Рамазон ойининг сўнгги кечалари Тошкент вилоятида Қуръони карим хатмоналари билан янада файзли ўтмоқда. Шу кунга қадар вилоятда 80 дан зиёд масжидларда хатмоналар якунланди. Қутлуғ ойнинг баракотидан барча бирдек баҳраманд бўлишга ошиқмоқда. Буни одамларнинг хайрли ишларга ҳарислиги, ибодатга ошуфталиги ва фарзу суннат амалларини бажаришга эътибори ошганидан яққол сезиш мумкин.
Юртимизда ўзининг файзу баракаси билан ўтаётган Рамазон ойининг ҳикматлари жуда кўп, айниқса, ҳуфтон намозидан кейин таровеҳ намозининг ўқилиши энг ҳузурбахш онлар, десак тўғри бўлади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Рамазонда доим адо қилган таровеҳ намози таъкидланган суннат амал ҳисобланади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Рамазон ҳақида “Ким унда иймон билан, савоб умидида қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади” деганларини эшитдим” (Имом Бухорий ривояти).
Куни кеча мана шундай шариф ойнинг файзли оқшомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Тошкент вилояти Тошкент туманидаги “Абдуллоҳ ибн Аббос” жоме масжидига таровиҳ намозини мўмин-мусулмонлар билан бирга-бирга адо этиш учун ташриф буюрдилар. Ҳазратнинг ташрифларини эшитиб, кўзлари Рамазон шукуҳи ила чақнаган, юзлари нурли, ёшлари улуғ отахонлар ҳамда Ҳақ каломига соме бўлишга муҳабббатли намозхонлар жомега келишди.
Масжидни файзга тўлдириб турган намозхонларни муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари муборак Рамазон ойи кечалари билан қутлаб, ушбу ойнинг фазилатлари, юртимиздаги мингдан зиёд масжидларда бўлаётган хатми Қуръонлар баракоти, қутлуғ ойнинг аввалида пойтахтимизда икки муҳташам масжид очилгани, бу жараёнларга хорижлик мутахассислар юқори баҳо бераётгани, мамлакатимизда амалга оширилаётган ишларнинг таг замирида халқни рози қилиш, мўмин-мусулмонларнинг хурсанд қилиш кабилар турганини сўзладилар.
Муфтий ҳазрат сўзларида давом этиб, Тошкент туманидаги “Абдуллоҳ ибн Аббос” жоме масжидида жуда кўп машҳур қорилар, хусусан, Аюбхон қори Супиев, Абдуҳаким қори Матқулов кабилар аввал шу масжидда хатми Қуръонга ўтганларини алоҳида таъкидладилар.
Ушбу Қуръон хатмонасига фазилатли ва мўътабар устозлар ҳам жам бўлиб, хатмонага файз бахшида этдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Набий алайҳиссаломнинг туғилишлари фил йилида (яъни Абраҳа Маккага юриш қилиб, Каъбаи муаззамани вайрон қилмоқчи бўлган йил)да содир бўлган. Дунёга келишлари эса Рабиъул аввал ойининг ўн иккинчиси душанба кунига тўғри келади.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам етим ҳолда дунёга келганлар. Чунки оналари Омина икки ойлик ҳомиладор чоғида оталари Абдуллоҳ вафот этган. Шу билан боболари Абдулмутталибнинг қармоғида қолганлар.
Аллоҳ таолонинг расулидек улуғ зот етим ҳолда дунёга келиши, кўп ўтмай оналарию бобосидан ҳам айрилиши тасодифий ҳодиса эмас. У зот алайҳиссалом ҳаётининг илк кунлариданоқ ота тарбиясидан, бироз ўтгач она меҳридан ҳам маҳрум бўлиб улғайди.
Албатта, Аллоҳ таоло Ўзининг набийсини мана шу ҳолда улғайишини ихтиёр этди. Бунда кўплаб ҳикматлар бор. Ушбу ҳикматларнинг энг муҳими:
Аллоҳ таоло Ислом динини ботилга чиқариб инсонлар қалбига Муҳаммад бу даъвати ва рисолатини (чақириқ ва вазифа) ёшлик чоғидан ота ва бобосидан ўрганган деб турли шубҳаларни солувчиларга бирорта ҳам йўл қолдирмади. Зеро, боболари Абдулмутталиб қавмининг энг пешвоси ва бошлиғи эди.
Аллоҳ таолонинг ҳикмати динни ботилга чиқарувчиларга бу тарафдан бирорта ҳам йўл қолдирмади. Ҳатто, Ўз расулини энг ёшлик вақтиданоқ ота-онаси ҳамда бобосидан ҳам ажратиб улғайтирди. Балки, Аллоҳ набийсини Ҳалима розияллоҳу анҳонинг қўлига топшириб, барча оила аъзоларидан йироқда тарбия қилди. Боболари вафот этгач ҳижратдан уч йил аввалгача амакилари Абу Толибнинг ҳимоясида яшадилар.
Аллоҳнинг ҳикматининг мукаммаллигидан бири Набий алайҳиссаломнинг амакилари Абу Толибнинг иймон келтирмагани бўлди. Токи бу даъват ишига амакиси дебоча вазифасида бўлган деган фикр келмасин ва бу оилавий ва бошлиқлик ишига айланиб, пайғамбарлик эмас деган тушунча пайдо бўлмаслиги учун.
Солиев Элёрбек Муҳаммад Мусо ўғли,
“Файзуллахўжа ўғли Муродхожи” жоме масжиди имом-ноиби.