Сўнгги вақтларда Интернет тармоқларида айрим нохушликларни ислом шиорларига боғлаш – “имом ундай бўлди”, “масжид бундай бўлди” дейиш ҳолатлари учраётгани ижобий ҳодиса эмас. Аввалроқ “Деновда ҳамшаҳрига марихуана берган масжид ноиби қўлга олинди”, “Уйи томсиз қолган имомга ёрдам берайлик”, “Даҳшатли алангадан мўъжиза туфайли омон қолган имом зудлик билан операция қилиниши зарур” каби мақолалар эълон қилинган эди. Булардан мақсад нима? Шундай нохолис йўл орқали омманинг эътиборини жалб қилиш ё нашр рейтингини оширишми?
Ўтган куни эса “Қўқонда имом ёрдамчиси гиёҳванд моддалар билан қўлга тушди” сарлавҳали хабарда косибчилик билан шуғулланиб, шу билан бирга, Қўқон шаҳридаги масжидлардан бирида имомга ёрдамчилик қилиб келган бир шахс гиёҳванд моддалар билан қўлга тушиб, жазо тайинлангани ҳақидаги хабар эълон қилинди.
Шу ўринда бир мулоҳаза, асосий касби косибчилик бўлган инсоннинг имомга ёрдамчилик қилганини (“ёрдамчи” деган штат йўқ) сарлавҳага олиб чиқишдан мақсад нима? Нега сарлавҳа «Косиб гиёҳванд моддалар билан қўлга тушди» шаклида эмас?.. Боз устига мазкур шахс ўтган йили ишдан бўшаб кетганига нима дейсиз?..
Жиноят қилган одамнинг динга муносабати, масжидга алоқаси олдинги планга олиб чиқилмаслиги лозим. Бу одам жиноят қилган экан, қонуний жазосини олди. Бироқ ҳар қандай имкониятдан фойдаланиш илинжида диний идора, масжид ё имом умуман, ислом шиорларини ёмонотлиқ қилишга уриниш дуруст эмас, балки гуноҳдир.
Интернетдаги бетизгин эркинлик сабабли баъзилар ҳурмат-эҳтиром каби инсоний туйғуларга, қонун-қоида каби меъёрларга риоя қилмаётгани ҳам кўзга ташланмоқда. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “У (инсон) бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса) унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)”, деб баён қилган (Қоф сураси, 18-оят).
Ушбу ояти каримадан журналистларнинг ҳам айтганлари ва ёзганларини муаккал фаришталар ёзиб бориши, вақти етиб дафтар кўтарилганда бугун ёзганларимиз эртага ўзимизнинг фойдамиз ёки зараримизга ҳужжат бўлиши аён бўлмоқда. Шундай экан, ёзган материалларимизни одамларни ҳайратга соладиган қилиш учун Ислом шиорларига боғлашдан сақланайлик!
Ҳаммани лол қолдирадиган материал ёзаман, дея арзон шуҳратга учиб, Ислом шиорларига зарар етказиш – журналистика этикасига ҳам, миллатимиз ахлоқига ҳам, динимиз таълимотига ҳам мутлақо тўғри келмайди.
Ҳар бир сўзимизни ёзишга чоғланар эканмиз, онгимизда Аллоҳ таоло ва Унинг Расулининг бизни огоҳлантирган каломлари, аждодларимиз ибрати, Ислом дини қадр-қиммати пайдо бўлса, сўз айтиш масъулиятини янада теранроқ англаган бўлар эдик.
Зотан, қалам аҳлларининг шарафли касбида қўлга киритадиган ютуқларини таъмин этувчи муҳим омил ҳам шу эмасми, ўзи!
Умуман олганда, ўша жиноятчининг асл касби қолиб, имомга ёрдамчи эканининг сарлавҳага чиқарилишининг ҳам ўзига яраша сабаблари бор:
диндор одам жиноятчи бўлмайди;
диндор одам оғуфурушлик билан шуғулланмайди;
диндор одамнинг бу каби қабиҳлик билан шуғулланиши бошқаларникидан икки чандон даҳшатли ҳодиса саналади;
косиб – ҳунарманд, имомлик эса пешволик...
Мақолага сарлавҳа қўйилганда ана шу жиҳатларга эътибор қаратилган. Бироқ ўқувчини қизиқтириш, жиноятнинг кўламини бўрттириб кўрсатиш учун қўлга тушган жиноятчиларнинг намоз-ниёзи борини динга боғлайвериш одамларда дин ва диндорларга нисбатан салбий фикрни шакллантиришга, улардан ҳадиксирашга сабаб бўлиб қолиши мумкин.
Ана шундан эҳтиёт бўлган маъқул, азизлар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.
Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.
Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.
1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.
1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.
Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.
2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати