Аллоҳга беадад ҳамду санолар бўлсинки, диёримиз мусулмонлари ҳар йили рамазон рўзасини тинчлик-осойишталик, бағрибутунлик билан адо этмоқдалар. Дарҳақиқат, бу ойда имон-эътиқод билан қилинадиган дуолар мустажоб бўлади. Чунки муборак ойда Аллоҳ таоло бандаларига осмон эшикларини очиб, ҳар бир дуо қилгувчининг дуосини қабул қилади.
“Рамазон” сўзи беш ҳарфдан иборат. Унинг ҳар бир ҳарфига уламоларимиз шундай маъно берганлар. “Ро” – “раҳмат”, “мим” – “мағфират”, “зод” – “зимонун лилжаннат” (жаннатга кириш учун кафолат), “алиф” – “аманун минаннар” (дўзахдан омонлик), “нун” – “нурун миналлоҳ” (Аллоҳ томонидан нур) маъноларини англатади.
Ушбу сўзимизни Имом Термизий (раҳматуллоҳи алайҳ)дан ривоят қилинган: “Рамазоннинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири дўзахдан озодлик кунларидир”, ҳадиси шарифи ҳам қувватлайди. Яъни: “ро” ҳарфи рамазоннинг аввали бўлган раҳмат кунларига, “мим” ўртадаги мағфират кунларига, “зод” ва “алиф” ҳарфлари охиридаги “дўзахдан озод бўлиш” кунларига, “нун” ҳарфи эса бутун рамазоннинг натижасида ҳосил бўладиган нурга далолат қилади.
Рамазон ойининг фазилатларини батафсил баён қилгувчи ҳадисни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан Салмон Форсий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилиб, жумладан бундай дедилар: “…Бу ойда мўминнинг ризқи зиёда бўлади. Кимки у ойда бирорта рўзадорга ифторлик қилиб берса, унинг гуноҳлари кечирилади ва дўзахдан озод бўлади. Шунингдек, унга ҳам рўзадорнинг савобидан ҳеч қанча кам бўлмаган савоб берилади”. Шунда биз: “Эй Расулуллоҳ! Биз ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб бера олмаймиз-ку”, дедик. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир қултум сут ёки битта хурмо ёки бўлмаса бир ҳўплам сув билан ифторлик қилиб берган кишига беради. Кимки рўзадорнинг қорнини тўйғазса, Аллоҳ қиёматда унга ҳавзи кавсаридан бир қултум сув ичиради, натижада у то жаннатга киргунича чанқамайди. Рамазон – аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири дўзахдан озод қилиш ойидир. Кимки у ойда ходимларнинг оғирини енгил қилса, Аллоҳ унинг гуноҳларини кечиради ҳамда дўзахдан озод қилади”, дедилар”.
Ифтор пайтидаги дуолар ижобатдир. Зеро, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Уч тоифа инсоннинг – рўзадорнинг ёки ифтор қилаётган рўзадорнинг, одил подшоҳнинг ва мазлумнинг дуоси мустажоб бўлади” (Термизий, Аҳмад ва Ибн Можа ривояти).
Шу ўринда бир мулоҳаза: Баъзилар “Рўзадорни тўйдирган одам рўза тутганнинг савобини олади”, деган гапни хато талқин этишади, ифторлик маросими уюштириб, кўп одамларни чақиради, кейин ўзи рўза тутмай юраверишади. Бу одат мутлақо хато тушунча оқибатидир. Аввало, бу гапдан ўзи рўза тутмаса бўлаверади деган хулоса чиқмайди. Қолаверса, ҳеч бир савоб иш фарз ибодатни тарк қилишга сабаб бўла олмайди.
Ифторлик қилиш деганда, албатта дастурхон ёзиб, тўп-тўп одам айтишни тушунмаслик керак. Камбағал, муҳтож кишиларга таом ёки керакли маблағни бериш энг яхши ифторликдир. Чунки шуниси риёдан холи бўлади.
Баъзи ифторликларда дабдабага берилиб кетиш, ношаръий ишларни аралаштириб юбориш ҳоллари ҳам учраб туради. Бунга ўхшаш ҳолатларни тугатиш зарур.
Мискинга таом бериш рўза тутишнинг ўрнига ўтиши эса, фидя бериш дейилади. Бунга Қуръони каримда рухсат берилган. Бироқ фидяга ўта қариликлари, дармонсизликлари сабабли рўза тута олмай қолган отахон ва онахонлар ҳақлилар, холос. Уламоларимиз бу тоифага тузалишидан умид йўқ сурункали касалга чалинган кишиларни ҳам қўшганлар. Фақат ана шу тоифадаги кишиларгина рўза ўрнига фидя беришлари мумкин. Қолганларга бу рухсатнинг дахли йўқ. Бошқа кишилар дунёдаги барча мискинларни тўйғазсалар-да, фарз рўзанинг бир соати ҳам улардан соқит бўлмайди.
Рўза инсонни ҳаётнинг барча аччиқ-чучукларига бардош бериш ва уларга сабр қилишга ҳозирлайди. Руҳан, ақлан ва жисмонан камол топишида ёрдам қилади ва жамият ривожланиши, тараққий этиши йўлидаги қийинчиликларни бартараф этишга ўргатади.
Шунингдек, рўзадорнинг ўзи, оиласи ва уммат учун сероблик, фаровонлик ҳосил бўлади. Очлик ва чанқоқлик нималигини ўзидан ўтказган рўзадор, бундай азобни тортаётган камбағал, бечораларга яхшилик кўрсатишга ҳаракат қилади.
Аллоҳ таоло муборак рамазон ойида тутаётган рўзаларимизни, тоат-ибодатларимизни ўзининг фазлу карами ила қабул қилиб, барчаларимизни улуғ ажру савобларга эриштирсин!
Нўъмон Атабаев
Ислом шариати талоқни зарурат ҳолатларида қўлланиладиган охирги чора сифатида белгилаб, унинг нотўғри қўлланилишидан эҳтиёт бўлишни таъкидлайди. Асоссиз талоқ қилиш нафақат оилавий ҳаётга, балки жамиятга ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Исломда талоқ муҳим масала бўлиб, уни шошқалоқлик билан эмас, балки ўйлаб амалга ошириш тавсия этилади. Қуръонда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бундай марҳамат қилади: “Агар улар орасида низолашишдан қўрқсангиз, унда эрнинг оиласидан бир ҳакам ва аёлнинг оиласидан бир ҳакам тайинланг. Агар улар (ҳакамлар) ярашишни хоҳласалар, Аллоҳ уларнинг орасини тотув қилади. Албатта, Аллоҳ (ҳамма нарсани) билувчи ва (ҳамма нарсадан) хабардор Зотдир”.
Мазкур оятдан англашиладики, шариатимиз низоларни ҳал қилиш учун қадам-бақадам чоралар кўришни талаб қилади ва дарҳол талоққа мурожаат қилишдан қайтаради.
Шу билан бирга шариатимизда талоқ эркакнинг қўлида бўлганлигининг ҳикмати одатда эр кишилар оқилона қарорлар қабул қиладилар. Шунинг учун талоқ иши эр кишини қўлига топширилгандир. Ҳидоя китобида бу борада бундай дейилади: “Талоқ эрнинг қўлида бўлиши унинг оқибатларни кўпроқ тушуниши ва ҳиссиётлардан узоқроқ бўлиши сабабли афзалроқдир”.
Асоссиз талоқ қилишнинг оилавий ва ижтимоий зарарларини қуйидагича изоҳлаш мумкин:
Оила барқарорлигига зарар бўлиши асоссиз талоқ қилиш оилавий барқарорликни йўқотишга олиб келади. Бу ҳақида “Ҳидоя”да бундай дейилади:
“Низо юз берганида, талоқ қилишга фақат далиллар тасдиқлангандан кейин рухсат берилади”.
Талоқ фарзандларнинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатади. Болалар учун ота-онанинг бирлиги ҳаётий муҳим омилдир. "Мухтасар"да бундай таъкидланади:
“Ажралиш фарзандлар ва жамият учун жиддий зарар келтиради”.
Ота-оналарнинг ажралиши жамиятда янги муаммоларни келтириб чиқаради. Асоссиз талоқ орқали болаларнинг тарбияси бузилиши ва оилавий қадриятларнинг йўқотилиши кузатилади.
Талоқнинг иқтисодий зарарлари шуки, ажралиш оиланинг иқтисодий барқарорлигига путур етказади. “Иноя”да бу ҳақда бундай дейилади: “Талоқ оиланинг молиявий барқарорлигини йўқотади”.
Ажримда аёлларнинг обрўсига зарар етиши турган гап. Чунки ажралиш кўпинча жамиятда нотўғри тушунилади. “Ҳидоя”да бу борада бундай дейилади: “Аёлни талоқ қилиш уни одамлар орасида гап-сўзларга дучор қилади”.
Ажримларнинг болалар тарбиясига таъсири шуки, болалар керакли тарбиядан маҳрум бўлиши мумкин. “Мухтасар”да бундай дейилади: “Талоқнинг салбий таъсири болалар тарбиясида яққол намоён бўлади”.
Демак талоқни амалга оширишдан олдин вазиятни тўлиқ баҳолаш ва маслаҳатлашиш зарур ишлардан ҳисобланар экан. “Иноя”да бу борада бундай дейилади: “Эр талоқ қарорини қабул қилишдан олдин яхшилаб ўйлаб кўриши лозим”.
Шу билан бирга шариатимиз низоларни ҳал қилишда босқичма-босқич ёндашувни тавсия этади: насиҳат қилиш, вақтинчалик алоҳида яшаш ва ҳакамлар тайинлаш. “Инояда бу ҳақда бундай дейилади: “Талоқ фақат ярашиш имконсиз бўлгандагина рухсат этилади”.
Қолаверса талоқни фақат зарурат ҳолатида амалга ошириш керак. Талоқ фақатгина муҳим сабаблар мавжуд бўлгандагина қўлланилиши керак. Шариат кўрсатмаларига амал қилиш орқали оилани сақлаб қолиш мумкин. Ҳамда оилавий маслаҳатчилар ёрдамидан фойдаланиш ҳам зарурдир. Низоларни ҳал қилиш учун маслаҳатчиларга мурожаат қилиш шариатда маъқулланган амалдир.
Асоссиз талоқ қилиш нафақат оилавий ҳаётга, балки жамиятга ҳам салбий таъсир қилади. Ислом шариати талоқни зарурат ҳолатида ва фақат масъулият билан қўллашни таъкидлайди. Бу борада шариатнинг кўрсатмаларига амал қилиш оилаларни сақлаб қолишда ва жамиятдаги барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Шамсиддин БУРҲОНИДДИНОВ,
Тошкент Ислом институти 4 курс талабаси.