Давлатимиз томонидан муборак Рамазон ойида яна бир хайрли, улкан аҳамиятга эга “Меҳр” инсонпарварлик операцияси амалга оширилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига биноан, 156 нафар ватандошимиз, асосан аёллар ва болалар Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудидан юртимизга қайтарилди. Улар 30 май куни махсус авиарейсда Тошкент шаҳрига олиб келинди.
Алдов оқибатида ўзга юртга бориб қолиб, оғир ҳаётий даврни бошидан ўтказган бу инсонларга ҳукуматимиз томонидан тиббий, психологик, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилади. Уларнинг тинч ҳаётга қайтиб, жамиятга мослашишлари, таълим ва ижтимоий дастурларда иштирок этишлари учун зарур шароит яратилади, бошпана ва иш билан таъминлаш чоралари кўрилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Жорий йилнинг 6 май куни Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасасида навбатдаги маърифий учрашув ташкил этилди.
Унда Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Д.Махсудов томонидан муассаса ўқитувчилари, ходимлари ҳамда талабаларига "Фуқароларнинг виждон эркинлигини таъмилаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати Концепцияси"нинг мазмун-моҳиятини ифода этувчи махсус курс машғулоти ўтиб берилди.
Тадбир давомида Концепцияда мустаҳкамланган виждон эркинлиги тамойиллари, диний эътиқод эркинлигини таъминлашга қаратилган қонунчилик асослари ва фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш масалалари кенг ёритилди. Диний-маърифий соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Манба: Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати