Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Декабр, 2024   |   26 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:22
Қуёш
07:48
Пешин
12:29
Аср
15:20
Шом
17:04
Хуфтон
18:24
Bismillah
27 Декабр, 2024, 26 Жумадул сони, 1446

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўнғич куёвлари

14.06.2019   9027   11 min.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўнғич куёвлари

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўнғич куёвлари

Абул Ос ибн Робиъ

“Абул Ос менга фақат рост гапирди. Ваъда бериб, ваъдасига вафо қилди.”

(Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам)

     Абул Ос ибн Робиъ Абшамий[1] Қурайший барчага бирдай манзур бўладиган, жуда кўркам ва навқирон йигит эди. Тақдир уни барча наъматлар, шу жумладан олий насл насаб билан ҳам сийлаган эди. Шунинг учун у виқор, салобат, мардлик, вафо ва ота боболар меросини эъзозлашда араб ёшларига намунага айланди.

     Абул Ос тижоратга муҳаббатни икки сафар, яъни қишки ва ёзги риҳлат соҳиблари бўлган Қурайшдан мерос қилиб олди. Унинг уловлари Маккадан Шомга тинимсиз бориб келарди. Карвонида юзта туя икки юзта одам бор эди. Маҳорати, ростгўйлиги ва омонатдорлигидан яхши хабардор бўлганлиги учун одамлар молларини ўзиникига қўшиб тижорат қилиши учун унга олиб келиб берар эди.

     Холаси, Муҳаммад ибн Абдуллоҳнинг аёли, Хадича бинти Ҳувайлид уни ўз боласидек яхши кўрар эди. Уни шунчалар яхши кўрганидан нафақат қалбининг тўридан, балки уйидан ҳам у учун маълум жой ажратган эди. Муҳаммад ибн Абдуллоҳнинг ҳам Абул Осга муҳаббати Хадича бинти Ҳувайлидникидан кам эмасди.

     Муҳаммад ибн Абдуллоҳнинг хонадонида кунлар жуда тез ўтиб, катта қизлари Зайнаб балоғатга етди ва муаттар бўйли атиргул каби гўзал бўлиб вояга етди. Қурайш улуғларидан кўпчилигининг ўғли унга совчи қўйди. Акси ҳам бўлиши мумкинми ?!. Ахир у Қурайш қизларининг насл-насаб ва одоб-ахлоқ жиҳатидан энг пешқадами эди. Аммо уларга йўл қайда ?! Улар билан Зайнабнинг ўртасини Макканинг энг забардаст йигитларидан бири Абул Ос ибн Робиъ тўсиб турарди.

     Зайнаь бинти Муҳаммад Абул Осга турмушга чиққанидан саноқли йиллар ўтиб, Макка водийлари илоҳий нур билан мунаввар бўлди. Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳидоят ва ҳақ дин билан  Пайғамбар қилиб жўнатди ва яқин қариндошларини огоҳлантиришни амр этди. Аёллардан у зотга биринчи иймон келтирганлар, аёли Хадича, қизлари Зайнаб, Руқайя, Умму Гулсум ва Фотима эди. Гарчи ўша пайлари Фотима онамиз ҳали жуда ёш бўлсаларда. Лекин куёвлари Абул Ос қизлари Зайнабни жуда яхши кўриб, эъзозласада, ота-боболарининг динидан воз кечишни ҳоҳламади.

     Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Қурайш ўртасида низо кучайиб кетгач, баъзиси баъзисига:  “Шўрингиз қурисин, қизларини ўғлингизга олиб бериш билан Муҳаммаднинг ташвишини енгиллатиб қўйдингиз. Агар қизларини қайтариб юборсангиз, улар билан машғул бўлиб, сизни унитади” деди. Улар: Бу қандай ҳам яхши фикр дейишди ва Абул Оснинг олдига бориб: Эй Абул Ос хотининг билан ажрашиб, уйига қайтариб юбор. Қурайш  аёлларидан ҳоҳлаганингни сенга никоҳлаб берамиз дейишди. У: Аллоҳга қасамки, унинг эвазига дунёнинг барча аёлларини таклиф қилсангиз ҳам аёлимдан ажралмайман деди. Бироқ қизлари Руқайя ва Умму Гулсум жавоби берилиб, уйларига олиб келиб ташланди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса бундан хурсанд бўлдилар. Ҳатта Абул Ос ҳам бошқа куёвлари каби иш тутишиин ҳоҳладилар. Аммо у аёлидан кечишга ўзида куч топа олмади. Ҳали у пайт муслима аёлларнинг мушрикларга никоҳланиши ҳаром қилинмаган эди.

     Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб, у ерда мусулмонлар сони орта бошлагач, Қурайш у зот билан уришиш учун Бадрда саф тортди. Абул Ос ҳам мажбуран улар билан чиқди. Чунки уни мусулмонлар билан уришишга ҳоҳиши ҳам, уларга ёмонлик қилиш нияти ҳам йўқ эди. Лекин қавми орасидаги мавқеъи уни улар билан сафарга чиқишга ундади. Бадр Қурайшнинг мағлубияти билан якунланди. Бир қисми ўлдирилди, бир қисми асирга тушди ва яна бир қисми қочиб қутилди. Асирга тушганлар орасида Зайнаб бинти Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эри Абул Ос ҳам бор эди.

     Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам асирларга ўзларини озод этишлари учун товон пули белгиладилар. Уни асирнинг қавми орасидаги мавқеъи ва бойлигидан келиб чиқиб, минг дирҳамдан тўрт минг дирҳамгача қилиб тайинладилар. Элчилар асирларни озод этиш учун Макка билан Мадинани орасида қатнай бошлашди. Зайнаб ҳам элчисини эри Абул Осни озод қилиш учун тавон пули бериб Мадинага жўнатди. Юборган моллари орасига Абул Осга турмушга чиқаётганда онаси, Хадича бинти Хувайлид совға қилган тақинчоқни ҳам солди. Тиқинчоқни кўриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак юзларини чуқур қайғудан бўлган шаффоф парда қоплади. Қизларига жуда ачиндилар ва саҳобаларига қарата: “Зайнаб Абул Осни тавонига мана бу молни жўнатибди. Агар асирини қўйиб юбориб, молини қайтариб беришни ҳоҳласангиз, шундай қилинг” дедилар. Саҳобалар: Ҳа, эй Аллоҳнинг Росули, сиз учун шундай қиламиз дейишди.

     Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абул Осни қўйиб юборишдан олдин, қизлари Зайнабни дарҳол Мадинага жўнатиб юборишни шарт қилиб қўйдилар. Абул Ос Маккага етиб бориши билан ваъдасига вафо  қилишга шошилди. Хотинига сафарга таёрланишни буюриб, отасининг элчилари Маккадан узоқ бўлмаган жойда кутиб турганини айтди. Аёли учун озуқа ва уловини тайёрлаб, укаси Амр Робиъга уни бирга олиб бориб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг элчиларини қўлига топширишни тайинлади. Амр бин Робиъ камонини елкасига осиб, ўқдонини қўлига олди ва Зайнабни ҳавдажга[2] ўтқазиб, куппа-кундузи, очиқчасига, Қурайшнинг кўз ўнгида Маккадан чиқиб кета бошади. Буни кўрган қавмни жаҳли чиқиб кетди ва узоққа кетмасидан уларга етиб олиб, Зайнабни қаттиқ қўрқитишди. Шунда Амр камонини тортиб, ўқдонини олдага қўйди ва: Аллоҳга қасамки, ким унга яқинлашса, кўксига ўқ жойлайман деди. У бирорта ўқи нотўғри кетмайдиган мерган эди. Шунда Абу Суфён ибн Ҳарб унинг ёнига келиб: Эй биродаримнинг ўғли, гаплашиб олгунимизча камонингни тушириб тур, деди. У камонини туширди. Абу Суфён: “Сен тўғри иш қилмаяпсан... Зайнабни  очиқчасига, ҳамманинг кўз ўнгада олиб чиқдинг. Ҳамманинг кўзи сизда. Бадрда мағлубиятга учраганимиз ва отаси Муҳаммад бизга қандай зарар еткезганини арабларнинг барчаси билиб бўлди. Агар унинг қизини ҳозиргига ўхшаб, очиқчасига олиб чиқиб катсанг, бошқа қабилалар бизни қўрқоқликда айблашади ва бизни обрўсиз, хор деб билишади. Уни олиб ортингга қайт ва бир неча кун эрининг уйида қолдир. Одамлар Қурайш уни қайтарганини гапира бошлагач, орамиздан яширинча олиб чиқиб, отасига жўнатасан. Уни ушлаб туришга ҳеч қандай эҳтиёжимиз йўқ.” Деди. Амр рози бўлди ва Зайнабни олиб Маккага қайтди. Орадан саноқли кунлар ўтиб, уни Маккадан олиб чиқди акаси айтгандай ва отасининг элчиларини қўлига топширди.

     Абул Ос аёлидан ажраганидан кейин Маккада анча вақт турди. Макка фатҳидан озгини олдин Шомга тижорат билан чиқди. Юзта туя, бир юз етмишта одами билан Маккага қайтаётганида Мадинага яқин жойда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўшинларидан бири унга рўпара келиб, карвонини одамлари билан асирга олди. Абул Ос эса қочиб кетди. Тун тушгач, Абул Ос зулумат қўйнида Мадинага яширинча кириб олди ва Зайнабни олдига бориб ундан бошпана сўради. Зайнаб унга омонлик берди.

     Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозига чиқдилар. Меҳробда туриб энди такбири таҳримани айтган эдилар, Зайнаб аёлларнинг суфасига чиқиб, баланд овозда: “Эй инсонлар, мен Зайнаб бинти Муҳаммадман. Абул Осга омонлик бердим. Сиз ҳам унга омонлик беринг” деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам намоздан салом бергач, одамларга қайрилиб қарадилар ва: Мен эшитган нарсани сизлар ҳам эшитдингизми ?! дедилар. Улар: Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули дейишди. У зот: “Нафсим қўлида бўлган зотга қасамки, сизлар эшитган нарсани эшитмагунимча бу гапларнинг бирортасидан ҳам бехабар эдим. Мусулмонларнинг энг кичиги ҳам омонлик беради” дедилар. Сўнгра уйларига кирдилар ва қизларига: Абул Осни ҳурматини жойига қўй. Аммо билиб қўй, сен унга ҳалол бўлмайсан, дедилар. Сўнгра карвонни эгаллаб, одамларини асирга олган қўшин одамларни чақириб уларга: Бу кишини бизга ким эканини яхши биласиз. Агар унга яхшилик қилиб, молини қайтариб берсангиз, бизни хурсанд қилган бўласиз. Улар: Молиин қайтариб берамиз эй Аллоҳнинг Росули дейишди. У молини олиш учун келганида улар: “Эй Абул Ос, албатта сен Қурайшнинг обрўли одамисан. Шу билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакисининг ўғли ва куёви бўласан. Мусулмон бўлмайсанми, биз сенга бу молнинг ҳаммасини қайтариб берамиз. Макка аҳлининг молларини олиб қолиб ҳузур-ҳаловатда, биз билан Мадинада яшайсан дейишди. У: мени нақадар ёмон ишга, янги динимни хиёнат билан бошлашга чақираяпсиз!.” деди.

     Абул Ос карвон ва ундаги молларни олиб Маккага қайтди ва барча ҳақдорларга ҳаққини адо қилиб бўлгач: “Эй Қурайш жамоаси, орангизда мендан молини олмаган бирор киши қолдими ?” деб сўради. Улар: Йўқ, Аллоҳ сени яхшилик билан мукофотласин. Сени вафодор, улуғ киши эканингга яна бир бор амин бўлдик дейишди. У: “Ҳақларингизни адо қилиб бўлдим. Мана энди, Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг Расули деб гувоҳлик бераман... Аллоҳга қасамки, Мадинада Муҳаммаднинг ҳузурида мусулмон бўлишимдан, молларимизни еб кетишни ирода қилган деб ўйлашингиз тўсган эди. Молларингизни қайтариб, зиммамдаги масъулиятдан қутилганимдан сўнг мусулмон бўлдим” деди. Сўнгра чиқиб Мадинага, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига жўнади. У зот Абул Ос ибн Робиъни эҳтиром билан кутиб олдилар ва жуфти ҳалоли Зайнабни қайтариб бердилар ва у ҳақида кўпинча: “Абул Ос менга фақат рост гапирди. Ваъда бериб, ваъдасига вафо қилди.” Дер эдилар.[3]

 

 

Манбалар асосида

Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ўқитувчиси,

“Ислом нури” жоме масжиди имом хатиби  А. Собиров.

 

[1] Абдушшамс қабиласига мансуб.

[2] Туя устига ўрнатилган аёллар тахтиравони. О Юсупов. Ан-наъим 872-бет.

[3] Доктор Абдурроҳман Раъфат. Суварун мин ҳаятис саҳаба 388-395-бетлар.

 

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Сафар соати

27.12.2024   778   6 min.
Сафар соати

Баъзи уламолар инсоннинг ҳаёт билан видолашув дамларини “сафар чоғи”, “сафар соати” дейишади. Хусусан, машҳур олим Оиз Қарний “Саҳобалар ҳаётидан хотиралар” китобида Амр ибн Ос розияллоҳу анҳунинг “сафар соати” ҳақида сўз юритиб, бу вақтнинг ростгўйлик, руҳнинг пок­ланиши, ошкоралик ва шаффофлик онлари эканини таъкидлайди. 
 

Бу вақтда ўлим тўшагида ётган инсондан дунё безакларига интилиш, иғво, мунофиқлик, сохтакорлик каби иллатлар чекинар ва у ўзининг ҳақиқати билан ёлғиз қолади. Ҳатто Фиръавн ҳам жон бериш онида ичидаги махфий ҳақиқатни ошкор қилиб, бундай деган:

لا إِلَهَ إِلا الَّذِي آَمَنَتْ بِهِ بَنُو إِسْرَائِيلَ وَأَنَا مِنَ الْمُسْلِمِينَ

“Иймон келтирдимки, Исроил авлоди иймон келтирган Зотдан ўзга илоҳ йўқдир. Мен ҳам мусулмонларданман” (Юнус сураси, ٩٠-оят).


Машҳур саҳобий Амр ибн Ос розиялло­ҳу анҳу ўлим тўшагида ётаркан, юзини деворга буриб олганди. Атрофида ўтирган дўстлари ва ўғли Абдуллоҳ Амр ибн Осга Мисрни фатҳ этиб, Исломнинг ёйилиши­га катта ҳисса қўшганини, Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлишини эслатар, у зот бўлса, ўзини қандай оқибат кута­ётганини билмагани боис қўрқувдан йиғларди.


Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу сўнгги лаҳзаларини бошдан кечирар экан, яшаб ўтган ҳаётини хотирлаб, бундай хулосага келади: “Менинг умрим уч босқичда ўтди. Исломдан олдин жаҳолат босқичида яшадим. Ўша пайтда энг ёмон кўрганим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эдилар. Ҳар қанча ҳийла-найранг ишлатиб бўлса ҳам, у зотни ўлдиришга тайёр эдим. Исломни қабул қилгач, Мадинага ҳижрат қилдим. Бу ҳаётимдаги иккинчи босқич, яъни куфрдан Исломга ўтиш босқичи эди...”


Амр ибн Ос Маккадан Мадинага Холид ибн Валид билан бирга ҳижрат қилганди. Улар Мадинага яқинлашаркан, Амр ибн Ос Холид ибн Валидга: “Ё олдинда юр ёки орқада қол. Менинг гуноҳларим кўп. Расулуллоҳга улар ҳақида айтмоқчиман. У зот билан ёлғиз қолишни истайман”, деди. Шундан сўнг Холид ибн Валид олдинга ўтиб кетди. Амр ибн Ос ро­зияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига ке­либ: “Қўлингизни беринг, байъат қи­ламан”, деди.


Расулуллоҳ Амр ибн Осга байъат учун қўлларини чўзганларида, у пайғамбаримизнинг муборак қўлларини маҳкам ушлаб олди. Набий алайҳиссалом: “Сенга нима бўлди, эй Амр?” деб сўрадилар. Амр ибн Ос: “Мен шарт қўймоқчиман, эй Аллоҳнинг Расули”, деди. У зот: “Нимани шарт қўясан?” дедилар. Амр ибн Ос: “Раббим ўтган гуноҳларимни мағфират қилишини шарт қилиб қўяман”, деди. Амр ибн Ос жоҳилият даврида Исломга қарши жангларда қатнашган ва кўпгина гуноҳ ишларга қўл урганди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Амр, билмайсанми? Ислом ўзидан олдинги нарсаларни йўқ қилади (гуноҳларни кечиради)”, дедилар.


Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу айтади: «Қўлимни Расулуллоҳ соллаллоҳу алай­ҳи ва салламнинг қўлларига қўйиб, байъат қилдим. Шундан сўнг муҳаббат ва итоаткорлик ила у зотга ҳамроҳ бўлдим. У зот мен учун инсонларнинг энг севимлиси эдилар. Исломдан аввалги нафратим муҳаббатга айланди. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган ҳурматим сабабидан у зотга тик қарай олмаганман. Агар мендан у зотни тасвирлаб беришимни сўрасангиз, бу ишни уддалай олмайман. Чунки у зотга бўлган муҳаббатим, эҳтиромим ва ҳаёим сабабли Расулуллоҳнинг юзларига қарай олмаганман. Ана шу муҳаббат туфайли қайтадан дунёга келгандек бўлдим... Кошкийди, ўша ҳолатимда вафот топган бўлсам. Чунки мазкур ҳолат дин учун кураш, илм, тавба ва ҳидоят каби ҳис-туйғуларни ўзида жамлаганди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан сўнг ўзгариб қолдим. Бу ҳаётимнинг учинчи босқичи эди. Бу босқичда дунё мен билан ошкора ўйин қилди. Сиффин ва Жамал каби фитнали ҳодисалар содир бўлди. Аллоҳга қасам, жаннатга кираманми ёки дўзахгами, билмайман!.. Ҳозир биргина калима бор, холос. Уни Аллоҳнинг ҳузурида ўзим учун ҳужжат қиламан. Бу: “Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳ. Лаҳул-мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайъин қодир” калимасидир».


Шундан сўнг Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу кафтини маҳкам сиқди ва руҳи танасидан чиқиб кетди. Унинг ўғли Абдуллоҳ ибн Амр айтади: “Отамни ювгани олиб кирдик. Ғассоллар унинг бармоқларини ювиш учун очмоқчи бўлдилар, лекин улар маҳкам сиқилганди. Сўнг уни кафанлаш учун бармоқларини очдик, лекин улар яна ёпилиб қолди. Уни қабрга қўйганимизда ҳам қўллари маҳкам сиқилганди”...


Ушбу воқеа замирида барчамиз учун улкан сабоқ бор. Амр ибн Ос розияллоҳу анҳунинг нақадар самимийлиги, тавҳид калимасини дили ва тилида маҳкам тутиб, Раббисига юзланганига ҳавасдамиз, албатта.


Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу умрини уч босқичга бўлди. Бизнинг “сафар соати”миз қандай кечаркин? Ҳаётимиз неча босқичдан иборат бўлади? Умримиз қандай кечяпти? Раббимиз биз ожиз бандаларига бу борада ҳам Ўз “таклиф”ини тақдим этган. Оли Имрон сураси ٨-оятида бундай дуо бор:

رَبَّنَا لَا تُزِغْ قُلُوبَنَا بَعْدَ إِذْ هَدَيْتَنَا وَهَبْ لَنَا مِنْ لَدُنْكَ رَحْمَةً إِنَّكَ أَنْتَ الْوَهَّابُ

“Роббанаа лаа тузиғ қулуубанаа баъда из ҳадайтанаа ваҳаб ланаа мил-ладунка роҳмаҳ. Иннака антал Ваҳҳааб”.

“Эй Раббимиз, бизни ҳидоят йўлига солганингдан кейин дилларимизни (тўғри йўлдан) оғдирма ва бизга ҳу­зурингдан раҳмат ато эт! Албатта, Сен Ваҳҳоб (барча неъматларни текин ато этувчи)дирсан”. 


Меҳрибон Зот барчамизни ушбу дуо-оят ҳақиқати билан ризқлантирсин! 

Мавжуда НУРИДДИНОВА
 тайёрлади.

Мақолалар