Юртимизда барча соҳалар қатори диний соҳада ҳам улкан ислоҳотлар амалга оширилиб, муқаддас ислом динини ўрганиш, аждодлар меросини қайта тиклаш ва уларни келажак авлодларга асл ҳолича етказиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, буюк аждодларга муносиб ворисларни тайёрлаш мақсадида юртимизда диний таълим тизимини такомиллаштириш, уларнинг узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлаш мақсадида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Маълумки, Мовароуннаҳр заминидан етишиб чиққан буюк муҳаддислар Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий, Абдуллоҳ ибн Муборак, Ибн Ҳиббон, Ҳайсам ибн Кулайб Шоший, Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад Барокотий, Иброҳим ибн Маъқил Насафий ва Абд ибн Ҳумайд Кешийлар томонидан катта ҳадис мактабига асос солинган бўлиб, ушбу илму маърифат ва зиё масканлари ҳадис илми ривожи ҳамда дунё илм-фан тараққиётида ўчмас из қолдирган.
Президентимизнинг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5416-сон Фармонига асосан ислом дини ва ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг бой меросини чуқур ўрганиш, улар томонидан асос солган ҳадис мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш, улар қолдирган бой илмий меросни ўрганиш, тадқиқ қилиш орқали халқимиз ва кенг жамоатчиликка етказиш ва тарғиб қилиш мақсадида Ҳадис илми мактабини ташкил этилган эди.
Давлат раҳбарининг жорий йил 11 январь куни Самарқанд вилоятига ташрифлари давомида Ҳадис илми мактаби фаолиятини ташкил этишга оид берган топшириқлари ижроси мақсадида бўйича бир қанча вазифалар амалга оширилди. Жумладан, 2019 йил 23 мартда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлис баёни ва Ҳадис илми мактаби фаолиятини ташкил қилиш бўйича Йўл харитаси тасдиқланди.
Мазкур Йўл харитасига мувофиқ Ҳадис илми мактаби абитуриентларини янги ўқув йилига қадар пухта тайёрлаш, энг муносиб абитуриантларни талабаликка кабул қилиш мақсадида Тошкент ислом институтида икки ҳафталик тайёрлов курси бошланди.
Ушбу тайёрлов курсида араб тилини пухта ўзлаштирган ҳамда ҳадисларни ёд олишга салоҳияти бўлган ўрта махсус ислом таълим муассасаларини битирган абитуриентларга “Араб тили”, “Ҳадис истилоҳлари”, “Ҳадис шарҳлари” фанлари бўйича Тошкент ислом институтининг малакали ўқитувчилари дарс машғулотларини олиб боришади.
ЎМИ Матбуот хизмати
Сўнгги йилларни ўз ичига олган давр илмий ва эксперт доиралар томонидан Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичи деб аталмоқда. Ушбу қисқа вақт ичида Ўзбекистонда турли соҳаларда амалга оширилган ислоҳотлар давлат ва жамиятнинг жадал ривожланишига эришиш, халқ фаровонлиги ва осойишталигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Ўтган қисқа вақт давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштиришга қаратилган муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Биринчидан, 2016-йилнинг 18-октабрида Тошкентда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессияси йиғилишида Ўзбекистон Президенти томонидан Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.
Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президенти 2017-йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида иштирок этиб, халқаро майдонда ислом динига нисбатан кузатилаётган бир ёқлама салбий муносабатга нисбатан ўзининг қатъий позициясини мухтасар ифода қилиб, жумладан шундай деди: “Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотида Ўзбекистон раҳбари жаҳон ҳамжамиятига Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш лойиҳаси ҳақида сўзлади. Ислом цивилизацияси маркази ўз ғояси ва аҳамиятига кўра бетакрор лойиҳа бўлиб, ислом динининг илмий-маънавий бойлиги, бунёдкорлик салоҳиятини намойиш этишга қаратилган.
Ғайрат РАСУЛОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
“Ислом тарихи ва манбашунослиги ИРCИCА” кафедраси мудири