Барчамизга маълумки, масжид мусулмонлар учун ибодат маскани бўлиб, унда ягона Аллоҳ таолога ибодат қилинади, қалбан ва руҳан У зотга қурбат ҳосил қилинади. Шунинг учун ҳам, масжид – Аллоҳнинг уйи, деб эътиқод қилинади. Шу ўринда, масжидга киришнинг номозхон амал қилиши керак бўлган одоблари бўлиб, бунга номозхоннинг маънавий ва жисмий нопокликлардан пок бўлиши мисол бўлади. Бу борада буюк имомларимиз ҳаётларидан биз учун гўзал намуналар бисёр бўлиб, қуйида шулардан бирини келтирамиз.
Бу намуна буюк аждодимиз, ҳадис илми султони Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ тўғрисида бўлиб, воқеани ўтган асримиз шайхларидан бири Абдулфаттоҳ Абу Ғудда раҳимаҳуллоҳ ўзининг Имом Абу Абдуллоҳ Муҳасибий қаламига мансуб “Рисалатул мустаршидин” асарига ёзган шарҳида келтиради:
“Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг амаллари тўғрисида гапирганда, бунга Ҳофиз Ибн Ҳажарнинг “Саҳиҳи Бухорий” шарҳида Имом Бухорий ҳақидаги ривоятлари кифоядир. Ҳофиз айтади: “Муҳаммад ибн Мансур шундай дейди: “ Биз масжидлардан бирида Абу Абдуллоҳ Бухорий билан бирга эдик. Бир киши соқоли орасидан нопок нарсани олдида, уни ерга ташлади. Имом Бухорийга назар солдим. У киши бир ердаги нарсага қарарди, бир атрофдаги одамларга қарарди. Ниҳоят, одамлар ғафлатда туришганида, ердан нарсани олиб, чўнтакларига солиб қўйди. Масжиддан чиққанларида, уни чўнтагидан чиқариб, ерга ташлаганини кўрдим”.
Кўриб турганимиздек, Имом Бухорий ҳазратлари масжид ерини нопокликлардан асради. Менга нима, деб эътиборсизлик қилмади. Бу эса, у кишининг илму амали, тақвоси нақадар эканлигига далолат қилади. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло бизларга ўзининг солиҳ бандаларига эргашишни буюради:
أولئك الذين هدى الله فبهداهم اقتده
“Ана ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилган зотлардир. Бас, уларнинг ҳидоятига эргаш”[1].
Халилуллоҳ Юсуф
[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
ЭН ГЎЗАЛ ИСМЛАР АЛЛОҲНИКИДИР
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Аллоҳнинг чиройли исмлари бор. У билан дуо қилинглар” (Аъроф сураси, 180-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолонинг тўқсон тўққизта – бир кам юзта исми бор. Ким уларни ихсо қилса (ёд олса), жаннатга киради. Аллоҳ тоқдир, тоқни яхши кўради”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Уламоларимиз ушбу хадисда келган “ихсо” калимасини факатгина ёдлаш эмас, балки “унинг маъноларини билиб, тафаккур килиш ва унга мувофиқ гўзал хулқ билан хулқланиш лозим”, деганлар.
Лекин бу исм-сифатлар араб тилида бўлгани учун маъноларини англаб, тафаккур килиш бизга кийинчилик туғдиради. Шунинг учун хам уларнинг маъноларини билиш ва уни сиз азизларга етказиш максадида маърифат гулшанига сафар килишга карор килдик.
АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ ГЎЗАЛ ИСМЛАРИ:
اللهُ
1. Аллоҳ.
Бутун оламларни яратган Холиқ, барча махлуқот ва мавжудот сиғинадиган ягона маъбуд Исми Зотидир. У Зотдан бошқага нисбатан бу исм ишлатилмайди.
الرَّحْمَنُ
2. Ар-Раҳмон.
Бу сифат фақат Аллоҳга хос бўлиб, барчага кофирга ҳам, мўминга ҳам меҳрибон ва неъмат берувчи маъносини англатади. Раҳмон сифатини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч кимга нисбатан ишлатиб бўлмайди.
الرَّحِيمُ
3. Ар-Раҳийм.
Бу сифат хосроқ бўлиб, қиёмат куни фақат мўминларга раҳм қилувчи маъносини англатади.
المَلِكُ
4. Ал-Малик.
Мулк (ҳақиқий подшолик) Уникидир. Ундан ўзга эга йўқ. Шунинг учун бандалар фақат Унга ибодат қилишлари лозим.
القُدُّوسُ
5. Ал-Қуддус.
Барча айблардан холи, нолойиқ сифатлардан пок. Мутлақ поклик Аллоҳнинг ўзигагина хосдир.
السَّلَامُ
6. Ас-Салом
Барча нуқсонлардан саломат. Шунингдек, тинчлик, хотиржамлик ва роҳат берувчи.
المُؤْمِنُ
7. Ал-Мўмин.
Иймон ва омонлик берувчи.
المُهَيمِنُ
8. Ал-Муҳаймин.
Ҳамма нарсани қамраб олувчи. Аллоҳ бандаларнинг барча ҳолатларига гувоҳ бўлиб туради. Ундан ҳеч нарса махфий қолмайди.
العَزِيز
9. Ал-Азиз.
Барчанинг устидан ғолиб. Ундан бирор нарса ғолиб келолмайди.
الْجَبَّارُ
10. Ал-Жаббор.
Яратганларининг ишларини ислоҳ этувчи, нуқсонларини тузатувчи.
المُتَكَبِّرُ
11. Ал-Мутакаббир.
Кибриёси ва улуғлиги беҳад. Ҳамма нарсадан улуғ.
الخَالِقُ
12. Ал-Холиқ.
Оламдаги ҳамма нарсани ўз хоҳишига кўра яратувчи, мутлақ вужудга келтирувчи.
الْبَارِئُ
13. Ал-Бориъ.
Йўқдан пайдо қилувчи, вужудга келтирувчи.
المُصَوِّرُ
14. Ал-Мусаввир.
Маҳлуқотларнинг сувратини шакллантирувчи, ҳар бир нарсага ўзига хос суврат берувчи.
الغَفَّارُ
15. Ал-Ғаффор.
Бандаларининг айбини ўз фазли ила кечиб юборувчи, мағфират қилувчи.
القَهَّارُ
16. Ал-Қаҳҳор.
Барча махлуқотларини ўз ҳукмига юритиб ва қудрати ила бўйсундириб турувчи.
الوَهَّابُ
17. Ал-Ваҳҳоб.
Неъматларни беҳисоб берувчи.
الرَزَّاقُ
18. Ар-Раззоқ.
Кўплаб ризқ берувчи.
الفَتَّاحُ
19. Ал-Фаттоҳ.
Кўплаб нарсаларни очувчи. Ўз раҳмати хазинасини бандаларга очувчи.
العَلِيمُ
20. Ал-Алийм.
Ҳар бир нарсани билувчи. Бўлган ва бўладиган, аввалги ва охирги, зоҳир ва ботин нарсаларнинг барчасини билувчи.
القَابِض
21. Ал-Қобиз.
Руҳларни қабз қилувчи. Хоҳлаган кишисининг ризқини қабз қилувчи. Қалбларни қабз қилувчи.
البَاسِط
22. Ал-Босит.
Хоҳлаган бандасининг ризқини, (руҳини) қалбини кенг қилувчи.
الخَافِض
23. Ал-Хофиз.
Пасайтирувчи. Кофир ва фосиқларнинг мартабасини хор-зор қилиб пасайтиради.
الرَافِع
24. Ар-Рофиъ.
Кўтарувчи. Мўмин ва тақводорларнинг мартабасини азизу мукаррам қилиб кўтаради.
المُعِزُّ
25. Ал-Муъизз.
Азиз қилувчи. Кимни хоҳласа тўғри йўлга солиб азиз қилади.
المُذِلُّ
26. Ал-Музилл.
Хор қилувчи. Кимни хоҳласа хор қилади.
السَّمِيعُ
27. Ас-Самийъ.
Ҳар бир нарсани эшитувчи.
البَصِيرُ
28. Ал-Басийр.
Ҳар бир нарсани кўрувчи.
الحَكَم
29. Ал-Ҳакам.
Адолатли ҳукм қилувчи.
العَدْل
30. Ал-Адл.
Мутлақ адолат қилувчи.
اللَّطِيفُ
31. Ал-Латийф.
Ўта лутф кўрсатувчи. Барча нарсаларнинг нозик ва дақиқ жойларигача билувчи.
الخَبِيرُ
32. Ал-Хобийр.
Ҳамма нарсадан ўта хабардор.
الحَلِيمُ
33. Ҳалийм.
Ғазаби қўзимайдиган ва иқоб қилишга шошилмайдиган.
Даврон НУРМУҲАММАД