Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўмин мўминнинг биродаридир, ҳеч бир ҳолатда унинг насиҳатини ерда қолдирмайди”. (“Жомиъ ас-сағир” 2/157), деб марҳамат қилганлар.
Динимизда мўминлар бир-бирлари билан ака-ука кабидирлар. Шундай экан, мўминлар ўртасидаги ҳақиқий муносабат туғишган биродарлари билан қиладиган муносабати каби бўлиши керак. Ҳатто зиёдароқ бўлиши лозим. Шу сабабдан биродарини севмоқ, унга гўзал муомала қилмоқ, унинг олдида камтар бўлмоқ, ўзининг ва ака-укасининг обрўсини ҳимоя килгани каби унинг ҳам шарафини ҳимоя қилмоқ мўъминлик, биродарлик шартларидандир.
Бундай биродарлик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазратлари Мадинага борган вақтларида саҳобаи киром ўртасида тадбиқ этилган. Бундай самимий биродарликни дунё бир маротаба кўрди. Яна бир бор кўриши, балки, фақат жаннатда насиб этар. Чунки бу биродарлик Маккада бор-йўғини қолдириб, фақат Аллоҳнинг розилиги учун ҳижрат қилган маккалик муҳожирлар билан уларни қучоқ очиб кутиб олган Ма-дина халқи – ансорлар орасида юзага келди. Исломга ёрдам берганлари учун мадиналик мусулмонлар ансор – ёрдамчи дейилди. Мадиналик ансор маккалик муҳожир биродарига бор-йўғини топшириб, ҳақиқий биродарлик муомаласи қилган бўлсалар ҳам, аҳли Макка – муҳожирлар ўзларига кўрсатилган бу инсоний биродарликка миннатдорлик билдириш билан бирга, биродарларига ортиқча юк бўлмаслик учун савдо-сотиқ би-лан шуғуллана бошладилар. Бироз вақтдан сўнг эса уларнинг ўзлари бошқа муҳтожларга ёрдам бера бошладилар. Муҳожирлардан ҳазрати Абдурраҳмон ибн Авф (Аллоҳ ундан рози бўлсин) Шом сафаридан келган савдо молларини туялари билан бирга Мадина камбағалларига эҳсон қилганлар.
Маълумки, инсон нуқсондан холи эмас. Аммо мусулмон ўз биродаридаги баъзи камчиликларни шартта юзига солмайди. Балки муносиб бир вақтда муносиб бир забон билан ҳамда танҳо бир жойда айтади ва насиҳат қилади. Биродарининг ха¬тою камчиликларини ошкор айтиш жоҳилларнинг ҳаракатидир. Зеро, бунинг фойдадан кўра зарари кўпроқ бўлади. Чунки ўртада ҳасад, кин-адоват, жанжаллар келиб чиқиши мумкин. Шунинг учун насиҳат қилувчилар, мутлақ танҳо бир жойда, ширин тил билан ўзининг камчиликларини ҳам бироз мисол келтириб, уни ўзидан совутиб, узоқлаштирмайдиган даражада ўгит беришлари лозим. Ҳар ҳолда, барчамиз насиҳатга муҳтожмиз.
Бир-биримизни тўғри кузаттан ҳолда тўғри йўлга чақиришимиз ҳам динимиз амри, ҳам дунёю охиратимизнинг саодати учун зарурдир. Файёзи Мутлақ ҳаммамизга шундай гўзал хулқ эгаси бўлмоғимизни насиб айласин.
Шайх Муҳаммад Зоҳид Қўтқунинг
“Мўминнинг сифатлари” китобидан
Зулқаъда нима дегани? Луғатда “маконга қайтадиган”, “жойланиб олинадиган” деган маънони англатади.
Зулқаъда – шаҳрул ҳаром.
Зулқаъда ойи тўрт ҳаром ойлардан бири бўлиб, бу ойда жанг ва урушлар ҳаром қилинган. (Тўрт ҳаром ойлар зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам ва ражаб). Жоҳилият даврида ҳам бу ойда уруш бошламасдилар. Ҳатто фарзанд ўз отасининг қотилини кўрганда ҳам бу ойнинг ҳурматидан унга бирор сўз айтмасди.
Зулқаъда – ҳижрий тақвимнинг ўн биринчи ойи. Бу ой шавволдан кейин ва зулҳижжадан олдин келади.
Бу йилги Зулқаъда ойи қачондан бошланади?
Бу йил (2025) Зулқаъда ойининг биринчи куни 29 апрель кунидан бошланиши кутилмоқда, иншаАллоҳ.
Қуръони каримда Зулқаъда ойи...
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳнинг китобида ойларнинг сони Аллоҳнинг ҳузурида осмонлару ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир. Мана шу тўғри диндир. У(ой)ларда ўзингизга зулм қилманг. Мушрикларга қарши жам бўлиб, улар сизга қарши жам бўлиб урушаётгандек, уруш қилинг. Ва билингки, албатта, Аллоҳ тақводорлар биландир” (Тавба сураси, 36-оят).
Ҳадиси шарифда Зулқаъда ойи...
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, замон Аллоҳ таоло осмонлар ва ерни яратган пайтдаги ҳолига қайтди. Бир йил ўн икки ойдир. Улардан тўрти ҳаром ойлардир. Учтаси бирин кетин: зулқаъда, зулҳижжа ва муҳаррам ҳамда (тўртинчиси) жумади (ас-соний) ва шаъбон орасидаги музарнинг ражаби (бу ойни ҳурмат қилганлари учун музар қабиласининг номи билан аталган)”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Бу ойда қандай амалларни бажариш лозим?
Аллоҳдан мағфират сўрашни, истиғфор айтишни кўпайтиринг.
Имкон қадар инфоқ, эҳсон садақа қилинг.
Ҳар куни Мулк сурасини ўқинг.
Инсонларга зулм қилманг.
Ғазабингизни ютишга одатланинг.
Зуҳо намозини ўқинг.
Кўпроқ Қуръон тиловат қилинг.
Нафл рўзаларни тутинг.
Даврон НУРМУҲАММАД