Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
06 Июн, 2025   |   10 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:07
Қуёш
04:50
Пешин
12:27
Аср
17:36
Шом
19:56
Хуфтон
21:33
Bismillah
06 Июн, 2025, 10 Зулҳижжа, 1446

Мўминаларга ибрат мўминалар: Ҳазрати Руқайя бинти Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам

03.07.2019   2916   5 min.
Мўминаларга ибрат мўминалар:  Ҳазрати Руқайя бинти Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам

Руқайя розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Зайнаб розияллоҳу анҳодан кейин дунёга келган қизларидир. У ҳам ота-онасининг кўз қорачиғи эди. Руқайя розияллоҳу анҳо ва Умму Гулсум розияллоҳу анҳо икковлари худди эгизаклардек улғаядилар. Бир-бирларини жуда яхши кўрардилар. Бу меҳр опалари Зайнаб розияллоҳу анҳо узатилганидан сўнг янада кучайди. Гўё тақдир уларнинг ҳаётини муштарак бир йўлга чизгандек бир-бирларига қаттиқ боғланиб қолган эдилар. Зайнаб розияллоҳу анҳо Абул Ос ибн Робиъ билан турмуш қурганидан сўнг Руқайя ва Умму Гулсум розияллоҳу анҳоларнинг ҳам бўйлари етиб қолди. Абу Толиб уларни биродари Абу Лаҳабнинг ўғиллари Утба ва Утайбага сўраб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга шундай жавоб бердилар: — Эй амаки, қариндошчиликни сийлайман, бироқ менга бироз муҳлат беринг. Бу масала юзасидан қизларим билан гаплашай. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хонадон аҳлига Абу Толибнинг мақсади ҳақида гап очдилар, Ҳадича розияллоҳу анҳо онамиз ва қизларига аҳволни тушунтирдилар. Ҳазрати Ҳадича розияллоҳу анҳо бу гапларни эшитиб ўйга чўмдилар. Чунки, Абу Лаҳабнинг хотини Умму Жамил қаҳри қаттиқ, тили аччиқ ва ўйламай иш қиладиган хотин эканини билар эдилар. Шунинг учун қизларининг бу хонадонга келин бўлишларини хоҳламай турардилар. Бироқ раъйларини қайтармаслик учун индамадилар. Қизлари ҳам буни ҳис қилиб жим ўтирардилар. Шундай тарзда, қатьий қарор қабул қилинди. Шафқатли ота қизларига барокат тилади. Уларни азиз ва жамил бўлган Аллоҳнинг паноҳига топширди.

Кунларнинг бирида Макка осмонида бир нур кўринди ва Маккани ойдинлатиб, қоронғуликни тарқатиб юборди.                                              Бу нур Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарлик нури эди. Ҳазрати Ҳадича розияллоҳу анҳо қизлари Руқайя ва Умму Гулсум розияллоҳу анҳоларни ўйлар эди. Умму Жамил ва унинг сўзидан ҳеч чиқмайдиган Абу Лаҳаб хонадонида қизларининг ҳоли не кечади? Қурайшийлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам хусусида аниқ бир тўхтамга келиш учун тўпландилар. Ораларидан бири:

— Сиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ишига халақит бермоқчимисиз? У ҳолда қизларини қайтариб юборинглар, у қизлари билан овора бўлиб қолади, - деди.

Абу Лаҳаб, Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари билан оила қурган ўғилларига:

— Агар, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қизларини қўймасангиз, бошим бошингизга ҳаром бўлсин, - деди. Икки қиз ҳам оталик уйларига қайтиб келдилар. Умму Жамил ва Абу Лаҳаб бу ишлари билан чекланиб қолмади. Набий алайҳиссаломга доимий равишда азият етказавердилар. Аммо, Аллоҳ таоло суюкли пайғамбари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга азият етказган бу икки бадбахтни жазолабгина қолмай, Қуръони каримда уларнинг қисматлари ҳақида сўз юритувчи “Масад” сурасини нозил қилди.

Суранинг таржима маъноси: “1. Абу Лаҳабнинг қўллари қуригай – ҳалок бўлгай! (Аниқки) у қуриди – ҳалок бўлди. 2. Мол-мулки ва касб қилиб топган нарсалари унга асқотгани йўқ! 3-4-5. Яқинда у ва унинг ўтин орқалаган, бўйнида пишиқ толадан эшилган арқон бўлган хотини (ловуллаб турган) алангали дўзахга киражак!”

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам самимий ва вафодор завжасига: “Энди бизга уйқу йўқ, эй Ҳадича...” дедилар. Руқайя ва Умму Гулсум розияллоҳу анҳо уйларидаги муҳит ўзгариб қолганини сездилар. Уйда хурсандчиликдан асар ҳам қолмагандай, ғам-қайғу буткул ҳукмрондек кўринар эди. Бироқ опа-сингил ота-оналари билан бирга бу қийинчиликларга бардош бердилар. Қурайшийларнинг тахмини бекор бўлди, севинчлари узоққа бормади. Улар ўйлаганидек, қизларининг уйга қайтиб келиши билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюк вазифаларини адо этишдан тўхтаб қолмадилар. Аллоҳ таоло солиҳ, асл бир оилага мансуб, бой ва юмшоқ табиатли куёв берди. Бу киши Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу насаб, мавқе ва бойликда Қурайшнинг энг олди кишиларидан эди.      

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Руқайя розияллоҳу анҳони Усмон розияллоҳу анҳуга никоҳладилар ва уларга баракот тилаб, Аллоҳ таолога дуо қилдилар. Қурайш мушрикларининг мусулмонларга азиятлари янада ортди. Уларга жуда ёмон муносабатда бўла бошладилар. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитнага дучор бўлишмасин деб саҳобаларнинг Ҳабашистонга ҳижрат қилишларига изн бердилар. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу билан завжаси Руқайя розияллоҳу анҳо ҳам йўл ҳозирлигини кўра бошладилар. Руқайя розияллоҳу анҳонинг кўзлари ёш, қалби ғам-алам билан тўла эди. Айрилиқ олдидан отасини, онасини ва қариндошларини бир-бир қучоқлади. Айтмоқчи бўлган гапларини айтолмай, сўзлари бўғзига тиқилди. Унинг бутун ҳолати гўё: “Оиладан, ватандан айрилиш жуда оғир. Руҳ билан тананинг ажралишига ўхшайди. Аллоҳ бу ишимиздан рози бўлсин. Ишончимиз йўлида жонимиз фидо бўлсин”, дегандек эди. Усмон розияллоҳу анҳу ҳам жуда хафа эдилар. Сабрли мўмина Руқайя розияллоҳу анҳо унга юзланиб, таскин бериш учун:

– Аллоҳ таоло биз билан ва Шу муборак Байтнинг атрофидаги тупроғимизда қолаётган кишилар билан биргадир, — деди. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг қайғуси тарқалди. Ҳабашистон томон йўлга тушдилар.

Давоми бор...

 

Саидаброр Умаров тайёрлади

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбон ҳайитини қандай ўтказар эдилар?

14.06.2024   1814   2 min.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбон ҳайитини қандай ўтказар эдилар?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

 

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурбон ҳайити куни ғусл олардилар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ҳайити куни ва Қурбон ҳайити куни ғусл қилар эдилар” (Ибн Можа ривояти).

 

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурбон ҳайитида қурбонлик қилишдан олдин ҳеч нарса емасдилар.

Бурайда розияллоҳу анҳу айтадилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни таомлангунларича (фитр намозига) чиқмас эдилар ва Қурбонлик куни намоз ўқигунларича таомланмас эдилар” (Имом Термизий ривояти).

 

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга пиёда юриб борардилар.

Абу Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ҳайит намозига пиёда чиқар эдилар” (Ибн Можа ривоят қилган).

 

  1. Масжидга кетишда Аллоҳни зикр қилардилар.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам то намозгоҳга боргунларича такбир айтар эдилар” (Имом Ҳоким ривояти).

 

  1. Ҳайит намозидан олдин нафл намоз ўқимас эдилар.

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит намозидан олдин ҳеч нарса ўқимас эдилар, манзилларига қайтганларида икки ракат намоз ўқир эдилар(Ибн Можа ривоят қилган).

 

  1. Масжидга бир йўлдан бориб, бошқа йўлдан қайтар эдилар.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит куни (бориш ва қайтиш) йўлларини бошқа-бошқа қилар эдилар” (Имом Бухорий ривояти).

 

  1. Ҳайит намозидан сўнг қурбонлик қилардилар.

Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким намоздан олдин курбонлик қилса, у ўзига қўй сўйибди. Ким намоздан кейин сўйса, курбонлигини мукаммал қилибди ва мусулмонларнинг суннатини топибди”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

 

Аллоҳ таоло барчамизни ҳар бир ишда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга эгашувчилардан қилсин!

 Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар