Биз ушбу мақолада қадр кечасини ибодат билан ўтказган киши оладиган савобнинг ҳажми ҳақида сўз юритамиз.
Қадр кечаси йил кечалари ичида энг улуғидир. Бу кеча ҳақида алоҳида сура нозил бўлган. Бу кечанинг улуғлигини оширган сабаблардан бири Қуръон айнан шу кечада нозил бўла бошлаганидир.
Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилган:
إِنَّا أَنزَلْنَاهُ فِي لَيْلَةِ الْقَدْرِ وَمَا أَدْرَاكَ مَا لَيْلَةُ الْقَدْرِ لَيْلَةُ الْقَدْرِ خَيْرٌ مِّنْ أَلْفِ شَهْرٍ تَنَزَّلُ الْمَلَائِكَةُ وَالرُّوحُ فِيهَا بِإِذْنِ رَبِّهِم مِّن كُلِّ أَمْرٍ سَلَامٌ هِيَ حَتَّى مَطْلَعِ الْفَجْرِ
“Албатта, Биз у(Қуръон)ни Лайлатул Қадрда туширдик. Лайлатул Қадр қандоқ нарса эканини сенга нима билдирди? Лайлатул Қадр минг ойдин яхшироқдир. Унда фаришталар ва Руҳ Роббилари изни билан барча ишлар учун тушадир. У то тонг отгунча салом бўлиб турадир” (Қадр сураси).
Ичимизда қадр кечасини умрида ҳеч бўлмаганда бир марта бўлса ҳам топишни орзу қилмаган одам топилмаса керак.
Юқоридаги сура, хусусан, “Лайлатул Қадр минг ойдин яхшироқдир” деган оят ҳақида ўйлаб кўрсак, бошқа минг ойда амал қилиб, қанча савоб олсак, бу кечада бир амал қилиб, ундан ҳам кўп савоб олишимизни англаб етамиз.
Фикримиз тушунарли ва тасаввур қилишимиз осон бўлиши учун бу кечада эришиладиган савоб миқдорини рақамларда ифода этишга уриниб кўрайлик!
Хўш, минг ойда нечта кеча бор?
Бу жуда осон савол. Агар бир ойда 30 (ўттиз) кеча борлигини эътиборга олсак, минг ойда 30000 (ўттиз минг) кеча борлиги маълум бўлади. Демак, қадр кечасида бир амал қилган худди бошқа кечаларда 30 000 (ўттиз минг)та амал қилгандек бўлади.
Албатта, биз савобни рақамларда келтиришда тахминий хулоса қиламиз. Чунки, оятда минг ойга баробар дейилмаган, балки минг ойдан яхшироқ дейилган. Бу эса савобнинг аниқ миқдори қанчалигини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди деганидир. Биз фақат минг ой ҳақида, амалларнинг минг ойга кўпайтирилиши борасида сўз юритамиз.
Қадр кечасида Қуръондан 1 (бир) ҳарф ўқисак, бошқа кечаларда 30000 (ўттиз минг) ва ундан ҳам кўпроқ ҳарф ўқигандек бўламиз.
Энди яна бир оятга эътибор қаратсак:
مَن جَاء بِالْحَسَنَةِ فَلَهُ عَشْرُ أَمْثَالِهَا
“Ким бир яхшилик қилса, унга ўн баробар қайтарилур” (Анъом сураси, 160-оят).
Қадр кечасида Қуръондан 1 (бир) ҳарф ўқиш бошқа кечаларда 30 000 (ўттиз минг) ва ундан кўп ҳарф ўқишнинг савобига тенг дедик. Энди бу оятда айтилганидек, 30 000 (ўттиз минг)ни 10 (ўн)га кўпайтирамиз. Натижа 300 000 (уч юз минг) бўлади!
“Лайлатул Қадр минг ойдин яхшироқдир” деган оятга биноан 1(бир) ҳарф учун 300 000 (уч юз минг)дан ҳам кўпроқ савоб бўлади.
Қуръони Каримдаги ҳарфларнинг сони 300 000 (уч юз минг)тадан кўпроқ бўлиб, қадр кечасида Қуръондан бир ҳарф ўқиган киши бошқа кечаларда Қуръонни тўлиқ ўқиб чиққаннинг савобига тенг савоб олар экан.
Агар биз “Ихлос” сурасини ўқисак, қанча савоб оламиз? Бу сура басмала билан бирга 66 (олтмиш олти)та ҳарфдан иборатдир. Демак, биз “Ихлос” сурасини басмала билан бирга (яъни 66 та ҳарфни) бир марта ўқисак, Қуръони Каримни 66 (олтмиш олти) марта тўлиқ ўқиб чиққаннинг савобини оламиз.
Агар биз қадр кечасида бир марта дуо қилсак, “Лайлатул Қадр минг ойдин яхшироқдир” оятига кўра, бошқа кечаларда 30 000 (ўттиз минг) мартадан ортиқ, “Ким бир яхшилик қилса, унга ўн баробар қайтарилур” оятини ҳам қўшганда, 300 000 (уч юз минг) мартадан кўпроқ дуо қилганнинг савобига эга бўламиз.
Агар биз қадр кечасида бизга ёмонлик қилган 1 (бир) дона инсонни кечирсак, “Лайлатул Қадр минг ойдин яхшироқдир” оятига кўра, бошқа кечаларда 30 000 (ўттиз минг) донадан ортиқ одамни, “Ким бир яхшилик қилса, унга ўн баробар қайтарилур” оятини ҳам қўшганда, бошқа кечаларда 300 000 (уч юз минг) донадан кўпроқ кишини кечирганнинг савобига эга бўламиз.
Агар биз қадр кечасида 1 (бир) ракат намоз ўқисак, “Лайлатул Қадр минг ойдин яхшироқдир” оятига кўра, бошқа кечаларда 30 000 (ўттиз минг) ракатдан ортиқ намоз ўқиган, “Ким бир яхшилик қилса, унга ўн баробар қайтарилур” оятини ҳам қўшганда, бошқа кечаларда 300 000 (уч юз минг) ракатдан кўпроқ намоз ўқиганнинг савобига эга бўламиз.
Агар биз қадр кечасида 1 (бир) марта садақа қилсак, “Лайлатул Қадр минг ойдин яхшироқдир” оятига кўра, бошқа кечаларда 30 000 (ўттиз минг) мартадан ортиқ, “Ким бир яхшилик қилса, унга ўн баробар қайтарилур” оятини ҳам қўшганда, бошқа кечаларда 300 000 (уч юз минг) мартадан ортиқ садақа қилганнинг савобига эга бўламиз.
Агар биз қадр кечасида қариндошимизга 1 (бир) марта силаи раҳм қилсак, “Лайлатул Қадр минг ойдин яхшироқдир” оятига кўра, бошқа кечаларда 30 000 (ўттиз минг) мартадан ортиқ, “Ким бир яхшилик қилса, унга ўн баробар қайтарилур” оятини ҳам қўшганда, бошқа кечаларда қариндошларимизга 300 000 (уч юз минг) мартадан кўпроқ силаи раҳм қилганнинг савобига эга бўламиз.
Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Аллоҳ таоло барчамизнинг ихлосимизни зиёда қилсин! Рамазон ойини ғанимат билиб, ҳар дақиқасидан фойдаланиб қолишга, хусусан, қадр кечасида солиҳ амалларни қилиб бедор бўлишга муяссар этсин!
islam.ahram.org сайтидан
Нозимжон Иминжонов таржимаси
18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.
Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.
Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.
1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.
1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.
Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.
2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати