Кунларнинг бирида Макка осмонида бир нур кўринди ва Маккани ойдинлатиб, қоронғуликни тарқатиб юборди. Бу нур Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарлик нури эди. Ҳазрати Ҳадича розияллоҳу анҳо қизлари Руқайя ва Умму Гулсум розияллоҳу анҳоларни ўйлар эди. Умму Жамил ва унинг сўзидан ҳеч чиқмайдиган Абу Лаҳаб хонадонида қизларининг ҳоли не кечади? Қурайшийлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам хусусида аниқ бир тўхтамга келиш учун тўпландилар. Ораларидан бири:
— Сиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ишига халақит бермоқчимисиз? У ҳолда қизларини қайтариб юборинглар, у қизлари билан овора бўлиб қолади, - деди.
Абу Лаҳаб, Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари билан оила қурган ўғилларига:
— Агар, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қизларини қўймасангиз, бошим бошингизга ҳаром бўлсин, - деди. Икки қиз ҳам оталик уйларига қайтиб келдилар. Умму Жамил ва Абу Лаҳаб бу ишлари билан чекланиб қолмади. Набий алайҳиссаломга доимий равишда азият етказавердилар. Аммо, Аллоҳ таоло суюкли пайғамбари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга азият етказган бу икки бадбахтни жазолабгина қолмай, Қуръони каримда уларнинг қисматлари ҳақида сўз юритувчи “Масад” сурасини нозил қилди.
Суранинг таржима маъноси: “1. Абу Лаҳабнинг қўллари қуригай – ҳалок бўлгай! (Аниқки) у қуриди – ҳалок бўлди. 2. Мол-мулки ва касб қилиб топган нарсалари унга асқотгани йўқ! 3-4-5. Яқинда у ва унинг ўтин орқалаган, бўйнида пишиқ толадан эшилган арқон бўлган хотини (ловуллаб турган) алангали дўзахга киражак!”
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам самимий ва вафодор завжасига: “Энди бизга уйқу йўқ, эй Ҳадича...” дедилар. Руқайя ва Умму Гулсум розияллоҳу анҳо уйларидаги муҳит ўзгариб қолганини сездилар. Уйда хурсандчиликдан асар ҳам қолмагандай, ғам-қайғу буткул ҳукмрондек кўринар эди. Бироқ опа-сингил ота-оналари билан бирга бу қийинчиликларга бардош бердилар. Қурайшийларнинг тахмини бекор бўлди, севинчлари узоққа бормади. Улар ўйлаганидек, қизларининг уйга қайтиб келиши билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюк вазифаларини адо этишдан тўхтаб қолмадилар. Аллоҳ таоло солиҳ, асл бир оилага мансуб, бой ва юмшоқ табиатли куёв берди. Бу киши Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу насаб, мавқе ва бойликда Қурайшнинг энг олди кишиларидан эди.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Руқайя розияллоҳу анҳони Усмон розияллоҳу анҳуга никоҳладилар ва уларга баракот тилаб, Аллоҳ таолога дуо қилдилар. Қурайш мушрикларининг мусулмонларга азиятлари янада ортди. Уларга жуда ёмон муносабатда бўла бошладилар. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитнага дучор бўлишмасин деб саҳобаларнинг Ҳабашистонга ҳижрат қилишларига изн бердилар. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу билан завжаси Руқайя розияллоҳу анҳо ҳам йўл ҳозирлигини кўра бошладилар. Руқайя розияллоҳу анҳонинг кўзлари ёш, қалби ғам-алам билан тўла эди. Айрилиқ олдидан отасини, онасини ва қариндошларини бир-бир қучоқлади. Айтмоқчи бўлган гапларини айтолмай, сўзлари бўғзига тиқилди. Унинг бутун ҳолати гўё: “Оиладан, ватандан айрилиш жуда оғир. Руҳ билан тананинг ажралишига ўхшайди. Аллоҳ бу ишимиздан рози бўлсин. Ишончимиз йўлида жонимиз фидо бўлсин”, дегандек эди. Усмон розияллоҳу анҳу ҳам жуда хафа эдилар. Сабрли мўмина Руқайя розияллоҳу анҳо унга юзланиб, таскин бериш учун:
– Аллоҳ таоло биз билан ва Шу муборак Байтнинг атрофидаги тупроғимизда қолаётган кишилар билан биргадир, — деди. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг қайғуси тарқалди. Ҳабашистон томон йўлга тушдилар.
Давоми бор...
Саидаброр Умаров тайёрлади
Рамазон ҳайити ва Қурбон ҳайити Исломнинг икки улуғ байрамидир. Уларнинг ҳар бирида улкан маънавий маънолар бўлиб, мусулмонлар ҳаётида алоҳида ўрин тутади. Хусусан, Қурбон ҳайити Исломда фидокорлик, садоқат ва бағрикенглик рамзи ҳисобланади.
Ушбу муқаддас байрам олдидан Давлатимиз раҳбарининг махсус қарорлари қабул қилиниши, Рамазон ва Қурбон ҳайити саналари дам олиш куни сифатида белгиланиши халқимизнинг диний эҳтиёжларини таъминлаш, миллий ва диний қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда маънавий бирдамликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Қурбон ҳайити Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунида нишонланади. Уламолар таъкидлаганидек, Зулҳижжанинг аввалги ўн куни Аллоҳнинг энг маҳбуб кунларидан бири бўлиб, бу кунларда қилинадиган амаллар, ибодатлар, хайру саховатлар жуда ҳам улуғ ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло ҳузурида яхши амаллар Зулҳижжанинг биринчи ўн кунида қилинадиган амаллардек афзалроқ амал йўқ”, — деб марҳамат қилганлар. Шундай экан, ушбу кунларда яхши амалларга шошилиш, савобли ишларга улгуриб қолиш айни муддаодир.
Қурбон ҳайитининг фазилатлари амалларидан бири – қурбонлик қилиш ҳисобланади. Қурбонлик, Ислом динида аҳамияти катта бўлган амаллардан бири бўлиб, у Қурбон ҳайити кунларида Аллоҳнинг розилиги учун фидоийлик ифодаси ўлароқ жонлиқ сўйишдир. Бу амал ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом ва пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига амал қилиш, фидокорлик, сабр ва тақво каби тушунчаларни ифода этади.
Қурбонлик қилиш нафақат инсоннинг тақвоси, балки ижтимоий меҳр-оқибат, муҳтожларга ғамхўрлик белгисидир. Қурбонлик гўшти фақирларга, қариндошларга, қўшниларга тарқатилиши, аҳиллик ва меҳр-муҳаббатни янада мустаҳкамлайди.
Қурбон ҳайити — бу аҳиллик ва муштаракликнинг рамзи бўлиб, бу кунда мусулмонлар ўз қариндошлари, қўшнилари, дўстларининг ҳолидан хабар оладилар, узоқдаги яқинларини йўқлаб боришга ҳаракат қиладилар. Айниқса, кекса, бемор, ёлғиз кишилар ҳолидан хабар олиш — динимизда юксак ажр ҳамда эътиборга сазовор амал ҳисобланади.
Қурбон ҳайити инсонларни бир-бирига яқинлаштиради, меҳру шафқатни уйғотади, байрам муносабати билан эҳсон қилиш, болалар ва кексаларни хурсанд қилиш каби амаллар нафақат шахсий савоб, балки жамиятдаги яхшилик муҳитини янада мустаҳкамлайди.
Бу кунда имкони бор инсонлар кам таъминланган оилалар, етимлар, эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олиб, уларга хурсандчилик улашсалар, бу амалнинг савоби беқиёсдир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминларнинг ўзаро дўстликлари, раҳм қилишлари ва меҳр кўрсатишлари худди бир жасадга ўхшайди. Ундан бир аъзо хаста бўлса, жасаднинг қолгани унга қўшилиб бедор бўлади ва иситмалайди”, — дедилар (Имом Муслим ривояти).
Азизлар, айни кунларда юртимиздан 15 минг нафардан зиёд юртдошларимиз Исломнинг беш устунидан бири бўлган Ҳаж ибодатини адо этишга тараддуд кўрмоқдалар. Улар орасида юзлаб нуронийлар, оналаримиз, устоз ва зиёлилар бор. Бу ҳар бир юртдошимизнинг қалбида қувонч уйғотади. Айниқса, мамлакатимиз раҳбари муҳтарам Президентимиз Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазрат билан телефон орқали мулоқот қилиб, ҳожиларимиз аҳволидан хабар олганелари, уларга муборак сафарда тўлиқ шароит яратилиши, Ҳаж ибодатини хотиржам ва мукаммал адо этишлари учун зарур кўмак ва дуоларини изҳор этганлари катта воқеа бўлди.
Бу воқелик юртимизда дин ва давлат муносабатлари янги, барқарор ва ҳамжиҳат заминда қурилаётганидан далолатдир. Бу – халқимизнинг муқаддас қадриятларига ҳурмат, Исломнинг пок таълимотига бўлган эҳтиром намунасидир.
Бу каби юксак эътиборлар юртимизда дин ва давлат ўртасидаги мувозанатли муносабатнинг, халқнинг эътиқоди ва қадриятига нисбатан ҳурмат ва эъзознинг амалий намунасидир.
Муҳтарам юртдошлар! Фурсатдан фойдаланиб барчаларингизни ийд ал-Азхо – Қурбон ҳайити билан самимий муборакбод этаман. Юртимиз тинчликлиги барқарор, халқимиз тотувлиги бардавом бўлсин, динимиз янада равнақ топсин, хонадонингиздан файзу барака аримасин!
Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин!
Убайдуллоҳ Абдуллаев,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби