Ҳунайн ғазотида баъзи ансорлар бир-бирлари билан кўришиб, “Аллоҳ таоло Расулини мағфират қилсин! Одамларга ўлжадан бериб, бизни тарк этдилар. Ваҳоланки, қиличларимиздан қон томчилаб турибди” дея пичирлашдилар. Бу гап Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб келди. Ансорларнинг барчасини бир жойга тўпладилар. Макка аҳлидан узоқроқ жойга. Ансорларга хитоб қилдилар. Ҳис-туйғулар қоришган, мулойимлик қоришган, нафислик, нозиклик қоришган гапларни айтдилар. Истардимки, ҳар бир мусулмон у зот алайҳиссалом айтган ушбу гапларни ёдлаб олса. Аллоҳга ҳамду сано айтдилар. Кейин:
“Эй ансорлар жамоаси, сизлар тарафдан менга етиб келган гап, қандай гап?! Олдингизга келганимда залолатда эдингиз, Аллоҳ сизларни мен сабабли ҳидоят қилмадими?! Тарқоқ эдингиз, Аллоҳ мен сабабли сизларни бир-бирингизга улфат қилмадими?! Фақир эдингиз, Аллоҳ мен сабабли сизларни бой қилмадими?!” дедилар. Улар “Ҳа, Аллоҳ ва Расули марҳаматли ва афзалдир!” дейишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Менга жавоб қайтармайсизларми, эй ансорлар жамоаси?” дедилар. Улар “Жавоб бердик, эй Расулуллоҳ” дейишди. “Ҳа, Аллоҳ ва Расули марҳаматли ва афзалдир!” дейишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Менга жавоб қайтармайсизларми, эй ансорлар жамоаси?” дердилар. Улар “Жавоб бердик, эй Расулуллоҳ” деб айтишарди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга қасамки, агар хоҳласангиз: “Сиз бизга ёрдамсиз ҳолда келдингиз, биз сизга ёрдам бердик, ёлғончи қилинган ҳолда келдингиз, биз сизни тасдиқладик, , фақир эдингиз, сизга мол бериб, бой қилдик!” – деб айтишингиз мумкин, шунда тўғри айтган бўласизлар ва сизларни ҳеч ким инкор этмайди!” – дедилар. Ансорлар бу гапларни эшитиб баланд овозда: “Йўқ, барча яхшилик ва марҳамат Аллоҳ томонидан бўлди!” – деб юборишди.
Расулуллоҳ алайҳиссалом бироз тўхтаб, сўзларида давом этдилар: “Эй ансорлар, эй дўстларим! Мен маккаликларни Исломга кирсинлар, дея сийлаган дунёнинг арзимас матоҳини деб кўнглингиз оғридими?! Сизларга Исломингизни қолдирдим.
Эй ансорлар, у одамлар қўй ва туялар билан кетишларига, ўзларингиз эса Аллоҳ ва Расули билан уйга қайтишга рози бўлмайсизларми?! Аллоҳга қасамки, сизлар олиб қайтаётган нарса улар олиб қайтаётган нарсадан яхшироқдир.
Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, агар ҳижрат бўлмаганида, мен ансорлардан бири бўлар эдим.
Одамлар устки кийимим бўлсалар, ансорлар танамга тегиб турадиган кийимимдирлар.
Одамлар бир томонга, ансорлар бошқа томонга юрсалар, мен ансорлар томонга юрган бўлар эдим.
Бироз сабр қилинглар, мен билан Ҳавзи Кавсар олдида кўришасизлар.
Аллоҳим, ансорларни, ансорларнинг фарзандларини ва фарзандларининг фарзандларини ҳам ўз раҳматингга олгин!”
Ансорлар бу мулойим, меҳр тўла, ажойиб сўзлардан соқоллари ҳўл бўлиб кетгунча йиғладилар. Ушбу хутба ва ундаги гаплар ҳар бир мусулмон фаҳмлаб, зеҳнига жо қилиши ва тез-тез такрорлаб туриши учун қанчалар муносибдир! Чунки, бу орқали Саййидимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нақадар нафис ва мулойимликларини ҳис этади.
Муҳаммад Саъийд Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳнинг мавъизасидан
Нозимжон Ҳошимжон таржимаси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳ бир куни илмий мажлисларида шундай дедилар: «Инсонга ҳаётда ғам, мусибат ва машаққатлар етади. Агар банда чуқурроқ ўйлаб кўрса, бу машаққат ва қийинчиликлар Аллоҳ таолонинг неъматлари эканини англайди. Масалан, беморлик ҳам бир неъмат. Фақирлик ва муҳтожлик ҳам неъмат. Қалб кўзи очиқ инсон бу нарсалар Аллоҳ таолонинг неъматлари эканини кўради. Ҳақиқатда, машаққат ва қийинчиликлар неъматдир. Аммо бизнинг қосир ақлимиз уларнинг неъмат эканини сиғдира олмайди».
Шу ўринда мусибат ва қийинчиликлар қандай қилиб неъмат бўлади? деган савол туғилади. Бу саволнинг жавоби ҳадиси шарифда келади. Унда айтилишича, Аллоҳ таоло охиратда машаққат ва мусибатларга сабр қилган бандаларига беҳисоб ажр-мукофотлар беради, ўшанда дунёда у қадар мусибатга учрамаган одамлар у бандаларни кўриб, кошки, ҳаёти дунёда бизга ҳам мусибат ва машаққатлар етганда эди, биз ҳам сабр қилган ва сабримизга мана шундай ажр-савоблар олган бўлар, бу кунда сабр қилувчилар билан бирга турар эдик, деб орзу қиладилар.
Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деб турганларида, мажлисга бир одам кириб келди. У ногирон бўлиб, турли хил дардларга мубтало эди. У келиб, Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳга: «Менинг ҳаққимга дуо қилинг, Аллоҳ таоло менга бу машаққатлардан нажот берсин», деди.
Мавлоно Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Биз ўша мажлисда ҳозир эдик. Ўшанда ҳайрон бўлдик, Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳ бутун мусибатлар ва қийинчиликларнинг неъмат эканини айтиб турибдилар. Бу ёқда эса бу одам ўзидан машаққат ва қийинчиликларнинг кетишини истаб дуо сўраяпти. Агар бу ногирон одамдан машаққатлар кетишини сўраб дуо қилсалар, у ҳолда неъматнинг зое бўлишини сўраган бўладилар-ку? Ҳожи Имдодуллох Маккий раҳматуллоҳи алайҳ шу пайт қўлларини дуога кўтардилар ва: «Аллоҳим! Ҳақиқатда, барча мусибат ва машаққатлар неъматдир. Лекин, Аллоҳим, биз ожизмиз. Сен бизнинг ожизлигимизга назар сол ва бу машаққат неъматини саломатлик неъматига алмаштириб бер!» деб дуо қилдилар».
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан