Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
02 Июн, 2025   |   6 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:10
Қуёш
04:52
Пешин
12:26
Аср
17:34
Шом
19:54
Хуфтон
21:29
Bismillah
02 Июн, 2025, 6 Зулҳижжа, 1446

05.07.2019 й. Фолбинга бориш – оғир гуноҳ

02.07.2019   6544   12 min.
05.07.2019 й. Фолбинга бориш – оғир гуноҳ

Фолбинга бориш – оғир гуноҳ

الحَمْدُ للهِ الَّذِي حَرَّمَ السِّحْرَ وَأَذَلَّ السَّاحِرِين وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى رَسُولِهِ الَّذِي حَذَّرَ أُمَّتَهُ مِنَ الكَهَانَةِ وَالعَرَّافَةِ بِشَرَائِعِ هَذَا الدِّين وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ وَالتَّابِعِيْن، وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِإِحْسَانٍ إِلَى يَوْمِ الدِّيْن.

Муҳтарам жамоат! Бугунги кунда ўзларини турли хил жозибадор номлар билан атаб, одамларни тўғри йўлдан оғдириш билан шуғулланаётганлар ҳамда уларнинг найрангига учаётганлар, афсуски, кундан-кунга ортиб бормоқда. Бу имтиҳон дунёда ҳаётнинг паст-баландларига бардош қилмайдиган баъзи имони заиф кишилар турли хил важлар билан фолбинларга мурожаат қилиб, уларнинг бозорини ривожланишига сабабчи бўлмоқдалар.  

Шунинг учун ҳам “фолбинлик”, “сеҳр-жоду” тушунчалари, шариатимизнинг унга бўлган муносабатини ўрганиб чиқишимиз мақсадга мувофиқдир.

Уламолардан Имом Бағавий: “Фолбин – турли ишларнинг сабабларини билишини, йўқолган нарсанинг қаерда турганини, ўғирланган нарсани ким ўғирлагани каби нарсаларни билишини даъво қилувчи шахсдир”, – дейдилар. Ваҳоланки, тақдирни билиш ва келажакда бўладиган ишларни ёки уларни ўзгартириш фақатгина Аллоҳнинг қўлида бўлиб, ҳеч бир зот Аллоҳнинг ёзган тақдирини ўзгартиришга қодир эмас. Келажакни ҳам, инсонлар тақдирини ҳам фақат Аллоҳ таоло билиши, ғайб сирларидан ҳеч ким, фаришталар, жинлар, ҳатто дўстларини (валийларни) ҳам хабардор этмагани ҳақида Қуръони каримда кўп бора такрорланган:

قُلْ لَا يَعْلَمُ مَنْ فِي السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ الْغَيْبَ إِلَّا اللَّهُ

(سورة النمل/65)

яъни: “Айтинг: “Аллоҳдан бошқа осмонлар ва Ердаги бирор кимса ғайбни билмас” (Намл сураси, 65-оят).  

وَعِنْدَهُ مَفَاتِحُ الْغَيْبِ لَا يَعْلَمُهَا إِلَّا هُوَ وَيَعْلَمُ مَا فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ وَمَا تَسْقُطُ مِنْ وَرَقَةٍ إِلَّا يَعْلَمُهَا وَلَا حَبَّةٍ فِي ظُلُمَاتِ الْأَرْضِ وَلَا رَطْبٍ وَلَا يَابِسٍ إِلَّا فِي كِتَابٍ مُبِينٍ

(سورة الأنعام/59)

яъни: “Ғайб (яширин иш ва нарсалар) калитлари Унинг ҳузуридадир. Уларни Ундан ўзга билмас. Яна, қуруқлик ва денгиздаги нарсаларни (ҳам) билур. Бирор япроқ (узилиб) тушса (ҳам) уни билур. Ер зулматлари (қаъри)даги уруғ бўлмасин, ҳўлу қуруқ бўлмасин, (ҳаммаси) аниқ Китоб (Лавҳул-маҳфуз)да (ёзилган)дир” (Анъом сураси 59-ояти).

Бошқа бир оятда Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломга шундай дейишларини буюради:

قُلْ لَا أَمْلِكُ لِنَفْسِي نَفْعًا وَلَا ضَرًّا إِلَّا مَا شَاءَ اللَّهُ وَلَوْ كُنْتُ أَعْلَمُ الْغَيْبَ لَاسْتَكْثَرْتُ مِنَ الْخَيْرِ وَمَا مَسَّنِيَ السُّوءُ إِنْ أَنَا إِلَّا نَذِيرٌ وَبَشِيرٌ لِقَوْمٍ يُؤْمِنُونَ

 (سورة الأعراف/188)

яъни: “Айтинг (эй, Муҳаммад!): Аллоҳ хоҳлаганидан ташқари ўзим учун (бирор) фойда ва зарар (келтириш)га эга эмасман. Агар ғайб (илми)ни билсам эди, хайрли ишларни кўп қилган бўлур эдим ва менга ёмонлик (ҳам) етмаган бўлур эди” (Аъроф сураси, 188-оят).

Демак, бу дунёда бирор кимга зарар ёки фойда келтиришга, яъни келаётган балони қайтариш ёки кимнидир бахтли қилишга улар қодир бўлмайдилар. Оятда Пайғамбар алайҳиссалом ҳам оддий башар эканлари, ўзлари ва бошқаларга фойда келтира олмасликлари, ғайб илмини билмасликлари таъкидланмоқда.

Фолбинларнинг баъзи тоифалари оят ва дуоларни бетаҳорат ҳолда, хатолар билан ўқийдилар. Намозни ҳам бетаҳорат ўқиш мумкин эмаслигини била туриб, намозни ҳақорат қилиш мақсадида нопок ўқийдилар. Чунки улар қанчалик ашаддий фожирнинг амалини қилса, шайтон ва жинлар ҳам уларга кўпроқ хизматда бўлиб, янада тезроқ унинг буюрганларини бажаради.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

هَلْ أُنَبِّئُكُمْ عَلَى مَنْ تَنَزَّلُ الشَّيَاطِينُ  تَنَزَّلُ عَلَى كُلِّ أَفَّاكٍ أَثِيمٍ  يُلْقُونَ السَّمْعَ وَأَكْثَرُهُمْ كَاذِبُونَ

(سورة الشعراء/221-223)

яъни: “(Эй, Муҳаммад! Айтинг): «Мен сизларга шайтонлар (жинлар) кимларга тушиши ҳақида хабар берайми? Улар барча бўҳтончи, гуноҳга ботган (фолчи-ромчи, коҳин)ларга тушурлар. Эшитиб олганларини уларга ташларлар. (Лекин) Уларнинг кўплари ёлғончилардир” (Шуаро, 221-223-оят).

Фолбинларнинг қилаётган ишлари ёлғон ва фирибгарликдан бошқа нарса эмас. Бу ҳақида Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қилиб айтадилар:  

سُئِلَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم عَنِ الْكُهَّانِ؟ فَقَالَ: لَيْسُوا بِشَيْءٍ فَقَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّهُمْ يُحَدِّثُونَ أَحْيَاناً بِالشَّيْءِ يَكُونُ حَقًّا؟ فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: تِلْكَ الْكَلِمَةُ مِنَ الْحَقِّ يَخْطَفُهَا الْجِنِّيُّ فَيُقِرُّهَا فِي أُذُنِ وَلِيِّهِ، فَيُخْلِطُونَ فِيْهَا أَكْثَرَ مِنْ مِائَةِ كَذِبَةٍ

  (رَوَاهُ الإِمَامُ البُخَارِيُّ عَنْ عَائِشَةَ رضي الله عنها)

яъни: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан фолбинлар ҳақида сўрашди. Шунда У зот: “Улар ҳеч ким эмас”, – дедилар. Ё Расулуллоҳ! Уларнинг айтган гаплари гоҳида тўғри чиқади? – дейишди. Расулуллоҳ: “Жинлар рост гапни ўғирлаб олиб, фолбинларнинг қулоғига қуяди. Фолбин эса, унга юзта ёлғонни қўшиб гапиради”, –  деб жавоб бердилар” (Имом Бухорий ривояти).

Айтиш жоизки, бугунги кунда фолбинлар ва уларнинг ёлғон кирдикорларига алданиб қолаётганлар орасида кўпчиликни аёллар ташкил қилади. Улар ўзларини “Ота-боболаримиз: “Фолга ишонма, фолсиз юрма” деган”, деб алдашга уринадилар. Ваҳоланки, бутун Ислом оламига дарс берган аждодларимизнинг бирорта ҳам асарларида бу каби асоссиз гаплар учрамайди.

Бундан кўриниб турибдики, уларга эргашиш, улардан нажот кутиш мўминларнинг эътиқодига путур етказади. Бу ҳақида Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар:

"لَيْسَ مِنَّا مَنْ تَطَيَّرَ ، أَوْ تُطِيَّرَ لَهُ أَوْ تَكَهَّنَ ، أَوْ تُكِهِّنَ لَهُ أَوْ سَحَرَ ، أَوْ سُحِرَ لَهُ ، وَمَنْ أَتَى كَاهِنًا فَصَدَّقَهُ بِمَا يَقُولُ فَقَدْ كَفَرَ بِمَا أُنْزِلَ عَلَى مُحَمَّدٍ صلى الله عليه وسلم"

(رَوَاهُ الإِمَامُ البَزَّارُ عَنْ عِمْرَانَ بْنِ حُصَيْنٍ رضي الله عنه)

яъни: “Ким қуш билан фол очса ёки қуш билан фол очтирса, ким коҳинлик қилса ёки коҳинга мурожаат қилса, ким сеҳр килса ёки сеҳр қилдирса, у биздан эмас. Ким фолбинга бориб, унинг айтганига ишонса, Муҳаммад саллаллоху алайҳи васалламга нозил қилинган нарсага куфр келтирган бўлади” (Имом Баззор ривоят қилган).

Баъзи туппа-тузук кишилар хам “Ишонмаймиз-у, лекин шундай бўлса хам бир бориб қўяверайлик-чи” деб, фолбинлар ҳузурига бораверишади. Бу иш ҳам мутлақо нотўғри. Мўмин киши шариатимизда қайтарилган ишлардан узоқда юриши лозим. Фолга ишонмай туриб, фолбиннинг ҳузурига чора излаб бориш ҳеч бир соғлом ақлга тўғри келмайди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

مَنْ أَتَى كَاهِنًا فَصَدَّقَهُ بِمَا يَقُولُ فَقَدْ بَرِئَ مِمَّا أُنْزِلَ عَلَى مُحَمَّدٍ صلى الله عليه وسلم وَمَنْ أَتَاهُ غَيْرَ مُصَدِّقٍ لَهُ

لَمْ تُقْبَلْ لَهُ صَلاَةُ أَرْبَعِيْنَ لَيْلَةً

(رَوَاهُ الإِمَامُ الطَّبَرَانِيُّ عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رضي الله عنه)

яъни: “Ким фолбинга бориб, унинг гапига ишонса, Мухаммад саллаллоху алайхи васалламга нозил бўлган нарсадан ажрабди. Ким унинг хузурига келса-ю, гапига ишонмаса, қирқ кеча намози қабул бўлмайди” (Имом Тобароний ривояти).

Ҳақиқий мўмин учун қирқ кунлик эмас, бир маҳал намозининг қабул бўлмай қолиши улкан мусибатдир. Бу мусибат фақатгина фолбинга бориб, ундан бир нарса ҳақида сўрашнинг жазосидир. Унинг айтганига ишонадими-йўқми, бунинг фарқи йўқ. Аммо ким фолбинга бориб, унинг айтганини тасдиқласа, имонига путур етган бўлар экан. Бундан Аллоҳнинг Ўзи асрасин! Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

مَنْ أَتَى كاهِناً فَسَأَلَهُ عَنْ شَيْءٍ حُجِبَتْ عَنْهُ التَّوْبَةُ أَرْبَعِينَ لَيْلَةً فَإِنْ صَدَّقَهُ بِمَا قالَ كَفَرَ

(رَوَاهُ الإِمَامُ الطَّبَرَانِيُّ عَنْ وَاثِلَةَ بْنِ الأَسْقَعِ رضي الله عنه)

яъни: “Ким фолбиннинг ҳузурига бориб, ундан бирор нарсани сўраса, қирқ кечагача тавбаси тўсилади. Агар фолбиннинг гапига ишонса, кофир бўлади” (Имом Табароний ривояти).

Ҳозирги пайтда фол очишнинг турлари сон-саноқсиз бўлиб кетди. Карта билан, қушларга хат торттириш билан, қўлнинг кафтига қараб туриб, суратга қараб ва ҳоказо... Буларнинг ҳаммаси куфр ишлардир.

Сеҳр, фолбинлик, илгирлик каби амалиёт билан шуғулланишнинг ҳар қандай тури ҳаром ҳисобланиб, уни ўрганиш, ўргатиш ва шуғулланиш қатъиян тақиқланган. Аллома Ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ: “Илм аҳли ўртасида ушбу ҳукм борасида хилоф йўқ”, деб таъкидлаган. Пайғамбар алайҳиссалом шундай марҳамат қиладилар:

مَنْ عَقَدَ عُقْدَةً ثُمَّ نَفَثَ فِيهَا فَقَدْ سَحَرَ، وَمَنْ سَحَرَ فَقَدْ أَشْرَكَ

(رَوَاهُ الإِمَامُ النَّسَائِيُّ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه)

яъни: “Ким тугун тугиб, унга дам урса, сеҳр қилган бўлади. Ким сеҳр қилса, ширк келтирган бўлади” ( Имом Насаий ривояти).

Ҳанафий мазҳабининг муҳаққиқ уламоларидан бири Муҳаммад Амин Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ фолбинликнинг ҳукми ҳақида батафсил тўхталиб ўтиб, қуйидагича хулоса қилади:

وَالْحَاصِلُ أَنَّ الْكَاهِنَ مَنْ يَدَّعِي مَعْرِفَةَ الْغَيْبِ بِأَسْبَابٍ وَهِيَ مُخْتَلِفَةٌ فَلِذَا انْقَسَمَ إلَى أَنْوَاعٍ مُتَعَدِّدَةٍ... وَالْكُلُّ مَذْمُومٌ شَرْعًا، مَحْكُومٌ عَلَيْهِمْ وَعَلَى مُصَدِّقِهِمْ بِالْكُفْرِ ، وَفِي الْبَزَّازِيَّةِ : يَكْفُرُ بِادِّعَاءِ عِلْمِ الْغَيْبِ وَبِإِتْيَانِ الْكَاهِنِ وَتَصْدِيقِهِ ، وَفِي التَّتَارْخَانِيَّة : يَكْفُرُ بِقَوْلِهِ أَنَا أَعْلَمُ الْمَسْرُوقَاتِ أَوْ أَنَا أُخْبِرُ عَنْ إخْبَارِ الْجِنِّ إيَّايَ اهـ 

яъни: “Хулоса қилиб айтганда, фолбин – турли воситалар билан ғайбни билишини даъво қиладиган шахсдир. Воситаларнинг турларига қараб, улар ҳам ҳар хил бўлади... Шариатда уларнинг барчаси қораланган. Фолбинлар ва уларни тасдиқлаганларга “кофир” дея ҳукм қилингандир. “Баззозийя”да: “Киши – ғайб илмини даъво қилиши билан ва фолбиннинг олдига бориб, сўзини тасдиқлаши билан кофир бўлади”, – дейилган. “Татархонийя”да: “Фолбин “Ўғирланган нарсаларни биламан” дейиши, “Жинларнинг менга айтган хабарларини сизларга етказаман” дейиши билан кофир бўлади”, – дейилган” (“Раддул-муҳтор”, 16-жуз, 310-бет).

Бугунги кунимизда ҳам айнан сеҳр ва фолбинлик каби иллатлар туфайли одамлар орасида фитна пайдо бўлиб, эр-хотин, ака-ука, опа-сингил, қўни-қўшни, овсинлар ўртасида шубҳа, гумон аралашиб, оқибатда қариндош-уруғ, қўшничилик ришталарига путур етмоқда.

Муҳтарам жамоат! Ҳозирги кунда мунажжимлар башоратига қараб иш режалаштирадиган, уларнинг башоратларига ишониб, ўз ҳаёт тарзини олиб борадиган кишиларнинг борлиги ачинарли ҳол, албатта. Бу борада Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан шундай ривоят қилинади:

" مَنِ اقْتَبَسَ عِلْمًا مِنَ النُّجُومِ اقْتَبَسَ شُعْبَةً مِنَ السِّحْرِ زَادَ مَا زَادَ "

(رَوَاهُ الإِمَامُ أَبُو دَاوُد وَالإِمَامُ ابْنُ مَاجَةْ وَالإِمَامُ أَحْمَدُ)

яъниКим юлдузлар илмининг бир бўлагини ўрганса, у сеҳр илмининг бир бўлагини ўрганган бўлади. Қанча (юлдузлар илмини) кўп ўрганса, шунча (сеҳр илмини) кўп ўрганган бўлади(Имом Абу Довуд, Имом Ибн Можа ва Имом Аҳмад ривоят қилган).

Борлиқда юз бераётган ҳодисалар, инсон ҳаётидаги ўзгаришлар юлдузлар алмашуви сабабли эмас, балки Аллоҳнинг бандаларига бўлган илми, ҳикматига кўра бўлади. Журнал ва газеталарда чоп этилаётган мунажжимлар башоратига мурожаат қилиб, унга ишониш кишининг имонига путур етказиб қўйиши мумкин.

Аллоҳ таоло Ўзига бўлган имонимизни мустаҳкам қилсин! Барчамизни турли фитна ва офатлардан Ўз паноҳида асрасин! Ўзи рози бўладиган ишларга тавфиқ берсин!

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “Ҳаж ва умра – муборак ибодат” мавзусида бўлади. Жамоатга эълон қилишингизни сўраймиз.

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

“Ал-Мавоҳибул латифа” асарида ҳадисларни шарҳлаш услуби

30.05.2025   5961   6 min.
“Ал-Мавоҳибул латифа” асарида ҳадисларни шарҳлаш услуби

Муҳаммад Обид Синдийнинг “Ал-Мавоҳибул латифа” асари, албатта, Ислом ҳадиси ва фиқҳ фанини ўрганишда муҳим адабиётлардан биридир. Унинг ёритиш услуби ўзига хос ва илмий тафсирга бойдир.

Муҳаммад Обид Синдий Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадисни келтиргач, ўша ҳадисни яна қайси муҳаддислар китобида зикр қилганини қуйидаги тартибда беради: Имом Бухорий “Жомеъус саҳиҳ”да, Имом Муслим “Саҳиҳ”да, Имом Молик “Муватто”да, Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насоий, Ибн Можа, Дорқутний ва Байҳақийлар “Сунан”ларида, имом Шофеий, Аҳмад ибн Ҳанбал, Доримий, Баззор, Абу Яъло Мусилийлар “Муснад” ларида, Табароний уч мўъжамида ва бошқа зикр қилганларини санаб ўтади. Сўнг ривоятларнинг лафзларидаги фарқларни зикр қилади. Сўнг ҳадиснинг мазмунида баён қилинган масалага оид бошқа лафзлар билан зикр қилинган ҳадисларни келтириб, у ҳадисларни санадлари ва ровийларининг аҳволини баён қилиб, ҳадиснинг даражасини айтади.

Шунингдек, Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг муснадида келган ҳадис фиқҳий масалага ҳужжат бўлиши учун мутобеъ ва шоҳид ҳадисларни келтириб ўтади. Бу билан аллома Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадис заифмаслигини кўрсатиб берган. Шунингдек, аллома ҳадисни шарҳлашда юқорида санаб ўтилган нарсаларни зикр қилгач, ҳадис ровийси бўлган саҳобийга тўхталиб ўтади ва унинг таржимаи ҳолини қисқача келтиради. Ҳадис санадидаги ҳар бир ровийга бирма-бир тўхталиб ўтади. Ҳадисдаги ғариб (кам учрайдиган) лафзларни шарҳлайди, ундан олинадиган фиқҳий масалани баён қилишга ўтади.

“Ал-Мавоҳибул латифа” китобни кўп олимлар мақтаган. Жумладан, “ал-Яниъ ал-жаний” китобининг муаллифи Муҳаммад ибн Яҳё Таймий шундай деган: “Ажойиб китоб бўлиб, у ҳам фақиҳ, ҳам муҳаддисга кўп фойда беради”[1].

Муҳаддис Шайх Муҳаммад Рашид Нўъмоний: “Ал-Мавоҳибул латифа” асарини ўқиб чиқдим. Ҳеч иккиланмай шуни айтаманки, Ибн Ҳажарнинг “Фатҳ” китобидан кейин ҳадис шарҳлаш борасида бунга ўхшаган бошқа китоб йўқ”, деган[2].

Ҳадисларни шарҳлаш услубига қарқалса, аллома гоҳида бир ҳадисни шу даражада узоқ шарҳлайдики, унинг шарҳини олиб алоҳида кичик бир рисола қилса бўлади. Мисол учун, Ҳаж китобида келган 255-ҳадисни шарҳи 278-бетдан бошланиб, 366-бетгача давом этган. Агар ушбу ҳадиснинг шарҳини алоҳида нашр қилинса, 90-100 бетли кичик рисола бўлади[3].

“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “тонгни ёруғлатиб бомдодни ўқишнинг” савоби буюкроқ”, деган сўзлари бомдодни ўқиш учун белгиланган вақтда икки хил савоб борлигини билдиради. Чунки, исми тафзил бўлган “أفعل” сийғаси бир сифатда икки нарса ўзаро рақобатлашиб, бири иккинчисидан устун келганини билдиради”[4].

Муаллиф бу ерда араб тили граматикасидаги исми тафзилнинг таърифидан келиб чиқиб, ҳадисда айтилмаган янги бир маънони яъни, бомдод учун ажратилган вақтда ўқиладиган намозга бериладиган савоб икки хил бўлиши мумкинлини айтмоқда.

Синдий ҳадис шарҳлашда гоҳида эътиқодий масалаларга ҳам кенг тўхталиб ўтади. Мисол учун асарнинг “Иймон” китобида у олимлар орасида Иймонга берилган таъриф борасидаги ихтилофни баён қилиб шундай дейди:

“Иймоннинг шаръий таърифи: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳдан олиб келган нарсани тасдиқлашдир. Иймонинг бу таърифига барча олимлар иттифоқ қилган. Ихтилоф эса, тил билан тасдиқлаш иймон таърифига кириш кирмаслиги борасида бўлган. Аксар муҳаққиқ олимлар ва Ашъарий: “Иймон Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган нарсани тасдиқлашдан иборат. Тасдиқлаш деганда тафсилий[5] масалаларни тафсилий, ижмолий[6] масалаларни ижмолий тасдиқлаш тушунилади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган нарсаларни тасдиқлашда далили бўлиши керак деган шарт йўқ. Шунинг учун муқаллиднинг иймони ҳам иймон ҳисобланади”, дейишган. Бошқа олимлар эса иймонинг таърифида: “Иймон тил ва қалбнинг иши, яъни қалб билан тасдиқлаб, тил билан иқрор қилиш”, дейишган. Баъзи олимлар: “Аслида дил билан тасдиқлаш кифоя. Тил билан иқрор бўлиш эса, банда билан Аллоҳнинг ўртасидаги иймонга алоқаси йўқ. У шаръий ҳукмларни ижро қилиш учун қўйилган шарт”, деган. Имом Насафий айтади: “Мана шу гап Абу Ҳанифадан ривоят қилинган. Абу Мансур Мотуридий ҳам шу фикрни маъқуллаган. Икки ривоятнинг саҳиҳроғида айтилишича Ашъарий ҳам шу фикрга борган”[7].

Муаллифнинг яна бир ажралиб турадиган томони, у ушбу китобида бошқа китоблардан бир нарсани нақл қилганда фақат ўзи ўқиган ва китобларда учратган маълумотни келтиради. У ҳеч қачон китобда ўқимай, шайхлардан эшитган маълумотни ушбу асарида зикр қилмайди. Бир масала борасида маълумот бераётганда: “Бу масала борасида мен кўрган ва мендаги китобларда учратган маълумотим шу” иборасини ишлатиб, ўша масалани қўлидан келганча, қодир бўлганча ёритганини айтиб ўтади. Агар бирор манбада учратмаган бўлса, зикр қилмайди.

Тошкент ислом институти Тиллар кафедраси

ўқитувчиси Анваров Элёрбек


[1] Саид Бектош. Имом фақиҳ муҳаддис шайх Муҳаммад Обид Синдий. – Байрут: Дору башоири-л-исламия, 1987. – Б. 298.

[2] Саййид Абдулмажид Ғоврий. Шайх Муҳаммад Обид Синдий ва жуҳудуҳу фи ҳадисин набавий.- Байрут: Дорул ирфон, 2015. – Б. 36.

[3]“ал-Мавоҳибу-л-латифа” китобининг тўртинчи жуз 278-366 бетларига қаралсин.

[4] Муҳаммад Обид Синдий. ал-Мавоҳибу-л-латифа. – Байрут: Дорун наводир, 2013. 2-жуз. – Б. 175.

[5] Тафсилий тасдиқлаш деганда, Аллоҳнинг борлиги, бирлиги ва Унинг сифатлари ҳамда Аллоҳга иймон келтириш керак бўлган бошқа барча нарсаларга алоҳида иймон келтириш тушунилади.

[6] Ижмолий тасдиқлаш дегани масалан қабр азобига иймон келтириш. Унинг тафсилотига кирмасдан, қабр азобининг ҳақлигига иймон келтириш тушунилади.

[7] Муҳаммад Обид Синдий. ал-Мавоҳибу-л-латифа. – Байрут: Дорун наводир, 2013. 1-жуз. – Б. 70.

Ҳадиси шариф