Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Ноябр, 2024   |   25 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:24
Пешин
12:15
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:17
Bismillah
26 Ноябр, 2024, 25 Жумадул аввал, 1446

Лайлутул қадр ва ундаги ҳикматли ишлар

27.05.2019   38491   12 min.
Лайлутул қадр ва ундаги ҳикматли ишлар

Қадр кечаси ва ундаги ҳикматли ишлар Қуръони каримда алоҳида битта сурада баён қилинган бўлиб, бу сурада Қуръони каримнинг нозил бўлиш тарихи ва у нозил бўла бошлаган кечанинг фазилатлари баён қилинган. Сура беш оятдан иборат бўлиб, унинг қачон нозил қилингани ҳақида икки хил қавл бор:

  1. Қадр сураси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилишларидан олдин нозил қилинган. Бу қараш аксар уламоларнинг қавлидир;
  2. Қадр сураси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларидан кейин нозил қилинган ва бу сура Мадинада нозил қилинган дастлабки сурадир. Бу қараш айрим уламоларнинг қавлидир. Баъзи уламолар: “Эҳтимол бу сура дастлаб Маккада кейинчалик Қадр кечасининг улуғлигини таъкидлаш маъносида Мадинада яна такроран нозил қилинган бўлиши ҳам мумкин”, деганлар.

Сурада Қадр кечасининг ўзига хос фазилатлари баён қилинган. Бу кечанинг “Лайлатул қадр” яъни Қадр кечаси деб номланиши умумий тўрт хил маънога далолат қилади:

  1. Ҳукм чиқариладиган кеча. Яъни бу кечада то келгуси Қадр кечасигача бутун йил давомида бўладиган ишларга ҳукм чиқарилади;
  2. Аллоҳ таолонинг ҳузурида қадрли, мартабали кеча. Зеро қадр ва мартаба улуғ нарсаларга нисбатан ишлатилади;
  3. Муборак кеча. Яъни бандаларига Аллоҳ таолонинг раҳматлари ёғилиб, У зотнинг марҳаматига сазовор бўлинадиган кеча;
  4. Саодатли кеча. Яъни ибодатлар кўплаб адо этиладиган саодатли кеча.

Сура Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони карим туширилгани ҳақидаги хабар билан бошланган:

 إِنَّا أَنْزَلْنَاهُ فِي لَيْلَةِ الْقَدْرِ

“Албатта биз У (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик”.

Албатта” дея таъкид билан бошланиши икки хил маънони англатади:

  1. Қуръонни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таоло нозил қилганини инкор қилувчиларга ёки бунга шубҳа билан қаровчиларга раддия маъносида бу хабар таъкидлаб баён қилинган;
  2. Берилаётган хабарнинг улканлигини билдириш ва уни қабул қилишга ундаш учун таъкидлаб баён қилинган.

Оят давомида “Мен нозил қилдим” дейилмасдан” кўплик шаклида “Биз У (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик” дейилиши, нозил қилувчи ва нозил қилинган нарсанинг улуғлигини ифодалайди. Яъни оятда кўплик шаклининг қўлланиши Аллоҳ таолонинг ва каломининг улуғлигига далолат қилади.  

Қуръони каримнинг Қадр кечасида нозил қилиниши маъносини “Қуръон таржимони” унвонини олган Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо шундай тушунтирган: “Қуръон ушбу кечада Лавҳул маҳфуз”дан дунё осмонидаги “байтул изза” (иззатли уй)га тўлалигича нозил қилинган. Сўнгра уни Жаброил алайҳиссалом йигирма уч йил мобайнида турли воқеалар муносабати билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлак-бўлак тарзда олиб тушган”.

Аллома Совий “Жалолайн” тафсирининг ҳошиясида дунё осмонидаги “байтул изза” (иззатли уй) ҳақида қуйидагиларни ёзган: “Жаброил алайҳиссалом Қуръонни шу кечада дунё осмонидаги фаришталарга ўқиб берган ва улар уни дунё осмонида турган саҳифаларга ёзишган. Дунё осмонидаги мазкур саҳифалар турган жой “Байтул изза” (иззатли уй) дейилади”.   

Уламолар Қуръони каримнинг бундай босқичларда нозил қилинишининг ҳикматини қуйидагича тушунтирганлар: “Қуръони каримнинг дастлаб “Байтул изза”га тўлалигича туширилиши хабари унинг ҳаммаси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга берилишини англатган. Шу маънода бу хабар  у зотни шодлантириш учун бўлган. Йигирма уч йил мобайнида бўлак-бўлак қилиб туширилиши эса бандаларнинг қалбларини унга мослаштириш ва унинг ҳукмларини қабул қилишни енгиллаштириш маъносидаги илоҳий илтифот бўлган”.   

Имом Замахшарий “Кашшоф” тафсирида қуйидагиларни ёзган: “Аллоҳ таоло ушбу сурада Қуръоннинг улуғлигини уч жиҳатдан намоён қилган:

“1. Нозил қилиш нисбатини ўзига бериб “Биз нозил қилдик”, дея уни Ўзига хослаган;

  1. Унинг ҳатто исмини очиқ айтишга ҳам эҳтиёж йўқ даражада машҳур ва маълумлигига гувоҳлик бериб “Қуръонни” демасдан “уни” (Қадр кечасида нозил қилдик) дея замир билан келтирган;
  2. Уни нозил қилган вақтнинг миқдорини (минг ойдан яхшироқдир дея) юксак қилган”.

Келгуси оятда Қуръон нозил қилинган мазкур кечанинг фазилатлари баёнига ўтилган:

وَمَا أَدْرَاكَ مَا لَيْلَةُ الْقَدْرِ

“(Эй, Муҳаммад алайҳиссалом) Қадр кечаси нима эканини сизга нима билдирди?”. Яъни бу кечанинг улуғлигини сизга нима билдирди?

Имом Мотуридий бобомиз бу оятни “Қадр кечаси нима эканини (Биз билдирмасак) сиз билмас эдингиз” маъносида тушуниш ҳам мумкинлигини айтган.

Баъзи уламолар: “Ушбу оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тасалли бериш маъносида туширилган”, деганлар. Оятнинг давомида Қадр кечасининг биринчи фазилати шундай баён қилинган:

لَيْلَةُ الْقَدْرِ خَيْرٌ مِنْ أَلْفِ شَهْرٍ

“Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир”. Яъни, қадр кечасида қилинган амаллар унда қадр кечаси бўлмаган минг ой яъни саксон уч йилу тўрт ой давомида қилинган амаллардан яхшироқдир. 

Шунингдек муфассир уламолар бу оятдан аниқ минг ойлик вақтнинг баёни эмас балки қадр кечасининг мутлақ улуғлигини кўрсатиш маъноси ирода қилинган бўлиши ҳам мумкин, деганлар. Зеро миқдор баёни гоҳида муаян ададни эмас бирор нарсанинг яхши ё ёмон сифатларини кўрсатиш маъносида ҳам келади. Худди ўзбек тилида “Яхши отга бир қамчи, ёмон отга минг қамчи”, дейилганидек. Шунга кўра бу оят ушбу кечадаги ибодатлар минг ойлик муддатга тенг ибодатлардан кўра яхшироқдир маъносининг ўзини эмас, балки бошқа вақтларда қилинган ибодатлардан мутлақо яхшироқдир маъносини ифодалаши ҳам мумкин бўлади.  

 Оятнинг давомида Қадр кечасининг иккинчи фазилати шундай баён қилинган:

تَنَزَّلُ الْمَلَائِكَةُ وَالرُّوحُ فِيهَا بِإِذْنِ رَبِّهِمْ مِنْ كُلِّ أَمْرٍ

“Унда фаришталар ва Руҳ Роббилари изни билан барча ишлар учун тушади”.

Оятдаги Руҳни аксар муфассирлар Жаброил алайҳиссалом, деганлар. Баъзи уламолар эса Руҳни Аллоҳ таолонинг раҳмати маъносида тушуниш ҳам мумкинлигини айтганлар. Бундай тафсир қилинганда  бу оят: “фаришталар Аллоҳнинг раҳмати билан тушадилар”, маъносида бўлади. “Барча ишлар учун тушади” ояти шу йил давомида қилинадиган ишлар учун тушади маъносини англатади. Яъни аслида фаришталар Аллоҳ таолонинг бандаларига нима тақдир қилганини билмайдилар. Эҳтимол ана шу кечада улар мазкур ишлардан хабардор қилинадилар ва Аллоҳ таолонинг амри билан ўша ишлар учун ерга тушадилар.

Фаришталарнинг Қадр кечасида ерга тушишларининг ҳикматлари ҳақида Ваҳба Зуҳайлий раҳматуллоҳи алайҳ қуйидагиларни ёзган: “Фаришталар шу кеча ердаги турли турли тоат ибодатларни кўрадилар ва гуноҳкор бандаларларнинг  мағфират сўраб ёлвориб илтижо қилаётганларини эшитишади ва бир-бирларига: “Келинглар бизнинг тасбеҳларимиздан кўра Роббимизга севимли бўлган овозларни эшитамиз”, деб ерга тушишади.

Шунингдек фаришталарнинг ерга тушишлари бу кечада ерда қилинган тоатларга алоҳида хос фазилатлар ато қилиниши сабабли бўлиши ҳам мумкин. Худди ер юзининг барча жойлари ичида Масжидул ҳаромда қилинган ибодатларга алоҳида хос фазилатлар ато қилинганидек. Шунга кўра фаришталарнинг бу кечада ерга тушишлари ўша фазилатларга эришиш учун бўлиши ҳам мумкин”.

Оятнинг давомида бу кечанинг учинчи фазилати қуйидагича баён қилинган:

 سَلَامٌ هِيَ حَتَّى مَطْلَعِ الْفَجْرِ

“У то тонг отгунича саломатликдир”.

Ушбу оятдаги “У саломатликдир” сўзини аксар муфассирлар “у саломат бўлинадиган кеча” деб тафсир қилганлар. Яъни қуёш ботгандан то тонг отгунича бу кеча турли офат балолардан саломатлик бўлади.

Заҳҳок: “Аллоҳ таоло бу кечада фақат саломатликни тақдир қилади, бошқа кечаларда эса балоларга ҳам саломатликка ҳам ҳукм қилади”, деган.

Бази уламолар “У саломатлик”ни “фаришталар қанотларини силкитиб Аллоҳ таолонинг бандаларига саломи, раҳмати ва мағфиратини йўллаб турадилар” маъносида тафсир қилганлар.

“То тонг отгунича” сўзини Мотуридий бобомиз қуйидаги маъноларда ҳам тушуниш мумкинлигини айтган:

– мазкур баракалар то тонг отгунча давом этади;

– то тонг отгунича салом айтилиб турилади;

–  то тонг отгунича фаришталар ерда бўлиб турадилар.

Ҳар бир мўмин киши ундаги фазилатларига эришишни орзу қиладиган ушбу улуғ кечанинг айнан қайси кечалиги ҳақида турли ривоятлар келган:

  • Имом Термизий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўн кунлигидан қидириш лозимлиги айтилган;
  • Имом Таҳовий Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Рамазоннинг аввалги ёки охирги ўн кунлигида экани айтилган;

– Имом Бухорий ва имом Муслимлар Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Рамазоннинг охирги ўн кечасининг тоқларидан излаш  хабар берилган;

  • Имом Абу Довуд Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда йигирма еттинчи кеча экани очиқ айтилган;
  • Машҳур саҳобий Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуга Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг: “Кимки йил давомида қоим бўлса Қадр кечасини топади”, деган гапи айтилганда, Убай ибн Каъб: “Абу Абдурраҳмонни (Абдуллоҳ ибн Масъуднинг куняси) Аллоҳ раҳматига олсин, Аллоҳга қасамки албатта у Қадр кечасини Рамазоннинг ичида эканини билган, лекин уни гапиришларини ёқтирмаган. Аллоҳга қасам ичиб айтаманки у Рамазоннинг ичида, йигирма еттинчи кечададир”, деган.

Баъзи ориф зотлар Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу қасам ичиб айтган ушбу гапларини Қадр сурасида келган ишоралар қўллаб-қувватлашини айтганлар. Бу ҳақида Аллома Совий “Жалолайн” тафсирининг ҳошиясида қуйидаги ишораларни келтирган:

  • Қадр сурасидаги калималарнинг адади Рамазон кунлари сингари ўттизтадир. Унда келган هِيَ (у) қалимаси эса йигирма еттинчи калимадир.
  • لَيْلَةِ الْقَدْرِ (Қадр кечаси) маъносидаги калималарнинг ҳарфлари тўққизта бўлиб, ушбу калималар сурада уч марта такрорланган. Учта тўққиз эса йигирма етти бўлади.

Аслида Қадр кечасининг ҳаммага қатъий равишда аниқ билдириб қўйилмагани ҳам Аллоҳ таолонинг яна бир раҳматидир. Зеро бандаларга уларнинг қачон вафот этишлари ва қиёмат вақти махфий қилингани сингари Қадр кечаси ҳам махфий қилинган. Чунки унинг вақтини аниқ билмаслик бутун ой давомида ғафлатда қолмасликка ва ҳамиша тоат ибодатларга ғайрат қилишга ундаб туради.  

Шунинг учун Рамазон ойи давомида доимо қуйидаги дуони ўқиб юришга одатланиш тавсия қилинади:

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: قُلْتُ يَا رَسُولَ اللهِ أَرَأَيْتَ إِنْ عَلِمْتُ أَيَّ لَيْلَةٍ لَيْلَةَ الْقَدْرِ مَا أَقُولُ فِيهَا ؟ قَالَ:قُولِي: اَللَّهُمَّ إِنَّكَ عَفُوٌّا تُحِبُّ الْعَفْوَ فَاعْفُ عَنِّي. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Мен: “Эй Аллоҳнинг Расули агар мен қайси кечанинг Қадр кечаси эканини билсам у кечада нима деб дуо қилай”, дедим. У зот: “Эй Аллоҳим, албатта сен ўта афв қилгувчисан, афв қилишни яхши кўрасан, мени афв қилгин”, деб дуо қилинг”, дедилар”. Термизий ривоят қилган.

Аллоҳим, бизларни Қадр кечасининг фазилатларига муваффақ қилгин, гуноҳлари кечирилган бандаларинг қаторига қўшгин!

Ўта афв қилгувчи меҳрибон Роббимизга ҳамду санолар, У зотнинг элчиси бўлган саййидул башарга салавот ва саломлар бўлсин!  

Абдулқодир Абдур Раҳим

 

 

 

Рамазон-2019
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Imom Abu Abdulloh Halimiy

25.11.2024   1189   4 min.
Imom Abu Abdulloh Halimiy

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Har bir inson o’zining atrofidagi zamon va muhitning ta’siri ostida ulg’ayadi. Abu Abdulloh yashagan davr hamda muhit olimning hayotiga va ilmiy faoliyatiga katta ta’sir ko’rsatdi. Olim tug’ilgan Jurjon shahri tarixda iqtisodiy markazlardan biri bo’lib, shahar o’rtasidan yuk tashuvchi kemalar harakatlanadigan keng daryo o’tgan. Geografik qulay vodiyda joyda joylashgan Jurjon shahri tarixiy ipak yo’li savdosining quruqlik va daryo transporti uchun muhim o’tish nuqtasi hisoblangan.

Imomning to’liq ismi Imom, hofiz, faqih Abu Abdulloh Husayn ibn Hasan ibn Muhammad ibn Halimiy, Jurjoniy  Shofeiy bo’lib, hijriy 338-390-yilda (milodiy 949-950) Kaspiy[1] dengizining janubi-sharqida joylashgan Jurjon shahrida tug’ilgan. Ba’zi manbalarda Buxoroda tug’ilgan deyiladi. Katta bobosiga nisbatan Halimiy, tug’ilgan joyiga nisbatan Jurjoniy deb ataladi. Buxoroda o’sib, mashhur bo’lgani uchun Buxoriy nisbati ham beriladi. Uning otasi mashhur faqih, muhaddis Abu Muhammad ibn Halim ibn Ibrohim ibn Maymun Halimiy, Marvaziy bo’lgan.

Abu Abdulloh bolaligini Jurjonda o’tkazdi. Ammo u bu yerda biroz vaqt turgandan keyin Buxoroga yo’l oladi va u yerda ta’limni davom ettiradi. Yosh olim bu yerda, Asha’riy va Shofeiy ulamolarining suhbatida bo’lib, ulardan tahsil olgan. Halimiy tug’ilgan uy ilm-fan, adabiyot va fiqhning markazi sifatida tanilgan. Faqat otasi emas, balki ukasi Abul-Fazl Hasan ibn Hasan ibn Muhammad ibn Halimiy ham ilm bilan band edi. Otasi bir paytlar Sulton Sanjar saroyida fatvo berish (muftiylik) vazifasini bajargan. Oxirgi paytlarda otasi uyini Qur’on va xayr ahillarining yig’ilish maskani qilgan.

Yoshlik chog’ida Halimiyning otasi uni zamonasining yirik ilm-fan markazlaridan biri bo’lgan Buxoroga olib keladi. O’sha paytda, Buxoro shahri insonlarni o’ziga rom etadigan go’zal tabiati va manzarasi bilan ajralib turardi. Bundan tashqari ko’plab olimlar va adabiyot ahillari, faylasuf va kalomchilar, muhaddis va faqihlarni o’zida jamlagandi. Savdo-sotiq rivojlangan, davlat amirlari olimlar bilan uchrashadigan ilm o’chog’i edi. Shahar masjidlarida mutafakkir olimlar uzoq davom etadigan ilmiy bahs va munozaralar qilishar, ba’zida buunday bahs va munozaralarga ko’chalarda ham duch kelish mumkin edi. Halimiy ham shunday ilmiy muhitda o’sdi.

Movarounnahr mintaqasining katta olimlaridan dars olgan Halimiy, Ash’ariyya muhim olimlaridan Abu Bakr al-Qaffol Shoshiy va Abu Bakr al-Uvdaniy darslariga qatnashib kalom va fiqh ilmlarini o’rgangan. Halimiy hadis ilmiga oid dars olgan yana bir ustozi Sayrafiy bo’lgan. U zot Abu Bakr Muhammad ibn Ahmad ibn Hanbal va Abu Ahmad Bakr ibn Muhammad as-Sayrafiydan hadis eshitib, ularni rivoyat qilgan.

Mashhur muhaddis Hakim an-Naysaburiy va Abu Zakariya Abdurrahim ibn Muhammad al-Buxoriy u zotdan hadis rivoyat qilganlar.

Halimiy tahsilni tugatgach, dastlab Buxoroda, so’ng boshqa joylarda qozilik qildi. Hukmdorlar va viloyat rahbarlarining oldidagi olimning nufuzi baland bo’lgan, shu sababli, vaqti-vaqti bilan elchilik vazifasini unga topshirishgan. Samoniylar hukmdori Nasr ibn Nasr tomonidan Nishopurga (385/995) va Xuroson  hukmdorining iltimosi bilan Jurjon amirligiga elchi qilib (389/999) yuborilgan.

Halimiyning hayotini va ilmiy merosini o‘rganilgan manbalarda uning ko‘plab asarlari mavjudligi qayd etilgan bo‘lsa-da, bizgacha yetib kelgan, ma’lum bo‘lgan yagona asari – “al-Minhaj fi shu’abil iymon” hisoblanadi. Bu yirik asar aqoid (e’tiqod), fiqh (islom huquqi) va axloq masalalarini o‘z ichiga oladi va Hilmi Muhammad Fuda tomonidan tahqiq qilinib, uch jildda nashr etilgan (Bayrut, 1399/1979). Ibn Imod “Shajaratu az-Zahab"da, Hoji Xalifa “Kashfuz-zunun”da “Ayatus-sa’a va Ahvalul-qiyama” asari Halimiyga nisbat berganlar, lekin Halimiyning hayotini tadqiq qilgan Metin Yurdagur esa, bu asarlarni “al-Minhaj”ning bo’limlarni ifoda qiluvchi tushunchalar deb aytgan.

Halimiy hijriy 403-yil Robi’ul-avval (1012-yil oktyabr) yoki Jumadil-avval (1012-yil dekabr) oyida Buxoroda vafot etgan.

TII 4-kurs talabasi Luqmonjonov Absulbosit

[1] Jurjon dengizi ham deyiladi.

Мақолалар