Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Август, 2026   |   29 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:59
Қуёш
05:29
Пешин
12:28
Аср
17:23
Шом
19:31
Хуфтон
20:58
Bismillah
12 Август, 2026, 29 Сафар, 1448

Рамазонда Аллоҳ раҳматининг кўринишлари

27.05.2019   41988   2 min.
Рамазонда Аллоҳ раҳматининг кўринишлари

Муборак Рамазон ойи Аллоҳ таоло бошқа ойлардан афзал қилган, хослаган ойдир. Бу ойда Қуръони карим одамларга ҳидоят ўлароқ, ҳидоят далиллари ўлароқ нозил бўлган. Бу ойда Аллоҳ таоло наздида энг афзал кеча – Лайлатул қадр бор. Бу ойда илоҳий раҳматлар нозил бўлади, мусулмонлар покланади. Бу ой – илоҳий мукофотларга эга бўлинадиган мавсумдир. Унинг биринчи ўн кунида Аллоҳ таоло ўз бандаларини раҳматига дохил қилади, ўртасида уларни мағфират қилади. Зеро, бу ойда бандаларининг Ўзининг розилигини истаб кундузлари рўзадор, кечалари намоз билан қоим бўлганларини кўриб, уларни мағфират қилади. Бу ойнинг учинчи ўн кунлигида эса, Аллоҳ таоло бандаларини дўзахдан озод этади.

Мусулмон киши бу ойда Аллоҳ таолонинг ўз бандаларига туширган раҳматини ҳис қилади. Бу раҳмат қуйидаги ишларда кўринади:

  • Шайтонларнинг кишанланиши. Бу ойда жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади, шайтонлар кишанланади. Шубҳасиз, бу Аллоҳ таолонинг бандаларига раҳматидир. Чунки шайтонлар кишанланиши, васваса қилишдан тийилишлари бандаларга рўза тутишларига, кечалари қоим бўлишларига ёрдам бўлади. Бу ишни тақводорлар, хусусан, тўғри рўза тутишга мукаммал тайёргарлик кўрганлар ҳис этадилар.
  • Тавба эшикларининг очилиши. Аллоҳ таолонинг тавба эшиги тавба қилишни, истиғфор айтишни истаган гуноҳкор бандалар учун доимо очиқдир. Аммо бу ойдаги тавба бошқа ойлардаги тавбадан афзалдир. Бунга сабаб – бу ойда нозил бўладиган илоҳий раҳматлар, фаришаларнинг зикр ва ибодат бўлаётган жойларда ҳозир бўлишларидир.
  • Ажр-савобларнинг бир неча бор кўпайтириб берилиши. Мусулмон биладики, Аллоҳ таоло унга бир яхшилигига ўн баробар кўп савоб беради. Лекин бу ойда бир яхши ишга бошқа ойларга қараганда етмиш баробар кўп савоб ёзилади. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг бандаларига неъмати, фазлидир. Бу билан бандаларнинг даражалари янада кўтарилади, аллоҳнинг раҳматига нойил бўладилар.
  • Шунингдек, ойда бандалар бир-бирларига закот ва садақа бериб, ёрдам кўрсатишлари, қийналганларнинг муаммо ва ташвишлари бартараф бўлиши, рўзадорларга ифторликлар ташкил қилиниши билан ҳам ажралиб туради. Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Ким бир рўзадорга ифтор қилиб берса, унга ҳам рўзадорга берилганча савоб берилади. Бунда рўзадорнинг савобидан заррача камайтирилмайди” (Имом Термизий рифояти).

 

Абдурасул ҚАЮМОВ,

Тошкент шаҳар Чилонзор тумани

“Муҳсинхон тўра эшон” жоме масжиди

имом-хатиби

 

Рамазон-2019
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Саховатпеша юртдошларимиз масжидлар коммунал тўловларини қўллаб-қувватламоқда

07.08.2026   33139   1 min.
Саховатпеша юртдошларимиз масжидлар коммунал тўловларини қўллаб-қувватламоқда

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар билан ишлаш бўлимининг маълумотига кўра, 2026 йилнинг июнь–июль ойлари давомида юртдошларимиз томонидан DOMO мобил иловаси орқали масжидларнинг коммунал харажатларини қоплашга қаратилган хайрли ташаббус фаол қўллаб-қувватланди.


Ушбу давр мобайнида 650 та масжид учун жами 254,7 миллион сўм хайрия маблағлари йиғилиб, пўлатдай шаффофлик билан тўловларга йўналтирилди.


Сарфланган маблағлар тақсимоти:

  • 225,9 млн сўм (88,7%) — электр энергияси тўловларига;

  • 28,8 млн сўм (11,3%) — табиий газ харажатларини қоплашга.


Энг кўп хайрия қилинган ҳудудлар:

  • Тошкент шаҳри — 103,6 млн сўм;

  • Тошкент вилояти — 29,3 млн сўм;

  • Қорақалпоғистон Республикаси — 27,4 млн сўм;

  • Фарғона вилояти — 24,9 млн сўм. 
     

Бу каби хайрли эҳсонлар масжидларимизнинг узлуксиз фаолиятини таъминлаш ва намозхонлар учун муносиб шароит яратишга хизмат қилмоқда.


Барча саховатпеша ҳамюртларимизга самимий миннатдорлик билдириб, қилинаётган эзгу амалларга Ҳақ таолодан барака тилайди.
 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари