Ибн Аббос розияллоҳу анҳу бундай деганлар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Агар умматларим Рамазондаги фазилатларни билганларида эди, йилнинг ҳаммаси Рамазон бўлишини орзу қилардилар”, деганларини эшитдим”. Чунки Рамазондаги тоатлар мақбул, дуолар мустажоб, гуноҳлар эса мағфират қилинади. Жаннат эса рўзадорларга муштоқ бўлади.
Ҳа, бугун биз энди ҳис этяпмиз Расулуллоҳнинг сўзларини. Кундузлари рўзадор бўлиб тақвога яқинлик, иймон ҳаловати, кечалари таровиҳларда Қуръони карим мўжизаси, тасбиҳлар, тафсир, ҳадис, шонли тарих ҳақидаги мўтабар суҳбатлар… Наҳот буларнинг ҳаммаси тугаб боряпти. Бунча тез ўтмаса Рамазон…. Яна бир йил умид билан, дуо билан соғинамиз энди бу муборак ойни…
Куни кеча Рамазонга катта туҳфалардан бири бўлиб очилган “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” жоме масжидида ҳам хатми Қуръон якунланди.
Айтиш лозимки ушбу муаззам мажмуа муҳтарам юртбошимиз ташаббуслари билан ислом оламидаги улуғ аллома, фвзилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳматуллоҳи алайҳнинг ислом равнақи, халқлар дўстлиги, умматнинг бирлиги йўлида қилган шарафли меҳнатлари муносиб эътирофи сифатида шайх ҳазратлари ўзлари ҳаётлик чоғларида ҳиссалари қўшилган кейинчалик тугалланмай қолган масжид майдони ўрнида бунёд этилган. Ҳазратнинг салобатлари, улуғворликларига ҳамоҳанг бу мўътабар маскандан зиёратчилар, намозхонлар аримайди. Аллоҳ таоло ўзининг солиҳ бандасига буюк фазл кўрсатиб, масжидда қилинаётган ибодатлар, хатми Қуръонларнинг савоби билан неъматлантириб турибди.
Хатмона кечаси масжид ва унинг атроф кўчалари ихлос эгалари бўлган намозхонлар билан тўлиб тошди. Уламолар, устоз имом домлаларнинг мунаввар суҳбатлари, қалбдан чиққан дуолари ибодат уйини жаннат издиҳомига айлантирди.
Хатми Қуръонни шайх ҳазратларининг шогирдлари ҳозирда кўплаб қориларга устоз саналган Баҳодир қори Раҳматуллаев, Ҳамидуллоҳ қори Ариповлар 23 кун давомида ҳусни тажвид, гўзал савт билан адо этиб беришди.
Қори Қуръоннинг сўнгги сураларини ўқир экан, ҳар томондан йиғи овозлари эшитилар, муқтадийлар ўзларини йиғидан тўхтата олмас эдилар. Ахир улар йигирма бир кун мобайнида завқланиб тинглаган, ўрганиб қолган Қуръонлари тугаб бормоқда… Роббилари билан дийдор яна узоқлашмоқда…. Албатта, бу дийдор ҳар куни беш вақтда келади, бироқ Ўзи улуғлаб қўйган Рамазондаги ибодатнинг қалбга олиб келувчи фароғати ўзгача. Шу боис хатми Қуръон кейин дуолар, муножотлар узоқ давом этди. Қорининг лафзидан гўзал дуолар терилиб келар, кўзларда шашқатор ёшлар истиғфордан тўкилар эди….
Хатми Қуръон савоби Шайх ҳазратларига бағишланди. Шунингдек, юртимизда дин йўлида хизмат қилиб ўтган кўплаб уламолар, марҳум устозлар эсланди. Бу мажмуани бунёд этиб берган муҳтарам юртбошимиз ҳақларига дуолар қилинди, у кишининг ота-оналари руҳониятларига савоблар бағишланди. Қориларни шундай мартабага етказган ота-оналари, устозлари ҳаққларига дуолар қилинди. Уларнинг бу меҳнатлари эвазига жаннатда иззат тожини кийдиришлик насиб бўлишини сўраб дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Ҳар бир тарихий обида – халқимиз тарихи ва маданиятининг гувоҳи. Мирзачўл ҳудудида жойлашган “Ёғочли сардоба” ҳам ана шундай ноёб ёдгорликлардан бўлиб, унинг меъморий тузилиши ва муҳандислик ечими ўз даврининг илғор билимларига таянилганини кўрсатади.
– Сардобанинг гумбазсимон тузилиши, 15 метрлик ички диаметри ва 12 метр баландлиги уни нафақат амалиётда самарали, балки архитектура жиҳатдан ҳам ўзига хос намуна сифатида намоён этади. Ердан икки метр баландликдаги туйнуклар, салқинликни сақловчи вентиляция тизими, симметрияли қурилиши ва девор қалинлигининг юқорига кўтарилган сари юпқалашиб бориши – буларнинг барчаси сардобанинг бетакрорлигигидан далолат беради,– дейди тарихчи-археолог Солижон Қудратов.
Сардобага арксимон кириш қисми орқали ғиштли зинапоялардан фойдаланиб тушилади. Кириш қисмидаги йўлакча устидан эса хизматчилар учун махсус хоналарга чиқиш мумкин бўлган айланма зинапоя қурилган.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётган бир пайтда “Ёғочли сардоба” ҳам қайта тиклаш ишлари доирасида ўрганилмоқда. Баъзи реконструкция ишлари бошланган бўлса-да, маълум техник ва молиявий сабабларга кўра, қурилиш вақтинча тўхтаб қолган.
– Энди бу масканни тўлиқ таъмирлаб, туристик маршрутларга қўшиш, атрофида дам олиш масканлари, сув йўллари, маҳаллий ҳунармандчилик объектларини ривожлантириш режалаштирилган. Бунда давлат-хусусий шериклик асосида ёш тадбиркорларни ҳам жалб этиш кўзда тутилмоқда, – дейди Сирдарё вилоят ҳокимининг ўринбосари Шоҳруҳ Исоқулов.
“Тошкент – Самарқанд – Бухоро” магистраль йўли бўйлаб жойлашган “Ёғочли сардоба” ҳозирнинг ўзидаёқ саёҳатчилар диққатини ўзига тортмоқда. Шу боис, яқин истиқболда бу иншоот нафақат тарихий ёдгорлик, балки маданий-маърифий тадбирлар ўтказиладиган, маҳаллий ва халқаро туризмни қўллаб-қувватлайдиган муҳим марказга айланиши, шубҳасиз.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири