frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Рамазондан кейин...

20.05.2019   49714   1 min.
Рамазондан кейин...

Рамазон ойида ҳаммамиз тақводор бўлишга уринамиз. Намоз ўқиш, садақа бериш, етимлар, бева-бечоралар ҳолидан хабар олишга интилиб, қариндошлар билан борди-келдини кучайтирамиз. Оила, фарзандларга кўпроқ эътибор берилади.  

Аммо Рамазон ойидан кейин баъзи кишилар бу улуғ ойдаги тақволарини ушлаб қололмай, Рамазондан олдинги хатоларини яна давом эттираётганлари кўзга ташланиб қолади.

Хўш, биз Рамазон ойидаги руҳий ҳолатимизни, ибодатларга бўлган интилишимизни бу ойдан кейин ҳам давом эттиришимиз учун нима қилишимиз керак?

Жавоби оддий: биз тақволи бўлишга фақат Рамазон ойида эмас, балки бутун умримиз давомида буюрилганимизни унутмасак ва шунга кўра ҳаракат қилсак бўлди.

Аллоҳ таоло бизни фақат Рамазонда эмас, балки доим кузатиб туради. Амалларимизни доим ҳисоб-китоб қилиб боради.

Намоз доим фарз. Закот доим фарз. Солиҳ амалларни қилиш ва гуноҳлардан тийилиш биздан доим матлубдир. Ота-она зиёрати, силаи раҳм, яхши қўшничилик, намозларни масжидда жамоат билан адо этиш доим муҳимдир. Рамазонда астойдил уриниб қиладиган солиҳ амалларимизни, аслида, доим қилиб юришга буюрилганмиз. Фаришталар бизнинг амалларимизни вафот этгунимизча ёзиб боришади. Эҳсон, инфоқ, мурувват ҳамиша қилиниши керак. Аллоҳ таоло солиҳ амалларимизга ҳамма вақт савоб беради. Хато ва маъсиятларимиз ҳамиша гуноҳ деб ёзиб борилади. Биз гуноҳдан умримиз охиригача четда бўлишимиз керак.

Аллоҳ таоло бизни умр бўйи тақво қилишга амр этган. Шу амрида бардавом бўлишимизни, Рамазондан кейин ҳам Рамазон ойи шукуҳида, охиратга тайёргарлик кўрувчи инсон бўлиб юришимизни насиб этсин, омийн!

 

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг халқаро нуфузи яна бир бор юксак эътироф этилди

07.08.2026   51660   4 min.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг халқаро нуфузи яна бир бор юксак эътироф этилди

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази номига хорижий давлатлар раҳбарлари, нуфузли халқаро ташкилотлар, илмий муассасалар ҳамда халқаро анжуманлар иштирокчилари томонидан йўлланаётган миннатдорлик ва ҳамкорлик мактублари Марказнинг халқаро майдондаги юксак нуфузи тобора мустаҳкамланиб бораётганидан далолат бермоқда.

Хусусан, Малайзия Қироличаси Ража Зарит София Зоти Олиялари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов номига йўллаган миннатдорлик мактубида Ўзбекистонга амалга оширган расмий ташрифи давомида кўрсатилган юксак меҳмондўстлик ва самимий қабул учун чуқур миннатдорлик билдирган. Шунингдек, Қиролича Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф унда унутилмас таассурот қолдирганини таъкидлаб, Марказ экспозициялари Марказий Осиёнинг бой тарихи, маданий мероси ҳамда Ислом цивилизацияси тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломаларнинг илмий-маънавий меросини замонавий музей ечимлари орқали кенг ва таъсирчан тарзда намоён этаётганини юқори баҳолаган. Айниқса, Қуръон залидаги маънавий муҳит ва ноёб мерос намуналари унда катта ҳурмат ва ҳайрат туйғуларини уйғотгани қайд этилган.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда 2026 йил 7–11 июль кунлари Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида бўлиб ўтган I Халқаро ислом цивилизацияси форуми юксак халқаро эътирофга сазовор бўлмоқда. Форум якунларидан сўнг нуфузли халқаро ташкилотлар, илмий муассасалар ва жамоат арбоблари томонидан миннатдорлик ҳамда ҳамкорликни ривожлантиришга оид қатор мактублар келиб тушди.

Малайзия Халқаро Ислом университети (International Islamic University Malaysia – IIUM) ҳузуридаги Office of Strategic Institution Transformation раҳбари, профессор Шукрон бин Абд Раҳмон ўз мактубида I Халқаро ислом цивилизацияси форумининг халқаро аҳамиятига алоҳида тўхталган. Унинг қайд этишича, 40 дан ортиқ мамлакатдан олимлар, давлат арбоблари ва халқаро ташкилотлар вакилларини бирлаштирган мазкур анжуман ислом цивилизациясининг тинчлик, бағрикенглик ва маърифат ғояларини тарғиб этиш, давлатлар ўртасидаги илмий мулоқот ва академик ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутди. Шунингдек, форумнинг юқори савияда ташкил этилгани, иштирокчилар учун яратилган шароитлар ҳамда Ўзбекистоннинг бой илмий ва маънавий мероси халқаро жамоатчиликка муносиб тарзда намоён этилгани эътироф этилди.

Россиянинг “Россия – Ислом дунёси” стратегик қараш гуруҳи томонидан юборилган икки алоҳида мактубда ҳам Форум ва Марказ фаолиятига юксак баҳо берилди. Хусусан, мазкур мактубларда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг очилиши XXI аср ислом оламидаги энг йирик гуманитар ва маданий-маърифий лойиҳалардан бири сифатида баҳоланиб, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ушбу ташаббусни амалга оширишдаги етакчи ўрни ва Марказни илм-фан, тинчлик, маърифат, гуманизм ҳамда бунёдкорлик маскани сифатида шакллантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари алоҳида эътироф этилган.

Шу билан бирга, Марказнинг келгусида дунё олимлари, тадқиқотчилари ва талабалари учун нуфузли илмий-маърифий марказга айланишига ишонч билдирилиб, музейшунослик, тарих, археология, таълим, китобшунослик ва нашриётчилик соҳаларида қўшма илмий ва маданий лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлик билдирилган.

Иордания Ҳошимийлар Қироллиги Маданият вазирлиги Бош котиби профессор Нидал Ал-Аҳмад ҳам ўз мактубида I Халқаро ислом цивилизацияси форуми юксак савияда ташкил этилганини таъкидлаб, анжуман Ислом цивилизациясининг инсоният тараққиётига қўшган улкан ҳиссасини халқаро майдонда яна бир бор намоён этганини қайд этган. Шунингдек, турли мамлакатлардан ташриф буюрган олимлар, давлат ва дин арбобларини бир майдонга жамлаган мазкур форум тинчлик, бағрикенглик ва маърифат ғояларини илгари суришга хизмат қилувчи муҳим халқаро мулоқот платформасига айлангани таъкидланган.

Марказнинг халқаро майдондаги фаолиятига билдирилаётган юксак ишончнинг яна бир амалий ифодаси сифатида ICESCO нинг Боку шаҳридаги минтақавий офиси томонидан Марказ раҳбариятига 2026 йил 27–28 июль кунлари бўлиб ўтган Global Foresight Focal Points Initiative халқаро тадбирида иштирок этиш учун расмий таклифнома юборилди. Таклифда ICESCOга аъзо давлатларда стратегик прогнозлаш, давлат бошқарувида инновацион ёндашувларни жорий этиш ва келажакни режалаштириш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани қайд этилган.

Хорижий давлатлар раҳбарлари, нуфузли олимлар ва халқаро ташкилотлар томонидан билдирилган мазкур эътирофлар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг қисқа вақт ичида халқаро илмий-маърифий ҳамкорликнинг муҳим платформаларидан бирига айланганини яна бир бор тасдиқлайди. Бу эса Марказ томонидан ислом цивилизациясининг бой илмий ва маданий меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва жаҳон ҳамжамиятига кенг тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар халқаро даражада юксак баҳоланаётганининг ёрқин ифодасидир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари