Севикли аёлларини хотирлаб, вафо тариқасида унинг яқинларига ҳадялар юбориб турардилар.
Муҳаббатларини изҳор қилиш учун аёллари оғизларини қўйган жойига муборак оғизларини қўйиб сув ичардилар, таом ердилар.
Аёллари билан кечалари сайр қилиб гаплашиб юрардилар.
Муборак сочларини тараш шарафини аёлларига қолдирардилар.
Ўта сабрли, ўта ҳалим эр эдилар. Ҳатто бир сафар покиза жуфтларидан бирлари кундоши юборган, ичида таоми бор лаганни рашк сабабли бир уриб синдирганларида ҳам ул зоти бобаракот индамаганлар. Аксинча, ерга тўкилган таомни синган лаганга йиғиб, воқеани кузатиб турган меҳмонларга «Онангиз рашк қилди, таомдан олинглар» дея табассум қилганлар.
Ул зот жуфтларининг нозу карашмаларига чидар, эркаликларини кўтарар, улар билан мутойиба қилишар, уларга лутфий муомала қилиб, ўйнашар эдилар.
Идишдаги таомдан бир неча луқма аёлларининг оғизларига солиб қўярдилар.
Уйда аёлларига гўзал муомала қилиб, уларнинг кўнгилларини кўтарар, шодликларига шодлик қўшар, қалб бисотларидаги ширин сўзларини уларга илинар, уй ишларида қарашардилар.
Ул зот нафақат одамларнинг, балки Пайғамбарларнинг энг улуғи, одамларга ҳам, оила аъзоларига ҳам энг яхши муомала қилувчи, уларга энг кўп манфаат келтирувчи эдилар.
Ул зоти бобаракот энг меҳрибон ота, энг гўзал эр, энг буюк мураббий эдилар.
Аллоҳ таолонинг ул зотга кўплаб саловот ва саломлари бўлсин!
Нозимжон Ҳошимжон таржимаси
Ривоят қилинишича, Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳнинг қўлларида Аббос деган бир йигит тавба қилган экан. У йигит авваллари жуда кўп гуноҳ қилган бўлган, сўнг тавба қилган, лекин шу ҳолда етмиш марта тавбасини бузган. Охир-оқибат умрининг сўнгги дақиқалари яқинлашганда, ўлими кўзига кўринган пайтда онасини чақириб шундай деди:
— Она, Ҳасан Басрий ҳазратларини чақиринг, мен у зотнинг ҳузурларида тавбамни янгиламоқчиман, шоядки Аллоҳ таоло тавбамни қабул қилса.
Онаси шошилиб Ҳасан Басрийнинг ҳузурига бориб, салом берди ва:
— Мен Аббоснинг онасиман, ўғлимнинг ўлим пайти етди ва у сизни сўраяпти, тавбасини янгиламоқчи, деди. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ бунга жавобан:
— Бор, менга тавба қилиб, уни қайта-қайта бузадиган одамнинг кераги йўқ, деди.
Аёл йиғлаган ҳолда уйига қайтиб келди ва ўғлига:
— Эй, ўғлим! Шайх сенинг ёмон қилмишларинг туфайли келишдан бош тортди, деди.
Шунда Аббос осмонга боқиб:
— Ё Роббим, Парвардигорим, шайх мендан юз ўгирди, аммо Сен мендан юз ўгирма, умидимни сўндирма, деб дуо қилди.
Шундан сўнг йигит онасига қараб:
— Эй, онажон! Агар вафот этсам, оёғингизни юзимга қўйинг, кейин бўйнимга арқан боғлаб, бозорда судраб юринг ва овозингиз борича “Бу — Аллоҳга осий бўлганнинг жазосидир” деб бақириб юринг. Шояд, менинг ҳолимни кўриб, Аллоҳ Ўз фазли ва раҳмати билан мени афв этса, деди.
Онаси уни ўзи айтганидек ўғлининг юзига оёғини қўймоқчи эди, ҳотифдан бир овоз эшитилди:
— Оёғингни сажда қиладиган жойга қўйма. Шуни билгинки, Аллоҳ таоло уни афв этди ва дўзахдан озод қилди.
Шундан сўнг онаси уни дафн қилди ва уйига қайтди. Шу кеча Ҳасан Басрий тушида бир овозни эшитди:
— Эй Ҳасан! Нима учун бандамни Менинг раҳматимдан умидсиз қилиб қўйдинг? Ахир уни Мен яратганманку ва Менинг раҳматим ҳар нарсани қамраб олади. Қасамки, агар яна шундай қилсанг, сени солиҳлар дафтаридан ўчираман!
Бу қисса Аллоҳнинг раҳмати ва фазлининг улкан эканини, ҳамда тавба қилишда инсон ҳеч қачон умидсиз бўлмаслиги кераклигини ёрқин тарзда баён қилади.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ