Танловга!
Ҳадиси шарифларда рўзанинг фазли ва унинг фойдалари гўзал тарзда ифода этилган. Хусусан, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Рўза қалқондир». Ҳадиси шарифдан рўзанинг қалқон эканлиги аён бўлмоқда, аммо бир савол туғилиши мумкин: Рўза нимадан қалқон бўлади? Муҳаддис уламолар бу саволга бир қанча жавоблар беришган.
Ҳадиси шариф бошқа ровийлар тарафидан ҳам ривоят қилинган. Уларнинг баъзиларида «дўзахдан қалқондир», баъзиларида эса «модомики, ғийбат билан у (қалқон)ни тешиб қўймас экан» маъносидаги зиёдаликлар мавжуд. Булардан ҳадисдан рўзанинг дўзахдан қалқон эканлиги ирода қилинганини тушуниш мумкин. Ушбу жавобни буюк муҳаддис уламолардан бири Ибн Абдулбар айтганлар.
«Ниҳоя» китобининг соҳиби Ибн Асир Жазарий ушбу ҳадисни қуйидагича шарҳлаганлар: «Рўзанинг қалқон эканлиги у ўз соҳибини унга азият берадиган шаҳватлардан ҳимоя қилиши маъносидадир».
Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий эса шундай дейдилар: «Рўза қалқон, чунки у инсонни шайтон ва нафснинг ёмонлигидан ҳимоя қилади, у иккисини инсондан узоқлаштиради ва уларга қарши чиқади. Шунинг учун ёмон сўзлар ва амаллардан тилни пок сақлаш билан рўзанинг қалқонлик маъносини мукаммал қилиш унинг ҳаққи саналади. Бу маънога ҳадиси шарифларда ҳам ишоралар мавжуд».
Юқоридаги шарҳлар зоҳиран қараганда бир-бирига тескаридек туюлади, аммо аслида улар бир-бирига зид эмас, балки улар бири бошқасини қўллайдиган маънодадир. Абу Бакр Ибн Арабий барча маъноларни жамлайдиган тарзда шундай шарҳ берганлар: «Рўза дўзахдан сақловчи қалқондир. Чунки, у нафс шаҳватларидан тийилишдир, дўзах эса (ҳадиси шарифда зикр этилганидек) шаҳватлар билан ўраб қўйилган. Хулоса шуки, рўза бу дунёда турли хил шаҳватлардан тўсувчи экан охиратда дўзахдан қалқон бўлади». Демак, биз рўза тутиш билан гуноҳлардан тийилсак ва қалқонимизга турли хил шикастлар етишидан сақлансак у охиратда биздан дўзах оловини тўсади. Бу эса биз орзу қилган энг улкан ютуқдир. Аллоҳ барчамизга тутаётган рўзаларимиз охиратда қалқонимиз бўлишини насиб айласин!
«Фатҳул мулҳим» китоби асосида
Ийсохон Яҳё тайёрлади
Имом Бухорий мажмуаси нафақат О‘збекистон, балки бутун ислом олами учун улуг‘ ва муқаддас қадамжолардан бири ҳисобланади.
Ҳазрат Имом Бухорийдек буюк муҳаддис номи билан бог‘лиқ ушбу мажмуа бугун юртимизнинг энг йирик ма’навий ва маданий марказларидан бирига айланган. Ҳар куни минглаб зиёратчилар бу ерга келиб, аждодлар мероси, ма’рифат ва муқаддас тарих билан юзлашмоқда.
Мажмуа нафақат зиёратгоҳ, балки халқимизнинг бой ма’навий мероси, миллий ме’морчилиги ва ислом цивилизациясидаги о‘рнини намоён этувчи ноёб маданий об’ектдир. Уни барпо этиш учун катта меҳнат, юксак маҳорат ва қимматбаҳо қурилиш материаллари сарф этилган. Шу боис бу қутлуг‘ масканни асраб-авайлаш ҳар биримиз учун муҳим вазифадир.
Яқинда Маданий мерос агентлиги томонидан айрим зиёратчиларнинг мажмуа ҳудудида бепарво муносабатда бо‘лаётгани ҳақида ма’лумот берилди. Айрим ҳолатларда устунлар, айвонлар ва музей экспонатларига эҳтиётсиз муносабатда бо‘лиш, чиқиндиларни дуч келган жойга ташлаш каби ҳолатлар кузатилмоқда. Бу эса нафақат зиёратгоҳ ко‘ркига, балки унинг ма’навий муҳитига ҳам салбий та’сир ко‘рсатади.
Бу ҳолат барчамизни сергакликка чақириши керак. Зеро, муқаддас қадамжога келган инсон аввало о‘зини муносиб тутиши, тозалик ва тартиб-қоидаларга амал қилиши лозим. Чунки зиёратгоҳ — оддий сайргоҳ эмас. Бу ерда асрлар нафаси, буюк аждодлар руҳи ва ма’рифат зиёси мужассам.
Тозалик эса инсон маданиятининг энг муҳим ко‘рсаткичларидан бири. Ислом та’лимотида ҳам покликка алоҳида аҳамият берилган. Пайг‘амбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом “Тозалик — иймоннинг ярмидир”, дея та’кидлаганлар. Демак, зиёратгоҳ ҳудудида озодаликни сақлаш нафақат фуқаролик бурч, балки ма’навий мас’улият ҳамдир.
Айниқса, чет эллик меҳмонлар О‘збекистон ҳақидаги илк таассуротни айнан шундай муқаддас масканлар орқали олади. Агар зиёратгоҳ озода, тартибли ва файзли бо‘лса, бу халқимизнинг юксак маданияти ва ма’навиятини намоён этади. Аксинча, бепарволик ва тартибсизлик мамлакатимиз нуфузига салбий та’сир ко‘рсатиши мумкин.
Ёш авлодни зиёратгоҳ маданияти руҳида тарбиялаш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Болалар катталардан ибрат олади. Агар ота-она муқаддас жойда тартибга амал қилса, эҳтиёткор бо‘лса, фарзанд ҳам шу руҳда тарбия топади. Шу боис ҳар бир инсон о‘з ҳаракати билан бошқаларга намуна бо‘лиши керак.
Имом Бухорий мажмуаси — миллатимиз г‘урури ва ма’навий бойлиги. Уни асраш, тозалигини сақлаш ва эҳтиром билан муносабатда бо‘лиш ҳар бир инсоннинг виждоний бурчидир. Зиёратгоҳларга бо‘лган муносабатимиз орқали биз о‘з маданиятимиз, ма’навиятимиз ва аждодлар меросига бо‘лган ҳурматимизни намоён этамиз.
Аслиддин Мустафоев, мажмуа ахборот хизмати раҳбари.
О‘збекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати