Сўнгги вақтларда Интернетдаги ижтимоий тармоқларда шахсий манфаатлари йўлида ўзга шахслар номидан саҳифа ёки профил очиб, сохта маълумотларни тарқатиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Жумладан, шу кунларда “Facebook” ижтимоий тармоғида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов номидан профил очилган. Ушбу профил эгаси Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси номидан турли ғараз мақсадларга хизмат қилувчи материалларни чоп этган.
Таъкидлаш жоизки, ҳозирги вақтда муфтий Усмонхон Алимовнинг ҳеч қайси ижтимоий тармоқларда расмий очилган саҳифаси ёки профили мавжуд эмас. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисига “Muslim.uz” сайтдаги “Мурожаат ва мулоҳазалар учун виртуал қабулхона” орқали мурожаат қилиш мумкин. Шунингдек, шаръий масалалардаги саволларни “Телеграм” мессенжеридаги “Дин ва ҳаётга оид саволлар” номли каналга ва “Savollar.muslim.uz” сайтига йўллаш мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасини матбуот хизмати
Аллоҳ таоло инсониятни озодаликка, жисму иймони, уй-жойи – Ватанини пок тутишга, боғу роғлар ўстирувчи ва Ер юзини обод қилувчилардан бўлишга чақиради.
Юқоридаги чақириққа монанд айни кунларда ЎМИ Бухоро вилояти вакили Жобир домла Элов бошчилигида вилоятимиздаги барча масжид, мадраса ва зиёратгоҳларда яшил маконларни кўпайтириш ишлари уюшқоқлик билан ташкил этилиб, дин пешволари томонидан ҳудудларда яшил майдонлар барпо этилмоқда.
Зеро, ҳадис шарифларда: “Албатта, фаришталар экин ёки кўчат экувчининг ҳаққига, модомики, эккан нарсаси кўкариб тураркан, истиғфор айтиб туришади”, - дейилади.
Яратган Зот бу ҳайрли ишларни бардавом ва барокатли қилсин!
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати