Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
09 Январ, 2025   |   9 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:49
Пешин
12:35
Аср
15:31
Шом
17:15
Хуфтон
18:34
Bismillah
09 Январ, 2025, 9 Ражаб, 1446

Рўза тутмасликка сабаб бўлувчи узрлар

21.05.2019   37310   2 min.
Рўза тутмасликка сабаб бўлувчи узрлар

Танловга!

Рўза тутмасликка сабаб бўлувчи узрлар

Ҳукмларининг енгиллиги ва буйруқларининг мослашувчанлиги борасида Ислом диннинг катта устунлиги Рўзада ўз аксини топган. Ва шунингдек, Аллоҳ таолонинг рўза оятида:

يُرِيدُ اللَّهُ بِكُمُ الْيُسْرَ وَلَا يُرِيدُ بِكُمُ الْعُسْرَ

“Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинчиликни хоҳламайди.”  (Бақара сураси 185- оят) - дейишлиги билан Ислом нақадар енгил эканлиги намоён бўлади.

Шунинг учун, рўза тутишлик машаққатли ёки узрли бўлган ҳолларда рўза тутмаслик жоиз бўлади. Бундай ҳолатлар эса 2 турга бўлинади:

1)Рўза тутмасликни мубоҳ қилиб, қазосини вожиб қилувчи ҳолатлар.

2)Рўза тутмасликни мубоҳ қилиб, фидяни вожиб қилувчи ҳолатлар.

1) Рўза тутмасликни мубоҳ қилиб, қазосини вожиб қилувчи ҳолатлар:

-Сафар. Ислом ўз шаҳридан шаръий сафар масофасича узоқда бўлган мусофир кишига рўза тутмасликка рухсат беради.

-Касаллик.  Бемор – касаллиги зиёда бўлиб кетишидан қўрқса, рўза тутмаслик жоиз бўлади.

- Ҳомиладор ва эмизикли аёл. Ҳомиладор ёки эмизикли аёл - ўзидан ёки фарзандидан хавфсираса, Ислом бундай муслимага рўза тутмасликка рухсат беради.

- Ҳалок бўлишдан хавфсираш. Агар рўзадорга қаттиқ чанқоқ ва очлик етиб, ўлиб қолишдан хавфсираса, унга ҳам рўза тутмаслик мубоҳ бўлади ва қазоси вожиб бўлади.

2)  Рўза тутмасликни мубоҳ қилиб, фидяни вожиб қилувчи ҳолатлар:

- Бундай узр биттагина ҳолос. У ҳам бўлса, тузалмас касаллик ва доимий заифлик сабаб рўза тутишликдан доимо ожиз бўлиш.

 Бунга «Шайхул фоний» яъни доим рўза тутишдан ожиз ва тузалишликдан умидини узган бемор кишилар киради. Агар бундай кишилар қишин-ёзин рўза тутишликдан ожиз бўлсалар, бундай ҳолатда рўза тутмайди ва тутмаган  ҳар бир кунига фидя тўлайдилар.

«Фиқҳул Ҳанафий фи савбиҳил жадид» китоби асосида тайёрланди.

Тошкент Ислом институти талабаси

Муҳаммад Али Муҳйиддин

 

Рамазон-2019
Бошқа мақолалар

Вақт ва ёшлик қадри (2 қисм)

7.01.2025   2696   6 min.
Вақт ва ёшлик қадри (2 қисм)

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Мамлакатимиз аҳолисининг 64 фоизини ёшлар ташкил этади. Фарзандларимизнинг илмли, ахлоқли бўлиб камолга етишларига уйда ота-оналар, ўқув юртларида эса муаллим ва устозлар астойдил жон куйдиришлари керак. Ўғил-қизларимизни илм-маърифатга ошно қилишдан ҳеч ким четда турмаслиги лозим. Жадидчи алломаларимиздан бирлари: “Фарзанд тарбиясига лоқайд қараган миллат инқирозга маҳкумдир”, деб бежизга айтмаган.

Исломда болалар тарбияси ота-онанинг энг масъулиятли ва узоқ давом этадиган бурчларидир. Бошқа бурчлар баъзи ишларни қилиш ёки мулкни сарфлаш билан охирига етади. Аммо тарбия масъулияти бардавом бўлади. Зотан, ота‑онанинг фарзанд неъматига ҳақиқий шукрлари ҳам айнан тарбия масъулиятини шараф билан адо этиш орқали юзага чиқади. Амалий шукр – берилган неъматни неъмат берувчи зотни рози қиладиган тарзда тасарруф қилиш билан бўлади. Бинобарин, фарзанд неъматига амалий шукр қилиш ўша фарзандни Аллоҳ таолога итоат қиладиган банда қилиб тарбиялаш билан юзага чиқади. Фарзанд тарбиясида ота-онанинг ўрни қанчалар катта эканини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадиси шарифларидан билиб оламиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат (соф табиат) ила туғилади. Бас, ота-онаси уни яҳудий ёки насроний ёки мажусий қилади. Бу худди ҳайвоннинг бус-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ-бурни кесилганини ҳис қилганмисиз?» дедилар.

Сўнгра Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу «Агар хоҳласангиз: «(Бу) Аллоҳ одамларни яратган асл фитратдир. Аллоҳнинг яратганини ўзгартириб бўлмас. Ушбу тўғри диндир», деган оятни ўқинг», дер эди» (Тўртовлари ривоят қилишган).

Ушбу муборак ҳадиси шарифда Аллоҳ таоло инсонларни яратиш пайтида соф табиат билан яратса ҳам, кейинчалик инсонлар, хусусан, ота-она тарбияси сабабли бу софликка футур етиши, унинг бузилиши ҳақида сўз кетмоқда.

“Фитрат” соф табиат, динни тўғри қабул қилишга бўлган қобилият деганидир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёда туғиладиган ҳар бир бола соф табиат билан, Аллоҳ таолонинг динини қабул қилиш қобилияти билан туғилиши ҳақида хабар бермоқдалар.

Демак, Аллоҳ таоло ҳеч кимни аввалдан сен яҳудий бўласан, сен насроний бўласан, сен мажусий бўласан, деб мажбур қилмайди. Одамларнинг турли динга мансуб бўлишига сабаб бор:

«Бас, ота-онаси уни яҳудий, насроний ёки мажусий қилади».

Яъни, ота-оналар болаларини ўз динларида тарбиялашлари оқибатида болаларнинг соф табиати бузилиб, яҳудий, насроний ва мажусий бўлиб қоладилар.

Шу жойда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу маънони тўлиқроқ тушунтириш мақсадида саҳобаи киромларга ҳиссий бир мисол келтирмоқдалар.

«Бу худди ҳайвоннинг бус-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ-бурни кесилганини ҳис қилганмисиз?».

Яъни ҳар бир ҳайвон боласи онасидан бус-бутун туғилади. Бирортасининг қулоғи ёки бурни кесилмаган бўлади. Аммо, эгалари белги қўйиш мақсадида ва яна бошқа ниятда уларнинг қулоқларини, бурунларини кесадилар ва ҳоказо. Шунга ўхшаб, инсон ҳам онадан соф табиат билан туғилади, у яҳудий, насроний ёки мажусий бўлиб туғилмайди. Ота-онасининг тарбияси туфайли яҳудий, насроний ёки мажусий бўлади.

Аллоҳ таоло бу дунёдаги нарсаларни сабабият қонуни ила бир-бирига боғлаб қўйган. Оч инсон таом емаса, қорни тўймайди. Ота-она қўшилмаса, бола туғилмайди. Худди шунингдек, тарбия бўлмаса, инсон тарбия кўрган бўлиб вояга етмайди. Шунинг учун ҳам Исломда бола тарбиясига алоҳида эътибор берилади.

Тарбия ҳақида Имом Ғаззолийнинг «Иҳёу улумуд-дин» китобида бундай дейилади: “Бола ота-она қўлида бир омонатдир. Қалби турли нақш ва расмлардан пок, нима нақш солинса, қабул қилади, нимага мойил қилинса, мойил бўлаверади. Агар яхшиликка ундалса ва ўргатилса, унинг устида ўсаверади, дунё ва охиратда саодатли бўлади, ота-онаси ҳамда одоб, таълим-тарбия берганлар барчаси савобига шерик бўлишади. Агар ёмонликка ундалса ва ҳайвон каби бўш қўйилса, ёмонликка учрайди, ҳалок бўлади ва унга қараб турган киши зиммасига гуноҳкорлик тушади”.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Авлодларингизни, биринчидан: “Аллоҳни севадиган қилиб тарбияланглар...” Чунки Аллоҳ таоло уни йўқдан бор этиб, ота-онани унинг дунёга келишига сабабчи қилди. Ва уларнинг қалбларига фарзанд меҳру муҳаббатини солди. Агар Аллоҳ таоло фарзанд муҳаббатини қалбга солмаганида, уни бағрига босмасди, раҳм-шафқат қилмасди, кўчага ташлаб кетган бўларди. Шунинг учун фарзанд Аллоҳ таолони севиб, унга шукрлар қилиши лозим.

Иккинчидан: “Аллоҳнинг Расулини севадиган қилиб тарбияланглар”. Чунки Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни халқ орасидан танлаб олиб, халққа Пайғамбар қилиб юборган. Қуръони каримнинг Анбиё сураси 107-оятида ул зотни “Биз сизни (бутун) оламларга раҳмат қилиб юборганмиз”, дейилган. Пайғамбаримиз инсонларга ота-онасидан ҳам меҳрибонроқ бўлган, дунёдаги барча яхшиликларни ўргатган зот, бутун дунё аҳлининг устози саналади.

Учинчидан: “Аллоҳнинг Китобини севадиган қилиб тарбияланглар...”. Чунки бу Китоб инсониятни ҳидоятга чорлайди.

Бу учта талаб инсон фарзандига ўргатилиши лозим бўлган қоидалардан саналади.

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоху алайхи васаллам айтдилар: “Ота-она ўз боласига гўзал одобдан кўра афзал нарса бера олмайди”.

Албатта, фарзанд илмли ва одобли бўлса ота–она ҳурматини ва ҳақ-ҳуқуқларини яхши адо қилади. Оилада яхши тарбия топган фарзанд яхши ва ёмонни фарқлай олади. Қайси оилада, қайси маҳаллада ёшлар тарбияси яхши йўлга қўйилар экан, ўша оила, ўша маҳалла, ўша юрт  гуллаб яшнайди. Бу эса жамиятнинг равнақ топишига олиб келади.

Давоми бор...

Муҳаммад Қуддус АБДУЛМАННОН,
Хўжаобод тумани “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби.