Рамазон ойида ҳаммамиз тақводор бўлишга уринамиз. Намоз ўқиш, садақа бериш, етимлар, бева-бечоралар ҳолидан хабар олишга интилиб, қариндошлар билан борди-келдини кучайтирамиз. Оила, фарзандларга кўпроқ эътибор берилади.
Аммо Рамазон ойидан кейин баъзи кишилар бу улуғ ойдаги тақволарини ушлаб қололмай, Рамазондан олдинги хатоларини яна давом эттираётганлари кўзга ташланиб қолади.
Хўш, биз Рамазон ойидаги руҳий ҳолатимизни, ибодатларга бўлган интилишимизни бу ойдан кейин ҳам давом эттиришимиз учун нима қилишимиз керак?
Жавоби оддий: биз тақволи бўлишга фақат Рамазон ойида эмас, балки бутун умримиз давомида буюрилганимизни унутмасак ва шунга кўра ҳаракат қилсак бўлди.
Аллоҳ таоло бизни фақат Рамазонда эмас, балки доим кузатиб туради. Амалларимизни доим ҳисоб-китоб қилиб боради.
Намоз доим фарз. Закот доим фарз. Солиҳ амалларни қилиш ва гуноҳлардан тийилиш биздан доим матлубдир. Ота-она зиёрати, силаи раҳм, яхши қўшничилик, намозларни масжидда жамоат билан адо этиш доим муҳимдир. Рамазонда астойдил уриниб қиладиган солиҳ амалларимизни, аслида, доим қилиб юришга буюрилганмиз. Фаришталар бизнинг амалларимизни вафот этгунимизча ёзиб боришади. Эҳсон, инфоқ, мурувват ҳамиша қилиниши керак. Аллоҳ таоло солиҳ амалларимизга ҳамма вақт савоб беради. Хато ва маъсиятларимиз ҳамиша гуноҳ деб ёзиб борилади. Биз гуноҳдан умримиз охиригача четда бўлишимиз керак.
Аллоҳ таоло бизни умр бўйи тақво қилишга амр этган. Шу амрида бардавом бўлишимизни, Рамазондан кейин ҳам Рамазон ойи шукуҳида, охиратга тайёргарлик кўрувчи инсон бўлиб юришимизни насиб этсин, омин!
Нозимжон Иминжонов
"Ли ийлафи қурайш" сураси, Қурайш қабиласига берилган неъматларга урғу беради.
Бу суранинг нозил бўлиши сабабини ўрганганда, Аллоҳдан янада қўрқиш ҳисси пайдо бўлади. Бу сура ҳаётдаги муҳим муаммолардан бири - неъматга одатланиб, уни қадрсизлантириш ҳақидадир.
Аллоҳ қурайшликларни икки мавсум - қиш ва ёздаги савдо сафарлари орқали тирикчиликларининг яхши кетишига одатланиб қолганликлари, лекин улар бу неъматларнинг ҳақиқий Эгасини тан олиб, шукр қилмаганларини айтади.
Жоҳилият даврида Қурайш қабиласи фақирлик ва очарчиликда яшаган, ҳаётлари жуда ночор ва қийин бўлган. Ҳаттоки, қашшоқлик кучайганида, баъзилар ўз оиласини олиб, “хубо” деб аталган жойга боришар ва ўша ерда очликдан ҳаммаси ҳалок бўлгунига қадар қолишарди. Бу одат жоҳилият даврида “иътифар” деб номланар эди.
Макканинг катта тожирларидан бўлган Ҳошим ибн Абдуманофга бир куни Бани Маҳзум қабиласининг барча аъзолари жуда қаттиқ очликда қолиб, ҳалок бўлиш арафасида экани ҳақидаги хабар етади. У Аллоҳнинг байти Каъбанинг хизматида турган одамларнинг шундай қашшоқлик ва ўта жоҳилона аҳволда эканликларидан ўкинди ва қаттиқ ғазабланди.
Шу сабабдан Ҳошим ибн Абдуманоф бу ёмон одатни ўзгартиришга қарор қилди ва қуйидагиларни амалга оширди:
– Сизлар Аллоҳнинг байтини хизматида бўлатуриб бутун арабларга ўзингизни шарманда қиладиган ёмон одатларни жорий қилгансизлар, деди ва бир қабилани бир нечта уруғларга бўлиб ташлади. Ҳар бир уруғдаги бой кишилардан ўз қариндошлари билан мол-мулкини тенг бўлишишни талаб қилди. Шундай қилиб, камбағал ҳам бой билан тенг бўлди.
Шундан кейин у Қурайш қабиласига тижорат усулларини ўргатди ва уларни йилда икки марта тижорат сафарига чиқиш йўлларини белгилаб берди. Ёзда мева-сабзавотлар савдоси учун Шомга, қишда эса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси учун Яманга сафарларини ташкил қилди.
Шундай қилиб, Шом ва Яманнинг баракаси Маккага олиб келинди ва қурайшликларнинг иқтисодий ҳолати яхшиланди. Шу билан бирга, “иътифар” одати ҳам йўқ бўлди. Бироқ, вақт ўтиши билан Қурайш қабиласи Аллоҳнинг бу неъматларига шукр қилиш ўрнига, уларга одатланиб қолди ва неъматни қадрламай қўйди. Неъматга ношукурлик қилиш – бу унга одатланиб, уни неъмат деб билмасликдир.
Қурайш қабиласи Аллоҳ томонидан туширилган неъматларга одатланиб, уни қадрсизлантиргани учун Аллоҳ уларга бу сурани туширди: "Мана шу Байт (Каъба)нинг Парвардигорига (шукрона учун) ибодат қилсинлар. Зеро, У уларни очликдан (қутқариб) тўйдирди ва хавфу хатардан омон қилди".
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ