Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Ноябр, 2024   |   12 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:47
Қуёш
07:09
Пешин
12:12
Аср
15:24
Шом
17:08
Хуфтон
18:24
Bismillah
13 Ноябр, 2024, 12 Жумадул аввал, 1446

Бандликдан олдин бўш вақтингни қадрла

7.07.2019   2323   14 min.
Бандликдан олдин бўш вақтингни қадрла

Ислом дини мусулмон кишини ўтаётган ҳар бир ку­ни ва соатидан унумли фойдаланишга тарғиб ва таш­­виқ қилади. Зеро, вақтнинг ҳар бир сониясидан халқ ва миллатни моддий ва маънавий юксалишга олиб бора­диган хайрли ва савобли иш­лар йўлида самарали фой­да­ла­ниш барчанинг, хусусан, биз мусулмонларнинг му­­ҳим вазифамиздир. Чунки вақтнинг қий­мати бебаҳодир.

 

Инсон вақтини сарф этишда омадли ризқлан­ти­рилган бўлса, вафот этганидан сўнг ҳам Аллоҳ унинг яхши амалларини хоҳла­ганича узайтиради. Албатта, бу одам ортида фойдали илм, эзгу иш, чиройли хотира ёки эргашса арзийдиган чирой­ли одат ёки ўзидан сўнг самара бериб турадиган хайрия муас­сасаси ёхуд чи­рой­ли тарбия қилинган зурриёт қолдирган бўл­са, унинг ҳа­ёти давом этаётган ва орқасида чиройли сийрати (та­рихи) қолган бўлади.

 

Бу ҳақда умавийлар амири Умар ибн Абдулазиз бундай дейди: “Сенинг вужудингда кеча ва кундуз ўз ишини кўрсат­япти, демак, сен ҳам уларга амал қилиб қол!” Донишмандлар: “Вақт бир қилич­дир, агар сен уни кесмасанг, у сени кесади”, деб бежиз айтиш­маган.

 

Модомики вақт шунчалик аҳамиятли экан, демак, мўмин-му­сулмон кишининг вақт олдида муайян вазифалари бор. У қуйи­да­ги вазифаларни тушуниб адо этмоғи шарт:

 

Вақтдан имкон қадар унумли фойдаланиш: Бебаҳо мол-­давлатини асраб-авайлайдиган инсон аслида бебаҳо вақти­га бундан-да эътиборлироқ бўлмоғи, уни фақат хайрли ишлар ва мақсадларга ишлатиши лозим. Вақт қадрини яхши англаган салафи солиҳлар вақтларига жуда эътиборли эдилар. Улуғ имомлар бутун вақтини фойдали илм, яхши амал, нафс­га қарши кураш ёки бошқаларга наф етказиш учун ўтказиш билан охират ғамини ердилар.

Ҳасан Басрий айтади: “Шундай зотлар бор эдики, сизлар дир­ҳам-динорларингизга ҳарис бўлганингиздан кўра, улар вақт­лари­га қаттиқроқ ҳарис эдилар”.

 

Вақтни тартибга солиш. Диний ва дунёвий ишларни ба­тартиб, режали адо этмоқ мусулмон киши­нинг вақти олди­да­ги вазифаларидандир. Ана шунда муҳим ва номуҳим амаллар ўз ўр­нини топиб, ишлар бир-бирига халал бермайди.

Солиҳлардан бири айтади: “Банданинг вақтлари (ўти­ши жи­ҳатидан) тўрт турли бўлади:

 

1) неъматда;

 

2) кулфатда;

 

3) итоатда;

 

4) маъсиятда ўтади.

 

Вақтнинг ҳамма ҳолатларида банда зиммасида Аллоҳ­нинг ибодатидан улуш бор. Демак, кимнинг вақ­ти тоатда ўтган бўлса, унинг йўли Аллоҳ таоло мар­ҳаматига, яъни Аллоҳ ҳидоят бериб, ибодатга муваф­фақ қилиб қўйганига шоҳид бўлишдир. Кимнинг вақти неъматда ўтган бўлса, унинг йўли шукр қилишдир. Кимнинг вақти маъсиятда ўтган бўлса, унинг йўли тавба ва истиғфордир. Кимнинг вақти кулфат (синов)да ўт­ган бўлса, унинг йўли розилик ва сабр­­дир”.

 

Бўш вақтни ғанимат билиш. Кўпчилик бўш вақтининг неъмат эканидан ғофил ўтади. Оқибатда, неъмат шукрини адо эт­майди.

Юқорида баёни ўтган беш нарсани ғанимат билиш ҳақи­даги ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам) бўш вақтни ғанимат билишга ундаб: “…Машғул бўлиб қолишингдан олдин бўш вақтингни ғанимат бил”, деб таъкидладилар.

 

Маълумки, инсон ҳаёти ўлчовлидир. Шунинг учун вақт­нинг қадрига етган, уни ҳурмат қилган киши ўзини, умрини ҳурмат қилган ҳисобланади. Чунки ҳар ким ўзи ўйлаган ишларни ҳар вақт ҳам бажара олмайди. Баъзи­да пайдо бўлиб қоладиган бўш вақтлар ўша битмаган ишларни бажаришга яхши имкон­дир. Мўмин киши ма­на шундай бўш вақтларни Аллоҳнинг неъ­мати деб би­либ, фойдаланиб қолмоғи лозим. Вақтга бепарво бўлиш эса умрнинг заволидир.

 

Ҳақ таоло инсон учун берилган умрни беҳуда ўт­казмай, уни яхшилик ва савоб ишларга сарфлаш, зое қи­линган умр учун охиратда афсус-надомат чекмас­лик ҳақида огоҳлантириб, бундай дейди:

 

Яъни: “…Ахир, Биз сизларга эслатма оладиган киши эслатма олгудек узун умр бермаганмидик?! Сизлар­га огоҳлантирувчи (пайғамбар) ҳам келган эди-ку!” (Фо­тир, 37).

 

Инсон ҳаётида вақтини зое қиладиган офатлардан эҳтиёт бў­лиши лозим. Бундай офатлар хатаридан огоҳ бўлмаса, вақ­тини ва умрини зое кетказиб қўяди. Улардан айримларини санаб ўтамиз:

 

Ғафлат. Шундай офатлардан бўлган ғафлат касаллиги инсоннинг ақли ва қалбига мусибат етказади. Бунинг оқибатида у кечаётган ҳодисаларни, кеча ва кундузнинг алмашувини сезмайдиган, ҳис этмайдиган бўлиб қолади. Нарсаларнинг маъноларига ва ишлар оқибатига нисбатан сергакликни йўқотади. Маънолар билан эмас, суратлар билан; асл ҳақиқатлар билан эмас, кўринишлари билан; мағизи билан эмас, қобиғи билан; ниҳояси билан эмас, бошланиши билан ҳукм чиқаради. Қуръони карим ғафлатдан қат­тиқ огоҳлантиради, ҳат­­то ғафлат аҳли жаҳаннамга ўтин бўладиган тирик жон­зотларнинг энг адашганлари тоифасига киритилган:

Яъни: «Жаҳаннам учун жинлар ва инсонлар­нинг кўп­чили­гини яратганмиз. Уларда қалблар бор, (ле­кин) улар билан “англамайдилар”. Уларда кўз­лар бор, (лекин) улар билан “кўрмайдилар”. Уларда қу­лоқлар бор, (лекин) улар билан “эшит­майдилар”. Ана ўшалар ҳайвонлар кабидирлар. Бал­ки, улар (янада) адашганроқдирлар. Айнан ўшалар ғофил­лардир» (Аъроф, 179).

 

Аллоҳ таоло илмнинг ҳақиқати ва мағзи қолиб, зоҳири билан қизиқадиганлар ҳақида бундай дейди:

 

“(Бу) Аллоҳнинг ваъдасидир. Аллоҳ Ўз ваъдасига хи­лоф қилмас. Лекин кўп одамлар (бу каби ҳақиқатларни) билмаслар. Улар охиратдан ғофил (бехабар) бўлган ҳолларида фақат (шу фоний) дунё ҳаётининг зоҳиринигина билурлар” (Рум, 6–7).

 

Қуръони каримда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­га бундай хитоб қилинади:

 

“Раббингизни ичингизда тазарру ва қўрқинч билан ҳамда гапирганда овозни кўтармасдан эр­таю кеч зикр (ёд) этинг! Ғофиллардан бўлманг!” (Аъ­роф, 205).

 

“Шунингдек, қалбини Биз зикримиздан ғофил қилиб қўй­ган, ҳавойи нафсига эргашган ва қилар иши исроф­гарчилик бўлган кимсаларга итоат этманг!” (Каҳф, 28).

 

Кейинга қолдириш. Бирор хайрли ишни ке­йин­га қол­дириш, яъни ўз вақтидан кечиктириш инсонга ҳо­зири ва бу­гунидан манфаат олиш бобидаги хатар­ли офатларнинг энг ашаддийсидир.

Кунингни фойдали илм ва эзгу ишлар билан тўл­ди­ришинг ўша куннинг зиммангдаги ҳақидир. Ҳозиринг қўлингдан кетиб, аба­дий қайтмайдиган ўт­мишга айлан­гунча уни эртага қолдирма. Эртага ўриб олишинг учун бугун экишинг вожиб­дир. Агар шундай қилма­санг, пу­шаймонлик фойда бермайдиган ўринда пушаймон бў­ласан.

 

Кейинга суришда бугунги вазифани эртага қол­ди­риш офати бор. Биринчидан, албатта, эртагача яша­шинг­га кафолатинг йўқ.

 

Ривоят қилинишича, амирлардан бири солиҳ кишини зиё­фатга чақирди. У киши рўзадор бўлгани учун узр сўради. Шунда амир: “Бугун рўзангни оч, эртага тутарсан”, деди. Со­лиҳ киши: “Сен менинг эртагача яшашимга кафолат берола­санми?” дея савол билан жавоб берди.

 

Ҳа, шундай, ҳеч ким ҳеч кимнинг эртагача яшашига ка­фил бўлолмайди. Ўлим тўсатдан ва турли сабаб­лар билан келади.

 

Фан-техника ва тиббиёт мислсиз ривожлангани­га қа­ра­масдан, бизнинг асримизда тўсатдан ўлиш ўт­ган замонлардагига нисбатан кўпроқдир. Қанчалар мукаммал жиҳозланган бўлмасин, тиббиёт Аллоҳ таоло буюрган ўлимни тўхта­тишдан ёки жарроҳлик ва бошқа амалиётлар билан уни қайтаришдан ожиз. Илм ҳам бугун замонавий асбоб-ускуналари, машина, тайёра, турли механик ва электр жиҳозлари билан бир бўлиб ҳам ҳар куни саноқсиз ҳодисалар оқибатида юз бераёт­ган ўлимга тўсқинлик қила олмаяпти. Аксинча, айни шу илм-­фан ва техника тараққиёти ўлимнинг янги-янги сабабларини келтириб чиқармоқда, инсон саноат ас­ридан аввал улардан омонда эди.

 

Иккинчидан, сен эртагача яшашингни кафолатлай олдинг ҳам дейлик, лекин барибир сени ўраб турган касалликлар, ол­дингдан чиқиб қолувчи тасодифлар ёки бошингга тушувчи балолар каби тўсиқлардан эмин бўлолмайсан. Шунинг учун эзгу ишларга шошилиб, кунлик вазифани вақтида адо этишинг олижаноб­­лик­дир. Кечиктириб, кейинга суриш билан фурсат­ни қўл­дан бой беришинг ожизликдир. Пировардида ғам-ғус­са­да қолишинг ҳеч гап эмас.

 

Олимлардан бири баъзи ёшларга: “Иш қобили­я­тинг­ни йўқот­масингдан аввал ишлаб қол, чунки мен бу­гун ишлашни истайман, лекин бунга қодир эмасман”, де­ган экан.

 

Ҳафса бинти Сирин айтар эди: “Эй ёшлар, меҳнат қи­линглар! Албат­та, иш ёшликдадир. Кексайгач, ҳеч нарса қила олмайсизлар”.

 

Учинчидан, албатта, ҳар бир куннинг ўз иши, ҳар фурсат­нинг ўз вазифаси бор. Аслида, ишдан мутлақо бўш вақтнинг ўзи йўқ ва бўлмаслиги керак. Умар ибн Абдулазиз ишнинг кўплигидан сал ҳорғин кўринган­ла­рида у кишига: “Бу ишингизни эртага қолдира қо­линг”, де­йишибди. Шунда халифа: “Менга бир куннинг иши оғир келяпти-ку, икки куннинг иши тўпланиб қол­са, уни қандай қилиб бажараман?” деганлар.

 

Ибн Ато ҳикматида айтади: “Вақтлар ичидаги ҳақ­ларни қазо этиш мумкиндир, аммо вақтлар ҳақини қаз­о қилиш мумкин эмас!” Ҳар бир ўтаётган вақт ичи­­­да Аллоҳ учун сенинг устингда янги ҳақ бордир. Ал­лоҳ­нинг муайян бир вақт ичидаги ҳақини адо этмаган одам бошқанинг ҳақини қандай адо этсин?!

 

Тўртинчидан, тоат-ибодатни кечиктирган ва эзгу ишлар­ни ортга сурган инсон уларни тарк этишга ҳам одатланади. Одат эса, агар у томир отса, мустаҳкам кўникмага айланиб, кейин қийинчилик­лар туғдира­ди. Ҳатто киши тоатга ва солиҳ амалга шошилиши ло­зимлигини ақлан ҳис этади, лекин иродаси заифли­гидан бу ишга ёрдам берувчи жиҳатни тополмайди, ак­синча, амалдан толиққан­лик, безганлик ҳолатлари юз беради. Агар бир кунгина ибодат ва яхши ишга қа­дам ташлаб қўйса, гўё елкасида бутун халқни кўтариб юр­гандек оғирлик сезади. Шунга ўхшаш, унинг гуноҳ­ла­ри, динга хи­лоф ишлари учун тавба қилишни кейин­га су­раётганини ҳам кўра­миз. Агар инсон нафси гуноҳ қилишга ва шаҳвониятга оғишга одатланса, улардан қутулиб кетиши қийин бўлади. Чунки кун ўтган сайин уларга муҳаббати ва кўникмаси ортиб, гуноҳи катталашиб бораве­ра­ди ва унинг таъсири қалбида ўрнашиб, ҳатто ўз қораси билан уни ўраб олиб, қоронғиликка чулғайди. Бундай қалбга ҳидоят­дан заррача шуъла ёки нур киролмайди.

 

Ҳадиси шарифда: “Агар мусулмон киши гуноҳ қил­са, унинг қалбида бир қора нуқта пайдо бўлади. Агар тавба қилиб, гуноҳдан ўзини тортса ва истиғфор айтса, қалби покланади. Агар гуноҳ қилаверса, қалбидаги шу қора нуқта катталаша­веради, ҳатто қалбини ўраб олади”, дейилган.

 

Ояти каримада зикр қилинганидек, қалбни гуноҳ­лар қоп­ла­ши мана шудир:

 

Яъни: “Балки, уларнинг дилларини ўзларининг қил­миш­лари (гуноҳлари) қоплаб олгандир” (Мутаффифун, 14).

 

Бешинчидан, албатта, меҳнат тирик инсоннинг му­ҳим мақ­садидир. Ишламайдиган одамнинг эса яша­ши ҳам қийин. Хоҳ диний, хоҳ дун­ёвий бўлсин, инсон­дан ишлаш талаб қилинади.

 

Мусулмонларда машҳур ҳикмат бор: “Сен дунёинг учун гўё абадий яшаб қоладигандек ишла, охиратинг учун худди эртага ўладигандек ишла”. Кишиларнинг замонга муттасил мало­мат тошини отишлари ва унинг зулмидан, кунлар оғирлигидан доимий шикоят қилишлари яхши ишга путур етказадиган офатлардандир. Буларнинг барчаси жабарийлар қарашининг иллатларидан, улар шахс ва жамиятга шундай муносабатлари билан ўз нафсларини “поклашга” уринадилар, хато ва гуноҳлар юкини кўтаришдан қочадилар, уни бошқаларга юклаб, ўзлари қутулиб қолмоқчи бў­ладилар. Машаққатни албатта ё бир-бирларига, ё за­мон­га, ё қадарга, ё бошқа бирор нарсага юклайдилар. Аслида эса, устиларига ёғилаётган бало ва ризқу неъмат тортиб қўйилганига юзаки боқишдан кўра, чуқур­роқ таҳлил ва тафаккурга берилишлари, ихлос билан меҳ­нат қилишга ўрганишлари керак. Замон Аллоҳ таоло юргизган қонун ва йўлга мувофиқ ҳодисалар иди­шидирки, бу нарса саҳиҳ ҳадис маъносида кўринади: «Замонни сўкмангиз, чунки Аллоҳ ўзи замондир (яъни, у замон қонун ва қоидаларини тузувчидир)».

 

Мусулмонлар Уҳуд ғазотида мағлуб бўлишганида Ра­су­луллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) улар билан бирга эдилар. Шу жангда етмиш нафар қаҳрамон саҳобий шаҳид бўлди. Саҳобалар ўзларига етган бало ва жароҳат сабабини сўрашди. Жавоб эса қуръоний эди:

 

Яъни: «Сизларга (Уҳуд жангида) бир мусибат етган бўл­са – сизлар (уларга Бадр жангида) унинг икки баробарига тенг мусибат етказгансиз. “Бу (мусибат) қаёқдан келди?” – дейсизми?! “У – ўзингиздан”, – деб айтинг! Албатта, Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир» (Оли Имрон, 165).

 

Барчамиз ўтаётган ҳар сония, дақиқа ва кеча-кундуз­ларимиздан ибрат олмоғимиз ва фойдаланмоғимиз керак. Зеро, кеча ва кундуз янгиларни эскиртиради, узоқларни яқин қилади, умрларни қисқартиради, ёшларни улғайтиради, ўлим сари яқин­лаштиради. Шу­нинг учун ҳам умрни ғанимат бил­моғимиз ва энг фой­дали, савобли ишлар билан ўтказ­моғимиз керак бўлади.

 

Аллоҳ таоло ҳаммаларимизни вақтни зое кетказ­майди­ган, уни эзгу амаллар йўлида сарфлайдиган со­лиҳ ва ғайрат­ли банда­ла­ри жумласидан қилсин.

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Фитна вақтида нима қилиш керак?

13.11.2024   363   4 min.
Фитна вақтида нима қилиш керак?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Абдуллоҳ ибн Масъуд ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бизга қарата: “Мен вафот қилганимдан кейин асара, яъни мол-дунё тўплаб манманлик қилмоқнинг ҳамда ўзларингиз нафратланадиган бошқа ишларнинг гувоҳи бўласизлар”, дедилар. Саҳобалар: "Ё Расулуллоҳ, бизга нима деб амр қиласиз?". У зот алайҳиссалом: “Амирларингизнинг фармойишларига итоат этинг ва Аллоҳ таоло олдидаги бурчингизни бажо келтиринг!” дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Ҳадиснинг умумий маъноси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга қарата: “Мен вафот қилганимдан кейин асаранинг ҳамда ўзларингиз нафратланадиган бошқа ишларнинг гувоҳи бўласизлар”, дедилар.
Мол-дунё фитнаси ҳам бошқа фитналар каби жуда хатарли бўлиб, ўз соҳибини турли балоларга ва охиратда аламли азобга мубтало этувчидир. Шунинг учун Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларини ҳамда бутун умматни фитналардан огоҳ бўлишга чақириб, замонлар келиб мол-дунё билан фитналанган манман, мутакаббир кишиларни ва Ислом динига номувофиқ ишларга гувоҳи бўлишларини башорат қилдилар.
Саҳобалар: "Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга нима деб амр қиласиз?" дедилар. Саҳобаларнинг одатларидан бири дунё ва охират ишларини барчасини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан маслаҳатлашиб бажариш бўлган. Шунинг учун саҳобалар ўз одатларига биноан, вақти келиб ана шундай фитналарга дуч бўлганда мусулмон кишилар қандай йўл тутишсалар нажот топишлари мумкинлигини сўрадилар. У зот алайҳиссалом: “Амирларингизнинг фармойишларига итоат этинглар ва Аллоҳ таоло олдидаги бурчингизни бажо келтиринглар!”.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлар жамияти орасида турли фитналар бошланганда уммат учун энг тўғри йўл – юрт раҳбарига, ҳокимларга итоат этиш, фармонларини бажаришга буюрдилар. Чунки бундай вақтда қандай қилиб бўлса ҳам мамлакатда фуқароларга тинчликни таъминлаб бериш ва фуқароларнинг фаровон ҳаёт кечириши учун бошқаларга нисбатан жуда қаттиқ қайғурадиган, мана шунга интилиб яшайдиган инсон фақат юрт раҳбари бўлар экан. Шунинг учун турли фитналарнинг олдини олишда мусулмонлар суянадиган энг ишончли киши фақат юрт раҳбари бўлиши мумкин. Шу билан бирга мусулмон киши ўз зиммасидаги Аллоҳ таолонинг ҳақларини, фарз ибодатларни бажариши лозим эканлигини уқтирдиларки, бошқа манбаларда келтирилишича Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фитна ва қатл кўпайгандаги ибодат худди менга ҳижрат қилган кабидир”, деб ўша вақтдаги ибодатнинг савобини Расулга бўлган муҳаббат ва ҳижратга тенглаштирган эканлар.


Фитналар бошланганда мусулмон кишининг бу икки нарса – итоат ва ибодатга чорланишини буюк ҳикмати бордир. Инсон юрт раҳбарига итоат қилиш билан жисми-жонини жисмоний фитналардан ҳимоя қилса, ибодат билан ўз қалбини мафкуравий фитналардан ҳимоя қилади. Зеро, дунё фитналарга аралашиб турган даврда охират саодатига етаман деган киши учун энг мақбул ва сўнги йўл шудир.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

  • Фитналарга тўлган замонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин келиши.
  • Мол-давлат инсонни дунёнинг турли фитналарига солиши.
  • Мусулмонлар орасида ҳам дин-диёнатдан кўра бу дунё бойликларига кўпроқ эътибор берадиган кишилар пайдо бўлиши.
  • Мусулмонларни нафратлантирадиган ишларни кўпайиши.
  • Дунё ва дин ишларини олим кишилардан маслаҳат сўраб бажариш.
  • Мусулмон кишилар юрт амирига, подшоҳига итоат қилиши лозим эканлиги.
  • Билмаган ишнинг ҳикматини раҳбардан сўрашнинг жоизлиги.
  • Фитнали замонлар келганда ҳам мусулмонлар ўз зиммаларидаги Аллоҳнинг ҳақларни унутмаслиги.
  • Инсон юрт раҳбарига итоат қилиш билан жисми-жонини жисмоний фитналардан ҳимоя қилса, ибодат билан ўз қалбини мафкуравий фитналардан ҳимоя қилиши.

Ҳадиси шарифда жамият фуқароларини ўзаро иттифоқликка чақириб, фитналaрдан эҳтиёт бўлишга буюрилади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ўз амирининг бирор ишидан нафратланса, сабр қилсин. Чунки султоннинг итоатидан бир қарич бўлса ҳам чиққан киши жоҳилият, яъни Ислом динидан бехабар, жоҳиллар ўлимини топади!” дедилар.

ТИИ Модуль таълим тизими талабаси, Тўрақўрғон туман
“Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби Суфиев Жаъфархон

Мақолалар