Бугун, 22 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Тошкент шаҳри Шайхонтаҳур тумани “Эшон Бобохон” жоме масжидининг янгидан барпо этилаётган биносига биринчи ғиштни қўйиб бериш учун ташриф буюрдилар.
Жоме масжид пойдеворига тамал тошини қўйиш жараёнида муфтий ҳазратлари ушбу масжид мўмин-мусулмонлар учун зиё ва ҳидоят тарқатувчи, ёшлар маърифати юксалишида ҳисса қўшадиган даргоҳ бўлишини тилаб, қуйидаги сўзларни баён қилдилар.
– Аллоҳ таолога беадад шукроналар бўлсинки, юртимизга Ўзнинг жуда ҳам улуғ неъматларини берди. Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида барча соҳаларда ислоҳотлар, ўзгаришлар амалга ошириляпти. Янги масжидлар сони кун сайин ортиб бормоқда. Ўтган Рамазон ойида учта масжид бунёд этилди, муборак ой якунланиши биланоқ яна бир масжидни очилиш маросимида ўтказдик. Мана бугун эса муфтийлар сулоласининг авваллари бўлмиш – Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон номларидаги жоме масжид тубдан қайта қурилиши учун тамал тошини қўйишга жам бўлиб турибмиз.
Эшон Бобохон ҳазратлари энг оғир даврларда Ўзбекистон халқи, унинг тинчлиги, одамларнинг диний соҳада тўғри йўлдан боришлари учун жуда катта хизмат қилганлар. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий сифатида эса бешта давлат уламоларини бир ўзанга солиб, мўмин-мусулмонларнинг ҳамжиҳатлигини таъмишлага эришганлар.
У киши юртимиз мўмин-мусулмонлари томонидан катта эҳтиром билан эсланадиган улуғ алломадир. Ушбу силсила ҳақида гап кетганда, Эшон Бобохон ҳазратлари ва у кишининг фарзанду аржумандларининг узоқ йиллар давомида эътиқод мусаффолиги йўлидаги беқиёс хизматларини алоҳида эътироф этиш керак.
Мен, бугун ўша оғир дамларни эслар эканман, уламоларнинг машаққатли ҳаётлари, оғир меҳнат фаолиятлари, ўз ўрнида ибратли ҳаёт йўлларини ёдга олиб, бу жуда катта матонат эканини алоҳида таъкидлайман. Аслида, улар фаолият юритган дамларни эслаш оғир, қанчадан-қанча қийинчиликлар, ўша пайтдаги Иттифоқ раҳбарлари билан келишиб ишлаш осон бўлмаган. Ана шундай мураккаб даврда улар Диний идорани таъсис этишга эришдилар.
Шундай қийин замонлар ҳақида Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб хабар берганлар: “Ҳали одамларга шундай бир замон ҳам келадики, унда динида сабр қилувчи киши ҳудди чўғни чангаллаб турган одамга ўхшайди”, деган ҳадисларида диний фаолият кўрсатиш ўта қийин бўлган вақтларда динни ҳудди чўғни ушлагандек тутиб, кейинги авлодлар учун кўприк вазифасини бажарган, мана шундай жонкуяр уламоларни назарда тутган бўлсалар, ажаб эмас.
Ўтган куни Австриянинг Вена шаҳрида бўлиб ўтган дин уламоларининг нуфузли анжуманида ҳам Эшон Бобохон ҳазратлари ва у кишининг хизматлари кўп эсга олинди. Чунки Эшон Бобохон ҳазратларидан МДҲ давлатлари, хусусан, Кавказ мусулмонлари етакчилари доимо маслаҳат олиб турганлар. Шунингдек, Собиқ Иттифоқ давлатларида муфтийлик қилаётган уламолар ёки дин пешволари Бухоро ёки Тошкентдаги мадрасаларда таълим олганлар.
Бир нарсани айтишим керакки, ушбу масжидга ҳар сафар келганимда тор ва кичик эканини кўриб, улуғ олим номига муносиб шаклда қайта бунёд этишни дилимга жо қилиб юрардим. Аллоҳнинг изни ила мана шу кунларга ҳам етиб келдик. Ушбу маҳалла аҳлининг саъй-ҳаракати, саховапеша инсонларнинг ҳиммати билан мазкур масжид жуда ҳам гўзал шаклда қайта бунёд этиш ишлари бошланди. Инша Аллоҳ ушбу масжид қуриб битказилгандан кейин ҳам очилиш маросимида иштирок этамиз.
Шундан сўнг, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси маслаҳатчиси Абдуҳаким қори Матқулов, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Раҳимберди домла Раҳмонов муфтийлар сулоласи ва ушбу жоме масжид тўғрисида сўз юритдилар.
“Эшон Бобохон” жоме масжиди лойиҳаси ўзига хослиги, миллий ҳамда замонавий масжидларнинг услубларини ўзида акс эттирганлиги билан ажралиб туради. Хонақоҳ ва пастки қисм жами 3000 намозхонни сиғдиришга мўлжалланган. Шунингдек, аёллар учун алоҳида таҳоратхона ва намозхона ўрин олиши режалаштирилган.
Тадбирда уламолар, маҳалла фаоллари, мўйсафид отахонлар ва кенг жамоатчилик вакиллари ҳам иштирок этишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Мусулмонлар Ҳунайн ғазотида ғалаба қозонишди. Ҳунайн ғазоти Шаввол ойида, ҳижратнинг саккизинчи йили, Макка фатҳидан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Ҳавозин ва Сақийф қабилалари ўртасида бўлиб ўтган эди. Жангда ғалаба қозонган мусулмонлар катта ғаниматга (ўлжага) эга бўлдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ғаниматларни қалби Исломга мойил бўлган янги мусулмонларга тақсимлаб бердилар. Қавмнинг катталари Абу Суфён, Уяйна, Ақраъ, Суҳайл ибн Амр ва бошқаларга ҳам бердилар.
Ваҳоланки, улар Қурайш мушрикларининг энг катталари бўлиб, узоқ йиллар Пайғамбаримизга қарши урушган кишилар эди. Ушбу ғаниматлар тақсимланишидан бир неча кун олдингина исломни қабул қилишган эди. Лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорларга (Мадиналик саҳобаларга) ушбу ғаниматлардан ҳеч нарса бермадилар.
Ҳолбуки, улар Исломни ёйиш ва Пайғамбар алайҳиссаломни ҳимоя қилиш учун қонларини тўккан, жонларини фидо қилган кишилар эди. Бу ҳолат уларнинг қалбларига оғир ботди ва хасратланиб шундай дейишди: «Қиличларимизнинг тиғидаги душманнинг қони ҳали қотгани йўқ, аммо ғаниматлардан бошқалар баҳраманд бўлди. Бизга эса, ҳеч нарса берилмади».
Бу борада Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу келиб Пайғамбаримизга бўлаётган гаплар хақида, одамларнинг қалбидаги хафаликни айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Саъд, сен бу ҳақда нима дейсан?” дедилар. Саъд: “Мен ҳам қавмим тарафидаман”, деб жавоб берди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Қавмингни менинг ҳузуримга йиғ”, дедилар. Улар тўпланганларидан кейин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламжуда буюк, ниҳоятда таъсирли, қалбларни жумбушга келтирувчи, кўзларни ёшга тўлдирувчи хутба қилдилар.
У зот уларга мулойимлик ва муҳаббат билан қуйидагича мурожаат қилдилар: “Эй ансорлар! Мен сизларни гумроҳ ҳолда топмаганмидим? Аллоҳ таоло мен туфайли сизларни ҳидоят қилмадими? Сизлар тарқоқ ва пароканда эмасмидинглар, Аллоҳ таоло мен сабабли сизларни бирлаштирмадими? Сизлар фақир ва муҳтож эмасмидинглар, Аллоҳ таоло мен орқали сизларни бой қилмадими?”.
Ҳар сафар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам савол билан мурожаат қилганларида, улар: “Аллоҳ ва Унинг Расулидан миннатдормиз”, деб жавоб қайтаришарди.
Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Нима учун менга жавоб қайтармаяпсизлар?” дедилар. Улар яна: “Аллоҳ ва Расулидан миннатдормиз!”, дейишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Агар истасангиз, сизларнинг ҳам шундай дейишга ҳаққингиз бор: “Сиз бизнинг ҳузуримизга қавмингиз томонидан инкор қилинган ҳолда келдингиз, биз эса, сизни тасдиқладик. Сиз қавмингиз томонидан ёлғончига чиқарилган эдингиз, биз сизга ишондик, имон келтирдик ва сизга ёрдам бердик. Сиз ўз юртингиздан қувилдингиз, биз эса, сизга паноҳ бердик. Сиз муҳтож ҳолда келдингиз, биз эса, Сизни ўз мол-мулкимизга шерик қилдик”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу сўзларни айтганларида улар: Аллоҳ ва Унинг расулигина бизларга миннат қилишга ҳақли, дейишди. Аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сўзларни уларга тавозелик ва инсоф юзасидан айтган эдилар. Лекин, ҳақиқатан олганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам миннат қилишга ҳақли эдилар, улар ҳар қанча миннатдор бўлсалар арзийди. Чунки агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинага ҳижратлари бўлмаганида, уларнинг орасида яшамаганларида, уларнинг бошқалардан фарқлари бўлмас эди. Ансорларнинг шаъни юксалмас эди, қадрлари кўтарилмас эди.
Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга қараб: “Эй ансорлар! Нима деб ўйлайсизлар, бошқалар қўй ва туялар билан уйларига қайтсалар, сизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан уйларингизга қайтишни истамайсизларми? Бундан розимасмисизлар?”-дедилар.
Бу гапнинг нақадар улуғлиги, ансорларнинг қалбига етиб боришлигини билганлари учун ҳам Расулуллоҳ уларга ғаниматдан бермаган эдилар.
Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Агар ҳижрат қилмаганимда, албатта мен ансорлардан бўлар эдим, агар одамлар бир водийда юрсалар, мен ансорлар юрган йўллардан юрар эдим, ансорлар мен учун ички кийимимдек, бошқалар эса ташқи кийимимдек”, дедилар ва: “Аллоҳим ансорларга раҳматингни ёғдир, уларнинг фарзандларига ва фарзандларининг фарзандларига ҳам”, деб уларнинг ҳаққига дуо қилдилар.
Бу сўзларни тинглаган ансорларнинг кўзларидан ёшлар тўкилди, соқоллари хўл бўлди. Улар йиғлаган ҳолатда: Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни биз билан бўлишларига розимиз, бизнинг ғаниматимиз, бизнинг улушимиз бўлганларидан розимиз!” — дейишди.
Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни келажакда бўладиган фитналардан огоҳлантириб шундай дедилар:
“Мендан кейин сизлар ўзингизга нисбатан адолатсизликни кўрасизлар, аммо сабр қилинглар. Менинг ҳавзимда мен билан юзлашгунингизча, сабр қилинглар!”.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ