Танловга!
“…Албатта Мен яқиндирман”
(Бақара сурасининг 186-ояти тафсири)
وَإِذَا سَأَلَكَ عِبَادِي عَنِّي فَإِنِّي قَرِيبٌ أُجِيبُ دَعْوَةَ الدَّاعِ إِذَا دَعَانِ فَلْيَسْتَجِيبُوا لِي وَلْيُؤْمِنُوا بِي لَعَلَّهُمْ يَرْشُدُونَ (186)
“Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман. Дуо қилгувчи менга дуо қилганда, ижобат қилурман. Бас, Менга ҳам ижобат қилсинлар ва иймон келтирсинлар. Шоядки тўғри йўлни топсалар” (Бақара сураси 186-оят).
Юқоридаги оятларда Рамазон рўзаси ҳақида сўз кетган эди. Аллоҳ таоло бандаларига енгилчиликни ирода қилганини маълум қилди. Шунингдек, Аллоҳ таоло бандаларига қийинчиликни раво кўрмайди. Ушбу ояти кариманинг маъноси эса:
Модомики, Аллоҳ Ҳақ субҳанаҳу ва таоло сенга рўзада берган нафсий покланиш ҳаловатини тотар экансан, У Зотга шукр қилишликка юзланасан. Бу эса (юзланишлигинг) Аллоҳ таолонинг сенга “Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман”, деб жавоб қайтаришига муносибдир. Мулоҳаза қиладиган бўлсак, ояти каримада “إذا” (изаа) калимаси келди, “إن” эмас! Аллоҳ таоло таъкидлаяптики, сен ушбу ҳаловатга эришганингдан сўнг, албатта, У зотга шукр қиласан. Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда айтади: “Уч тоифа бор, уларнинг дуолари рад қилинмайди: Рўзадор – оғиз очгунича, адолатли имом ва мазлумнинг дуоси”. (Ушбу дуо)ни Аллоҳ таоло булутлар устига кўтаради ва унга осмон эшиклари очилади. Аллоҳ таоло: “Иззатимга қасам! Албатта, унга нусрат бераман. Озгинадан кейин бўлса ҳам”, дейди”.
Аллоҳ таоло дуони қабул қилишлигини билдик. Хўш, сен имом эмасдурсан ва мазлум ҳам эмасдурсан. Аммо, рўзадор бўла оласан! Демак, сенга рўза тутиш қолди.
Қуръони каримда “سأل” (саъала) “сўраса” калимасини келган жойини кўрсак, кетидан жавобида “قل” (қул) “айт” калимаси ҳам келади:
يَسْأَلُونَكَ عَنِ الْخَمْرِ وَالْمَيْسِرِ قُلْ فِيهِمَآ إِثْمٌ كَبِيرٌ [البقرة: 219]
“Сендан хамр ва қимор ҳақида сўрарлар. Сен: “Иккисида катта гуноҳ... бор” деб айт” (Бақара сураси 219-оят).
وقوله:{ وَيَسْأَلُونَكَ مَاذَا يُنفِقُونَ قُلِ الْعَفْوَ }[البقرة: 219]
“Ва сендан нимани нафақа қилишни сўрарлар. Сен: “Ортиқчасини”, деб айт” (Бақара сураси 219-оят).
يَسْأَلُونَكَ مَاذَا يُنفِقُونَ قُلْ مَا أَنفَقْتُم مِّنْ خَيْرٍ فَلِلْوَالِدَيْنِ وَالأَقْرَبِينَ وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَابْنِ السَّبِيلِ وَمَا تَفْعَلُواْ مِنْ خَيْرٍ فَإِنَّ اللّهَ بِهِ عَلِيمٌ [البقرة: 215]
“Сендан нимани нафақа қилишни сўрарлар. Сен: “Нафақа қилган яхшилигингиздан ота-оналарга, яқин кишиларга, етимларга, мискинларга ва ватангадоларга бўлсин. Қандай яхшилик қилган бўлсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир”, деб айт” (Бақара сураси 215-оят).
Барча ўринда “يَسْأَلُونَكَ» (ясъалунака) «сўрашади», калимасидан сўнг “قُلْ” (қул) “айт” деб, бир ўринда эса “فقل” (фақул) “бас, айт”, деб келган:
وَيَسْأَلُونَكَ عَنِ الْجِبَالِ فَقُلْ يَنسِفُهَا رَبِّي نَسْفاً [طه: 105]
“Сендан тоғлар ҳақида сўрарлар. Бас: «Роббим уларни мутлақо совуриб юборажак...” деб айт” (Тоҳа сураси 105-оят).
Диққат билан назар ташласак, “قُلْ” (қул) ва “فقل» (фақул) ўртасида фарқ бўляпти. Яъни, Аллоҳ таоло бандалари орасида бўлаётган амал борасида сўрашганда “قُلْ” (қул), деб жавоб беришликни буюраяпти ва ҳали бўлмаган, кейинчалик бўладиган нарса борасида сўралганда, “فقل» (фақул) деб, жавоб беришликни буюряпти. Бу Қуръони каримнинг нозик балоғатли эканлигидан далолат!
Аммо, биз тўхталаётган ояти каримада эса, “Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар…” дан кейин, на “قُلْ” (қул) ва на “فقل» (фақул) деди. Чунки, “قُلْ” (қул), деб ишлатишлик амалиётда яқинликни узоқлаштириб юборади. Аллоҳ таоло бу ерда бандаларининг сўровига воситасиз жавоб беришликни ирода қилди. Гарчи, бу хабарни етказувчи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлсаларда, Аллоҳ таоло “Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман”, деб жавобни бандаларига тўғридан-тўғри йўллади. Бунинг нозил бўлиш сабаби бор: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Роббимиз яқинми муножат қилсак, ёки узоқми нидо қилсак?”, деб сўрашган эди. Чунки, одатда узоқдаги кишига нидо қилинади. Кейин, Аллоҳ таоло жавобан: “Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман” деди. Бу яқинликнинг фойдаси нимада?! Албатта, Аллоҳ таоло айтаяптики: “Дуо қилгувчи дуо қилганда, ижобат қилурман”. Лекин, бунинг шартлари қандай?
“Агар бандаларим сўрасалар” оятида “عباد” (ъибаад) калимаси ишлатилди. Араб тилидан маълумки, «عبيد» (абийд) ва “عباد” (ъибаад) калималари ўртасида фарқ мавжуд. Тўғри, иккала калиманинг ҳам бирлик кўриниши “عبد” бўлишлиги мумкин. Аммо, бу ерда «عبيد» ва “عباد” борасида сўз кетмоқда. Ер юзида барча Аллоҳга «عبيد» – “қул” бўла олади, лекин, ҳамма ҳам “عباد” – “банда” бўла олмайди. Нима учун?
Чунки, «عبيد» (абийд) борлиқда бошқа нарсалар каби бўйсундирилгандир. Булар орасида ҳақдан бош тортганлари ҳам мавжуд. Аммо, Аллоҳнинг бандалари “عباد” У зотнинг барча буйруқларига ўз ихтиёрлари билан бўйсунганлардир. Улар қачон туғилиб, қачон ўладиган ва қандай бу оламда бор эканлиги борасида ақл юритмайдиганлар орасида туриб ҳам Аллоҳнинг буйруқларига эргашадилар. Бу ерда “عباد” лар Аллоҳ таоло уларга қилган ихтиёр иш борасида шундай деб ажралиб турадилар: “Тўғри, ё Роббим! Сен бизга ихтиёр бердинг ва биз эса Сенга борар йўлни тутдик. Ҳавойи нафсимиз бизнинг устимиздан ҳукм чиқаришлигига қўйиб бермаймиз. Сен шундай дегансан “Фалон ишни қил” ва “Фалон ишни қилма”, биз эса ушбу таклифни Сендан қабул қилганмиз. Ё Роббим!».
Роббинг сенга “Қил” деб айтади, қачонки, сен бу ишни қилиш ёки қилмасликка қодир бўлсанг. Ёки “Қилма” деб айтади, қачонки, сен бу ва бу ишни қилишликка қодир бўлсанг! Шунинг учун ҳам, “Қил” ва “Қилма” деган буйруқ ихтиёрий буйруқлар ичига киради. Аллоҳ Ҳақ субҳанаҳу ва таоло сенга баъзи ишларда “Қил” ва “Қилма” деб, буйруқ берди, аммо, яна бир қанча ишлар борки, у борасида сенга на “Қил” ва на “Қилма” деди. Бу ишни қилиш ё қилмасликда эркин бўласан. Буни “Мубоҳ ихтиёр доираси” деб номлади. Бу ерда яна “Қил” ёки “Қилма” дейишликка боғланган таклифлар ва унинг устида зарар қоим бўлмаган, қилиш-қилмаслик сенинг қўлингда бўлган таклифлар бор. Ихтиёридан фойдаланиб, “Роббим, Сен менга ихтиёр бердинг. Лекин, мен Ё ихтиёрни берган зот, бу ихтиёрни яхши деб билган томонингга юзлантиришлигинг учун Сенга топширдим. Мен ихтиёримдан воз кечаман. Сен “Қил” деган нарсангни қиламан ва “Қилма” деган нарсангни ҳаргиз қилмайман”, деган киши ҳақиқий бандадир.
Демак, ҳақиқий “عباد” лар ихтиёрини олиб, уни ихтиёрни уларга туҳфа этган зотнинг ўзига топширишди. Аллоҳ таолога: “Биз Сени ўз нафсимизга омонатдор этдик” дейишди. Аллоҳ таоло бу бандаларини “عباد” сифатлаб шундай марҳамат қилади:
وَعِبَادُ الرَّحْمَـانِ الَّذِينَ يَمْشُونَ عَلَى الأَرْضِ هَوْناً وَإِذَا خَاطَبَهُمُ الجَاهِلُونَ قَالُواْ سَلاَماً * وَالَّذِينَ يِبِيتُونَ لِرَبِّهِمْ سُجَّداً وَقِيَاماً [الفرقان: 63-64]
“Роҳманнинг бандалари ер юзида тавозуъ ила юрадиган ва жоҳиллар хитоб қилганида, “салом”, дейдиганлардир. Улар тунларни Роббиларига сажда қилиб, бедор ўтказурлар” (Фурқон сураси 63-64 оятлар).
Мана шу зотлар Аллоҳнинг “عباد” бандаларидирлар. Шу сабабли ҳам Аллоҳ таоло шайтонга шундай деган:
إِنَّ عِبَادِي لَيْسَ لَكَ عَلَيْهِمْ سُلْطَانٌ [الحجر: 42]
“Албатта, менинг бандаларим устидан сенга ҳукмронлик қилишлик йўқ” (Ҳижр сураси 42-оят).
Ундай бўлса, шайтонга бандалар устидан мутлоқ ҳукмронлик йўқ экан. Шайтон “عبيد” ларга ихтиёрлари сабабли таъсир ўтказа олади. “عِبَادِي” калимаси ичига “عبيد” калимаси кирмайди. Фақатгина қиёмат куни келганда иккала калимага ҳам “عِبَادِي” калимаси ишлатилади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
أَأَنتُمْ أَضْلَلْتُمْ عِبَادِي [الفرقان: 17]
“Анави бандаларимни сизлар адаштирдингизми?” (Фурқон сураси 17-оят).
Қиёмат қоим бўлганида, ҳеч кимнинг ихтиёри қолмайди. Шу сабабдан ҳам барча “عِبَادِي” калимаси ичига кириб кетади. Ҳатто, кофирларга ҳам ихтиёри қайтиб берилмайди.
Аллоҳ таоло “Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман. Дуо қилгувчи менга дуо қилганда, ижобат қилурман” деб марҳамат қилди. Бандалар Аллоҳ таолонинг иймоний манҳажини тутганлар. Шу боис, У зотдан фақатгина иймон ва таклифотларни кетказмайдиган нарсаларни сўрайдилар.
Аллоҳ таоло айтади: “Бас, Менга ҳам ижобат қилсинлар”. Чунки, дуо жавобни талаб қилади. Модомики, дуоингни ижобат бўлишлигини ҳоҳласанг, Роббингга одоб ила муомила қилгин! У зот субҳанаҳу ва таоло сени Ўзининг йўлига чақирди. Аллоҳ таоло сенинг дуоингни ижобат қилишлигини ҳоҳласанг, сен ҳам У зотнинг чақириғига ижобат қилгин! Аллоҳ таоло “Дуо қилгувчи менга дуо қилганда, ижобат қилурман” деб марҳамат қилди. Дуо қилгувчининг ўзинигина келтирмади. Балки, унга шарт қўйди, яъни “Менга дуо қилганида” деди. Чунки, баъзида инсонлар бажаришга қодир бўлмаган кишилардан ҳам сўрашликлари мумкин. Бунга мисол Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримасидир:
إِنَّ الَّذِينَ تَدْعُونَ مِن دُونِ اللَّهِ عِبَادٌ أَمْثَالُكُمْ [الأعراف: 194]
“Албатта, Аллоҳдан бошқасига дуо қиладиганлар ҳам сиз каби бандадирлар” (Аъроф сураси 194-оят).
إِن تَدْعُوهُمْ لاَ يَسْمَعُواْ دُعَآءَكُمْ.. [فاطر: 14]
“Агар уларга дуо қилсангиз, дуоингизни эшитмаслар” (Фотир сураси 14-оят).
Гўёки, банда ижобат қилишликка аҳл бўлмаганлардан сўрайди. Аллоҳ Ҳақ субҳанаҳу ва таоло эса бизга “Дуо қилгувчи менга дуо қилганида ижобат қилурман”, деб таълим беряпти. Аммо, банда бориб, вафо қилишликка қодир бўлмаган кишидан сўраса, Аллоҳ таоло унинг дуосини ижобат қилишликка масъул эмас.
Аллоҳ таоло бу ерда бизга инсон ўзи учун яхши бўлган нарсани сўрашлиги ҳақида таълим бермоқчи. Инсон зоти бу яхшиликларни чегаралашга қодир эмас. Яъни, сен бир ишни яхши деб билишлигинг мумкин аммо, у аслида ёмон бўлиб чиқади. Сен уни яхши деб ўйлаб, дуо қилишликда бардавом бўлишлигинг мумкин. Шундай экан, дуонинг асл мулоҳазаси шуки, сен яхшликни яхши кўрасан. Лекин, яхшиликни тушунишликда ёки унга етказадиган нарса борасида хатоликка йўл қўйишлигинг мумкин. Шак-шубҳа йўқки, сен яхшиликни севасан. Шунинг учун ҳам Роббингни дуоингни ижобат қилишлиги – агар сенга нисбатан яхшилик келтирмайдиган бўлса, дуоингни ижобат қилмаслигидир. Шунинг учун ҳам, Роббингга умид қилиб, дуо қилганингдан сўнг У Зот дуоингни ижобат қилмаса, “Нима учун Аллоҳ дуойимни ижобат қилмади?”, деб айтма! Аллоҳ сенинг дуоингни ижобат қилди. У Зот сендан аҳмоқона дуо ёки унда сенга ёмонлик етадиган томонини кетказди. Чунки, сен дуо қилаётган зот Ҳаким зотдир. У Зот гўёки шундай демоқда: “Мен сенга яхшликни бераман. Мен биладиган яхшилик сенбиладиган яхшликдан устундир. Шу боис ҳам бу доингни ижобат қилинмаслиги сен учун яхшликдир”.
Бунга бир зарбул масал келтирсак – Аллоҳ таоло энг олий масалга лойиқ зотдир – Ўғлингиз сиздан ўз ёшига муносиб бўлмаган нарсани сўраса. Сиз ўғлингиз учун сўраган нарсасида зарар бор эканлигини билсангиз, сиз унга сўраган нарсасини сотиб олиб берасизми? Йўқ, албатта! Чунки, сиз у сўраган нарсадан зарар ва хавф-хатар бор эканлигини биласиз. Шу боис ҳам унга сўраган нарсасини олиб бермайсиз. Балки, сиз у сўраган нарсасидан кўра афзал ва яхшироқ нарсани олиб берасиз ва у сиз олиб берган нарса билан қувонади.
Шундай экан, яхшилик — ишлардаги ҳикмат тақозосига кўра бўлади.
Сизнинг дуоингизнинг ижобат бўлмаслигида ҳам, сизга унда жабр-ситам етишлиги сабаб бўлганлиги учундир. Бу борада Аллоҳ Ҳақ субҳанаҳу ва таоло шундай марҳамат қилади:
وَيَدْعُ الإِنْسَانُ بِالشَّرِّ دُعَآءَهُ بِالْخَيْرِ وَكَانَ الإِنْسَانُ عَجُولاً [الإسراء: 11]
“Инсон яхшиликка дуо қилгани каби, ёмонликка ҳам дуо қилади. Албатта, инсон шошқалоқдир” (Исро сураси 11-оят).
Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло айтадики:
سَأُوْرِيكُمْ آيَاتِي فَلاَ تَسْتَعْجِلُونِ [الأنبياء: 37]
“Сизга тезда оятларимни кўрсатаман. Шошқалоқлик қилманглар!” (Анбиё сураси 37-оят).
Уламолар айтишади: “Албатта, дуо билан хорлик ва ибодатни қасд қилсанггиз, гўзал бўлади. Ижобат эса фақатгина Аллоҳнинг иродасига боғлиқ. Сиз дуода ўзингизнинг насибангизни қила олишингиз мумкин, аммо, ишни тўлалигича тасарруф қила олмайсиз. Дуодаги сизнинг насибангиз – ибодат ва хорликдир. Чунки, сиз дуо қилаётганингизда қоим қилган сабабларингиз бирор ишга қодир бўлмайдиган башарнинг сўраши каби бўлади. Шу сабабли ҳам сиз барча нарсага қодир бўлган ва жамики нарсаларга Молик бўлган Зотдан сўрайсиз. Доримий ва Байҳақий ривоятида: «Қуръон қироати ва Менинг зикрим кимни Мендан сўрашдан машғул қилиб қўйса, унга сўровчиларга берадиган энг афзал савобни бераман», дейилган. Ўзимизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизга ўргатган нарсаларини ўргатайлик. Дарҳақиқат, Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Агар қадр кечасига етишадиган бўлсам, нима деб дуо қилайин?” деб сўрадилар. Эътибор беринг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам онамизга барча яхшиликларга қиёс қилса бўладиган нарсанинг таълимини бердилар. У зот: “Ё Аллоҳ! Сен Афуввсан. Сен афв қилишликни суясан, бизни афв қилгин!”, дедилар. Афвдан кўра яхшироқ нарса бормикан?! Йўқ, албатта! Ҳадеб “Буни бер”, “Буни бер” дейишликдан сақланиш керак. Чунки, бу сабабли “Инсон яхшиликка дуо қилгани каби, ёмонликка ҳам дуо қилади. Албатта, инсон шошқалоқдир” ояти остига кириб қолиш мумкин.
Кимки “Мен Роббимга дуо қилдим, У зот дуоимни ижобат қилмади”, деса, биз унга айтамизки: “Ақлсизлик қилманг. Сиз талаб қилган нарсангизни ижобат қилинмаслигининг ўзи бир яхшиликдир. Аллоҳ таоло хоҳлаган вақт сизга яхшиликни беради”.
Аллоҳ таоло жамиятда баъзи бир нарсаларни ундан сенга зарар етишлиги мумкин бўлганларини кўрсатди. Сабаби сенинг дуоингни ижобат қилмаслик – яхшиликнинг айни ўзи эканлигини билдиришликдир. Шунинг учун ҳам дуонинг шартлари бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни покиза ризқ талаб қилишликка бошлаганлар.
Ҳадиси шарифда келади: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Сўнг бир кишини зикр қилдилар: “Сочлари тўзиб, чанг-ғубор босган ва қўлларини осмонга кўтариб, “Ё Роббим, ё Роббим” деяётган киши. Ҳолбуки, ейдиган ўрни ҳаром, ичадиган ўрни ҳаром, киядиган кийими ҳаром ва ҳаром билан ўралган киши. Унга қаердан ҳам (дуоси) ижобат бўлсин?!”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга инсоннинг дуоси қай тарзда фасод бўлишлигини таълимини беряптилар. Хулоса қилсак, дуо икки ўринда ижобат бўлмайдиган бўлди: биринчиси, дуо қилиш фасод бўлган кўринишда, иккинчиси эса, инсон дуо қилаётган нарсаси ўзи учун яхши деб ўйлайди аммо, Аллоҳ таоло эса унда банда учун зарар бор эканлигини билади ва бу ёмонликни бандасидан йироқ қилади. Бу Буюк ва Олий зотнинг ҳикматидир.
Яна бир жиҳат. Дуонинг ижобат бўлишлиги кечикишлиги мумкин. Чунки, У зот сенга сўраган нарсангни берса, бу фоний дунёда сизга вақтинчалик яхшилик вазифасини бажарадиган нарсани берган бўлади. Ҳолбуки, У Зот сени яхши кўради. Шу боис ҳам дуоингни боқий охиратга кечиктиради. Бу фақатгина хос кишилар етишадиган етукликдир. Бу ерда яна бошқа бир етуклик бор: модомики, дуода хорлик ва бўйсуниш бўлар экан, Аллоҳ таоло сенга ҳадиси қудсийда келган нарсани йўллайди:
“Аллоҳ таоло дунё осмонига тушиб (кайфиятсиз), шундай дейди: “Ким менга дуо қилади, дуосини ижобат қиламан? Ёки сўрайди, сўраган нарсасини бераман”. Сўнг яна: “Ким (ўзини) маҳрум қилмасдан ва зулм қилмасдан қарз (яъни, бу ерда Аллоҳ таоло тоат-ибодатни назарда тутмоқда) беради?”, дейди”.
Албатта, инсон ўзи яхши кўрган нарсаларини сўрашликка боғлангандир. Ҳар қачон сўраган нарсаси унга тақдим қилинмаса у “Ё Роббим” деб нидо қила бошлайди. Аллоҳ таоло бандасини мана шундай дуо қилишлигини яхши кўради. Аллоҳ таоло айтадики: “Бандаларим орасида дуоларини яхши кўрадиганларим бор. Мен уларни “Ё Роббим” дейишликлари учун синовга йўллайман”. Мўмин кишининг дуодан бўлган насибаси уни ижобат бўлишлиги эмас! Балки Аллоҳ таоло айтган сўзидир:
قُلْ مَا يَعْبَؤُاْ بِكُمْ رَبِّي لَوْلاَ دُعَآؤُكُمْ [الفرقان: 77]
“Агар дуо-илтижоларингиз бўлмаса, Роббим сизларга ҳеч қиймат бермас” (Фурқон сураси 77-оят).
Рубубият ва марбубиятнинг маъноси сен доимо “Ё Роббим” деб эътироф этишлигингдир. Бир масал келтирсак – Аллоҳ таоло энг олий масалга лойиқ зот – Ота ўғлига ҳар ой кундалик ҳаражатлари учун пул беради. Ўғил бир ойлик кундалик ҳаражатларини қоплайдиган пулни олгандан сўнг, бир ой давомида отаси билан алоқаси озайиб, уни кўришликка ҳам қизиқмаслиги мумкин. Аммо, ота ўғлига кундалик ҳаражатларини ҳар кунлигини бериб борса, ўғил отасини кутиб бошлайди. Отаси озгина кечиктирадиган бўлса, ўғил отасини эшик олдида кутиб тураверади. Ота ўғлини кўришлик учун эҳтиёжи бор нарса билан ўзига боғлайди.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло дуонинг ижобат бўлишлиги учун шартларни белгилаб қўйган. Бу шарт – Аллоҳ таоло бандасини чорлаган пайтда банда ҳам У зотнинг чақириғига ижобат қилишлиги керак. Мана шу ҳолатда банда дуосининг ижобат бўлишлигига лойиқ бўлади. Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда айтадики: “Кимники, мени зикр қилишлик мендан сўрашликдан машғул қилиб қўяётган бўлса, унга сўрагувчиларга берадиганимдан афзлини бераман”.
Бунинг мисоли: Саййидимиз Иброҳим алайҳиссалом оловга ташланаётган пайтда, Жибрил алайҳиссалом у зотга: “Бирор эҳтиёжингиз борми?” дедилар. Эҳтиёжлари бор эканликларини инкор қилмадилар ва балога беписанд ҳам бўлмадилар. Жибрил алайҳиссаломга: “Аммо, сизга эҳтиёжим йўқ” дедилар. Тўғри, у зотнинг эҳтиёжлари бор эди, аммо, Жибрил алайҳиссаломга эмас эди. Чунки у зот куйдириш сифати ила яратилган оловдан нажот топишликларини билардилар. Бу иш махлуқотлардан бирортасининг қўлидан келмайдиган, аммо, бунга қодир зот фақатгина ушбу оловни яратган зот эканлиги равшан эди. Шунинг учун ҳам Иброҳим алайҳиссалом Жибрил алайҳиссаломга: “Аммо, сизга эҳтиёжим йўқ” дедилар. “Ҳолатимни кўриб, сўраб ҳам ўтирмади” (мақол), Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилди:
قُلْنَا يا نَارُ كُونِي بَرْداً وَسَلَاماً عَلَى إِبْرَاهِيمَ [الأنبياء: 69]
“Айтдик: Эй, олов. Иброҳимга совуқ ва саломатлик бўлгин” (Анбиё сураси 69-оят).
Имом Алий каррамаллоҳу важҳаҳудан ўрнак олайлик, бир киши у зот бетоб бўлганларида, зиёрат қилишлик учун келди. У зотни оҳ-воҳ қилаётганини кўриб, “Сиз Абулҳасан бўла туриб, оҳ-воҳ қилаяпсизми?” деди. Шунда у киши: “Мен Аллоҳ таолога шижоат қилмайман” дедилар.
Ундай бўлса, Аллоҳ таолонинг “Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман. Дуо қилгувчи менга дуо қилганда, ижобат қилурман. Бас, Менга ҳам ижобат қилсинлар ва иймон келтирсинлар” деган каломига келсак, ижобат бўлишлик учун манҳаж бўлишлиги зарур эканлигини билдиради. “Иймон келтирсинлар” яъни, Аллоҳ таолони Ҳаким илоҳ деб, иймон келтиршлик зарурдир. Чунки, ҳар бир сўраган кишига дуоси ижобат бўлавермайди. Чунки, Илоҳлик ҳар бир сўровчига у учун яхши бўлган нарсани берадиган ҳикматни тақозо қилади. Бу яхшилик сўрагувчининг эмас, балки, дуони ижобат қилувчининг қиёсига кўра яхши бўлишлиги керак.
Аллоҳ таоло ояти карима якунида “Шоядки тўғри йўлни топсалар”, деб таъкидлаяпти. Хўш, “Тўғри йўлни топсалар” нинг маъноси нима? Маъноси: яхшилик йўлини, энг тўғри йўлни топишликдир.
Ушбу ояти карима “Рамазон унда Қуръон инсонлар учун ҳидоят қилиб, нозил қилинган (ой)дир” оятидан сўнг келган. Бу бизга баён қиладики, рўза тутиб, покланган инсон дуоси ижобат бўлишлиги учун лойиқ бўлади. Бу дуодан насибанг дуонинг ижобат бўлишлиги эмас, балки, унда ибодат борлигидир.
Аллоҳ таоло барчамизни Рамазон ойига етказсин! Рамазон ойида покланиб, дуоси ижобат бўладиган, Роббиларининг даъватига ижобат қилган мўминлар ва Аллоҳ таолога яқин бандалар қаторидан қилсин!
Шайх Муҳаммад Мутавалли Шаъровий роҳимаҳуллоҳнинг «Тафсири Шаъровий» асаридан
Абдуссамиъ Эргашев таржимаси
Сўнгги йилларда мамлакатимизда мутафаккир алломаларимизнинг ибратли ҳаёт йўлларини ўрганиш, уларнинг бой илмий-маънавий меросини кенг тарғиб қилишга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эътибор қаратилмоқда. Зотан, инсоният цивилизацияси ривожига бебаҳо ҳисса қўшган аждодларимизнинг асарларидаги эзгу ғоялар, умуминсоний қадриятлар, бағрикенглик ва мўътадиллик, илм-фан, ақл ва тафаккурнинг инсон ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятига оид қарашлар ёшларни комил инсон этиб тарбиялаш, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашнинг муҳим омили бўлиб ҳисобланади.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижаси ўлароқ ташкил этилган Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари бой тарихий-маданий меросимизни ўрганиш ва қайта тиклашга хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизда буюк мутафаккир аждодимиз, ақида илми ривожига улкан ҳисса қўшган Имом Абу Мансур Мотуридий ва у асос солган мотуридийлик таълимотини ўрганишга алоҳида аҳамияти берилиши диққатга сазовордир. Ҳануз ўз долзарблигини йўқотмасдан келаётган мазкур таълимотнинг бугунги кундаги ўрни ва аҳамияти ҳақида муҳтарам юртбошимиз: “Мотуридий таълимоти илм эгаллаш жараёнида бағрикенглик ғояси асосида инсон ақл-заковатининг ўрни ва аҳамиятига юксак эътибор қаратади. Бу ўз навбатида ушбу таълимотнинг кенг оммалашувида муҳим ўрин тутган. Бундай ғояларга бугунги кунда ҳам инсоният катта эҳтиёж сезмоқда”, деб таъкидлаган эди.
Сўнгги кунларда мамлакатимиз тарихида, хусусан, мотуридийшунослик соҳасида юқорида зикр қилинган ишларга ҳамоҳанг бўлган улкан тарихий воқелик содир бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёев “Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида” қарор қабул қилди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ушбу қарор нафақат юртимизда, балки халқаро миқёсда ҳам Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотини тизимли ҳамда илмий асосда ўрганишни янги босқичга олиб чиқишга замин яратади.
Унга мувофиқ, жорий йилда буюк аждодимиз, мутафаккир олим Имом Абу Мансур Мотуридий таваллудининг 1155 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланади. Шу муносабат билан ташкил қилинадиган тадбирлар доирасида Самарқанд шаҳрида “Мотуридийлик – бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкиллаштириш, хорижлик тадқиқотчилар ўртасида мотуридийлик таълимоти бўйича илмий танлов ўтказиш, олим асарларининг ўзбек тилидаги илмий-изоҳли академик таржималарини нашр қилиш, унинг серқирра ҳаёт йўли ва илмий меросининг бугунги кундаги аҳамиятини очиб берадиган бадиий-публицистик фильм яратиш, эсдалик сувенирлари, почта маркалари, тақвимлар ва бошқа кўргазмали ахборот воситаларини муомалага чиқариш, Самарқанд шаҳридаги Имом Абу Мансур Мотуридий мажмуасини қайта таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш белгилаб олинди.
Мазкур Қарорнинг қабул қилиниши нафақат Ўзбекистонда, балки мусулмон мамлакатларида ҳам катта қувонч билан кутиб олинди. Таъкидлаш лозимки, Қарор юртимизда Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотини ўрганишни янада рағбатлантириш, бу борада амалга оширилаётган ишларни мутлақо янги босқичга кўтариш, Имом Мотуридий сиймосини халқимизга янада кенгроқ танитишга хизмат қилиши билан бирга, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказига алоҳида масъулият ҳам юклайди. Биринчи навбатда, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказида Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотини ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш юзасидан амалга ошириладиган ишлар, илмий тадқиқот мавзуларини Қарорда белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда белгилаб, асосий фаолият йўналишларини мувофиқлаштиради.
Имом Абу Мансур Мотуридий мусулмон оламида буюк мутакаллим, қомусий олим ва улуғ мутафаккир, мотуридийлик таълимотининг асосчиси сифатида кенг эътироф этилади. У асос солган мотуридийлик таълимоти пайдо бўлганидан то ҳозирги кунга қадар эътиқод мусаффолигини асраб-авайлаш, мусулмонларнинг жипслиги ва бирдамлигини таъминлаш, ислом ниқоби остидаги оқимларнинг бузғунчи ғояларга қарши раддиялар беришда муҳим илмий-амалий аҳамиятга эга бўлиб келмоқда. Хусусан, турли адашган оқимларнинг ғояларига қарши нақлий ва ақлий далиллар асосида раддия бериш методологияси ҳамда маърифий асосларини ишлаб чиққан Имом Мотуридий мазкур хизматлари учун “Имом ал-ҳуда” – “Ҳидоят имоми”, “Мусаҳҳиҳ ақида ал-муслимин” – “Мусулмонларнинг ақидасини тўғриловчи” деган шарафли номларга сазовор бўлган. Алломанинг Абу Муин Насафий, Абу Баракот Насафий, Абу Ҳафс Насафий каби издошлари унинг йўлини муносиб давом эттириб, ихтилофли ақидавий муаммоларга илмий ечим топиш, мўътадил таълимотни одамлар орасида кенг тарқатишга улкан ҳисса қўшганлар.
Имом Мотуридийнинг мутаассибликка қарши кураш методологияси ҳам нақлий, ҳам ақлий далилларга асослангани сабабли бузғунчи оқимлар фаолиятига барҳам беришда ўта самарали бўлган. Ушбу методологиянинг асосини олимнинг “Қуролингни илмда яса”, деган ҳикматли сўзи ташкил қилган. Бугунги кунда Имом Мотуридийнинг ушбу ҳикмати мамлакатимизда муваффақиятли қўлланилаётган “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси билан ҳар томонлама муштарак эканлигини кўришимиз мумкин. Умуман олганда, юқоридагилардан келиб чиқиб, Имом Мотуридий ҳаёти, илмий мероси ва мотуридийлик таълимотини ўрганиш ҳамда кенг тарғиб қилиш ёшлар тарбиясида, шунингдек, жамиятда бағрикенглик ва мўътадиллик тамойилларини қарор топтириб, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда нақадар юксак аҳамиятга эга эканлиги ойдинлашади.
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотининг ўрганилиши хусусида шуни айтиш мумкинки, бугунги кунда Марказда бу борада кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Энг биринчи навбатда, Марказ қошида ташкил қилинган Халқаро илмий ҳайъат фаолиятини алоҳида тилга олиш зарур. Миср, Туркия, Иордания, Босния ва Герцеговина, Германия, Россия, Малайзия каби мамлакатларнинг етук олимлари, маҳаллий мутахассисларни ўз таркибида жамлаган ушбу Ҳайъат илмий тадқиқот мавзуларини мазмунан бойитиш ва янада такомиллаштириш, Марказ фаолиятини замонавий талаблар асосида йўлга қўйишда беназир платформа вазифасини бажармоқда. Шу билан бирга, Ҳайъат аъзолари Имом Мотуридий сиймосини жаҳонга танитишга ҳам катта ҳисса қўшмоқдалар.
Шунингдек, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилоти (ICESCO), Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA), Туркия Ислом тадқиқотлари маркази (ISAM), Ислом тафаккури институти, Салжуқ университети, Анқара Йилдирим Боязид университети, ал-Азҳар университети, Малайзия ислом илмлари университети каби жаҳоннинг нуфузли илмий ва таълим муассасалари билан имзоланган ҳамкорликка оид меморандумлар доирасида мотуридийлик таълимоти тарихи ва бугунги кундаги аҳамияти, шунингдек, замонавий исломшуносликка оид долзарб муаммоларни ҳал қилишга қаратилган конференция, семинар, давра суҳбатлари ва бошқа илмий-маърифий тадбирлар мунтазам ташкил этиб келинмоқда.
Марказ томонидан Мисрнинг ал-Азҳар мажмуаси тадқиқотчилари ўртасида Имом Мотуридий мероси бўйича халқаро танлов ўтказилди. Шунингдек, хорижлик тадқиқотчилар учун Имом Мотуридий номидаги халқаро стипендия жорий қилинди. Бу ўз навбатида Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ижобий ўзгаришларни жаҳон ҳамжамиятига етказиш билан бирга, Марказ фаолиятини ҳам хорижда кенг тарғиб қилишга хизмат қилмоқда.
Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотига оид манбаларнинг ўзбек тилидаги илмий-изоҳли академик таржималарини яратиш, қўлёзмалар асосида илмий танқидий матнларини тайёрлаш, шу асосда халқчил рисолаларни нашр қилиб, аҳоли, айниқса ёшлар орасида мотуридийлик таълимотидаги бағрикенглик ва мўътадиллик ғояларини кенг тарғиб қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлаб ўтиш лозим. Жумладан, ўтган йилнинг ўзида бугунги кундаги долзарб муаммоларга бағишланган 40 га яқин монография, китоб ва халқчил рисола чоп этилди.
Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарорнинг қабул қилиниши Марказ фаолиятини янги босқичга олиб чиқишга, уни маҳаллий ва халқаро миқёсда кенгайтиришга хизмат қилади. Шу нуқтаи назардан, ушбу Қарор нафақат Ўзбекистон, балки халқаро миқёсдаги мотуридийшунослик соҳаси ривожида муҳим ўрин тутишига шубҳа йўқ.
Жамолиддин Каримов,
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори