Қушбалиқ – балиқларнинг бир тури бўлиб, денгиз юзасида сирпанади ёки ҳавода учиб, кейин яна сувга тушади. Ушбу балиқ душмандан қочиш учун сувдан учиб чиқади. Бунда у думини сувда ўнг ва чапга уриб, тез ҳаракатлантиради. Бу ҳол унинг сувдан чиқиб кўтарилишига ёрдам беради. Кейин қанотларини ёзганча ўртача 1,5 метр баландликка кўтарилиб, соатига 30-40 км тезликда ҳавода тахминан 10 сония парвоз қилади. У мана шундай парвозни олти-етти марта такрорлаб, душмандан 400 метрча масофага узоқлашади.
Ушбу балиқнинг тахминан 50 та тури бор бўлиб, узунлиги 30-40 сантиметр атрофида бўлади. Бу балиқнинг қанотлари катталиги ва ёзганда қушга ўхшаб бироз парвоз қилиш имконини бериши билан бошқа балиқлардан ажралиб туради.
Учувчи балиқ сузиш ва учиш асносида икки кўзи орқали юқори ва пастни кўра олади. Бу эса унга денгиздаги йиртқич балиқлар ҳамласидан ва юқоридаги балиқчи қушлар ҳужумидан қочишга имкон беради. Бу балиқ денгизнинг тубида эмас, балки сув сатҳида яшайди. Чунки осонлик билан сувдан сакрашига ва парвоз этишига қулай бўлиши учун сув сиртида яшаши керак.
Учувчи балиқни сувининг ҳарорати 20 даражадан юқори бўлган денгизларда учратиш мумкин. Кўпроқ у экваториал минтақаларданги денгиз ва кўлларда яшайди. Шунингдек, Атлантик, Тинч ва Ҳинд океанларидан ҳам бу балиқни топиш мумкин. У баъзида ёлғиз юрса, баъзан юзлаб балиқлардан ташкил топган катта жамоа бўлиб яшайди.
Учувчи балиқ кечқурунлари ов қилади. Асосан майда жонзотлар, ўсимликлар ва бактериялардан иборат планктонлар билан озиқланади.
Балиқнинг кўпайиш мавсуми баҳор ёки куз фаслида бўлади.
Ушбу балиқни кўпроқ Кариб денгизи атрофидаги оролларда яшовчилар, японлар, тайванликлар ва хитойликлар овлашади.
Сўзимизни ушбу оят билан якунлаймиз:
هَذَا خَلْقُ اللَّهِ فَأَرُونِي مَاذَا خَلَقَ الَّذِينَ مِن دُونِهِ بَلِ الظَّالِمُونَ فِي ضَلَالٍ مُّبِينٍ
“Бу Аллоҳнинг яратганидир. Қани менга кўрсатинг-чи, Ундан бошқалар нимани яратдилар. Йўқ! Золимлар очиқ-ойдин адашувдадирлар” (Луқмон сураси, 11-оят).
Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Хабарингиз бор, Ўзбекисто Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, Самарқанд шаҳрида йирик халқаро конференция бўлиб ўтди.
Мазкур нуфузли анжуманда иштирок этиш учун юртимизга ташриф буюрган Мусулмон донишмандлари кенгаши бош котиби Муҳаммад Абдуссалом билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева ҳамда Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори, профессор Музаффар Комилов ўртасида учрашув ўтказилди.
Суҳбат аввалида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлаш энг устувор вазифалардан эканлиги алоҳида таъкидланди.
Мусулмон донишмандлари кенгаши билан алоқаларни ривожлантириш, диний бағрикенглик ҳамда анъанавий ислом қадриятларини мустаҳкамлаш борасида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Жумладан, Мусулмон донишмандлари кенгаши билан ҳамкорликда буюк аждодларимизнинг илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, хусусан, Ислом цивилизацияси маркази ва Самарқанд шаҳрида қайта барпо этилаётган Имом Бухорий мажмуаси фаолияти доирасида самарали алоқаларни йўлга қўйиш масалалари хусусида сўз юритилди.
Бугунги кунда бутун дунё мусулмонлари учун аҳиллик, тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёшларни турли хавф-хатарлардан асраш масалалари ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди. Бу йўналишда томонлар кенг ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёр эканлигини билдирди.
Учрашув якунида ўзаро алоқаларни янада кенгайтириш, делегациялар ташрифларини амалга ошириш, биргаликда турли илмий ва амалий тадбирларни ташкил этишга келишиб олинди.