Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан тез кунларда юртимиздаги қироат илми олимларидан энг машҳури бўлган Алижон қори Файзулла Махдум ўғлининг “Қуръон қалб шифоси” мавзусидаги туркум маърифий суҳбатлари muslim.uz сайтида намойиш этилади.
Ушбу маърифий суҳбатларда қироат ва тажвид илмининг энг дақиқ жиҳатлари, тажвид илмининг тарихи, у ҳақида ёзилган китоблар, тажвид илмида ижод қилган уламолар ҳамда юртимизда ҳам бу илмнинг ривожи, тажвид ва қироат илмига доир ёзилган китоблар, шунингдек, бугунги кунда ушбу илмга бўлган эътибор ҳақида сўз юритилади.
Маълумот ўрнида, Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли 1976 йилда Жиззах вилоятида таваллуд топган. 1995 йилда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Миср Араб Республикасидаги Ал-Азҳар университетига ўқишга юборилган. 1998 йил Ал-Азҳар университетининг Эъдодия (тайёрлов) бўлимини, 2001 йилда эса Санавия (бошланғич) бўлимини тамомлаган.
2002–2007 йилларда Ал-Азҳар университетининг Шариат ва Қонун куллиётида таълим олган. 2008 – 2012 йилларда Шайх Аҳмад Ийсо Ал-Маъсоровий номидаги Улумул Қуръон ва қироат илмларига хосланган илм даргоҳида таҳсил олиб, ҳозирда Ал-Азҳар университетининг 4-курс талабаси ҳисобланади.
Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли Қуръони карим ва қироат илмидан таҳсил олган устозлари профессор Аллома Шайх Аббос Ал-Мисрий, Шайх Али Шуъайб Шарқовий, Шайх Муҳаммад Имом Ал-Шофий, Шайх Аҳмад Саййид Қилиний, Шайх Набил бин Абдулқодир Ал-Доғфали Ал-Жазоирий кабилар ҳисобланади.
Шунингдек, у тажвид илми матнлари бўйича қуйидаги устозлардан ижозат олган: Шайх Самий Маҳмуд Шаҳаза Ал-Файюми, Шайх Аҳмад Саййид Ал-Қилиний, Шайх Аллома Али Муҳаммад Тавфиқ Ал-Наҳҳас кабилар.
Алижон қори дунёдаги машҳур қироат алломаларидан Саудия Арабистони Жидда шаҳрида, ҳозирги даврнинг Имом Жазарийси деб аталган Аллома Шайх Айман Рушдий Сувайд, Мадинаи мунавварада Аллома Шайх Устоз Муҳаммад Тамим Ал-Зўбий, Мисрнинг Жиза вилоятида Аллома Шайх Абдулфаттаҳ Ал-Мадкур ва Қоҳира шаҳрида Аллома Шайх доктор Али Муҳаммад Тавфиқ Ал-Наҳҳас каби улуғ устозларга Қуръони каримни табаррукона ўқиб берган.
Алижон қори бугунги кунда дунёнинг кўплаб қироат илми уламолари томонидан эътироф этилган забардаст қорилардан биридир.
Аллоҳ таборака ва таоло ушбу хайрли лойиҳани муваффақиятли айласин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Инсон қалби гоҳ у тарафга, гоҳ бу тарафга ўзгариб туради: савобли иш қилганида, қалби яйрайди, дили чексиз қувончга тўлади. Гуноҳ-маъсият кирлари эса дил ойнасини хиралаштиради. Оқибатда қалб қораяди, кўнгли хижил бўлади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Темирга сув тегса занглайди. Худди шунга ўхшаб қалбларни ҳам занг босади", дедилар. Шунда: "Ё Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?" деб сўралди. У зот: "Ўлимни кўп эслаш, Қуръон ўқиш", дедилар.
Қалб худди темир каби занглайди. Темирга сув тегса, сиртини занг босади. Гуноҳлар йиғилиб йиғилиб қалбни занглатади, дилни қорайтиради, кўнгилни ғаш қилади. Қалб қорайиши оқибатида инсон шуури ўтмаслашади, меҳр-оқибат туйғуси киши билмас тарзда кўтарилиб боради.
Мазкур ҳадисда айтилишича, ўлимни эслаган, Қуръон ўқиган одамнинг қалби занглардан тозаланади. Қандай қилиб, дейсизми? Гап шундаки, ўлимни эслаган кишининг ўткинчи дунёга хоҳиши сўнади. Ўлимни эслаган, охиратни ўйлаган инсон гуноҳлардан тийилади, нафаси кириб-чиқиб турганида Парвардигорига тезроқ тавба қилишга шошилади, ўзини ислоҳ қилади. Инсон ўлимни эслаганда лаззатлар парчаланади, ҳакалаб отиб турган нафс хоҳишлари сал бўлсаям жиловланади. Бир кунмас-бир кун дунёни тарк этишини билган киши оқибатли бўлади, бир иш қилишдан олдин охирини ўйлайди, мулоҳаза юритади.
Юқоридаги ҳадисда айтилишича, Қуръон тиловати қалбдаги зангларни кетказади. Ҳақиқатан, Қуръон ўқиш билан қалб яйрайди, кўнгил таскин топади. Мўмин банда қироатдан бир дунё маънавий озуқа олади. Шу йўсин қалбни қоплаган занг қурумлари аста-секин тозаланиб боради. Бежизга "Қуръон қалбга малҳам, дилни тозалайдиган илоҳий даво", дейилмаган.
Маълумки, темирга доим ишлов бериб турилмаса, кўп ўтмай занглайди. Худди шунга ўхшаб, Қуръон ўқилмаса, дилни занг босади. Ҳамиша Қуръон ўқийдиган инсон қалбига гард юқмайди. Тиловат билан жилоланган қалби ойнадек ярқираб туради.
Ҳозирги "замонавий" одамларнинг кўпи дунёга ҳирс қўйиш дарди билан оғриган. Кишилар орасида ўзаро ишонч, садоқат, вафо, меҳр-оқибат камайиб кетаётгандек. Бизнингча, бунинг сабаби битта: ўлимни унутиш, Қуръон ўқимаслик.
Айрим одамларга ўлимни эслатсангиз, охиратдан гап очсангиз: "Қўйинг, яхши мавзуда гаплашайлик!" дея сўзингизни бўлади. Ўлимни эслаш ёмонми?! Ҳар кимнинг бошида бор-ку бу савдо! Ўлимдан қочиб-қутулиб бўлмайди. Шунинг учун ўлимга тайёргарлик кўриш керак. Қандай қилиб, дейсизми? Ўлимга ҳозирлик солиҳ амаллар билан бўлади, қоронғи гўрни ёритувчи Қуръон тиловати билан бўлади. Қуруқ кафанлик олиб ёки қабристондан ўзи учун алоҳида жой ажратиб қўйган одамни охират сафарига ростмана шай деб бўлмайди.
Толибжон домла Хурсанмуродов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.
Али ибн Ҳусомиддин Муттақий Ҳиндий. "Канзул уммол фи сунанил ақволи вал афъол". – Байрут.: Муассасатур рисолат, 1989. - Б. 210.