Барчамизга маълумки, масжид мусулмонлар учун ибодат маскани бўлиб, унда ягона Аллоҳ таолога ибодат қилинади, қалбан ва руҳан У зотга қурбат ҳосил қилинади. Шунинг учун ҳам, масжид – Аллоҳнинг уйи, деб эътиқод қилинади. Шу ўринда, масжидга киришнинг номозхон амал қилиши керак бўлган одоблари бўлиб, бунга номозхоннинг маънавий ва жисмий нопокликлардан пок бўлиши мисол бўлади. Бу борада буюк имомларимиз ҳаётларидан биз учун гўзал намуналар бисёр бўлиб, қуйида шулардан бирини келтирамиз.
Бу намуна буюк аждодимиз, ҳадис илми султони Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ тўғрисида бўлиб, воқеани ўтган асримиз шайхларидан бири Абдулфаттоҳ Абу Ғудда раҳимаҳуллоҳ ўзининг Имом Абу Абдуллоҳ Муҳасибий қаламига мансуб “Рисалатул мустаршидин” асарига ёзган шарҳида келтиради:
“Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг амаллари тўғрисида гапирганда, бунга Ҳофиз Ибн Ҳажарнинг “Саҳиҳи Бухорий” шарҳида Имом Бухорий ҳақидаги ривоятлари кифоядир. Ҳофиз айтади: “Муҳаммад ибн Мансур шундай дейди: “ Биз масжидлардан бирида Абу Абдуллоҳ Бухорий билан бирга эдик. Бир киши соқоли орасидан нопок нарсани олдида, уни ерга ташлади. Имом Бухорийга назар солдим. У киши бир ердаги нарсага қарарди, бир атрофдаги одамларга қарарди. Ниҳоят, одамлар ғафлатда туришганида, ердан нарсани олиб, чўнтакларига солиб қўйди. Масжиддан чиққанларида, уни чўнтагидан чиқариб, ерга ташлаганини кўрдим”.
Кўриб турганимиздек, Имом Бухорий ҳазратлари масжид ерини нопокликлардан асради. Менга нима, деб эътиборсизлик қилмади. Бу эса, у кишининг илму амали, тақвоси нақадар эканлигига далолат қилади. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло бизларга ўзининг солиҳ бандаларига эргашишни буюради:
أولئك الذين هدى الله فبهداهم اقتده
“Ана ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилган зотлардир. Бас, уларнинг ҳидоятига эргаш”[1].
Халилуллоҳ Юсуф
[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 21 апрелдаги "Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида кенг қамровли мақсадлар назарда тутилган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясида белгиланган вазифаларни рўёбга чиқариш, диний-маърифий соҳадаги эзгу ғоя ва ташаббусларни халқ манфаатларидан келиб чиқиб изчил давом эттириш фармоннинг мазмун-моҳиятини ташкил қилади.
Президентимизнинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсати, узоқ ва яқин давлатлар билан ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш борасидаги ташаббуси туфайли Ўзбекистоннинг дўстлари, хайрихоҳлари халқаро майдонда ҳам кўпайиб бормоқда. Қўшни, яқин ва узоқ жамиятда диний бағрикенглик ва динлараро дўстлик-ҳамкорлик ғояларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ҳолатни нафақат юртдошларимиз, балки турли мамлакатлардан келган меҳмонлар ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам эътироф этмоқда.
Музаффархон Жониев,
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Манба: "Янги Ўзбекистон" газетаси 2025 йил 3 май, 90-сон