Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Ноябр, 2024   |   22 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:58
Қуёш
07:21
Пешин
12:15
Аср
15:17
Шом
17:01
Хуфтон
18:19
Bismillah
23 Ноябр, 2024, 22 Жумадул аввал, 1446

“Бироз сабр қилинглар, мен билан Ҳавзи Кавсар олдида кўришасизлар”

10.06.2019   3234   3 min.
“Бироз сабр қилинглар, мен билан Ҳавзи Кавсар олдида кўришасизлар”

Ҳунайн ғазотида баъзи ансорлар бир-бирлари билан кўришиб, “Аллоҳ таоло Расулини мағфират  қилсин! Одамларга ўлжадан бериб, бизни тарк этдилар. Ваҳоланки, қиличларимиздан қон томчилаб турибди” дея пичирлашдилар. Бу гап Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб келди. Ансорларнинг барчасини бир жойга тўпладилар. Макка аҳлидан узоқроқ жойга. Ансорларга хитоб қилдилар. Ҳис-туйғулар қоришган, мулойимлик қоришган, нафислик, нозиклик қоришган гапларни айтдилар. Истардимки, ҳар бир мусулмон у зот алайҳиссалом айтган ушбу гапларни ёдлаб олса. Аллоҳга ҳамду сано айтдилар. Кейин:

“Эй ансорлар жамоаси, сизлар тарафдан менга етиб келган гап, қандай гап?! Олдингизга келганимда залолатда эдингиз, Аллоҳ сизларни мен сабабли ҳидоят қилмадими?! Тарқоқ эдингиз, Аллоҳ мен сабабли сизларни бир-бирингизга улфат қилмадими?! Фақир эдингиз, Аллоҳ мен сабабли сизларни бой қилмадими?!” дедилар. Улар “Ҳа, Аллоҳ ва Расули марҳаматли ва афзалдир!” дейишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Менга жавоб қайтармайсизларми, эй ансорлар жамоаси?” дедилар. Улар “Жавоб бердик, эй Расулуллоҳ” дейишди. “Ҳа, Аллоҳ ва Расули марҳаматли ва афзалдир!” дейишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Менга жавоб қайтармайсизларми, эй ансорлар жамоаси?” дердилар. Улар “Жавоб бердик, эй Расулуллоҳ” деб айтишарди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга қасамки, агар хоҳласангиз: “Сиз бизга ёрдамсиз ҳолда келдингиз, биз сизга ёрдам бердик, ёлғончи қилинган ҳолда келдингиз, биз сизни тасдиқладик, , фақир эдингиз, сизга мол бериб, бой қилдик!” – деб айтишингиз мумкин, шунда тўғри айтган бўласизлар ва сизларни ҳеч ким инкор этмайди!” – дедилар.  Ансорлар бу гапларни эшитиб баланд овозда: “Йўқ, барча яхшилик ва марҳамат Аллоҳ томонидан бўлди!” – деб юборишди.

Расулуллоҳ алайҳиссалом бироз тўхтаб, сўзларида давом этдилар: “Эй ансорлар, эй дўстларим! Мен маккаликларни Исломга кирсинлар, дея сийлаган дунёнинг арзимас матоҳини деб кўнглингиз оғридими?! Сизларга Исломингизни қолдирдим.

Эй ансорлар, у одамлар қўй ва туялар билан кетишларига, ўзларингиз эса Аллоҳ ва Расули билан уйга қайтишга рози бўлмайсизларми?! Аллоҳга қасамки, сизлар олиб қайтаётган нарса улар олиб қайтаётган нарсадан яхшироқдир.

Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, агар ҳижрат бўлмаганида, мен ансорлардан бири бўлар эдим.

Одамлар устки кийимим бўлсалар, ансорлар танамга тегиб турадиган кийимимдирлар.

Одамлар бир томонга, ансорлар бошқа томонга юрсалар, мен ансорлар томонга юрган бўлар эдим.

Бироз сабр қилинглар, мен билан Ҳавзи Кавсар олдида кўришасизлар.

Аллоҳим, ансорларни, ансорларнинг фарзандларини ва фарзандларининг фарзандларини ҳам ўз раҳматингга олгин!”

Ансорлар бу мулойим, меҳр тўла, ажойиб сўзлардан соқоллари ҳўл бўлиб кетгунча йиғладилар. Ушбу хутба ва ундаги гаплар ҳар бир мусулмон фаҳмлаб, зеҳнига жо қилиши ва тез-тез такрорлаб туриши учун қанчалар муносибдир! Чунки, бу орқали Саййидимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нақадар нафис ва мулойимликларини ҳис этади.  

 

Муҳаммад Саъийд Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳнинг мавъизасидан

Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Фарзандингизга суннат асосида таълим-тарбия беринг

22.11.2024   2687   1 min.
Фарзандингизга суннат асосида таълим-тарбия беринг

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Фарзандингизнинг сочини тарасангиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Кимнинг сочи бўлса, уни парвариш қилсин”, деганлар, ўша ҳадисга мувофиқ тараб қўйяпман деб айтинг.

 

Ўғилчангизга атир сепсангиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Менга бу дунёдан хушбўйлик, аёллар маҳбуб қилинди. Намоз эса кўз қувончим қилинди”, деганлар, ўша ҳадисга мувофиқ атир суртяпман деб айтинг.

 

Фарзандингиз мактабга кетаётганда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ким илм талабида йўлга тушса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди”, деган ҳадисларини эслатинг.

 

Фарзандингизга кулиб қараганингизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Биродарингнинг юзига табассум билан боқишинг ҳам садақадир”, деган ҳадисларини эслатинг.

 

Фарзандингизни мақтасангиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Яхши сўз ҳам садақадир”, деганларини эслатинг.

 

Фарзандингизга ёши катта кексаларни ҳурмат қилишни ўргатиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кичикларимизга раҳм шафқат қилмаган, кексаларимизни эъзозламаганлар биздан эмас”, деганларини айтинг.

 

Шу тариқа фарзанд тарбиясини суннат ва сийратга боғлаб, ҳадислар асосида таълим-тарбия беринг.

 

Мақолалар