Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Июл, 2025   |   30 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:35
Қуёш
05:12
Пешин
12:35
Аср
17:36
Шом
19:51
Хуфтон
21:20
Bismillah
25 Июл, 2025, 30 Муҳаррам, 1447

НАМОЗДА БЕЛ ОЧИЛИБ ҚОЛИШИ

02.07.2019   5016   2 min.
НАМОЗДА БЕЛ ОЧИЛИБ ҚОЛИШИ

186-CАВОЛ:
Бир отахон намозда бел очилиб қолса намоз бузилади, дедилар. Ҳақиқатан ҳам шундайми?

 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Намоз дуруст бўлиши учун аврат аъзоларининг барчаси ёпиқ бўлиши шарт. Чунки, аврат ёпилиши намознинг фарзларидан бири ҳисобланади. Зеро, Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

يَا بَنِي آَدَمَ خُذُوا زِينَتَكُمْ عِنْدَ كُلِّ مَسْجِدٍ

яъни: “Эй, Одам авлоди! Ҳар бир масжид (намоз) олдидан зийнатларингиз (пок кийимларингиз)ни (кийиб) олингиз!” (Аъроф сураси, 31-оят).
Маълумки, намоздаги бирор бир фарз амал бажарилмаса намоз дуруст бўлмайди. Эркак киши намозда киндигининг остидан бошлаб тиззасининг остигача ёпиши фарздир (Манба: “Шарҳун нуқоя”).

Уламоларимиз аврат аъзолардан бирининг тўртдан бир қисми бир муддат очилиб қолса намоз бузилади, деганлар. Бунда аёл кишининг соқи (яъни болдири), эркак кишининг сони алоҳида аъзо ҳисобланади. Бир муддат миқдори эса уч марта тасбеҳ айтиш миқдорича экани билан изоҳланган (манба: “Ҳошиятут-Таҳтовий”).
Ҳозирги пайтда эса баъзи ёшлар калта ва тор кўйлак билан намоз ўқиб, руку ва саждага борганларида мана шу аъзоларининг тўртдан бири тугул ярмидан кўпроғи кўриниб қолиб, натижада шунча ҳаракат қилиб ўқиётган намозлари ўзлари билмаган ҳолда бузилишига олиб келмоқда. Бу ҳам етмагандай орқа сафдаги намозхонларнинг кўзлари аврат аъзоларга тушишига сабабчи бўлмоқдалар.

Яна шуни ҳам таъкидлаш керакки, ҳозирги кунда баъзилар калта шим (шортик)да намоз ўқимоқдалар. Ундай калта кийимда белни ёпганда, тизза очилиб қолиши, тиззани ёпганда эса бел очилиб қолиши табиий. Ваҳоланки, тиззанинг ўзи ҳам аврат аъзо ҳисобланиб, уни тўртдан бирини очилиб қолиши намозни бузади.
Шунинг учун ҳар бир намозхон ўзига қулай бўлган ва аврат аъзоларни ёпадиган кенг ҳамда узун кийимда намоз ўқиши динимиз талабидир. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Савол йўллаш
http://savollar.muslim.uz
@SavollarMuslimUzBot

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Тунда тош остидаги чумолини кўрган Зот сизни ҳам кўриб турибди

23.07.2025   3975   3 min.
Тунда тош остидаги чумолини кўрган Зот сизни ҳам кўриб турибди

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ Роббига осийлик қилаётган бир жамоани кўрдилар ва уларга қарата бундай дедилар: “Аллоҳ таолонинг наздида хор бўлишди ва У Зотга осий бўлишди. Борди-ю, улар Аллоҳ учун қадрли бўлганларида, Аллоҳ уларни гуноҳдан сақлаган бўлур эди”.

Демак, Аллоҳ таоло қайси бандасини яхши кўрса, уни гуноҳлардан сақлаб қўяр экан. Бирортамиз гуноҳ қилиб, Аллоҳни унутиб, Роббининг наздида ҳақир банда бўлишни истаймизми?! Албатта, йўқ! 

Нафсингиз сизни гуноҳга чорлаган пайтда қилаётган ишингизнинг оқибати ҳақида ўйланг ҳамда Аллоҳ таоло сизни кўриб турганини ҳис этинг. Ўзингизга ўзингиз шу саволни беринг: “Сени ҳурматлаб эъзозловчи бирор ким шу ҳолингда кўриб қолса, ундан уялган бўлармидинг?! Қандай қилиб Роббинг бўлмиш Аллоҳ таолодан уялмайсан?!”.

Нафсингизга: “Сен эртага бошингга бу гуноҳларнинг балоси уриши ва шарманда бўлишдан омондамисан?” денг. Бир нарсани ёдингиздан чиқармангки, сиз қандай гуноҳ қилишингиздан қатъи назар, Аллоҳнинг ато этган неъматларидан фойдаланган ҳолингизда гуноҳга қўл урган бўласиз. Аллоҳ таоло сизга берган, сиз у билан ҳаромга назар ташлаётган кўзингизнинг ўзи қанча неъмат?! Ҳаромга чўзаётган қўлингизнинг ўзи аслида қанча неъмат?! Қанчадан-қанча талаффузи ҳалол бўлмаган нарсаларни тилингизда айлантирасиз. Ато этилган неъматлар ила гуноҳ қилишингиз неъмат ато этгувчи Зотга нисбатан миннатдорчиликми, шукрми?!

Зимистон тунда тош остидаги чумолини кўра олган Зот сизни ҳам кўриб турибди, буни ёдингиздан чиқарманг!

Ҳикоят. Бир куни бир эркакка бегона аёл билан бирга хилватда қолишни шайтон зийнатли қилиб кўрсатибди. Аёлнинг ёнига кирганида кўзлари олайганича унга қараб: “Бизни ҳеч ким кўрмаяптими?” – дебди. Аёл: “Йўқ, Аллоҳдан бошқаси кўрмаяпти”, дебди. Шу пайт эркакнинг кўзлари ёшланиб: “Худо ҳаққи, кўраётганлар ичида Роббим буюкдир! Мабодо мени бирор кичикроқ бола кўриб турган бўлса-да, унинг олдида бунақанги иш қилишга журъатим етмайди-ю, қандай қилиб оламлар Рабби бўлган Зот кўриб турган бўлса, мен бу каби гуноҳ ишни қила оламан?!” – дебди ва аёлнинг уйидан чиқгани ҳолда Аллоҳ таолонинг: «(Аллоҳ) кўзларнинг хиёнатини (яъни, қараш ман этилган нарсага ўғринча кўз ташлашни) ҳам, диллар яширадиган нарсаларни (ёмон ниятларни) ҳам билур»[1], деган каломини эслабди.

Шоир айтади:

Хилват бир гўшада қолсанг-да юз йил,
Ҳолинг кўриб турган Худо бор, билгил. 

Ошкору яширин – баридан воқиф,
Аллоҳ ҳеч ишингдан эмасдир ғофил.

Гуноҳкорга қилаётган иши қанчалик кичик, арзимасдек кўринса-да, Аллоҳнинг наздида қилган гуноҳи катталашиб бораверади.

Муҳаммад ибн Абу Бакр раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Банданинг гуноҳни кичик деб ҳисоблаши – бу унинг Аллоҳга бўлган журъатидан. Боиси, банда маъсиятни кичик деб ҳисобласа, гуноҳга беписанд қарайди, қалбида уни енгил қабул қилади ва гуноҳларининг кўпайишидан парвоси фалак ҳам бўлмайди”.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳам бу борада шундай дей­дилар: “Мусулмон одам бир тоғнинг остида турибман-у, мана шу тоғ бошимга қулаб кетай деяпти, дея гуноҳларини тасаввур қилган одамдир. Фожир эса гуноҳларни бурнига қўниб, кейин тезда учиб кетган пашша дея ҳисоблайди”. 


Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1]  Ғофир сураси, 19-оят.