Парвардигоримизга шукурки, юртимиздаги тинчлик, осойишталик ҳамда муқаддас динимиз, бебаҳо қадриятларимизни асраб авайлашга бўлган давлат даражасидаги эътибор сабаб, масжидларимиз кўркам қиёфа касб этмоқда. Бинолари эскириб, нураб қолган масжидлар ўрнида янги масжидлар қад ростламоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 февралдаги “Муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни ободонлаштириш ишларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги 120-сон қарорига мувофиқ ҳудудларда фаолият юритаётган масжидларнинг эски биноларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланган бўлиб, унга кўра Республика бўйича 159 та масжид тўлиқ қайтадан қурилади.
Ана шу дастурга мувофиқ “Сирож солиҳ”, “Тўқмоқ ота”, “Хўжакент”, “Сори эшон Абдали” масжидларининг қайта қурилишига илк ғишт қўйилгани ҳақида хабар берган эдик.
Куни кеча Жиззах вилояти Фориш туманидаги "Янгиқишлоқ" жоме масжиди биноси қурилишига илк тамал тоши қўйилди. Маросимда Жиззах вилоят ҳокими ўринбосари Э.Исматов, вилоят бош имом-хатиби Меҳмонали домла Жабборов ва бошқа мутасаддилар, масжид жамоати иштирок этдилар. Йиғилганлар хайрли дуо, эзгу ниятлар билан табаррукона биринчи ғиштни қўйиб бердилар. Масжид тез орада қад кўтариб, ҳудуд аҳолисининг диний-маърифий билимлари, ахлоқи, ибодатлари учун мунаввар маскан бўлиб хизмат қилишини тиладилар.
Алоҳида қайд этиш лозимки, мазкур масжид Жиззах-Нурота-Навоий катта йўли ёқасида жойлашган бўлиб, зиёрат туризми ҳамда маҳаллий йўловчиларнинг ибодатларини адо этиб олишлари учун қулай нуқта ҳисобланади. Шу боис, олти сотихдан ортиқ майдонда қурилаётган янги масжид 800 кишини сиғдира оладиган катта хонақоҳ, таҳоратхона, аёллар учун намозхона, қўшимча маъмурий хоналардан иборат бўлиши режалаштирилган. Аҳамиятлиси, масжид ҳовлисида ёрдамчи хўжалик ташкил этилиб, иссиқхона барпо этиш кўзда тутилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
“Ҳозирги замонда мен ўқиган китобларни ўқиган бирон одамни кўрмаганман”
Ушбу жумлаларни ҳижрий ўнинчи асрда яшаб ўтган машҳур олим Абул Мавоҳиб Шаъроний ўзларининг "Латоифул минан" китобларида ёзганлар. У Зот буни фахр учун эмас, балки Аллоҳ таоло берган неъматлар қаторида зикр қилганлар. Имом Шаъроний сўзларининг давомида қарийб мингга яқин китобларни номини санаб ўтиб, ўқиган китоблари ичида энг асосийлари мана шулар эканини, ҳамма китобларнинг номини бирма-бир ёзиши вақт ва китобдан жойни эгаллашини айтадилар. Дарвоқеъ, ушбу олим мутолаа қилиб чиққан китоблари орасида, биргина китоб қирқ беш жилдни ташкил қилувчи тафсирга оид манбалар ҳам бор.
Имом Шаъроний ўз даврининг 50 дан ортиқ энг машҳур шайх ва олимларидан таълим олган. Аллоҳ таоло илмига барака бериб, диний фанларга доир 300 дан ортиқ китоблар ёзиб қолдирган.
Хуллас, тафсир, ҳадис, ақида, фиқҳ, усулул фиқҳ ва бошқа диний илмларда замонасининг энг билимдони бўлган ушбу олим мазҳабда Имом Шофеъийга тақлид қилган! Ақидада аҳли сунна вал жамоа — Имом Мотуридий ва Имом Ашъарий манҳажида, тасаввуфда эса Шозилийя тариқатида бўлган.
Энди ҳозирги кунимизда бир нечта ҳадисни ўқиб, уни ўзича тушуниб олиб “Мен Қуръон ва суннатдан ўзим ҳукм оламан” дейдиган ёшлар инсоф қилсалар бўларди...
Абдуллатиф Турсунов