Барчамиз яхши биламизки, Қадр кечаси йилнинг энг улуғ кечасидир. Бу кеча энг улуғ ой ичига яширилган. У кечада қилинган ибодатлар, дуолар, зикрлар Қадр кечаси мавжуд бўлмаган бошқа минг ойдан яхшироқдир. Бу ҳақида Қуръонда очиқ айтиб қўйилган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
لَيْلَةُ الْقَدْرِ خَيْرٌ مِّنْ أَلْفِ شَهْرٍ
“Лайлатул Қадр минг ойдин яхшироқдир” (Қадр сураси, 3-оят).
Қуръон нозил бўлган бу кечада дуолар ижобат бўлади, амалларнинг савоби жуда улуғ бўлади. Бу кечада қилинадиган дуо ҳақида ҳадиси шарифларда келган.
عن عائِشةَ رَضِيَ اللهُ عنها قالت: قلتُ: يا رسولَ اللهِ، أرأيتَ إنْ عَلِمْتُ أيُّ ليلةٍ ليلةُ القَدرِ، ما أقولُ فيها؟ قال: قُولي: اللَّهُمَّ، إنِكَّ عَفُوٌّ تُحِبُّ العَفوَ فاعْفُ عَنِّي
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, у киши айтдилар: «Эй Расулуллоҳ, агар Қадр кечаси қайси кеча эканини билсам (яъни, қадр кечасини топишга муваффақ бўлсам), унда нима деб дуо қилай?» дедим. У зот: «Аллоҳумма иннака Афуввун туҳиббул афва фаъфу ъанний» деб айт!» дедилар». Имом Аҳмад, Термизий, Ибн Можа, Насоий, Ҳоким, Байҳақий ривоят қилишган.
Дуонинг маъноси: «Ё Аллоҳ, албатта, Сен Афуввсан (гуноҳларни кечирувчи, афв қилувчисан), кечиришни яхши кўрасан, мени афв қилгин, кечиргин».
Улуғ кечада Оиша онамизга тавсия қилинаётган дуони кўряпсизми?
Оиша онамиз барча оналаримиз ичида энг ёши бўлганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллари ичидан фақат у кишига бокира ҳолларида уйланганлар.
Онамизга бўҳтон қилишганда Аллоҳ таолонинг Ўзи оятлар нозил қилиб, онамизнинг покликларини эълон қилган. Бу оятлар қиёматга қадар тиловат қилинади.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам умрлари охирида бетоб бўлганларида Оиша онамизнинг уйларида қолишга бошқа оналаримиздан рухсат олганлар.
Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари ҳам Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ҳужраларида бўлди.
Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кимни кўпроқ яхши кўришлари ҳақида сўрашганида у зот алайҳиссалом “Оишани” деганлар. “Эркакларданчи?” дейишганда, “Унинг отасини” деб жавоб берганлар.
Мана шу айтилганлар онамизнинг фазилатлари нақадар улуғлигини кўрсатади. Мана шундай мақомдаги кишига Қадр кечасида Аллоҳ таолодан афв, кечирим сўраш буюрилмоқда.
Энди биз кўзимизни каттароқ очайлик! Қадр кечасини ғанимат билиб, бу кечада кўпроқ ибодат қилишга, Роббимиздан кўпроқ мағфират сўрашга ҳаракат қилайлик! Зеро, ҳар бир инсон хатокордир. Хато қилувчиларнинг яхшиси эса тавба қилувчилардир.
Аллоҳ таоло бизга раҳм қилсин! Гуноҳларимизни кечирсин! Қадр кечасида ихлос билан ибодат қилиб, гуноҳларимиз кечирилишини насиб этсин!
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Фарзанд — Аллоҳ таолонинг энг улуғ неъматларидан биридир. У нафақат қувонч ва бахт манбаи, балки ота-она зиммасидаги катта масъулият ҳамдир. Фарзанд тарбияси Ислом динида ибодат даражасидаги муқаддас вазифа ҳисобланади. Чунки бугунги тарбия эртанги жамиятнинг қиёфасини белгилайди. Солиҳ фарзанд — ота-онага дунёда ҳам шараф, охиратда ҳам нажот топишига сабабидир.
Фарзанд тарбиясида ота она ва устозлар бир ёқадан бош чиқариб фарзандлар келажакда буюк инсонлардан бўлиб улгайишлари учун этиборлар масулиятларини кучайтиришлари керак шунда кутилган орзу ва қилинган нийятларга эришилади. эришилади.
Фарзанд — омонат
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Эй мўминлар! Ўзларингизни ва оилаларингизни дўзах оловидан сақлангиз!” (Таҳрим сураси, 6-оят).
Бу оят ота-онага улкан вазифани юклайди. Яъни, фарзандни фақат едириб-ичириш эмас, балки уни иймонли, одобли, ҳалол ва ватанпарвар қилиб тарбиялаш ҳам ота-онанинг бурчидир.
Бугунги кунда айрим ота-оналар фарзандининг кийими, овқати, ўқиши ҳақида қайғуради, аммо унинг қалби, одоби, намози ва дўстлари ҳақида етарлича эътибор бермайди. Ҳолбуки ота онадан фарзандлари учун қоладиган энг катта мерос — бойлик эмас, чиройли тарбиядир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарбия ҳақидаги биз умматларига қилган насиҳатларини эслаймиз.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳеч бир ота ўз фарзандига чиройли одобдан афзалроқ ҳадя бера олмайди” (Имом Термизий ривояти).
Бу ҳадисдан маълум бўладики, фарзандга қимматбаҳо уй ёки мол-дунё эмас, балки гўзал ахлоқ бериш энг катта бойликдир.
Яна бир ҳадисда: “Барчангиз масъулсиз ва қўл остингиздагилардан сўраласиз” деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Демак, ота ҳам, она ҳам фарзанди тарбияси учун Аллоҳ ҳузурида жавоб беради.
Тарбия оиладан бошланади
Фарзанд энг аввало ота-онанинг феъл-атворидан таъсирланади. Уйда ёлғон гапирилса, фарзанд ҳам ёлғончи бўлади. Уйда ҳурмат бўлса, фарзанд ҳам одобли бўлиб улғаяди. Ота-онанинг ҳар бир амали болага дарсдир.
Шунинг учун:
Ота ҳалол ризқ топиши;
Она иффати ва одоби билан намуна бўлиши;
Оилада намоз, Қуръон ва яхши муҳит бўлиши;
Фарзандга меҳр билан насиҳат қилиниши жуда муҳимдир.
Қаттиққўллик ёки фақат койиш билан эмас, меҳр ва ҳикмат билан қилинган тарбия самарали бўлади.
Луқмони Ҳакимнинг ўғлига қилган насиҳати ва тарбиясини Аллоҳ таоло қуронда баён қилиниш фарзанд тарбияси нақадар масулиятли вазифалигини билиб олсак бўлади: “Эй ўғилчам! Аллоҳга ширк келтирма. Албатта ширк катта зулмдир” (Луқмон сураси, 13-оят).
Бу оятда аввало ақида ва иймон тарбияси биринчи ўринга қўйилганини кўрамиз. Фарзандга энг аввало Аллоҳни танитиш, ҳалол-ҳаромни ўргатиш лозим.
Фарзанд тарбиясидаги энг катта хатолар
Бугунги даврда айрим ота-оналар:
Фарзандини телефон ва интернетга топшириб қўймоқда;
Унинг дўстлари ва муҳитини назорат қилмаяпти;
Диний тарбияга эътиборсизлик қилмоқда;
“Катта бўлса ўзи ўрганади”, деб бепарво бўлмоқда.
Аммо ёш ниҳол қандай эгилса, катта дарахт ҳам шундай шакл олади. Кичикликда берилган тарбия умр бўйи таъсир қилади.
Солиҳ фарзанд — ота-онага садақаи жория бўлади.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Инсон вафот этса, уч нарсадан бошқа амали узилади: садақаи жория, фойдали илм ва ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанд" (Имом Муслим ривояти).
Демак, яхши тарбия топган фарзанд ота-онасининг вафотидан кейин ҳам уларга савоб етказиб туради.
Хулоса ўрнида шуни алоҳида айтиб ўтмоқчимиз
Фарзанд тарбияси — энг улуғ ва энг масъулиятли вазифадир. Ота-она фарзандига нафақат дунёвий таълим, балки иймон, одоб, ҳаё, ватанпарварлик ва инсонийликни ҳам ўргатиши керак. Чунки бугунги фарзанд — эртанги ота-она, устоз ва жамият эгасидир.
Аллоҳ таоло барча ота-оналарга фарзандларини солиҳ, илмли, одобли қилиб тарбиялашда тавфиқ ато эцин. Фарзандларимизни динига, ватанига ва ота-онасига садоқатли инсонлардан бўлиб улгайишларини насиб этсин.
Муҳаммадшокир Бобохўжаев,
Норин туманидаги “Умархўжа эшон” жоме масжиди имом-хатиби