Танловга!
Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинки, бизни муборак Рамазон ойига етказди ва аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири Дўзах оловидан халос бўлиш ойи неъмати билан ризқлантирди. Қанча инсонлар бор ушбу кунгача етиб кела олмади. Аммо, бизни Аллоҳ таоло шундай шараф билан сийлади. Бу учун Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар бўлсин!
Ушбу ойнинг фазилатини зикр этиш учун Аллоҳ таолонинг қуйидаги каломининг ўзини келтириш кифоя қилади:
شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِيَ أُنزِلَ فِيهِ الْقُرْآنُ هُدًى لِّلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِّنَ الْهُدَى وَالْفُرْقَانِ
“Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир” (Бақара сураси 185-оят).
Бутун мусулмон умматини ҳидоят йўлига бошлашлик учун нозил қилинган Қуръони карим ушбу ойда нозил қилингандир. Албатта, ушбу ой мусулмон уммати учун яхшиликларни кўпайтирадиган, Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қиладиган, нафсни тарбиялайдиган, маъсиятдан тоатга ва фасоддан ислоҳга ўтадиган баракали ой ҳисобланади.
Рамазон бизни ўзгартирсин! Чунки, бу ойда раҳмат ва баракалар мўлу-кўл бўлади. Раҳмат эса бутун мусулмонларни қамраб олади, фақатгина якка бир кишини эмас!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Беш маҳал намоз ва жума кейинги жумагача, Рамазон кейинги Рамазонгача орадаги (гуноҳ)ларга каффоратдир, агар киши гуноҳи кабиралардан сақланган бўлса», дер эдилар. (Муслим ривоят қилган).
Имом Термизий роҳимаҳуллоҳнинг “Сунан”ларида келади, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиланади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: “Бурни ерга ишқалансин! Унинг ҳузурида менинг номим зикр этилиб, саловот айтмаган кишини. Бурни ерга ишқалансин! Рамазонга кириб, ундан (гуноҳлари) кечирилмай чиққан кишини. Бурни ерга ишқалансин! Ота-онасини катталик чоғида топиб, Жаннатга кирмаган кишини”.
Кўрдим, гуноҳлар қалбни ўлдирар,
Унда бардавомлик хорлик келтирар.
Гуноҳларни тарк этиш қалблар ҳаёти,
Нафсга бўйсунмаслик киши нажоти!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким Рамазон рўзасини иймон билан, савоб умидида тутса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади. Ким қадр кечасини иймон билан, савоб умидида ибодат билан ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади," дедилар. (Муттафақун алайҳ)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким Рамазонда фарзлигига ишониб, савоб умидида рўза тутса, уни аввалги гуноҳи кечирилади", дедилар. (Муттафақун алайҳ)
Ҳасан Басрий айтадилар: «Халойиқ тоат-ибодатда мусобақалашиши учун Рамазон ойини Аллоҳ таоло мусобақа майдони қилди. Бир қавм у мусобақада ғалаба қозонди, бошқа бир қавм ортда қолиб, енгилди».
Ишонч ҳосил қилайлик, биз тавба қиладиган ва ўз ҳолатларимизни тўғирлаб, Роббимиз билан алоқамизни мустаҳкамлайдиган кунлар олдида турибмиз.
Аллоҳ таоло ушбу ойда қиладиган ибодатларимизни Ўз даргоҳида ҳусни мақбул айласин!
Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти
4-курс талабаси Абдуссамиъ Эргашев тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ