Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий (Алимов) ҳазратлари томонидан ёзилган “Тафсири Ирфон” номли Қуръони карим оятларининг ўзбекча таржима ва тафсири тўлиқ 30 жузи энг сифатли шаклда 6 китоб қилиб нашр этилди.
Ҳақиқатан, Қуръони карим Аллоҳ таолонинг муборак каломи, Ислом динига оид барча хукмларнинг асосий манбаидир. Қуръони каримни яхши билмаган, тушунмаган кишиларнинг асл ҳидоят йўлидан чалғишлари, турли оқим ва ҳаракатларга алданиб қолишлари осон кечади.
Шунинг учун халқимизни иложи борича Қуръони карим билан яқиндан таништириш, унга бағишланган асарларни кўпроқ тарғиб қилиш ҳозирги пайтдаги муҳим вазифа саналади. “Тафсири Ирфон” номли ўзбекча таржима ва тафсир китоби шу йўлдаги камтарона уринишлардан биридир.
Ушбу маънолар таржимаси ва тафсир асари бошқаларидан шу билан фарқланадики, унда оятлар маъноси замондош ўқувчиларимизга иложи борича тушунарли, содда ва равон бўлишига ҳаракат қилинди. Бунда оятлар таржимасида қавс ичидаги изоҳлардан иложи борича воз кечилди. Оятларни тафсир қилишда ўтмишдаги ва ҳозирдаги улуғ муфассирлар тафсирларидан кенг истифода қилиш билан бир қаторда замонавий фан-техника ютуқлари ва кашфиётлари баён этилган илмий китоблардан ҳам фойдаланилди.
Аллоҳ таоло ушбу мўътабар тафсир китобини халқимизга муборак айласин!
Мурожаат учун телефон: (99) 0010112
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бир одамнинг қорни очди. У гарчи иқтисодий аҳволи яхши бўлмаса-да, бир тамаддихонага кириб, таом буюртма қилди. Буюртма тайёр бўлгунга қадар деразадан ташқарига қараб ўтираркан, эллик ёшлардаги одам тез-тез тамаддихонага қараб қўяётгани, киришга жазм қилолмай турганига кўзи тушди. Ўтган кетганлар унга эътибор бермас, у эса афтидан жуда оч қолган эди.
Шу пайт буюртма берилган таом олиб келинди. У эса ҳеч ўйланмасдан овқатни олиб, ўзи оч бўлса-да, кўчадаги одамга олиб чиқиб берди. Сўнг ортига қайтиб, ҳисобни беришларини сўради. Ҳолатни зимдан кузатиб турган тамаддихона раҳбари хизматчига бир қоғоз берди. Унда бундай сўзлар ёзилган эди:
“Инсонийлик бебаҳодир, сиздай олийжаноб инсон бизнинг тамаддихонага келганидан бахтиёрмиз. Рухсат берсангиз, сиз бир мискинни меҳмон қилганингиз каби биз ҳам сизни меҳмон қилсак”.
Хулоса шуки, Аллоҳ таоло ҳеч бир амални зое қилмас, бандасини бандасидан қарздор ҳолда қолдирмас, эҳсонга эҳсон билан жавоб қайтарар экан.
Шундай экан, имконимиз борида бошқаларга яхшилик қилиб қолайлик.
Акбаршоҳ Расулов