ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги матбуот хизмати
Бугун 31 – май муборак Рамазон ойининг 26 – куни Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани “Доруломон” жоме масжидига, Хоразм вилояти “Фахриддин ар-Розий” ислом билим юрти мударриси Абдулҳамид домла Жуманов имом-хатиб вазифасига тайинланди.
Тошкент шаҳар бош имом – хатиби Раҳимберди домла Раҳмонов, Тошкент шаҳар вакили ўринбосари С. Сатимов ҳамда Мирзо Улуғбек туман бош имом-хатиби А. Маматов “Доруломон” жоме масжидига ташриф буюриб, масжид қавмига янги тайинланган имом-хатибни таништирдилар.
ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги матбуот хизмати
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси ҳамда Республика қон қуйиш маркази ҳамкорлигида Ўзбекистон мусулмонлари идорасида кўчма қон йиғиш хайрия тадбири ташкил этилди.
“Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остида ўтказилаётган беғараз донорлик акциясида Диний идора ходимлари фаол иштирок этиб, қонга муҳтож ва бемор болажонлар саломатлиги йўлида ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшди. Халқимизга хос меҳр-мурувват ва саховат рамзи бўлган ушбу тадбир жамиятда инсонпарварлик ғояларини кенг тарғиб этишга хизмат қилади.
Тадбир доирасида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова бошчилигидаги партия фаоллари Ўзбекистон мусулмонлари идораси фаолияти билан яқиндан танишди. Меҳмонларга Идора ходимлари учун яратилган шароитлар, бой китоб фондига эга кутубхона ҳамда маънавий-маърифий кўрсатувлар тайёрланадиган замонавий медиа студия фаолияти ҳақида маълумот берилди.
Учрашувда маънавият, маърифат, ижтимоий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва аҳоли орасида беғараз донорлик маданиятини ривожлантириш йўлида ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Партия раҳбарияти инсонпарварлик акциясини юқори савияда ташкил этишда яқиндан кўмаклашган ва унда фаол иштирок этган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти ҳамда жамоасига самимий миннатдорлик билдирди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати