Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус ислом билим юртларига 2019-2020 ўқув йили учун қабул эълон қилади.
Ҳадис илми мактаби
Ҳадис илми мактаби Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий диний таълим берувчи таълим муассасаси ҳисобланади. Мактабда ўқиш муддати 5 йил, кундузги таълим шаклида олиб борилади. Мактабда “Ҳадисшунослик” таълим йўналиши бўйича бакалавр даражасидаги кадрлар тайёрланади.
Мактабга 2019-2020 ўқув йили бўйича 10 нафар талаба қабул қилинади. Мактабга араб тилини пухта ўзлаштирган, ҳадисларни ёд олишга салоҳияти бўлган ўрта махсус диний таълим муассасаларининг иқтидорли битирувчилари танлов асосида саралаб олинади.
Ҳадис илми мактабига қабул 2019 йилнинг 15 июнидан 5 июлгача абитуриентлардан ҳужжатлар қабул қилинади.
Тақдим этиладиган ҳужжатлар:
- қабул ҳайъати раиси номига ариза;
- ўрта махсус ислом таълим муассасасини битирганлиги ҳақида ҳужжат (диплом) асл нусхаси;
- паспорт нусхаси (асл нусхаси кўрсатилади);
- 6 дона рангли фотосурат (3,5 х 4,5 ҳажмдаги);
- яшаш жойидаги масжид имом-хатибидан тавсиянома (жорий йилда ўқишни тамомлаган битирувчилар таълим муассасаси раҳбаридан тавсиянома олади).
Қабул имтиҳонлари қуйидаги фанлардан бўлиб ўтади:
- Ҳадис ва Мусталаҳул ҳадис (оғзаки, ижодий имтиҳон);
- Араб тили (оғзаки, ижодий имтиҳон);
- Ўзбекистон тарихи (тест синови).
Ҳужжатлар Ҳадис илми мактаби биносида қабул қилинади.
Манзил: Самарқанд вилояти, Пайариқ тумани, Ҳўжа Исмоил шаҳарчаси.
Тел: (0366) 240-20-51
Тошкент ислом институти ва Мир Араб олий мадрасаси
Тошкент ислом институти ва Мир Араб олий мадрасасига 2019 йилнинг 15 июнидан 15 июлгача абитуриентлардан ҳужжатлар қабул қилинади.
Тақдим этиладиган ҳужжатлар:
- қабул ҳайъати раиси номига ариза;
- ўрта махсус ислом таълим муассасасини битирганлиги ҳақида ҳужжат (диплом) асл нусхаси;
- паспорт нусхаси (асл нусхаси кўрсатилади);
- 6 дона рангли фотосурат (3,5 х 4,5 ҳажмдаги);
- яшаш жойидаги масжид имом-хатибидан тавсиянома (жорий йилда ўқишни тамомлаган битирувчилар таълим муассасаси раҳбаридан тавсиянома олади).
Қабул имтиҳонлари қуйидаги фанлардан бўлиб ўтади:
- Фиқҳ ва ақоид (тест синови);
- Араб тили (оғзаки, ижодий имтиҳон);
- Ўзбекистон тарихи (тест синови).
Манзил: Тошкент ислом институти.
Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, Зарқайнар 18-берк кўча, 47-уй.
Тел: (0371) 227-23-47
Манзил: Мир Араб олий мадрасаси.
Бухоро вилояти, Когон тумани, Қасри Орифон қишлоғи.
Тел: (+99895) 604-45-97
Тошкент ислом институти ва Мир Араб олий мадрасасига ўрта махсус ислом билим юртларини тамомлаганлиги тўғрисидаги ҳужжат (диплом)га эга бўлган фуқаролари қабул қилинади.
Ўрта махсус ислом билим юртлари
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом билим юртларига 2019 йилнинг 15 июнидан 5 июлгача абитуриентлардан ҳужжатлар қабул қилинади.
Тақдим этиладиган ҳужжатлар:
- қабул ҳайъати раиси номига ариза;
- умумий ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасасини тугатганлиги ҳақида ҳужжат (диплом) асл нусхаси;
- паспорт нусхаси (асл нусхаси кўрсатилади);
- 6 дона рангли фотосурат (3,5 х 4,5 ҳажмдаги);
- яшаш жойидаги масжид имом-хатибидан тавсиянома.
Қабул имтиҳонлари қуйидаги фанлардан бўлиб ўтади:
- Хорижий тил (тест синови);
- Тарих (тест синови);
- Маънавият ва маърифат (тест синови).
Ўрта махсус ислом билим юртларига умумий ўрта таълим маълумоти тўғрисидаги шаҳодатнома (11-синф), академик лицей ёки ўрта махсус, касб-ҳунар коллежини тамомлаганлиги тўғрисидаги ҳужжат (диплом)га эга бўлган фуқаролари қабул қилинади.
Олий ва ўрта махсус ислом билим юртлари телефон рақамлари
1. Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти, Тошкент ш., (0371) 227-23-47; (0371) 227-42-37;
2. “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти, Тошкент ш., (0371) 244-48-27;
3. “Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти, Тошкент ш., (0371) 299-24-11;
4. Ҳадис илми мактаби, Самарқанд вилояти, Пайариқ тумани, Ҳўжа Исмоил ш., (0366) 240-20-51;
5. “Мир Араб” олий мадрасаси, Бухоро вилояти, Когон тумани (+99895) 604-45-97;
6. “Мир Араб” ўрта махсус ислом билим юрти, Бухоро ш., (0365) 224-10-11;
7. “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти, Бухоро ш., 221-77-44;
8. “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти, Китоб шаҳри (0375) 54-27-425;
9. “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти, Андижон ш., (0374) 228-00-91;
10. “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти, Наманган шаҳри (0369) 226-60-60;
11. “Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом билим юрти, Урганч ш., (+99895) 606-92-55, (+99895) 602-92-57;
12. “Муҳаммад ал-Беруний” ўрта махсус ислом билим юрти, Нукус ш., (0361) 229-03-26, 229-03-20.
Бир савдогар бой одам ошқозон-ичак касаллигидан азоб чекиб, кўп муолажа олган, бир неча марта жарроҳлик амалиётини ҳам ўтказган эди. Турли хил муолажалардан сўнг ҳам аҳволи ўнгланмади. Бир куни бу ташвишлардан жуда зерикиб кетди ва машинасига ўтириб боши оққан томонга қараб кетди. Йўл-йўлакай, Нил дарёси бўйида жойлашган кичик бир қишлоқча ёнида тўхтади. Узоқдан бир деҳқонни кўриб қолди. Деҳқон эса ерга тўшалган тупроқда ўтириб, бир нима ейиш билан банд эди. Бой одам машинасидан тушиб, деҳқоннинг овқат еяётганини кузата бошлади.
Деҳқон уни кўриб қолиб: "Меҳмон бўлинг, овқатдан енг, чой ичинг!" деб чақирди. Бой одам ўзининг овқат ея олмаслигини тушунтирмоқчи бўлди, аммо деҳқон унинг баҳонасига қарамай, уни таклиф қилишда давом этди. Ахири бой одам ерга тўшалган жойга ўтирди. Унинг олдига овқат тўла патнис қўйилди. Унда бутун помидорлар, бодринг, кўкатлар, салат барги, пиширилган бедана тухумлари, нон ва кўмирда қайнатилган чой бор эди.
Бой одам деҳқонни хафа қилмаслик учун бир дона помидорни олиб оғзига солмоқчи бўлди. Деҳқон унга: "Бисмиллоҳ" деб егин, деди. Бой "бисмиллоҳ"ни айтиб помидорни оғзига солди. Бироқ зум ўтмай қорнида қаттиқ оғриқ пайдо бўлиб, ерга йиқилди. Деҳқон қўрққанидан оиласи билан уни уйига олиб кириб, ётоқхонага ётқизишди. Бой одам ўзининг дори-дармонларини олиб, оғриқни босишга уриниш билан овора бўлди.
Шу кеча деҳқон уйидаги намозхонада қоим бўлиб, бой одам учун Аллоҳдан шифо сўраб, тинмай дуо қилди. Саҳарга яқин, бой одам деҳқоннинг “Аллоҳим, эчкининг ҳаққи билан!” деб қўлларини дуога очганини кўриб қолди. Ҳайратда қолган бой, деҳқондан сўради: "Бу "эчкининг ҳаққи" нима дегани?".
Деҳқон шундай жавоб берди: "Бу Аллоҳ билан менинг орамдаги бир сир".
Бой одам деҳқондан бу сирни очишни сўради ва ҳоли жонига қўймаганидан кейин деҳқон ҳикоя қила бошлади: "Ёшлигимда ишчи бўлиб ишлардим, олган маошимни тўплаб, уйланиш учун сақлардим. Уйланишим учун менга 100 жунайҳ миқдорида маблағ зарур эди. Бир куни қўшнимнинг қизи икки эгизак бола туғиб, онаси вафот этиб қолди. Қўшнимнинг боши қотган, болаларни эмизадиган она керак. Аммо қишлоқда эса, ўзини боласига қўшиб яна икки болани эмизадиган аёл йўқ. Болаларнинг очликдан йиғлашлари менга эшитилган сари юрак-бағрим эзилиб кетади. Шундан кейин мен тўйим учун йиғиб юрган 35 жунайҳ пулни олиб, бозорга бордим. Болалар учун кийим-кечак ва уй учун керакли буюмлар сотиб олдим ва қўшнимга сездирмай нарсаларни унинг ҳовлисига киритиб қўйдим. Қўшним нарсаларни кўриб хурсанд бўлди, аммо яна бу билан қўшнимнинг муаммоси ҳал бўлмаслигини билар эдим.
Бир кеча тушимда бир шайх келиб: "Қўшнингнинг ҳовлисига эчки боғла", деди.
Эрталаб туриб, қолган пулимга янги болалаган эчки сотиб олдим. Қўшнимнинг ҳовлисига олиб кириб боғладим. Шундан кейин қўшнимнинг уйида болаларнинг чинқираб йиғлаган овози тинди. Қўшним эса ҳар куни “Эчкини олиб келган одамга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!” деб дуо қилар эди. Мен учун бу эчки Аллоҳ билан орамдаги бир сир бўлиб қолди. Ҳар қачон шу дуо билан Аллоҳдан сўрасам, Аллоҳ қабул қилади. Бу кеча эчкининг ҳаққи билан сенга шифо сўраб Аллоҳга дуо қилдим. Иншааллоҳ, Аллоҳ сенга шифо беради, деди. Бой одам деҳқоннинг ҳакоясини эшитдию, аммо унга унчалик эътибор қилмади.
Лекин шу воқеадан кейин яна бир марта шифокорнинг ҳузурига таҳлил учун борганида шифокорнинг хулосасини эшитиб ҳайратдан қотиб қолди. Чунки унга бир неча йиллардан бери оғриқ азобини бериб келаётган ошқозон ва ичакларидаги дардидан асар ҳам қолмаган эди.
Бой одам бу гапни эшитгач, шошилганча деҳқоннинг ҳузурига борди ва унинг қўлларини ўпиб миннатдорчилик билдирди ва унга ҳам шундай савобли ишлар қилишни ўргатишини сўради. Деҳқон эса уни қишлоқ бўйлаб олиб юриб, фақир ва муҳтожларнинг уйларини кўрсатди ва ҳар бир фақирнинг уйини олдида бир тўхтаб, унга: "Аллоҳ билан савдо қил!" деди. Бой одам: - Қандай қилиб Аллоҳ билан савдо қилиш мумкин? деб сўради. Шунда деҳқон: "Аллоҳ билан савдо қилишнинг йўллари кўп. Энг муҳими ихлос бўлсин. Шунда бир оғиз ширин сўзинг ҳам садақа ҳисобида бўлади".
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ