2019 йил 18 май куни Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси, Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юрти директори Шамсуддин Баҳауддинов муаллифлигидаги ва қорақалпоқ тилига таржима қилинган бир қатор китобларнинг тақдимот маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда меҳнат фаҳрийси, нуроний Қ. Камалов, Ўзбекистон фанлар академиясининг академиги, философия фанлари доктори, профессор Ж.Базарбаев, филология фанлари доктори К. Алламбергенов, филология фанлари доктори, профессор Ш.Абдиназимов, институт ўқитувчилари, талабалар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Тадбирни институт илмий кенгаши раиси, академик Ж. Базарбаев бошқариб борди. – Илм йўлида олиб борилган тинимсиз меҳнатларнинг самараси бўлган ушбу китобларнинг тақдимоти айнан бизнинг институтда ўтказилиши ва бизнинг зиё масканигна совға қилиниши биз учун катта бахт ва чексиз қувончга сабаб бўлди. Бу китоблар илмий аҳамият касб этканлигидан диншунуслик, маънавият асослари, ислом тарихи фанларини ўқитишда қўлланма вазифасини бажаради. «Ислом дини – оммавий маданиятга қарши мустаҳкам иммунитет» дейди у ўз сўзида.
Бундан сўнг муаллиф Шамсуддин Баҳауддинов сўзга чиқиб, дунё цивилизацияси ривожига муносиб хисса қўшган буюк алломаларимизнинг асарларини ўрганиш ва улар ёзиб қолдирган бебаҳо маданий меросни келажак авлодга етказишнинг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Президентимизнинг: “тарихиммз, маданиятимиз, динимизга боғлиқ бир бет қўл ёзма бўлса ҳам, уларни жамлаб, халқимизни, ёшларимизни таништириш, бизнинг қандай улуғ ва бетакрор меросимиз бор эканлигини англатиш, фарзандларимизни ушбу улуғ меросга муносиб тарбиялашдан иборат”, деган фикрларини таъкидлади. Ҳақиқатдан ҳам, жамиятимизнинг ривожланиши учун зарур бўлган илмларни ўрганиш ҳар бир ёш йигит ва қизнинг бўйнидаги асосий вазифалардан бири ҳисобланишини билдирди.
Юртимиз раҳбари 2018 йил 20-21 январь кунлари Қорақалпоғистонга келган сафари давомида Нукус шаҳридаги Имом эшон Муҳаммад жомеъ масжидида бўлиб, бу ерда нуронийлар ва имом-хатиблар билан учрашув ўтказди. Шунда имом-хатибларимизга, биринчи навбатда, ота-боболаримиздан қолган эски қўл ёзмаларни ўрганган ҳолда қўлланмалар ва асарлар ёзиш бўйича ўз таклифларини билдирган эди. Кўп йиллик меҳнатларининг самараси ўлароқ Ш. Баҳауддиновнинг муаллифлигидаги ва таржима маҳсули бўлган: “Кәмил инсан”, “Саламат ана ҳәм бала - жәмийет гиреўи”, “Ораза пазыйлети”, “Намаз оқыў қағыйдалары”, “Марҳумларға азар бермейик”, “Қурбанлық китабы”, “Сарф сабақлығы”, “Шамаили Муҳаммадия”, “Ибадати Исламия”, “Ислам мәрипаты: негиз ҳәм түсиник”, “Ислам динине улыўма тәрийп”, “Ҳаж ҳәм умра қолланбасы”, “ИШИМ фитнасы”, “Интернетке ин қурған өрмекшилер” сингари ўнлаб китоблар нашр этилди ва халқимизга инъом этилди.
Йўқорида номлари келтирилган китоблар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан тастиқланган режа асосида Республикамиздаги шаҳар ва туман ҳокимликлари, вазирликлар, олий ўқув юртлари, идора ва ташкилотларга бепул тарқатилди.
– Бу таржимадан сўнг китоб ёзишга бўлган иштиёқимиз тўхтаб қолмайди, ҳозирда Ватандошимиз, буюк муҳаддис Имом ал-Бухорийнинг “Саҳиҳ ҳадислар” тўпламини ва Пайғамбаримиз тарихидан сўзловчи китоблар устида иш олиб борябмиз, яқин кунларда халқимизга ҳавола этамиз деган умиддаман”, – дейди муаллиф Шамсуддин Баҳауддинов.
Совға сифатида институт ахборот ресурс марказига 1200 дона китоб ректор Б. Отемуратовга топширилди.
Сўнг меҳнат фаҳрийси, нуроний Қ. Камалов сўзга чиқиб, сўнги йиллари юртимизда амалга оширилаётган ислоҳатлар, айниқса диний соҳада қилинаётган катта-катта янгиликлар ҳақида айтиб ўтди.
«Кўп йиллик тажриба ва меҳнатларимизнинг самараси ҳисобланган биринши бор қорақалпоқ тилида нашр этилган “Қураны кәрийм мәнилериниң қарақалпақ тилиндеги аўдармасы ҳәм тәфсири” китоби мустақил юртимизда диний соҳада амалга оширилаётган хайрли ишлардан ҳисобланади.
Албатта, таржима иши, айниқса Аллоҳ таолонинг Каломи бўлган Қуръони каримни ундаги оятларнинг мазмун-моҳиятини тушунган ҳолда таржима қилиш буюк ва машақатли иш ҳисобланади».
Шунингдек, институтнинг ўқитувчи-устозларига ушбу китобларни яхшилаб ўрганишга тарғиб қилиб, «Ислом таълимоти асосида талабаларга дарс бера олган педагог – енг етук педагог», – деб таъкидлади.
Бундан сўнг тадбирга келган меҳмонлардан филология фанлари доктори К. Алламбергенов, филология фанлари доктори, профессор Ш. Абдиназимовлар сўзга чиқиб, бу китобларнинг аҳамияти, мазмун ва моҳиятига баҳо бериб, келажак давомчиларининг маънавий камолотининг юксалишида ўз хиссасини қўшадиган илмий меҳнатлар мажмуи эканлигини ўз фикр-мулоҳазаларида билдириб ўтишди.
Тадбир ўз аро савол-жавоблар ва иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари билан қизғин давом этди.
Қорақалпоғистон қозиёти матбуот хизмати
Савол: Ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар тонг қуёш чиққанда икки фаришта нидо қилади. Эй Аллоҳ инфоқ қилувчини инфоқини ўрнини тўлдиргин ва хасис, зиқнага талофат бер” дер эканлар. Лекин биз ҳаётда бу ҳадиснинг аксини кўрамиз. Инфоқ, эҳсон ва садақа қилувчилар яшашда ўрта ҳол, баъзилари эса бироз қийналган бўлса, зиқна, хасис Аллоҳ йўлида бир чақа ҳам инфоқ қилмайдиганлар эса, дунёлари зиёда бўлиб бораётганлигини кўрамиз. Шунда киши ҳаёлига бу ҳадис саҳиҳмикан ёки ёлғонми деган ўй келади. Агар саҳиҳ бўлса нега инфоқ қилувчининг қилган инфоқини ўрни тўлмаяпти? Нега хасис, зиқна одам талофат кўрмаяпти?
Жавоб: Мазкур ҳадис саҳиҳ, муттафақун алайҳ. Ҳадиснинг тўлиқ матни қуйидагича.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бандалар ҳар тонг оттирганларида икки фаришта тушиб, уларнинг бири: "Ё Аллоҳ инфоқ қилувчини инфоқини ўрнини тўлдиргин", иккинчиси эса: "Ё Аллоҳ хасис, зиқнага талофат бер" дейди” (Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ, 445-бет, 1442-ҳадис)
Ушбу ҳадиснинг маъносига ўхшаш бошқа ҳадислар ҳам мавжуд. Мисол учун, Абу Умома розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Эй Одам боласи агар саҳоватли бўлсанг, бу ишинг сен учун яхшидир. Агар зиқна, хасис бўлсанг, бу ишинг сен учун ёмондир" (Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти).
Оятда эса: “Ҳар бир инфоқ қилган нарсангизнинг ўрнини У тўлдирур. У зот ризқ бергувчиларнинг яхшисидир” дейилади (Сабаъ сураси, 39-оят). Ушбу оятни Ибни Касир раҳимаҳуллоҳ тафсирларида: "Роббингизнинг буюрган ёки мубоҳ қилган ишларида бирор бир нарсани инфоқ қилсангиз, албатта, У дунёда унинг бадалини беради. Охиратда эса, савоб ва мукофот беради", деганлар.
Энди савол берувчининг фикрига келадиган бўлсак, у инсон фақатгина ҳадисдаги тўлдириш ва талофот сўзларини мол-мулк маъносида тушунганлар. Ҳадиснинг асл моҳияти эса, бундан кўра чуқурроқ ва кенгроқдир. Аслида инфоқ қилувчи кишига Ғоний ва Карим бўлган Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилиши унинг инфоқига энг яхши эваздир. Аллоҳни инфоқ қилувчи бандасининг аҳлини ислоҳ, фарзандларини иқтидорли, танасини соғ, озига барака бериши ва уни тўғри йўлга бошлаши, яхшиликлар қилишга муваффақ қилиши, қалбида сакинат, инсонларни унга нисбатан муҳаббатли ва иймон ҳаловатини сезувчи қилиб қўйиши инфоқ қилувчи кишига дунё матоларидан чекланишидан кўра яхшироқдир. Зотан орифлар руҳий ризқларни кўзни қувонтирувчи дунё матоларидан кўра абадий ва қиймати баланд деб биладилар.
“Талофат” эса, фақатгина молнинг талофати дегани эмас, балки кишининг оиласини нотинчлиги, фарзандларини ноқобил, ўзгалар билан яхши алоқада бўлмаслиги, доим ташвишда, ҳаётда кишини хафа қиладиган ишлар билан яшаши, моли кўп бўлса-да фойдалана олмаслиги ва доимо танасининг дарди билан азоб уқубатда ҳаёт кечириши тушунилади. Бундай ҳолатлар эса, молнинг талофотидан кўра ёмонроқдир.
Ҳадисда келган фаришталарнинг дуоси Қуръони каримдаги ушбу оятларга мувофиқдир: "Аммо кимки (ато) берса ва тақво қилса. Ва гўзал (сўз)ни тасдиқ қилса. Бас, Биз уни осонга муяссар қиламиз. Аммо кимки бахиллик ва истиғно қилса. Ва гўзал (сўз)ни ёлғонга чиқарса. Бас, Биз уни қийинга муяссар қиламиз" (Лайл сураси, 5-10-оятлар).
Аллоҳ барчамизни оятларини ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини асл моҳиятлари билан англаб етишимизни осон қилсин.
Юсуф Қорозовийнинг “Фатаава Муасира” номли асаридан
“Имом ат-Термизий” жомеъ масжиди имом хатиби
Яҳё Абдураҳмонов таржимаси