Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
06 Ноябр, 2024   |   05 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:40
Қуёш
07:01
Пешин
12:12
Аср
15:31
Шом
17:15
Хуфтон
18:30
Bismillah
06 Ноябр, 2024, 05 Жумадул аввал, 1446

Омонхонада янги масжид очилди!

8.07.2019   2383   2 min.
Омонхонада янги масжид очилди!

2019 йил 5 июл, муборак жума куни Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги Омонхона қишлоғида янги “Шайх Шамсиддин” номидаги масжиди очилди. Қишлоқ аҳолисининг севинчи чексиз. Тиллари-ю диллари шукронада, дуода. Авваллари масжид учун 12 км узоқликдаги туман марказига боришига тўғри келар, маросимлар, тўй-маъракаларда қийинчиликка дуч келинар эди.  Кўп йиллик армонлар бугун барҳам топди. Энди уларнинг ўз масжидлари, имом-хатиблари бор.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим домла Иномов ҳудуд аҳолисини янги рўйхатдан ўтган масжид билан муборакбод этдилар. Муфтий ҳазратларининг эзгу тилаклари, дуои хайрларини  етказдилар.

 Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг туб моҳияти аввало инсонларни рози қилиш, уларнинг оғирини енгил қилишдир. Аслида XX аср бошларида қурилган, бироқ ўтган давр мобайнида турли сабаблар билан ёпиб қўйилган ушбу масжидни очиш учун бир қанча жонкуяр ихлос эгалари кўп тер тўкдилар. Барча зарурий ҳужжатларни тайёрладилар. Масжид биноси ҳашар йўли билан қайта таъмирланиб, янги таҳоратхона қурилди. Сўнгги йилларда диний-маърифий сохада олиб борилаётган ислоҳотлар самарасининг яна бир исботи ўлароқ масжид очилиб, қишлоқ аҳли, айниқса, нуроний кексаларнинг шодлигига сабаб бўлмоқда. Зеро масжидлардан Аллоҳ таолонинг раҳмат нурлари таралиб туради. Ибодат, маърифат, биродарлик маскани бўлиб, мусулмонлар эътиқодини мустаҳкамлашга, ахлоқининг гўзаллашишига, ёмонликлардан узоқда бўлишига сабаб бўлади.

Иброҳим домла Иномов масжидда биринчи жума намозини адо этиб бердилар. Аллоҳнинг байтида тоат-ибодатлар, солиҳ амаллар, Қуръони карим тиловати Қиёмат қадар давом этишини тиладилар. Шунингдек, ташкилий ишларда фаоллик кўрсатган пок ниятли кишилар ҳаққига дуолар қилдилар.

Шу билан Ўзбекистондаги масжидлар сони 2060 тага етди. Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг ўзида Тошкент шаҳрида “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф”, “Файзуллахўжа ўғли Муродҳожи”, Термиз шаҳрида “Ҳаким Термизий” номидаги янги масжидлар очилгани эди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Ислом сабабли биродар бўлинг!

5.11.2024   1113   2 min.
Ислом сабабли биродар бўлинг!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг: бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз” (Оли Имрон сураси, 103-оят).

Эй мўминлар, Аллоҳ таоло сизга ошнолик ва бирдамликни инъом этганини эсланг. Зеро, Исломни қабул қилишингиздан олдин бир-бирингизга душман эдингиз. Аллоҳ таоло Ислом орқали қалбингизни бирлаштириб, ўзаро биродар қилди. Шундай экан, биродарингизга нисбатан қалбингизда асло гина, кин-адоват ва нафрат сақламанг!

Имом Саъдий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Аллоҳ қалбингизни Ислом сабабли бирлаштирди ва шу боис ўзаро биродар бўлиб, раҳм-шафқатли ҳамда бир-бирингизга ёрдам бердингиз” (“Тафсири Саъдий”).

Бошқа оятда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ҳамда уларнинг қалбларини бирлаштирган Зотдир. Агар ер юзидаги ҳамма нарсани сарф қилсанг ҳам, уларнинг қалбларини бирлаштира олмас эдинг. Лекин Аллоҳ уларни бирлаштирди. Албатта, У ғолиб ва ҳикматли Зотдир(Анфол сураси, 63-оят).

Ҳунайн ғазотидаги ғалабадан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маккаликларга уларнинг қалбларини Исломга янада ошно қилиш мақсадида ўлжаларни орттириб бердилар. Бунга баъзи ансорийлар норози бўлиб: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурайшга беряптилар, бизни эса тарк қиляптилар”, дейишди.

Бу гап Набий алайҳиссаломга етди. Шунда ансорларни тўплаб: “Эй ансорлар жамоаси, залолатда эдингиз, Аллоҳ таоло сизни мен сабабли ҳидояга бошламадими? Тарқоқ эдингиз, Аллоҳ сизни мен сабабли оға-ини қилмадими? Фақир эдингиз, Аллоҳ мен сабабли сизларни бадавлат қилмадими?”.

Ансорлар у зот алайҳиссаломнинг ҳар бир саволларига: “Ҳа, Аллоҳ ва Расули марҳаматли ва афзалдир”, деб жавоб беришарди.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар