27 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни” муносабати билан ўтказилган байрам тадбири доирасида “Ойлар султони – Рамазон!” мақолалар танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Қуйидаги танлов ғолиблари диплом ва совғалар билан тақдирланди:
1-ўрин – “Қадр кечасини изланг!” номли мақола муаллифи Нилуфар Саидазиз қизи биринчи даражали диплом ва Ноутбук компьютери билан тақдирланди.
2-ўрин – “Рамазон ойида Пайғамбаримизнинг амаллари қандай бўлган?” номли мақола муаллифи Муҳаммад Али Муҳйиддин иккинчи даражали диплом ва планшет билан тақдирланди.
3-ўрин – “Қадр кечаси фазилатлари” номли мақола муаллифи Ийсохон Яҳё иккинчи даражали диплом ва телефон аппарати билан тақдирланди.
“Ойлар султони – Рамазон!” мақолалар танловида фаол иштирок этган муаллифлар мақтов ёрлиғи ва совғалар билан тақдирланди:
“Рамазон – ёшлар учун айни фурсат!” номли мақола муаллифи Абдуссамиъ Эргашев;
“Кўз қандай рўза тутади?” номли мақола муаллифи Файзуллаев Дониёр;
“Рўзанинг етти буюк фазилати” номли мақола муаллифи Асадуллоҳ Муҳаммад;
“Рўзанинг инсон саломатлигига тиббий фойдалари” номли мақола муаллифи Омонжонов Зикрилло;
“Ифторлик” номли мақола муаллифи Умида Адизова;
“Рамазонда муслима синглимга дил сўзларим” номли мақола муаллифи Одина Сайдахмедова;
“Рамазон ойи ва унинг рўзасининг фазилатлари” номли мақола муаллифи Умарали Абдулғаффор;
“Муборак Рамазон вақтларини қандай ўтказайлик” номли мақола муаллифи Абдулқайюм Комил;
“Ойлар султони – Рамазон” номли мақола муаллифи Ҳайтмурат Ережепов;
“Хуш бор, Рамазон...” номли мақола муаллифи Зумрад Фозилжон қизи кабилар муносиб тақдирланди.
“Ойлар султони – Рамазон!” танлови доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган ва Самарқанд вилоятлари вакилликлари матбуот хизматлари мақтов ёрлиқлари ва совғалар билан тақдирланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари танлов ғолиблари ва иштирокчиларига Аллоҳ таборака ва таолодан ижодларига қут-барака тилаб, мазкур тақдим этилган совғалар рамзий экани ва олий мукофот Жаноби Ҳақ таолонинг ҳузурида тақдим этилишини сўрадилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Айни кунларда ҳаж сафарига киришган илк зиёратчиларимиз Мадина шаҳридаги беш юлдузли “Zamzam Pullman” замонавий меҳмонхонасида истиқомат қилишмоқда.
Мазкур меҳмонхона Масжиди Набавийнинг ёнида жойлашган бўлиб, зиёратчиларимиз беш маҳал намозни адо этиш, Равзаи шарифга кириш ва бир неча бор Расул алайҳиссаломга салом йўллаш саодатига эга бўлмоқда.
Меҳмонхонада ҳозирланган шароитлар барча ҳожиларимизни мамнун этмоқда. Ҳар бир хонада кийим жавони, ёзув столи, совутгич ва музлатгич, қибла кўрсаткичи, жойнамоз, Қуръони карим, телевизор бор. Фойе, лифт ва хоналар кенг ва ёруғ.
Ҳожиларга хизмат кўрсатадиган ошхона-ресторанда ҳам зарур ўринлар ва барча қулайликлар яратилган. Бир неча минг кишилик ошхонада ибодатга қувват бўладиган лазиз таомлар, салатлар, сархил мевалар, ширинликлару шарбатлар тортиқ қилинмоқда.
Мазкур меҳмонхонада жойлашган Ўзбекистон ишчи гуруҳи штаби барча ташкилий ишларни рисоладагидек бўлиши учун 24 соат давомида узлуксиз зиёратчилар хизматида бўлмоқда.
Мавсум давомида ҳожиларимиз тетик, соғлом бўлишлари учун аввало, ўзлари, сўнгра тиббиёт ходимлари ҳам масъул. Бу йил ҳам ҳожиларимизнинг соғликларини доимий кузатиб бориш учун олий тоифали шифокорлар жалб этилган. Улар ҳамюртларимиз саломатликлари учун туну кун хизматда бўлиб туришибди.
Тиббиёт ходимлари ҳожиларнинг сиҳатларини кўздан кечириб, керакли ёрдам, маслаҳат ва дори-дармонлар бермоқда. Тиббий хизмат марказларида муолажа учун керакли жиҳозлар, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш учун шароитлар мавжуд. Барча турдаги касалликларга биринчи ёрдам кўрсатиш мақсадида юртимиздан етарли даражада дори-дармонлар олиб борилган.
Жорий мавсумда ҳожиларимизга яна бир қулайлик ва туҳфа улашилди. Ўзбекистон алоқа оператори тарафидан бу йилги ҳар бир зиёратчига интернет трафиги ва бонусли дақиқалари мавжуд бўлган бепул телефон сим картаси, махсус сумка, термос, соябон ва бош кийим кабилар тақдим этилди.
Жорий мавсумда бўлғуси ҳожиларга хизмат кўрсатиш сифати янги босқичга олиб чиқилгани ва шароитлар сезиларли даражада яхшилангани барчани чексиз мамнун этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати