Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) айтдилар: “Мен қиёмат қойим бўлган кунда Одам фарзандларининг энг улуғиман, (бу билан) фахрланмайман, икки қўлимда ҳамду сано байроғи юқори кўтарилган бўлади, (бу билан ҳам) фахрланмайман, ана шу кунда Одамдан бошлаб барча пайғамбарлар менинг байроғим остига жамланишгай ва қабри биринчи очиладиган ҳам, биринчи шафоат қилувчи ҳам ва биринчи шафоати қабул қилинадиган ҳам мен бўламан (булар билан фахрланмайман)” (ИмомТермизий ва Имом Аҳмад ривояти).
Бу ҳадиси шарифда Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дунё аввалидан бошлаб афзал ва улуғ банда экани айтилмоқда. Қиёмат кунида Одам болаларининг саййидиман, дейишлари ҳам у зотнинг нафақат бу дунёда, балки охиратда ҳам башариятнинг саййиди бўлишларини ҳадисда зикр қилмоқдалар.
Қиёмат кунида Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қўлларида ҳамд байроғи бўлиши ҳадисда таъкидланмоқда. Бу эса, “Мен катта шафоатни қилганимда аввалгию охирги халойиқ менга мақтов айтади”, деганидир.
Бу гапларни Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) фахрланиш ёки мақтаниш учун айтаётганлари йўқ, балки ҳақиқат шудир. Бу эса, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қиёмат кунида энг улуғ ва шарафли банда эканликларини кўрсатади.
Ҳадис давомида “Қабри биринчи очиладиган ҳам менман”, дедилар. Қиёматдан олдин дунё пайдо бўлгандан бошлаб то ўша пайтгача бўлган барча халойиқ қабрда бўлиши маълум. Ўша қабрдагилар ичидан биринчи тирилтириладиган зот уларнинг энг афзали экани билинади. Мана шу улуғ зот Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дир. Бу сўзларнинг ҳеч бирида ғурур ва кибр бўлиши мумкин эмас. Чунки Қуръони каримда у зотнинг ҳаводан олиб гапирмаслиги собит бўлган.
Абдуллоҳ ибн Аббос (Аллоҳ улардан рози бўлсин) айтади: «Бир кун Расулуллоҳ (алайҳиссалом) саҳобалар пайғамбарларнинг қай бири афзаллиги ҳақида баҳслашаётганларини эшитиб қолдилар ва айтдилар:
“Мен сизларнинг баҳсингизни эшитдим… Албатта, Иброҳим Аллоҳнинг дўсти, бу тўғри, Мусо Аллоҳнинг сирдоши, бу ҳам тўғри, Исо Руҳуллоҳ ва Аллоҳнинг калимаси, бу ҳам тўғри, Одам Аллоҳнинг ердаги халифаси, бу ҳам тўғри. Лекин эй саҳобаларим! Билинглар, мен Аллоҳнинг (улардан кўра) энг суюклигиман, (аммо) фахрланмайман, қиёмат кунида ҳамду сано байроғини баланд кўтарган мен бўламан, (аммо) фахрланмайман ва мен қиёмат куни биринчи бўлиб шафоат қилувчи ва биринчи бўлиб шафоати қабул қилинадиган кишиман, (аммо) фахрланмайман, жаннат эшигини биринчи қоқадиган менман, шунда мен учун Аллоҳ таоло жаннат эшигини очади ва мени жаннатга дохил қилади, мен билан мўминларнинг фақирлари бирга (киради), (аммо) фахрланмайман, аввалгилар ва охиргиларнинг барчасини энг мукаррами ўзимман, (аммо бунга ҳам) фахрланмайман”» (Имом Термизий ривояти).
Пайғамбарларнинг бир-бирларидан фазлли эканини Аллоҳ таолонинг ўзи хабар берган. Бу ҳақда:
«Ўша пайғамбарларнинг баъзиларидан баъзиларини афзал этдик. Улар ичида (Мусо каби) Аллоҳ (у билан) гаплашгани ва (Муҳаммад каби) даражасини (бошқа пайғамбарлардан) юқори қилгани бор. Марямнинг ўғли Исога мўъжизалар бердиква уни Руҳул Қудус (Жаброил) билан қувватладик. Агар Аллоҳ хоҳлаганида эди,(одамлар) пайғамбарлар (юборилгани)дан кейин, уларга ҳужжатлар келгач (ўзаро) уришишмаган бўлур эди. Аммо улар ихтилоф қилди. Улар орасида имонкелтирганлари ҳам, куфрга кетганлари ҳам бор. Агар Аллоҳ хоҳлаганида, (улар) уришишмаган бўлур эди. Лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ишини қилур» (Бақара, 253-оят).
Ояти каримадан маълум бўлади, баъзи пайғамбарлар баъзиларидан афзалдир. Уларнинг фазллари ўзларининг муҳитларига қараб турлича бўлади. Масалан, баъзи пайғамбарлар бир қабилага, бошқалари бир авлодга, яна бирлари бир умматга, баъзилари эса барча умматларга ва барча авлодларга юборилгандир.
Ояти карима тўғридан-тўғри Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ўзларига хитоб бўлаётгани учун у зотнинг фазллари зикр этилмади. Пайғамбарлар ичида Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га назар соладиган бўлсак, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) энг олий даражада турадилар. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг пайғамбарлиги бошқа пайғамбарларга ўхшаб бир миллат, бир авлод ёки бир наслга эмас, балки барча миллатларга, барча авлодларга ва барча наслларга тегишли бўлиб, бу рисолат қиёмат кунига қадар давом этади.
У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг пайғамбарликлари тўлиқ, ҳеч қандай камчиликсиз ва кишиларга икки дунё саодатини берувчи пайғамбарликдир. Шунинг учун ҳам у зотдан кейин ваҳий келмайди. Шунинг учун ҳам у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг рисолати ўзидан олдинги барча дин ва рисолатни мансух қилади.
Аллоҳнинг салавоти ва саломи сизга бўлсин, эй Саййидимиз, эй Расулуллоҳ!
Аллоҳ таоло айтди:
«Сизларнинг (суҳбатдош) биродарингиз залолатга кетгани ҳам йўқ, йўлдан озганиҳам йўқ» (Нажм, 2).
Маккаликлар, Қурайш аҳли ўзларининг биродарлари Муҳаммад (алайҳиссалом) келтирган динни, бутун инсониятга то қиёматга қадар турадиган ҳақ динни қатъиян рад этибгина қолмай, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни “адашган ва ақлдан озган мажнун” дея айблади. Уларнинг бундай айбловларига Ҳақ таоло: “Йўқ, у Муҳаммад адашган эмас, эс-ҳушидан айрилиб қолгани ҳам йўқ, у тўғри йўлда, балки ўзларинг залолатда юрган, ҳақ ноҳақни ажрата олмайдиган жоҳилу нодонсиз”, дея жавоб беради юқоридаги ояти каримада.
Аллоҳ таоло: «(Яна у Қуръонни) хомхаёлдан олиб сўзлаётгани йўқ» дея, тилингиз (сўзингиз)ни поклади.
Пайғамбар (алайҳиссалом) Аллоҳ таоло ва унинг шариати ҳақида ёки охират билан боғлиқ воқеалар ҳақида нима деган бўлсалар, албатта, ҳақни гапирганлар, чунки у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўз ичларидан тўқиб эмас, балки Аллоҳ берган илм билан сўзлаганлар.
«Унга (тиловатни) мустаҳкам қувватга эга бўлмиш зот (Жаброил) таълим берди» дея (Нажм, 5) суҳбатдошингизни поклади:
Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг суҳбатдошлари, Қуръон илмини ўргатадиган муаллимлари Жаброил (алайҳиссалом) эдилар. Аллоҳ таоло Ўзи билан Пайғамбар (алайҳиссалом) ўртасида элчилик қилишдек буюк вазифани адо этишни соҳиби қудрат дея сифатлаган Жаброил исмли машҳур фариштага юклаган эди.
Ва кўнглингизни улуғлади:
«Кўрган нарсасида қалби ёлғончи бўлмади» (Кўзи билан Жаброилни ёки қалби билан Аллоҳни кўрди) (Нажм, 11).
Яъни, Жаброил (алайҳиссалом)ни асл суратида кўриб, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг кўнгиллари ҳам қаноатланди ва у Аллоҳ таоло томонидан тайин қилинган вакил, элчи эканига ишондилар. Ёки Пайғамбар (алайҳиссалом) Меърож кечасида ғайб оламининг кўпгина сир-асрорига шоҳид бўлдилар, кўзлари билан кўрдилар. Шу кўрган нарсаларга чин қалбларидан ишондилар, уларнинг ҳақлигига заррача ҳам шубҳаланмадилар.
Ва кўзингизни ҳам поклади:
«(Пайғамбарнинг) кўзи (четга) оғгани ҳам йўқ, ўз ҳаддидан ошгани ҳам йўқ» (Нажм, 17). Пайғамбар (алайҳиссалом) Меърож кечасида чексиз олам, илоҳий даргоҳга чиққанларида фақат Аллоҳ таоло изн берган нарсаларгагина қарадилар.
Ҳар бир нарсани кузатиб, билиб тургувчи Алим Зот Аллоҳ таоло бу ҳолатни билди, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг камтарона кўз қарашларини кўрди ва албатта, биз уммати Муҳаммадияга бунинг хабарини берди.
Ва қалбингизни поклади:
«(Эй Муҳаммад!) Кўксингизни (илму ҳикматга) кенг очиб қўймадикми?!» (Шарҳ, 1)
Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом)га берган неъматларидан бирини эслатиб айтади, биз сизнинг кўнглингизни шу даражада кенг қилиб қўйдикки, у барча маънавият, улкан ҳидоятни ичига сиғдира олди. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг кўнгиллари бамисоли ҳикмат булоғи эди.
Ва хулқингизни поклади:
«Албатта, сиз буюк хулқ узрадирсиз» (Қалам, 4).
Аллоҳ таоло ушбу муқаддас хитоби билан Ўзининг маҳбуб Пайғамбари Муҳаммад (алайҳиссалом) нақадар чиройли, гўзал ахлоқ эгаси эканларини таъкидламоқда.
Бу ояти каримани шарҳлаб Имом Аҳмад ибн Ҳанбал (раҳматуллоҳи алайҳ) ривоят қилади: «Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳақларида бундай деган: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳеч қачон на қўл остидаги ходимни ва на хотинни урмаганлар. Жиҳоддан бошқа жойда ҳеч нарсани қўллари билан урмаганлар. Икки ишдан бирини танлайдиган бўлсалар, гуноҳ бўлмаса, албатта, осонини танлардилар. Агар гуноҳ иш бўлса, ундан узоқда бўлардилар. Ўзлари учун ҳеч қачон ўч олмаганлар. Магар Аллоҳ ҳаром қилган нарсалар содир қилинсагина, Аллоҳ учун интиқом олганлар”».
Ойша Онамиз (розияллоҳу анҳо)дан Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) хулқлари ҳақида сўрашганда: “Хулқлари Қуръон эди”, деб жавоб берган, яъни Муҳаммад (алайҳиссалом) Қуръондаги барча олий хулқлар билан хулқланганлар, яхши одоб-ахлоқни ўзларига сингдирган эдилар.
Аллоҳ таолонинг юқоридаги ояти каримаси у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) учун катта баҳодир.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган:
«(Эй имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлганва Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намунабордир» (Аҳзоб, 21).
Эй Саййидимиз, Набийимиз! Исро кечасида барча пайғамбарларга имом бўлдингиз, Байтул Мақдис (Қуддуси шариф)да бўлган пайтингизда сизга ва умматларингизга Аллоҳнинг берган неъматларини сўзлаб, (қуйидагича) енгил хутба қилдингиз:
“Аллоҳга ҳамд бўлсин, мени оламлар учун раҳмат қилиб юборди, барча одамлар учун (жаннатдан хабар бериб) севинтирувчи, (дўзахдан) огоҳ қилувчи этиб юборди, (Аллоҳ менга) ҳар бир нарса ҳақида тушунчани ўз ичига олган Қуръони каримни нозил қилди ва умматимни ўрта уммат қилди, умматимни (қиёмат кунида) аввалги уммат, (фоний дунёда эса) охирги уммат қилди ва менинг кўксимни (имон-эътиқод учун) кенг қилиб қўйди, оғир юкимни енгиллатди, номимни баланд қилди, мени (охиратда жаннатни) очувчи (дунёда пайғамбарликка) якун ясовчи қилди”.
Энг покиза ва улуғ салавот-саломлар сизга, аҳли байтингизга ва саҳобаи киромларингизга бўлсин, ё Расулуллоҳ!
Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” (1-жилд) китобидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Абдуллоҳ ибн Масъуд ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бизга қарата: “Мен вафот қилганимдан кейин асара, яъни мол-дунё тўплаб манманлик қилмоқнинг ҳамда ўзларингиз нафратланадиган бошқа ишларнинг гувоҳи бўласизлар”, дедилар. Саҳобалар: "Ё Расулуллоҳ, бизга нима деб амр қиласиз?". У зот алайҳиссалом: “Амирларингизнинг фармойишларига итоат этинг ва Аллоҳ таоло олдидаги бурчингизни бажо келтиринг!” дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Ҳадиснинг умумий маъноси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга қарата: “Мен вафот қилганимдан кейин асаранинг ҳамда ўзларингиз нафратланадиган бошқа ишларнинг гувоҳи бўласизлар”, дедилар.
Мол-дунё фитнаси ҳам бошқа фитналар каби жуда хатарли бўлиб, ўз соҳибини турли балоларга ва охиратда аламли азобга мубтало этувчидир. Шунинг учун Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларини ҳамда бутун умматни фитналардан огоҳ бўлишга чақириб, замонлар келиб мол-дунё билан фитналанган манман, мутакаббир кишиларни ва Ислом динига номувофиқ ишларга гувоҳи бўлишларини башорат қилдилар.
Саҳобалар: "Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга нима деб амр қиласиз?" дедилар. Саҳобаларнинг одатларидан бири дунё ва охират ишларини барчасини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан маслаҳатлашиб бажариш бўлган. Шунинг учун саҳобалар ўз одатларига биноан, вақти келиб ана шундай фитналарга дуч бўлганда мусулмон кишилар қандай йўл тутишсалар нажот топишлари мумкинлигини сўрадилар. У зот алайҳиссалом: “Амирларингизнинг фармойишларига итоат этинглар ва Аллоҳ таоло олдидаги бурчингизни бажо келтиринглар!”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлар жамияти орасида турли фитналар бошланганда уммат учун энг тўғри йўл – юрт раҳбарига, ҳокимларга итоат этиш, фармонларини бажаришга буюрдилар. Чунки бундай вақтда қандай қилиб бўлса ҳам мамлакатда фуқароларга тинчликни таъминлаб бериш ва фуқароларнинг фаровон ҳаёт кечириши учун бошқаларга нисбатан жуда қаттиқ қайғурадиган, мана шунга интилиб яшайдиган инсон фақат юрт раҳбари бўлар экан. Шунинг учун турли фитналарнинг олдини олишда мусулмонлар суянадиган энг ишончли киши фақат юрт раҳбари бўлиши мумкин. Шу билан бирга мусулмон киши ўз зиммасидаги Аллоҳ таолонинг ҳақларини, фарз ибодатларни бажариши лозим эканлигини уқтирдиларки, бошқа манбаларда келтирилишича Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фитна ва қатл кўпайгандаги ибодат худди менга ҳижрат қилган кабидир”, деб ўша вақтдаги ибодатнинг савобини Расулга бўлган муҳаббат ва ҳижратга тенглаштирган эканлар.
Фитналар бошланганда мусулмон кишининг бу икки нарса – итоат ва ибодатга чорланишини буюк ҳикмати бордир. Инсон юрт раҳбарига итоат қилиш билан жисми-жонини жисмоний фитналардан ҳимоя қилса, ибодат билан ўз қалбини мафкуравий фитналардан ҳимоя қилади. Зеро, дунё фитналарга аралашиб турган даврда охират саодатига етаман деган киши учун энг мақбул ва сўнги йўл шудир.
Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
Ҳадиси шарифда жамият фуқароларини ўзаро иттифоқликка чақириб, фитналaрдан эҳтиёт бўлишга буюрилади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ўз амирининг бирор ишидан нафратланса, сабр қилсин. Чунки султоннинг итоатидан бир қарич бўлса ҳам чиққан киши жоҳилият, яъни Ислом динидан бехабар, жоҳиллар ўлимини топади!” дедилар.
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси, Тўрақўрғон туман
“Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби Суфиев Жаъфархон