Рамазон ойининг сўнгги кечалари Тошкент вилоятида Қуръони карим хатмоналари билан янада файзли ўтмоқда. Шу кунга қадар вилоятда 80 дан зиёд масжидларда хатмоналар якунланди. Қутлуғ ойнинг баракотидан барча бирдек баҳраманд бўлишга ошиқмоқда. Буни одамларнинг хайрли ишларга ҳарислиги, ибодатга ошуфталиги ва фарзу суннат амалларини бажаришга эътибори ошганидан яққол сезиш мумкин.
Юртимизда ўзининг файзу баракаси билан ўтаётган Рамазон ойининг ҳикматлари жуда кўп, айниқса, ҳуфтон намозидан кейин таровеҳ намозининг ўқилиши энг ҳузурбахш онлар, десак тўғри бўлади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Рамазонда доим адо қилган таровеҳ намози таъкидланган суннат амал ҳисобланади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Рамазон ҳақида “Ким унда иймон билан, савоб умидида қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади” деганларини эшитдим” (Имом Бухорий ривояти).
Куни кеча мана шундай шариф ойнинг файзли оқшомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Тошкент вилояти Тошкент туманидаги “Абдуллоҳ ибн Аббос” жоме масжидига таровиҳ намозини мўмин-мусулмонлар билан бирга-бирга адо этиш учун ташриф буюрдилар. Ҳазратнинг ташрифларини эшитиб, кўзлари Рамазон шукуҳи ила чақнаган, юзлари нурли, ёшлари улуғ отахонлар ҳамда Ҳақ каломига соме бўлишга муҳабббатли намозхонлар жомега келишди.
Масжидни файзга тўлдириб турган намозхонларни муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари муборак Рамазон ойи кечалари билан қутлаб, ушбу ойнинг фазилатлари, юртимиздаги мингдан зиёд масжидларда бўлаётган хатми Қуръонлар баракоти, қутлуғ ойнинг аввалида пойтахтимизда икки муҳташам масжид очилгани, бу жараёнларга хорижлик мутахассислар юқори баҳо бераётгани, мамлакатимизда амалга оширилаётган ишларнинг таг замирида халқни рози қилиш, мўмин-мусулмонларнинг хурсанд қилиш кабилар турганини сўзладилар.
Муфтий ҳазрат сўзларида давом этиб, Тошкент туманидаги “Абдуллоҳ ибн Аббос” жоме масжидида жуда кўп машҳур қорилар, хусусан, Аюбхон қори Супиев, Абдуҳаким қори Матқулов кабилар аввал шу масжидда хатми Қуръонга ўтганларини алоҳида таъкидладилар.
Ушбу Қуръон хатмонасига фазилатли ва мўътабар устозлар ҳам жам бўлиб, хатмонага файз бахшида этдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
100 та СИР-АСРОРЛИ ИБОРА
ёхуд
ОДАМЛАР БИЛАН
МУЛОҚОТ (оила, уй, ишхона, жамоат жойлари) ДАГИ
100 та “СЕҲРЛИ СЎЗ”
ни
УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:
(4-қисм)
1) Ассалому алайкум!
2) Катта раҳмат Сизга!
3) Умрбод миннатдорман Сиздан!
4) Умрингиз узоқ бўлсин!
5) Барака топинг!
6) Хўп бўлади!
7) Минг бор узр сўрайман Сиздан!
8) Кечирасиз!..
9) Сиздан кечирим сўрайман!
10) Мендан ўтди! Узр сўрайман! Кечиринг!
11) Сиз нима десангиз – шу!
12) Сизнинг гапингиз – мен учун қонун!
13) Сизнинг гапингиз – биз учун қонун!
14) Лаббай?!?
15) Эшитаман?!?
16) Амрингизга мунтазирман!
17) Миннатдорман!
18) Жуда тўғри айтдингиз!
19) Тўғри айтасиз!
20) Гапингиз ниҳоятда тўғри!
21) Фикрингиз жуда маъқул!
22) Илтимос Сиздан, кечиринг!..
23) Илтимос, мени кечиринг!..
24) Тўғри айтдингиз!
25) Сизни жуда яхши тушуниб турибман!
26) Қўлларингиз дард кўрмасин!
27) Сизга гап йўқ!
28) Жуда чиройли!
29) Жуда-жуда маъқул!
30) Бу ҳам яхшиликка!
31) Бунда ҳам бир ҳикмат бор!..
32) Муаммо йўқ!
33) Ҳеч қандай муаммо йўқ!
34) Ҳеч қандай эътирозим йўқ!
35) Овора бўлманг!
36) Асло овора бўлманг!
37) Ҳечам овора бўлманг!
38) Сизни овора қилганим учун минг бор узр сўрайман Сиздан!
39) Ҳижолат бўлманг!
40) Яхши кунларингизда қайтарайлик!
41) Тўйларингизда қайтарайлик!
42) Доим хизматларингиздамиз!
43) Кўнглингиз тўқ бўлсин!
44) Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлади!
45) Борингизга шукр!
46) Минг бор узр!
47) Минг бор-минг бор узр!
48) Зўр чиқибди, ярашибди!
49) Минг бор-минг бор узр сўрайман сиздан!
50) Мен хато қилдим, узр, кечирасиз!
51) Айбимни тан оламан, кечирасиз!
52) Узр-узр-узр!
53) Иккинчи ундай қилмайман, кечиринг!
54) Бошқа такрорланмайди, кечирасиз!
55) Бир қошиқ қонимдан кечинг!
56) “Бунда ҳам бир ҳикмат бор...” дейилади-ю ўзи...
57) Катта илтимос Сиздан!
58) Билмай қолибман, узр, кечирасиз!
59) Ўтиниб сўрайман Сиздан!
60) Мана шу хислатингизга тан бераман-да!
61) Шу феълингизга гап йўқ-да!
62) Сиздан роса ҳам миннатдорман!
63) Ташаккурларим Сизга!
64) Эътиборингиз учун катта раҳмат Сизга!
65) Сизга катта раҳмат меҳрли эътиборингиз учун!
66) Меҳрли эътиборингиз учун Сизга катта раҳмат!
67) Сиз қандай айтсангиз, худди шундай бўлади!
68) Бажарамиз! Хўп бўлади!
69) Зўр!
70) Жуда-жуда зўр!
71) Гап йўқ!
72) Қойил!
73) Жуда ажойиб!
74) Жуда ҳам чиройли!
75) Мутлақо гап йўқ!
76) Сизга ёқса – бўлди!
77) Сизга ёққани – бизга ёққани!
78) Ана энди кўнгилдагидай бўлди!
79) Мана энди хотиржам бўлдим!
80) Хизматингиздаман!
81) Ўзингизни эҳтиёт қилинг!
82) Доим соғ-омон бўлинг!
83) Ҳорманг!
84) Жуда хурсанд бўлдим!
85) Мен Сиздан кечирим сўрайман!
86) Зўр чиқибди!
87) Жуда ҳам зўр чиқибди!
88) Олдиндан катта раҳмат Сизга!
89) Умуман гап йўқ!
90) Гап бўлиши мумкин эмас!
91) Сизнинг ҳурматингиз биз учун чексиз!
92) Сизнинг ҳурматингиз мен учун чексиз!
93) Тарбиянгизга қойил қолдим!
94) Сизга тарбия берган Ота-онангизга минг раҳмат!
95) Тан бердим!
96) Тан бермасдан иложи йўқ!
97) Офарин!
98) Узр! Узр! Узр!
99) Мени кечиринг, илтимос Сиздан!
100) Минг-минг-минг бор кечирим сўрайман Сиздан!
Чегараси йўқ) ...
*СИЗ яна қўшишингиз мумкин...
**ЭНГ муҳими: жумлаларни ЎЗ ВАҚТИДА ва ЎЗ ЎРНИДА ишлатиш !!!
***ЭНГ асосийси: ушбу сўзлар фақат ТИЛдан эмас, балки ДИЛ (!) дан чиқсагина СИР-АСРОРЛИ ва “СЕҲРЛИ” бўлади...
Меҳрибон Парвардигоримиз ўзларимизни ҳам, фарзанд-зурриётларимизни ҳам Ўзи буюрган, Жаноби Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия этган, ўтмишда ўтганларимизнинг руҳлари шод бўладиган, халқимиз хурсанд бўладиган, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!
Иброҳимжон домла Иномов.