189-CАВОЛ:
Ҳурматли устозлар, мен мен кўп сафарда бўламан. Баъзан намоз ўқишим учун қиблани аниқлашда муаммога дуч келаман. Айниқса чет давлатларида бўлганимда қиблани сўраш учун бирор мусулмон кишини учратишим қийин бўлади. Мана шундай вазиятларда қиблани қандай аниқлашим мумкин? Илтимос, шу ҳақида батафсил маълумот берсангиз.
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Маълумки, қиблага юзланиш намознинг шартларидан биридир. “Қибла” сўзи намоз ва дуода одамлар юзланадиган тараф маъносини англатади. Маккадаги Каъбанинг ости ҳам, усти ҳам мусулмонлар учун қибладир. Шунинг учун тоғ тепасида ёки чуқурликда Каъба тарафга юзланган киши қиблага юзланган бўлади.
Каъбани бевосита кўриб туриб, намоз ўқиётган киши унинг айни ўзига юзланиши лозим. Уни тўғридан-тўғри кўрмаётган, ўзи ҳарамда турган киши масжидул-ҳаром тарафга, ҳарамдан ташқарида турган киши эса – ҳарам ҳудуди жойлашган тарафга юзланиши керак бўлади. Бунга қуйидаги ҳадиси шариф ҳам далолат қилади: Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Каъба – масжид(ул ҳаром) аҳлининг қибласидир. Масжид(ул-ҳарам) эса – ҳарам аҳлининг қибласидир. Ҳарам – ер юзининг машриқию мағрибидаги умматимнинг қибласидир”, – деганлар (Имом Байҳақий ривоят қилган).
Барча фақиҳлар намозда хотиржам ҳолдаги киши қиблага юзланиш шарт эканига иттифоқ қилишган. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай буюрган: “... Юзингизни Масжиди Ҳаром (Каъба) томонга буринг! (Эй, мўминлар, сизлар ҳам) қаерда бўлсангиз, юзларингизни ўша тарафга бурингиз! ...” (Бақара сураси, 144-оят). Аммо душман ёки йиртқич ҳайвон хавф солиб турган ҳолатда намозда қиблага юзланиш шарти соқит бўлади.
Қиблани аниқлашни ўрганиш ҳар бир балоғатга етган мусулмонга вожибдир. Чунки киши ҳаёти давомида турли сафарларга чиқиши ва турар жойларда бўлиши мумкин. Ана шундай вазиятларда қибла тарафни аниқлаши ва қаерда бўлмасин, ибодатини мукаммал адо этиши шариат талабидир.
Қиблани аниқлашнинг фиқҳий манбаларда уламолар томонидан зикр қилинган кўплаб қадимий ва илмий услублари мавжуд.
Фуқаҳоларимиз бунда ўта нозик қоидаларни ишлаб чиқишган. Ўз даврида бу борада алоҳида изланишлар олиб борган Ислом уламолари география, астрономия, геометрия фанларидан, ҳатто арифметик қоидалар ва тригонометрик функциялардан кенг фойдаланишган.
Қиблани аниқлашда қуйидаги услублар бугунги кун шароитида нисбатан қулай ва оммабоп ҳисобланади:
1. Қадимий масжид меҳроблари;
Саҳобалар томонидан турли юртлар фатҳ қилинганда биринчи навбатда қиблани аниқлаб, масжидлар бино қилинган. Ушбу масжид меҳроблари орқали бошқа масжидларнинг ҳам қибласини аниқлаш кейинчалик одат тусига кирган ва барча фуқаҳолар томонидан унга эргашиш лозимлиги таъкидлаб келинган. Жумладан, ҳанафий мазҳабининг таниқли уламоларидан Саййид Аҳмад Таҳтовий шундай дейди: “Шаҳар ва қишлоқларда қиблани аниқлаш саҳоба ва тобеинлар томонидан белгилаб берган меҳроблар орқали бўлади. Улар ўрнатган меҳроблар орқали қиблага юзланишда биз ҳам уларга эргашишимиз лозимдир” (“Ҳошияту ала мароқил-фалоҳ”).
Ўрни келганда шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, мусулмонлар асрлар давомида ибодат қилиб келаётган қадимий масжидларнинг қибласи ҳудди адолатли мусулмоннинг хабари каби сўзсиз қабул қилинади. Чунки, улар ҳам қиблани аниқлашда ўз тажрибаларига суяниш билан бирга соҳа мутахассисларининг нозик илмий қоидаларига риоя қилишган (“Кувайт фиқҳ энциклопедияси”, 36-жуз, 197-бет).
2. Юлдузлар;
Асосан қутб юлдузига қараб қиблани аниқлаш мумкин. Чунки ушбу юлдуз доим бир жойда кўринади. Аммо ҳар бир ўлканинг қибласи бир-биридан фарқ қилади. Масалан, бизнинг минтақамизга нисбатан қибла жануби-ғарб тарафда жойлашган бўлиб, қутб юлдузини ўнг қулоғининг орқа тарафида қолдириб, юзланган киши қиблага юзланган ҳисобланади.
3. Қуёш.
Қуёшнинг чиқиши ва ботиши, тушдан кейинги йўналган томонига қараб ҳам қиблани аниқлаш мумкин. Азалдан бизнинг диёримизда Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳ алайҳнинг фатвоси асосида қуёшнинг ботиш ўрнига қараб масжидлар қибласи белгиланган. Имом Сарахсий нақл қилишича Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Ёзнинг энг узун кунида қуёш ботган жойни белгилаб қўй. Сўнгра қишнинг энг қисқа куни қуёш ботган жойни ҳам аниқлаб, белгилаб қўй. Шу икки аломат ўртасидаги оралиқни учга бўлиб, ўнг томонингга икки ҳиссасини, чап томонингга бир ҳиссасини тақсимлаб, юзлансанг, шу қибладир” (“ал-Мабсут”).
Аммо бу кун очиқ ва мўътадил бўлган вақтда тўғри чиқади. Бошқа вақтларда тахминан иккисининг, яъни, қуёшнинг қиш ва ёз фаслидаги ботиш манзилининг ўртаси олинади.
4. Компас.
Компас қаерда бўлса ҳам фақат бир тарафни кўрсатиб туради. Мана шу билан тўрт тараф аниқланиб, қибла қаердалигини билиб олиш мумкин. Ҳозирда қибла тарафни кўрсатувчи махсус компаслар ҳам ишлаб чиқарилган. Ана шу каби воситалар билан ҳам қиблани аниқлаш мумкинлигига фуқаҳоларимиз фатво берганлар.
5. Мобил иловалар.
Ҳозирги кунда қиблани аниқлашнинг энг қулай ва кенг тарқалган услуби мобил алоқа воситаларининг махсус иловаларидан фойдаланиш ҳисобланади. Айни пайтда бу каби иловаларнинг тури ва сифати турлича бўлиб, уларнинг барчаси асосан АҚШнинг Google компанияси томонидан тақдим этилган (qiblafinder.withgoogle.com) тизимига уланиш орқали амалга оширилади. Бунда фойдаланувчилар қибла йўналишини тўғри аниқлашлари учун мобил восита жойлашган манзилни аниқлаш хизмати(GPS)ни фаоллаштиришлари талаб этилади.
Агар киши сафарда бўлса ёки бирор нотаниш жойда бўлса, аввало ўша ердаги ишончли кишилардан қибла қайси тарафдалигини сўрайди. Агар уларнинг хабарига шубҳа қилса ёхуд сўраш учун атрофида бирор киши топилмаса юқорида зикр қилинган омилларни ишга солиб, қиблани аниқлаши мумкин. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar
Савол йўллаш
? http://savollar.muslim.uz
? @SavollarMuslimUzBot
Юртимизда ҳайит байрамлари қадимдан ўзгача шукуҳ, халқимизга хос меҳр-мурувват, бағрикенглик ва саховат ифодаси бўлиб келган. Айниқса, сўнгги йилларда Янги Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Рамазон ва Қурбон ҳайитини кенг миқёсда нишонланиши ва дам олиш куни деб эълон қилиниши муқаддас динимизга бўлган чуқур ҳурмат ва эътиборнинг натижасидир.
Қурбон ҳайити – мусулмонларнинг энг мўътабар байрамларидан бири ҳисобланиб, Зулҳижжа ойининг ўнинчи куни нишонланади. Бу муборак кунларда Аллоҳ таолонинг кўплаб хайру баракаси ер юзидаги бандалари узра ёғилади. Қурбон ҳайити ҳаж ибодатлари тамом бўлганлиги муносабати билан ҳамда Аллоҳ йўлида қурбонлик қилиш палласи бўлган айёмдир. Қурбон ҳайити намози ўқилгач, имкони бор инсонлар қурбонлик қилишлари вожиб амаллардандир.
Қуръони Каримнинг “Кавсар” сурасида: “Бас, Роббингиз учун намоз ўқинг ва (туя) сўйиб, қурбонлик қилинг”- дейилади. (Кавсар сураси, 2-оят).
Қурбонлик ҳақида Баро ибн Озиб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
عَنْ الْبَرَاءِ بْنِ عَازِبٍ قَالَ قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "اِنَّ اَوَّلَ مَا نَبْدَاُ بِهِ فىِ يَوْمِنَا هَذا اَنْ نُصَلِّىَ ثُمَّ نَرْجِعَ فَنَنْحَرَ فَمَنْ فَعَلَ فَقَدْ اَصَابَ سُنَّتَنَا وَمَنْ ذَبَحَ قَبْلَ الصَّلاَةِ فَاِنَّمَا هُوَ لَحْمٌ قَدَّمَهُ لِاَهْلِهِ لَيْسَ مِنَ النُّسُكِ فىِ شَيْءٍ" (رواه الإمام البخاري).
яъни: “Дарҳақиқат, бугунги кунда ишимизни аввал ийдул азҳо (қурбон ҳайити) намозини ўқиш, сўнгра (уйларимизга) қайтиб, қурбонлик билан бошлашимиз керак. Кимки, шуларни бажарса, у суннатимизга мувофиқ иш қилибди. Кимдаким, ҳайит намозидан олдин сўйса, у қурбонлик эмас, балки ўз аҳли учун тақдим қилган гўштдир” (Имом Бухорий ривояти).
Айтиш жоизки, ҳанафий мазҳаби бўйича қурбонлик қилиш – вожибдир. Қурбонлик қилиш ҳур, балоғат ёшига етган, оқил, муқим, яъни сафарда бўлмаган ва гарчи бир йил айланмаган закот нисобига эга бўлган мусулмон шахсга вожиб бўлади. Қурбонликни Зулҳижжа ойининг ўн, ўн бир ва ўн иккинчи куннинг (яъни, ҳайитнинг биринчи, иккинчи ва учинчи куннинг) Шом намози вақти киргунигача амалга оширилади.
Шунингдек, Қурбон ҳайити куни мусулмонлар бир-бирларини қутлаб, сўйилган қурбонликларини ўзаро баҳам кўрадилар, бу эса албатта, меҳр-мурувват ва саховат ҳисларини яна-да орттиради.
Қуръони каримда бу ҳақда: “Яхши кўрган нарсаларингиздан эҳсон қилиб бермагунингизгача, сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ҳар қандай нарсани инфоқ қилсангиз, албатта Аллоҳ уни билур”, дейилган (Оли Имрон сураси, 92-оят).
Инсонларнинг ўзаро меҳр-мурувватли ва саховатли бўлишлари ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар: “То мўмин бўлмагунингизгача жаннатга киролмайсизлар, то бир-бирларингизга меҳр-мурувватли бўлмагунингизгача комил мўмин бўла олмайсизлар”. (Имом Муслим ривояти)
Мазкур оят ва ҳадислар барчамизни ўзаро меҳр-мурувватли бўлишга чақиради. Аввало меҳрибон ота-оналаримиз ҳамда ёши улуғ яқинларимизни Ҳайит айёми билан табриклаб дуоларини олиб, сўнгра фарзандларимизни ҳам кўнгилларини шод қилишимиз фазилатлидир.
Қурбон ҳайити кунларида биз эътибор берадиган яна бир жиҳат – меҳрга ташна инсонларга байрам шодлигини ва яхши кайфият улашишдир. Бу борада юртимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилади, байрам арафасида кам таъминланган ва кўмакка муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинади.
Минг афсуслар бўлсинки, “гуруч курмаксиз бўлмаганидек” ҳайит кунлари бир қатор бидъатлар кўзга кўринади, хусусан, яқинлари вафот этган хондонларда дастурхон тузалиб “янги ҳайит” маросимини ўтказиш, никоҳ тўйлари бўлиб ўтган хонадонларда “ҳайит йўқлови” каби исрофгарлик амалларини ҳалигача давом эттираётган айрим инсонлар топилади. Уларга ҳайит кунларини қандай ўтказиш борасида тушунтиришлар олиб бориш бизнинг зиммамиздаги вазифалардан биридир.
Қурбон ҳайити - улуғ байрамдир. Бу кунларда яна ҳам меҳрибон ва мурувватли бўлиб, етимлар бошини силаб, ёши улуғлар, касалманду муҳтожлардан хабар олинади, уларнинг кўнгилларига ҳам байрам шукуҳини олиб кирамиз. Бу кунда гина-кудратларни унутиб, кечиримли бўлишимиз мақсадга мувофиқдир.
Бу йил ҳам Қурбон ҳайити байрами муносабати билан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида алоҳида тайёргарлик ишлари амалга оширилди. Масжидлар, диний марказ ва хонадонларда махсус тадбирлар ўтказилди. Ҳар йили бўлгани каби, бу йил ҳам юртимизда катта шодлик ва фараҳ билан кутиб олинадиган ушбу кун, халқимизнинг бирлиги, меҳр-оқибати ва бағрикенглигининг яна бир бор ёрқин ифодаси бўлди.
Аллоҳ таолодан сўраймизки, Қурбон ҳайити юртимизда тинчлик ва фаровонликда хайру баракали ўтсин!
Абдуқаҳҳор домла Юнусов,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби