Динимизда оила қуриш, уни фароҳғат ва бахт қўрғони сифатида мустаҳкам сақлашга катта эътибор қаратилади. Бу борада шариат оила аъзоларига маълум ҳуқуқ ва мажбуриятларни юклайди. Зиммаларидаги ҳақларини муқаддас билиб, уларга амал қилган эркак ва аёл жамиятда гўзал намуна бўлиб, охиратда саодат топувчилардан бўладилар.
Афсуски, ҳозирда бузилаётган оилаларнинг аксарияти унинг аъзоларнинг асл ҳақ ва мажбуриятларини билмаслиги, билсада, амал қилмаслиги, қўйингки, жоҳиллиги сабаб бўлади.
Самарқанд вилояти Жомбой туманидаги “Иброҳим ота” жоме масжиди имом-хатиби Анвар Аҳмедов тумандаги “Оила маркази”да 48 нафар оила қуриш арафасида бўлган ёшлар билан “Оила-муқаддас даргоҳ” мавзусида давра суҳбати ўтказди.
Имом домла ёшларга динимизда оиланинг муқаддаслиги, масъулияти никоҳнинг муқаддаслиги исломда эр ва аёлнинг муштарак ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида зарурий билимларни берди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган анжуман доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев Миср Вақф ишлари вазири Шайх Усома Азҳарий, ислом оламидаги нуфузли ташкилот Мусулмон донишмандлар кенгаши Бош котиби Муҳаммад Абдуссалом ҳамда Озарбайжон диний ташкилотлар билан ишлаш қўмитаси раиси Рамин Аламшаҳ ўғли Мамедов билан учрашувлар ўтказди.
Мулоқотларда Президентимиз ташаббуслари билан юртимизда виждон ва эътиқод эркинлигини таъминлаш, диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик ҳамда алломалар меросини тадқиқ этиш борасида амалга оширилаётган ишлар юқори баҳоланди. Шунингдек, мазкур йўналишларда алоҳида қонун, қарор ва махсус фармонлар қабул қилингани, жамиятимизда турли диний конфессиялар вакиллари орасида аҳил-иноқлик янада мустаҳкамлангани ва мўмин-мусулмонлар тоат-ибодат қилиши учун кенг имкониятлар тақдим этилгани алоҳида қайд этилди.
Мартабали меҳмонлар давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик йил сайин ривож топиб бораётганини таъкидлашди. Бугунги мураккаб даврда мана шундай халқаро ҳамкорлик, ўзаро тажриба алмашиш ва анжуманлар ташкил этишнинг аҳамияти катта эканига урғу қаратилди.
Учрашувда томонлар илмий тадқиқот, диний таълим, замонавий фатволар ишлаб чиқиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ва диний соҳа ходимлари малакасини ошириш кабиларда ҳамкорлик қилишни кенгайтиришга келишдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати