Танловга!
Кўпчилик инсонлар кундузи турли хил касб ва тижоратлари билан банд бўлишади. Табиийки, Рамазонда ҳам бу ҳолат давом этади ва бунга кечалари таровеҳ намозларини адо этиш ҳам қўшилади. Натижада, кўпчилик толиқади, саҳарликка туришга қийналади ва саҳарликка турмасдан ҳам рўза тутиш мумкин ёки мумкин эмаслиги ҳақида саволлар беришади. Аслини олганда уламоларимиз бир инсон ухлаб қолиб ёки бошқа бир сабабли саҳарлик қилолмай қолса тутган рўзаси рўза бўлаверишини айтишган, аммо эътибор қаратишимиз керак бўлган бошқа бир жиҳат ҳам мавжуд. Биз мўминлар ўзимиз учун юксак намуна бўлган Зот – суюкли Ҳабибимизга эргашиш, суннатларини маҳкам тутишга буюрилганмиз. У зот эса бизга саҳарлик қилишимизни буюрганлар.
عن أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «تَسَحَّرُوا فَإِنَّ فِي السَّحُورِ بَرَكَةً» رواه مسلم.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Саҳарлик қилинглар, чунки саҳарликда барака бор», дедилар. Муслим ривояти.
Демак, саҳарлик қилиш аввало У зотнинг суннатларига эргашиш экан. Суннатга эргашиш эса Қиёмат куни У зотнинг шафоатларига ноил бўлишга сабаб бўлади. Атайлаб, саҳарлик суннат эканлигини менсимаган ҳолда тарк этиш эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ҳурматсизлик бўлиб бу иш гуноҳкор бўлишга олиб боради. Юқоридаги ҳадиси шарифдан саҳарлик қилишда барака бор эканлиги маълум бўлди. Уламолар саҳарликдаги барака бир неча жиҳатдан бўлиши мумкинлигини айтишган:
Имом Сарахсий айтадилар: «Рўза билан нафсга курашиш орқали Аллоҳга яқин бўлиш ҳосил бўлади. Нафсга қарши кураш эса икки йўл билан юзага чиқади. Биринчиси, таомга иштаҳа бўлиб туришига қарамай нафсни таомдан тийиб туриш, иккинчиси эса (саҳарлик учун) уйқу ширин пайтда уйғонишдир».
Бундан ташқари саҳарлик қилишнинг фазилатли амал эканлигига далолат қилувчи бир қанча ҳадиси шарифлар мавжуд. Демак, имкон қадар яхши ният билан, суннатга эргашиш мақсадида бир қултум сув билан бўлсада саҳарлик қилиш жуда катта ажр-савобга сабаб бўлади ва тутиладиган рўзанинг ажрига ажр қўшилади. Аллоҳ таоло барчамизга ушбу ажру савобларни қўлга критишни насиб айласин!
Ийсохон Яҳё тайёрлади
Бугунги кунда Ўзбекистон зиёрат туризми соҳасида тобора кўзга ташланаётган йўналишга айланмоқда, бунда маънавий мерос, бой тарих ва меҳмондўстликнинг ноёб уйғунлигини тақдим этмоқда.
Буюк алломалар ва авлиёлар замини
Ўзбекистонга зиёратчиларни жалб этадиган энг муҳим омиллардан бири - бу машҳур ислом уламолари, шайхлар, сўфий устозлар ва солиҳ инсонлар билан боғлиқ кўплаб мақбаралар ва зиёратгоҳларнинг мавжудлигидир. Бу ерда буюк Имом ал-Бухорийнинг мақбараси жойлашган. У машҳур “Саҳиҳул Бухорий” ҳадислар тўпламининг муаллифи бўлиб, бу асар аҳамияти жиҳатидан фақат Қуръони каримдан кейинги ўринда туради. Самарқанд яқинида жойлашган унинг мақбараси бутун дунё мусулмонлари учун муҳим зиёратгоҳга айланган.
Бухорода ислом оламининг маънавий ҳаётида муҳим ўрин тутган нақшбандия тариқати асосчиси Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилиш мумкин. Унинг таълимоти кундалик ҳаётда ботиний покланиш ва ибодат қилишнинг аҳамиятини таъкидлаган бўлиб, Ҳиндистондан то Яқин Шарққача бўлган мусулмонлар тафаккурига чуқур таъсир кўрсатган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Имом ат-Термизий, Имом ал-Мотуридий, Имом Марғузий каби буюк алломаларнинг ватанидир. Уларнинг асарлари диний фалсафа, шариат илми ва ҳадисшуносликнинг пойдеворини ташкил этган. Бу алломаларнинг мақбараларини зиёрат қилиш нафақат маънавий эҳтиром кўрсатиш, балки ислом илмининг илдизларига яқинлашиш имкониятидир.
Маънавий саёҳатлар учун замонавий инфратузилма
Сўнгги йилларда Ўзбекистон раҳбарияти зиёрат туризмини фаол ривожлантириб, ислом мамлакатларидан ташриф буюрадиган меҳмонлар учун инфратузилма ва шароитларни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Масжид, мақбара, мадраса ва бошқа муқаддас жойлар асл кўринишини сақлаб қолган ҳолда таъмирланмоқда. Уларнинг атрофида қулай шароитлар яратилмоқда: меҳмонхоналар, дам олиш масканлари, қулай транспорт воситалари, араб, инглиз, форс ва бошқа тилларда хизмат кўрсатувчи таржимонлар ҳамда гидлар иштирокидаги саёҳат дастурлари ташкил этилмоқда.
Форс кўрфази мамлакатларидан келган зиёратчилар учун сафар давомидаги барча диний ва маданий жиҳатларни инобатга олган ҳолда махсус зиёрат дастурлари ташкил этилади. Ўзбекистон нафақат оддий саёҳат қилинадиган мамлакат, балки ҳар бир мўмин-мусулмон эҳтиром ва тарихий ворислик руҳини ҳис эта оладиган ҳақиқий маънавий тикланиш марказига айланмоқда.
Маданий ва диний бойликлар
Ўзбекистонга зиёрат қилишнинг ўзига хос жиҳатларидан бири ислом цивилизациясининг маданий мероси билан яқиндан танишиш имкониятидир. Самарқанддаги Регистон, Бухородаги Пои Калон мажмуаси, Хивадаги Ичан-қалъа каби меъморий ансамбллар ўзининг улуғворлиги ва маънавий теранлиги билан кишини ҳайратга солади. Бу ёдгорликлар араб хаттотлиги, геометрик нақшлар, гумбазли меъморчилик ва Шарқ фалсафаси уйғунлашган бой ислом санъатининг ёрқин намунасидир.
Бу ерга зиёрат қилиш нафақат диний саёҳат, балки Самарқанд ва Бухоро ўз аҳамияти жиҳатидан Бағдод, Қоҳира ва Қуртуба билан тенг бўлган Исломнинг Олтин даври тарихига маданий чўмиш ҳисобланади.
Ўзбекистон - Шарқ ва Ғарб ўртасидаги кўприк
Ўзбекистон тарихан цивилизациялар чорраҳасида жойлашган. Бу хусусият кўп миллатли ва кўп конфессияли маданиятнинг ривожланишига туртки бўлди, бу ерда ислом нафақат дин, балки цивилизация бирлигининг асосига айланди. Бугунги кунда республика Шарқ ва Ғарб ўртасида маданий ва маънавий кўприк вазифасини бажаришни давом эттирмоқда.
Бу, айниқса, ҳақиқий маънавий қадриятларга, ҳаёт маъноси ва ички мувозанатни излашга қизиқиш ортиб бораётган замонавий дунёда муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон ўз меҳмонларига айнан шундай йўлни - меҳр ва ҳурмат билан сақланиб келинаётган буюк исломий мерос билан танишиш орқали илдизларга, ҳақиқатга, Аллоҳга эришиш йўлини таклиф этади.
Араб мамлакатларидан келган мусулмонлар учун Ўзбекистонга қилган сафар шунчаки саёҳат эмас, балки ҳақиқий маънавий кашфиётга айланиши мумкин. Бу ислом тарихининг кам маълум, бироқ улуғвор жойларини ўзлари учун кашф этиш, маҳаллий аҳоли билан мулоқот қилиш, қардошлик, бирдамлик ва исломий ҳамжиҳатлик муҳитига шўнғиш имкониятидир.
Ўзбекистон нафақат исломий меросни сақлаб қолмоқда, балки уни бутун дунё билан баҳам кўрмоқда, одамларни маънавиятни излашга, тарихни ҳурмат қилишга ва мусулмон халқлари ўртасидаги биродарлик алоқаларини мустаҳкамлашга илҳомлантириб келмоқда.
Зиёвуддин Нуриддинов, ЎзА