Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан muslim.uz сайти таркибида аёллар учун расмий диний-маърифий телеграм канал иш бошлади. Унда аёл-қизларга оид шаръий масалалар, солиҳа аёллар ҳаёти, оилавий муносабатлар, фарзанд тарбияси тўғрисидаги мақолалар ҳамда турмуш ҳаётда керакли бўлган масалаларга психолог тавсиялари бериб борилади.
Қуръони каримнинг дастлабки сураларидан бирини “Нисо” – “Аёллар” деб номланиши Ислом динида аёл ҳақ-ҳуқуқларининг эътибори юқори эканига далил.
Агар аёл киши ҳаётда маънан соғлом бўлса, жамият мустаҳкам бўлади. Чунки фарзандлар оналар сабабидан дунёга келади ва бошланғич таълим-тарбияни ҳам оналардан олади. Шундай экан, келажак авлоднинг баркамол бўлиши аёлларнинг қанчалик маърифатли бўлишига ҳар жиҳатдан боғлиқ.
Аллома Абдулҳамид ибн Бодиснинг “Агар ўғил болага таълим берсанг, бир шахсга таълим берган бўласан. Агар қиз болага таълим берсанг, бутун умматга таълим берган бўласан”, деган ҳикматида жуда катта маъно мужассамдир.
Янги телеграм канал ишига Аллоҳ таолодан муваффақиятлар тилаймиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
@muminauz | @muslimuzportal | Muslim.uz
Диндан узоқлашар эканмиз, асл мақсаддан, рисолатдан ва инсоний қадриятлардан йироқлашган бўламиз. Натижада жамиятда ёмонлик, зулм ҳукм суради, ёвузликка, маст қилувчи ичкиликларга қизиқиш ортади, оилага, соғлом турмуш тарзига рағбат йўқолади, ота-она билан фарзанд ўртасидаги муносабатларга ҳам футур етади, иқтисодий ҳаёт эса рибо ва қимор билан тўлиб-тошади. Оқибатда гуноҳлар кескин кўпайиб кетади.
Шу боис инсон доимо динга эҳтиёж сезади ва ундан ҳеч қачон беҳожат бўлмайди!
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан