳақорат қилмасин, ғийбат қилмасин, одамларга ёмонламасин.
*****
Агар эр аёли билан ажрашса ҳам ундан кўрган фарзандларига нафақасини бериш мажбуриятида қолаверади. Бу нафақа отанинг зиммасидан ҳеч қачон соқит бўлмайди.
*****
Агар аёлнинг шахсий мулки бўлса, у шу мулкини ўзи истагандек тасарруф қилиш ҳаққига эга. Эр бу мулкни тортиб олишга асло ҳақли эмас.
*****
Эр аёлининг таоми, ичимлиги, либоси, уйи, таълими ва дори-дармонларига масъулдир.
*****
Аёлини ҳимоя қила туриб вафот этган эрга шаҳидлик ҳукми берилади.
*****
Киши охиратда жаннатга кириши учун отаси билан бирга онасини рози қилиши керак.
*****
Қизларини, сингилларини тарбия қилиб, одобли, иффатли ўстирган отага ва акага жаннатга кириш ва дўзахдан қутулиб қолиш имкони берилди.
*****
Ислом дини аёл кишига ана шундай ҳақларни берди ва унинг қадрини кўтариб қўйди.
Нозимжон Ҳошимжон таржимаси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Қуръони карим инсониятни ҳидоятга бошловчи Китоб. Аллоҳ таоло Ўзининг Каломини башарият ичидан танлаб олган ҳабиб пайғамбари Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилди.
Қуръони каримдаги ҳар бир сура фазилатли. Лекин айрим сура ва оятларнинг алоҳида фазилатлари бор. Масалан, залзала сураси. Ушбу сура Қуръони каримнинг ярмига тенг. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Изаа зулзилат сураси Қуръоннинг ярмига тенг келади”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Залзала сураси Қуръони каримнинг ярми ҳисобланишига сабаб – ушбу сурада қиёматнинг даҳшатлари баён этилган. Қуръони каримнинг деярли ярим қисмида бу кун ҳақида огоҳлантирилган.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким “Изаа зулзилатил арзу” (сураси)ни ўқиса, унга Қуръоннинг ярми(ни ўқиганнинг) савоби берилади», дедилар (Имом Термизий ривояти).
Залзала сураси – Мадинада нозил бўлган, 8 оятдан иборат. Суранинг номи унинг биринчи оятидан олинган. Залзала – “зилзила” деган маънони англатади. Сурада қиёмат қоим бўлгандаги зилзила ҳақида сўз кетади. Сура қиёмат кунидаги баъзи воқеаларнинг васфи билан бошланади. Сўнг одамларнинг қайта тирилиши ва ҳисоб-китоб ҳақида сўз кетади.
Даврон НУРМУҲАММАД