بسم الله الرحمن الرحيم
Оила, никоҳ ва талоққа оид шаръий ҳукмлар
Аллоҳ таоло борлиқдаги барча мавжудотни жуфт-жуфт қилиб яратгани каби, инсон наслини ҳам ўз жуфти билан яратган. Бундан кўзланган мурод – ҳар икки жинснинг биргаликда турмуш қуриши, зурриёт қолдириши, биргаликда ҳаёт кечиришини таъминлашдир.
Никоҳ – Исломдаги энг муқаддас тушунчалардан биридир. Чунки айнан никоҳ битими туфайли бошқа-бошқа хонадонда, бутунлай бошқа шароитда катта бўлиб, вояга етган икки ёш бир оила бўлиб яшай бошлайди.
Пайғамбар алайҳиссалом кўплаб ҳадиси шарифларида никоҳланишга тарғиб қилиб, шундай деганлар:
" يَا مَعْشَرَ الشَّبَابِ مَنْ اسْتَطَاعَ منكُم الْبَاءَةَ فَلْيَتَزَوَّجْ ، فَإِنَّهُ أَغَضُّ لِلْبَصَرِ ، وَأَحْصَنُ لِلْفَرْجِ ، وَمَنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَعَلَيْهِ بِالصَّوْمِ فَإِنَّهُ لَهُ وِجَاءٌ "
(رَوَاهُ الإمَامُ البُخَارِيُّ وَالإمَامُ مُسْلِمٌ عَنْ ابْنِ مَسْعُودٍ رضي الله عنه)
яъни: “Эй, ёшлар жамоаси сиздан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин. Албатта, у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидир. Ким қодир бўлмаса, рўзани тутсин, бу унинг учун (ҳаромдан) сақланишидир" (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Никоҳдан олдин совчилик қилиш ҳам – суннатдир. Совчиликдан мақсад – қизнинг хоҳишини, шунингдек, ота-онасининг фикрини, никоҳга розилигини ё норозилигини билишдир. Никоҳдан олдин қиз ва оила аъзоларининг розилиги лозим. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг ўзлари ижозат бермаганида уларни никоҳлашдан қайтариб, шундай марҳамат қилганлар:
"لا تُنْكَحُ الأيِّمُ حَتَّى تُسْتأمَرَ، وَلاَ تُنْكَحُ الْبِكْرُ حَتَّى تُسْتَأْذَنَ، قالوا يَا رَسُولَ اللهِ وَكَيْفَ إذْنُهَا؟ قال: "أَنْ تَسْكُتَ"
(رَوَاهُ الإمَامُ البُخَارِيُّ وَالإمَامُ مُسْلِمٌ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه)
яъни: “Бевани у билан маслаҳатлашмасдан никоҳ қилинмайди. Қизнинг розилиги олинмасдан никоҳ қилинмайди”. Саҳобалар: “Ё Аллоҳнинг Расули, қизнинг розилиги қандай бўлади?” – деб сўрашди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сукут сақлаши”, – деб жавоб қилдилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Миллий қадриятларимизга кўра, ота-оналарнинг ёш келин-куёвларга оилавий турмуш ҳақида панд-насиҳат қилишлари, ўз ҳаётий тажрибаларини сўзлашлари одат тусига кирган. Бу ҳам аслида аввалги улуғларимизнинг гўзал одатларидан ҳисобланади. Буюк саҳоба Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу: “Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари янги келинларга эрининг ҳурматини ва хизматини қилишга буюришар эди”, – деганлар.
Муҳтарам жамоат! Никоҳ ва оилага алоқадор бўлган яна бир муҳим шаръий масала – талоқ масаласи ҳам борки, бугунги кунда ёшларимиз ушбу нозик масалага енгил қарамоқдалар. Билиб-билмай, тушуниб-тушунмай, арзимаган оилавий можаро сабабли ўз жуфти ҳалолига нисбатан “талоқ” лафзини ишлатиб қўймоқдалар. “Талоқ” сўзи айтилганда шаръий никоҳ фосид бўлиб, эр-хотин бир-бирига ҳаром бўлиб қолади. Талоқ – охирги чора сифатида жорий қилинган бўлиб, Аллоҳ таолога хуш келмаслиги ҳадисларда ворид бўлган. Бу ҳақида Пайғамбар алайҳиссалом марҳамат қилганлар:
"أَبْغَضُ الْحَلاَلِ إِلَى اللهِ الطَّلاَقُ"
(رَوَاهُ الإمَامُ أَبُو دَاوُدَ وَالإمَامُ ابْنُ مَاجَه عَنْ ابْنِ عُمَرَ رضي الله عنه)
яъни: “Ҳалол нарсалар ичида Аллоҳ учун энг нохуш нарса – талоқдир” (Имом Абу Довуд ва Имом Можа ривояти).
Баъзи эрлар ўзлари ва оилаларига бахтсизлик ва кулфатдан бошқа нарса келтирмайдиган қийинчилик ва мушкулот йўлини тутиб, шариат ҳукмларига хилоф тарзда “талоқ” сўзини кўп ва бўрттириб қўллаш ҳолатлари авж олмоқда. Аслида бу – улкан маъсият ва ҳаддан ошишдир. Маҳмуд ибн Лабид разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган:
" أُخْبِرَ رَسُولُ اَللَّهِ صلى الله عليه وسلم عَنْ رَجُلٍ طَلَّقَ اِمْرَأَتَهُ ثَلَاثَ تَطْلِيقَاتٍ جَمِيعًا، فَقَامَ غَضْبَانَ ثُمَّ قَالَ: "أَيُلْعَبُ بِكِتَابِ اَللَّهِ تَعَالَى، وَأَنَا بَيْنَ أَظْهُرِكُمْ"
حَتَّى قَامَ رَجُلٌ ، فَقَالَ: "يَا رَسُولَ اللَّهِ أَلَا أَقْتُلُهُ"
(رَوَاهُ الإمَامُ النَّسَائِيُّ عَنْ مَحْمُودِ بْنِ لَبِيدٍ رضي الله عنه)
яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга хотинини учта талоқни жамлаб талоқ қилган киши ҳақида хабар берилди. У Зот ғазабнок ҳолда ўрниларидан туриб: “Мен олдиларингизда бўлсам-у, Аллоҳ таолонинг Китоби билан ўйнашиладими?!”, – дедилар. (У Зотнинг қаттиқ ғазабланганларидан) ҳатто бир киши ўрнидан туриб: “Ё Расулуллоҳ, уни ўлдирайми?” – деб юборди” (Имом Насаий ривояти).
Талоқни эрмак қилиш, бўлар-бўлмас сабаблар билан аёлни талоқ қилавериш жуда катта кулфатларга, оилавий бахтсизликларга сабаб бўлишини унутмаслигимиз зарур. Кўпгина ёшлар “Нега хотингизни талоқ қилдингиз?” деган саволга “Билмай ёки ҳазиллашиб шундай қилиб қўйибман” деган жавобни беришади. Ваҳоланки, шариатни билмаслик ҳеч кимни масъулиятдан халос қилмайди. Зеро, илм олиш – барча мусулмонларга фарздир. Худди шу каби билмасдан ёҳуд ҳазил тариқасида айтса ҳам, талоқ тушади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу борада шундай деганлар:
"ثَلَاثٌ جِدُّهُنَّ جِدٌّ، وَهَزْلُهُنَّ جِدٌّ: النِّكَاحُ، وَالطَّلَاقُ، وَالرَّجْعَةُ"
(رَوَاهُ الإِمَامُ أَبُو دَاوُد وَالإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ وَالإِمَامُ ابْنُ مَاجَه وَالإِمَامُ الْحَاكِم عَنْ أبي هُرَيْرَة رضي الله عنه)
яъни: “Уч нарсанинг жиддийси ҳам – жиддий, ҳазили ҳам – жиддий: талоқ, никоҳ ва ражъат (яъни ражъий талоқда аёлга қайтиш)”, – деганлар (Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Ибн Можа ва Имом Ҳоким ривояти).
Тилга эрк бериб, ноўрин талоқ сўзини айтган ёхуд унда ҳаддидан ошиб, бир лафзда “уч талоқ”, “минг талоқ” ёҳуд “қум талоқ” каби иборалар ила хотинига талоқ қилган киши улкан гуноҳни амалга оширган, Аллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлиб, шайтонни хурсанд қилган бўлади.
Ривоятларда келишича, саҳоба Уббода ибн Сомит разияллоҳу анҳунинг отаси аёлини “минг талоқ” қилади. Уббода шошиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, У Зотдан бунинг ҳукмини сўрайди. Шунда Сарвари коинот шундай жавоб берганлар:
" بَانَتْ بِثَلَاثٍ فِي مَعْصِيَةِ اللَّهِ تَعَالَى ، وَبَقِيَ تِسْعُمِائَةٍ وَسَبْعٌ وَتِسْعُونَ عُدْوَانًا وَظُلْمًا،
إنْ شَاءَ عَذَّبَهُ اللَّهُ وَإِنْ شَاءَ غَفَرَ لَهُ "
(رَوَاهُ الإمَامُ عَبْدُ الرَّزَّاقِ فِي مُصَنَّفِهِ)
яъни: “Аллоҳга осийлик билан (хотинига) “уч талоқ” тушибди. (Минг талоқдан) тўққиз юз тўқсон еттитаси ҳаддан ошиш ва зулм бўлибди. Аллоҳ хоҳласа – азоблайди, хоҳласа – уни кечиради” (Имом Абдурраззоқ “Мусаннаф”да ривоят қилган).
Айримлар эса хотинини талоқ қилиши билан уни ота уйига жўнатиб юборади. Шариатга кўра, талоқ қилинган аёл эрнинг уйидан чиқиб кетиб, бошқа уйда яшаши мумкин эмас. Ҳар қандай иддадаги хотин иддасини эрининг уйида ўтказиши – вожибдир.
Муҳтарам жамоат! Минг афсуслар бўлсинки, бугунги кунда талоқ ва ажримларнинг келиб чиқишига кўп ҳолларда талоқнинг олдини олиши керак бўлган шахслар – ота-оналар сабабчи бўлиб қолмоқдалар. Баъзи ҳолатларда ота-оналар ёшларнинг ҳаётига аралашиб, ўзлари билиб ёки билмаган ҳолда уларнинг оилавий ҳаётларини бузишгача боришмоқда. Бундай ноўрин аралашув айниқса тўйдан олдин юзага чиқиши ҳам кўп кузатилади. Совчилик ва унаштирув пайтидаги бидъат ва хурофотдан иборат бўлган “олди-берди”лардан жанжал чиқади. Қиз тарафга шариатга тамоман хилоф равишда турли шартлар қўйилади ва “солиқ”лар солинади. Келин тарафга эса мазкур бўш хоналарни мебель ва жиҳозлар билан тўлдириб бериш мажбурияти юкланади.
Шариатимизга кўра, ҳар қандай оилавий келишмовчилик ва можароларни тинч йўл билан, оқилона ҳал этишга ҳаракат қилинади. Бунда оилада айниқса эрдан босиқлик ва ҳикмат билан иш кўриш талаб этилади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Нисо” сурасида айнан эрларга хитоб қилиб:
وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ فَإِنْ كَرِهْتُمُوهُنَّ فَعَسَى أَنْ تَكْرَهُوا شَيْئًا وَيَجْعَلَ اللَّهُ فِيهِ خَيْرًا كَثِيرًا
(سُورَةُ النِّسَاءِ/ الأيةُ 19)
яъни: “Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин”, – деган (19-оят).
Шу сабаб эр хотинини арзимас сабабли уриши у ёқда турсин, ранжитиши ҳам Қуръони каримнинг мазкур таълимотига зиддир! Беш қўл ҳам баробар эмас. Ҳаётда баъзи аёллар ҳаддиларида турмай, эрларига қарши бош кўтариб, беодоблик, итоатсизлик кўрсатадилар. Бундай пайтда эр оилада ўз мавқеини сақлаши, хотинини талоқ билан қўрқитишга уринмаслиги, балки тартибга чақиришида Ислом дини кўрсатмасига мувофиқ йўл тутиши керак. Аллоҳ таоло Нисо сурасиниг 34-оятида шундай деган:
وَاللَّاتِي تَخَافُونَ نُشُوزَهُنَّ فَعِظُوهُنَّ وَاهْجُرُوهُنَّ فِي الْمَضَاجِعِ وَاضْرِبُوهُنَّ فَإِنْ أَطَعْنَكُمْ فَلَا تَبْغُوا عَلَيْهِنَّ سَبِيلًا إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَلِيًّا كَبِيرًا
(سورة النساء/ الأية 34)
яъни: "... Хотинларнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга насиҳат қилингиз, сўнгра (бу таъсир қилмаса,) уларни ўринларда (алоқасиз) тарк этингиз, сўнгра (бу ҳам кор қилмаса) уларни (мажруҳ бўлмагудек даражада) урингиз. Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши (бошқача) йўл ахтармангиз. Албатта, Аллоҳ олий ва улуғ зотдир" (Нисо сураси, 34-оят).
Ушбу ояти каримада аёлларни итоатсизлик ҳолатида тарбиялаш йўли таълим берилмоқда. Бунда эр уч босқичда аёлига тарбия бериши керак. Бирини амалга оширмай, навбатдагисини бажариши мумкин эмас. Бунда эр сабр-матонат билан, аввало ўзи ҳаётий намуна бўлиб, узоқ муддат насиҳат қилишда бардавом бўлади.
Эр ва хотин орасини ислоҳ қилиш учун икки тарафдан ақлли, тажрибали, турмушнинг паст-баландидан хабардор, Аллоҳдан қўрқадиган, адолатли ҳукм чиқаришга ҳаракат қиладиган кишилар бўлишлари керак. Шунингдек, ислоҳ қилгувчи шахслар эр хотинсиз, хотин эрсиз яшаши осон эмаслигини аввало ўзлари англаб етишлари ва мана шу нарсани “ажрашаман” деб турган эр-хотинга тушунтира олишлари лозимдир.
Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳаётнинг барча жабҳалари қатори никоҳ ва талоқ масаласида ҳам Қуръони карим ва суннати набавия талаблари асосида ҳаёт кечиришимизни насиб айласин! Фарзандларимизнинг бахт-саодати йўлида фидойилик кўрсатиб, уларга ҳаётий тажрибаларимизни эринмай ўргатадиган ота-оналардан бўлишга муваффақ қилсин! Омин! Ё Роббал оламин!
Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “ЖАҲОЛАТГА ҚАРШИ МАЪРИФАТ – ДИНИМИЗ ШИОРИ” мавзусида бўлади. Жамоатга эълон қилишингизни сўраймиз.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида асосий манба Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматга ҳамма ишлар – ҳукм, фатво, иқтисодий ва сиёсий низомларда асосий манба бўлганлар. У зотдан кейин ҳадислар ислом шариатида асосий таянч бўлиб келмоқда.
Лекин вақт ўтиши билан ҳадисларга бўлган қараш ўзгариб кетди. Айрим сиёсий оқимлар тарафидан ҳадисларга ҳужум бошланди. Ислом динидаги шаръий ҳукмлар фақатгина Қуръони каримдан олиниши, ундан бошқа ҳеч қандай нарсадан ҳукмлар олинмаслик даъвоси кўтарилди. Жумладан, ҳозирги кундаги шоҳидийлар ва қодиёнийлар каби фирқалар ўзларини “Қуръоний – фақат Қуръони карим ҳукмига амал қилувчи” санаб ҳадисларини инкор қилдилар. Қодиёнийлар фикрича ҳадислар тарихий эътибордан ўрганилади, ҳадис шаръий далил бўлмайди.
Айрим фирқалар ҳадисларни очиқдан-очиқ инкор қилади. Лекин айрим тоифалар ҳадисларни очиқдан-очиқ инкор қилмаса ҳам “Қуръони каримга амал қилиш” шиори остида ҳадисларни инкор қилади. Шу сабабли ҳадисни инкор қилувчилар даъволари ва уларга раддия беришдан олдин ҳадис ва ҳадисларни Қуръони карим билан боғлик экани ҳақида маълумот бериб ўтиш зарурати туғилади.
Ҳадис муҳаддислар истелоҳида. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўз, феъл, тақрир, халқий (тана тузилишига оид) ёки хулқий (хулқ-атворга оид) сифат ва сийратдан иборат нубувватдан олдинги ва кейинги қолган асарлар. Сийрат, хулқ, шамоил, хабарлар, сўзлар ва феълларни нақл қиладилар. Булар билан шаръий ҳукм собит бўлиши ёки ҳукм собит бўлмаслигини эътиборга олмайдилар. Муҳаддислар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳидоятга бошлагувчи эканликлари эътиборидан ҳадис ҳақида баҳс юритадилар.
Усул олимлари истелоҳида ҳадис. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўз, феъл ва тақрирдан иборат нақл қилинган сўзлар. Усул олимлари ўзларидан кейинги мужтаҳидларга қоидаларни жорий қилган ва ҳаёт дастурини инсонларга баён қилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида баҳс юритадилар. Усул олимлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни шаръий қонунларни жорий қилувчи сифатида ҳадисларни ўрганадилар.
Фақиҳлар истелоҳида ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан фарз ва вожиб бўлмасдан, балки буларга муқобил бўлиб собит бўлган ҳукмлар. Фақиҳлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни феъллари шаръий хукмга далолат қилишдан ташқарига чиқмаслигини эътиборга олишади. Шунинг учун шаръий ҳукмлар бандаларга нисбатан вожиб, харом ва мубоҳлиги ҳақида баҳс юритадилар.
Биз усул олимлари ихтиёр қилган истелоҳ ҳақида баҳс юритамиз. Чунки, бу қисмнинг мавзусида ҳадиснинг ҳужжатлиги ҳақида сўз боради.
Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони каримдаги очиқ-равшан бўлмаган оятларни шарҳлар, баён қилиш вожиб бўлган ўринларни саҳобаларга баён қилар эдилар. Бу эса қисқача айтилганларни батафсил айтиш, умумий келганини қайдлаш ва мақсадларини равшан қилишлари билан бўлар эди. Баён қилиб бериш эса сўзлари ва қилган ишлари, буйруқлари, қайтариқлари ва ҳаётликларида саҳобаларини қилган ишларини тасдиқ қилишлари билан бўлган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ижтиҳодлари ҳам ваҳийни ўрнида. Чунки Аллоҳ таоло у зотнинг ижтиҳодларини хатога боришдан сақлаб қўйган. У зотнинг ижтиҳодлари оятдан олинган бўлиши ҳам шарт эмас. Масалан, намоз иймондан кейинги жуда муҳим бўлган ибодат. Унда рукуъ ва саждани ҳукми берилади. Қиём ва қаъданинг ҳам зикри айтилади. Лекин булар Қуръони каримнинг бирор жойида тўлиқ айтилмаган. Бу ишларнинг тартиби қандай бўлади? Намоз вақтларининг ҳар-хиллиги, ракъатларининг сони қандай бўлади? Намозни қандай ҳолатда ўқилади? Буларнинг ҳаммасини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз сўзлари ва амаллари билан мукаммал баён қилдилар ва саҳобаи киромларга уларни амалларини ўргатдилар.
Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин ваҳий тўхтади. Қуръони карим ва ҳадисдан бошқа нарса қолмади. Саҳобалар Аллоҳ таолонинг Ҳашр сурасининг 7-оятидаги:
وَمَا آتَاكُمُ الرَّسُولُ فَخُذُوهُ وَمَا نَهَاكُمْ عَنْهُ فَانتَهُوا
“Расулуллоҳ нимани берса уни олингиз, ва нимадан қайтарса қайтингиз”, деган буйруғига бўйсуниб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини маҳкам ушлашга ҳаракат қилдилар.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадислари Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони каримдан кейинги иккинчи мўътабар манба ҳисобланади. Бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам:
تركت فيكم امرين لن تضلوا ما تمسكتم بهما كتاب الله و سنة نبيه
“Сизга икки нарсани қолдирдим. Агар, уларни маҳкам тутсангиз, ҳеч адашмайсиз: Аллоҳнинг Китоби ва Набиййининг суннати” (Молик ривояти), деганлар.
Шу сабабдан ҳадисларнинг ислом жамиятидаги ўрни ҳар доим ҳaм юқори бўлиб келган. Зеро, ҳадисларда ислом динининг фарз, вожиб, суннат, мустаҳаб, ҳaлoл, ҳаром, мубоҳ, макруҳ каби ҳукмлар ёритилган. Ундан ташқари ҳар қандай жамият учун зарур бўлган, маънавий комил инсонларни тарбиялашга хизмат қиладиган, юксак фазилатларга чорловчи қоидалар мажмуаси ҳам ўз ифодасини топган. Шу ақидадан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, ҳозирги пайтда ҳам ҳадисларнинг жамиятимиз учун тарбиявий ва амалий аҳамияти беқиёс ҳисобланади. Мўминлар Қуръони каримнинг кўпгина оятларида аввало, Аллоҳ таолога итоат қилишга амр қилинади, сўнгра Ўзининг Пайғамбарига итоат қилишга амр қилинганлар. Аллоҳ таоло айтади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا أَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ
“Эй иймон келтирганлар Аллоҳга итоат этинглар ва Расулига итоат этинглар” (Нисо, 59-оят).
Аллоҳга итоат қилиш Қуръони каримдаги буйруқ ва қайтариқларга итоат қилиш билан бўлади. Расулига итоат эса, у зотнинг тирикликларида ўзларига итоат этиш билан бўлган бўлса, вафотларидан кейин эса суннатларига амал қилиш билан бўлади. Аллоҳга итоат ва Расулига итоат қилиш алоҳида-алоҳида нарса эмас, балки бир хил тушунча эканнини англаш керак. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом доимо Аллоҳ итоатида бўлганлар. Аллоҳнинг итоатидан ташқари нарсага ҳеч қачон, ҳеч кимни буюрмаганлар.
Қуръони карим лафз ва маъно жиҳатидан Аллоҳнинг каломи. Уни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга юборган ваҳийси. Суннат ва ҳадис эса моҳиятан Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг шахсий фикрлари эмас балки, Аллоҳдан нозил бўлган ваҳийларнинг у зотнинг иборалари билан тақдим этилиши ҳисобланади.
Исломнинг биринчи кунидан бошлаб мусулмонлар ҳар бир катта-ю кичик нарсани Пайғамбаримизидан ола бошладилар. Улар илоҳий дастур – Қуръони карим оятларидан тортиб ҳожатхонада қандай ўтиришгача бўлган нарсаларни қабул қилиб олар эдилар.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётларининг ҳеч бир лаҳзаси саҳобаларнинг диққат-эътиборларидан четда қолмас эди. Чунки у зотнинг оғизларидан чиққан ҳар бир сўз, ўзларидан содир бўлаётган ҳар бир ҳаракат шариат ҳукми, ўрнак, ҳикмат ва насиҳатдан иборат эди. Дунё тарихида ҳаёти бунчалик очиқчасига оммавий равишда ўрганилган шахс яккаю ягона Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлганлар. У Зотнингнг ҳатто ўта нозик ва хос ҳаётлари бугунги кун атамаси билан айтганда шахсий оилавий ҳаётлари ҳам тўлалигича ўрганилиб ривоят қилинган. Чунки ислом дини мукаммал дин бўлгани сабабидан инсон ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олган. Буларнинг ҳаммаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий ўрнаклари бўлган.
Бир сўз билан айтганда, у зот Қуръони каримни ўз шахсларида татбиқ қилиб, инсонларга кўрсатишлари керак эди. Шунинг учун ҳам саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларидан узлуксиз бирга юришар, у зотдан содир бўлган ҳар бир нарсани ўта аниқлик билан ёдлаб олишар ва ривоят қилишар эди. Ҳатто ўз ишлари билан машғул бўлган вақтларида бошқа кишилардан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эътибор билан туришни, у зотдан содир бўлган нарсаларни яхшилаб ўзлаштириб олишни илтимос қилар эдилар. Қайтиб келганларида эса дарҳол ўзлари тайинлаб кетган одамларидан сўраб, ўрганиб олар эдилар. Умар розияллоҳу анҳу ўз қўшнилари билан келишиб олиб навбат ила Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида туришлари ҳақида у кишининг ўзидан ривоят қилинганлиги маълум ва машҳур. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган заррача нарса ҳам саҳобаларнинг эътиборидан четда қолган эмас. Буни душманлар ҳам тан олганлар. Ҳижратнинг олтинчи йили Ҳудайбия ҳодисасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчилигида бир минг тўрт юз саҳобаи киромлар Мадинаи мунавварадан эҳром боғлаб Каъбатуллоҳни тавоф қилиб, умра қилмоқчи бўлиб йўлга чиқадилар. Ҳудайбия деган жойда туриб қолганларида мушриклардан вакил бўлиб келган ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан музокара олиб борган кишилардан бири ўз қавмига қайтиб бориб: “Аллоҳга қасамки, ҳеч ким Муҳаммадни шериклари ҳурмат қилгандек ҳурмат қилмайди. У туфласа туфуги ерга тушмаяпти, саҳобалари қўллари ила илиб олмоқдалар”, деб айтган эди.
Мушрикнинг таъбирича туфуги ерда қолмаган зотнинг гап-сўзлари, ваъз-насиҳатлари, ҳукму васиятлари ерда қолармиди?! Уларнинг ҳаммаси ниҳоятда катта эътибор ва аниқлик билан ўрганилган. Таъкидлаш лозимки, саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган нарсаларни ҳою ҳавас ёки билим, маданий савия кабилар учун қабул қилмаганлар. Балки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган ҳар-хил ҳукмларга амал қилишни кўзлаб қабул қилганлар. Қолаверса, уларни бошқаларга ҳам етказиб, амалга чорлашни мақсад қилганлар.
Ойбек Ҳошимов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.