Мана бир йил интиқиб кутганимиз Рамазон ойининг ҳам биринчи ўн кунлиги ўз ниҳоясига етди. Шарофатидан руҳлар ором оладиган, қалблар таскин топадиган, гуноҳу маъсиятлар камайиб, шайтонлар занжирбанд қилинадиган бу муқаддас ойни бутун мусулмон олами завқу шавқ билан кутиб олиши сир эмас. Қуйида айрим Араб мамлакатларида бу муборак ой қандай кутиб олинишини келтириб ўтамиз:
Мадинаи Мунавварада Рамазони шариф
Мадинаи Мунаввара аҳлининг ёшу қариси бу муборак ойни қалблари муштоқ бўлиб кутиб олишади. Рамазон ҳақида мадиналик бир киши бундай дейди: “Рамазон ҳам руҳий, ҳам диний байрам ҳисобланади. Яъни бу фарз ибодат олдинлари қандай бўлган бўлса, ҳозирда ҳам ўшандай кутиб олинади. Илгари оилаларимиз шаъбон ойида бир неча кунга Мадина атрофидаги боғ ва далаларга кетишар эди. Бароат кечасида эса болалар маҳаллаларни тўлдириб, нашидлар айтиб, аҳолига бу кечанинг кириб келганинг хабарини етказар ва турли совға-саломлар олишарди. Бу совғалар асосан ҳолва, қанд, пул ва ҳоказо нарсалар бўлар эди. Шу тарзда яна Рамазоннинг биринчи ва ўн бешинчи кечалари ҳам Мадина кўчаларида рамазонга аталган, анъана бўлиб келаётган қўшиқларни айтиб юришарди. Бу ойнинг биринчи ифтори ёки саҳарлиги, аввало оиланинг катталари – ота-она хонадонида қилинарди. Рамазон ойида қариндош-уруғлар бир-бирларини уйларига таклиф қилишар, бу гўзал анъана қўшнилар орасида ҳам кузатиларди. Дастурхонларда турли нозу-неъматлардан биринчи бўлиб хурмо, шўрва, сабзавотли овқатлар ва мева-чевалар тортилар эди. Шунингдек, аёллар ўзлари пиширган таомлардан фарзандлари орқали қўшниларига тарқатишарди”.
Қоҳира шаҳрида Рамазони шариф
Қоҳирада Рамазонга алоқадор бўлган воқеа ва ҳодисалардан бири “Рамазон фонуси” ҳодисасидир. Бу ҳодиса Фотимийлар халифаси Муъиз Лидиниллаҳ даврида юз берган. Муъиз Милодий 973 йил рамазони шарифнинг 15-кечасида Қоҳирага кириб борар экан, Қоҳира аҳли уни узун саф тортиб кутиб олишга чиқишади. Ўша пайтда улар уни қўлларида машъалалар ва маёқлар кўтариб, шеърлар айтиб кутиб олишгани қоҳираликларнинг бугунгача эсларидан чиқмайдиган воқеадир. Асрлар оша Қоҳира аҳли бу маёқлардан масжидга бориш учун, қариндош-уруғларини зиёрат қилишда фойдаланишар эди. Бу маёқлар жуда ҳам қулай эди, буни ёш болалар кўтариб шаҳар кўчаларини ёритиб юришар эди. Бунинг эвазига инсонлар у болаларга ҳадя улашарди.
Шу йўсинда “Рамазон фонуси” ҳодисаси такрорланиб-такрорланиб одат тусига кириб қолди. Ёш болалар кўтарган бу ёритгич маёқлардан масжидга боришда, рўзадорларга ишорат беришда фойдаланила бошланди. Бу маёқлар саҳарда ёнса, саҳарлик вақтини, кечқурун ўчирилса эса хуфтон намозига ишорат берар эди. Бу маёқнинг Мисрда қўлланилиши, “Ал-Азҳар” университети бино қилинишидан 6 ой олдин бошланган экан. Бу милодий 973 йил (ҳижрий 362) яъни бундан 1041 йил олдинги вақтга тўғри келади.
Бирлашган Араб Амирликларида Рамазони шариф
Бирлашган Араб Амирликларида турли миллат вакиллари яшайди. Дунё бозори аталмиш Дубай шаҳрида Рамазон ҳам диний, ҳам маданий воқеадир. Айнан шу кунларда хорижликларнинг БААнинг маҳаллий маданиятига бўлган қизиқиши янада ортади. Рўза шукуҳи ҳамма маиший масканларда сезилиб туради. Бадиий галереяларда диний мавзуга бағишланган кўргазмалар намойиш этилади. Марказларда Ислом маданияти ва урф-одатлари ҳақида маърузалар эшиттирилади. Болалар учун кўнгилочди тадбирлар ўтказилади. Барча кўчалар ва бинолар турли рангга бўялади. Рўзада ҳар куни шом кириши билан мушаклар отилади. Йирик гипермаркетларда барча маҳсулотлар нархи арзонлаштирилади.
Жазоирдаги Рамазони шариф
Жазоирда ҳам мусулмонлар рамазонга атайлаб, ўзгача тарзда ҳозирлик кўрадилар. Жумладан, уй соҳиби оиласига рамазон ойи охирига қадар етгулик эҳтиёжларни рамазондан олдин таъминлаб қўяди. Аҳоли шаъбон ойининг 29-куни биргалашиб, “Рўъятул Ҳилал” - “Янги Рамазон ойи” ни кўришга чиқишади. Ҳукумат ҳам рамазоннинг кириб келганини эълон қилиб, аҳолини бу муқаддас ой билан табриклайди. Одамлар бир-бирларини муборакбод этиб қутлашади. Жазоирликлар рамазонни келиб кетадиган азиз меҳмондек ҳурмат қилишади. Уй бекалари келиннинг хонасини тайёрлагандек уйларини ораста қилиб қўйишади. Болалар ҳам моҳи рамазоннинг келишини интизорлик билан кутишади. Болалар ҳар бир халқда бўлгани шеърлар, қўшиқларни айтишни бошлаб юборишади. Жазоирликлар асосан сут ва ҳурмо билан оғизларини очгач, масжидларга бориб шом намозини ўқиб бўлишгач уйларига қайтиб овқатланишади. Бу ойда бой бадавлат инсонларнинг бечораҳол кишиларга ёрдам кўрсатиши ортади.
Марокашдаги Рамазони шариф
Марокаш халқи ҳам бу муборак ойни чиройли бир кўринишда қаршилаб, уни чиройли қилиб кузатиб қўйишади. Бу ойда рўза ва намоз ибодатларига ўзгача риоя қилишар, халқ бир-бирига ҳурмат ва иззатда бўлиб дўстлик алоқаларни мустаҳкамлайдилар. Бундан ташқари, уй-жойлар сарамжонлиги-ю озодалиги, кўча ва хиёбонлардаги дарахтларни оқлаш ва бошқа бўёқ ишлари, янги либослар сотиб олиш – булар барчаси рамазонга ҳурматнинг, унга тайёргарликнинг ёрқин белгисидир.
Рамазон ҳилоли кўриниши билан бу муқаддас ойни 21 та замбаракдан ўқ отишиб қаршилаб олишади. Аҳолидан, асосан ёш болалар уйларининг томларига чиқишиб рамазонга атаб қўйишган, рамазон ишқида айтиладиган турли хил шеърлар, нашидлар, мисраларни овозларининг борича айтишади. Рамазон овқатларидан асосан ҳарира шўрваси, ҳарис, кус-кус ва бошқа турдаги шириндан шакар овқатлар тортиқ қилинади. Ичимликлардан эса кўпинча чой ичилади.
Тунисдаги Рамазони шариф
Тунисда Рамазонга тайёргарлик шаъбон ойининг охиридан бошланади. Аҳоли ёнғоқ, магиз, туршак ва бошқа ширинликлар ғамлаб қўйишади. Рўзада тун бўйи дўконлар ва ошхоналар ишлаб, кундуз куни дам олгани боис, бозорликни кечаси қилишади. Тунисда ифторлик сув ва енгил овқатланиш билан кифояланади. Асосий зиёфат эркаклар таровиҳ намозидан қайтишларига барча нози-неъматлар тайёрланади. Ифторни оила аъзолари даврасида ўтказиш урф бўлиб қолган. Ифтор шириндан-шакар каркаде ичимлигисиз ва машҳур фаттуш егулигисиз ўтмас. Фаттуш – кўкат, помидор, бодринг, редиска, лимон, зайтун ёғи ва қотган нон аралашмасидан иборат салатдир. Шунингдек, буғдойдан тайёрланадиган табулл ва кўк сомса ҳам кенг истеъмол қилинади. Канафа, қатаиф ва бошқа ширинликлар таровиҳ намозидан сўнг тортилади.
Интернет материаллари асосида
Илёсхон АҲМЕДОВ
тайёрлади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Айтинг-чи, Қуръонда нечта ҳукмий оят бор? Энг узоғи 500 та ҳукмий оят бор. Ҳукмга доир нечта ҳадис бор? Баъзи уламолар 500 та дейишган, баъзилари 700, 1000, 1500, 2000, 3000 гача дейишган. Мен фақат ҳукмга доир ҳадисларни айтяпман. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган саҳиҳ ҳадислар нечта? 8 мингтадан 12 мингтагача дейилган. Умуман олсак, суннат захирасида нечта аҳком ҳадислари бор? Юқорида айтганимиздек, 500, 1000, 2000, 3000...
Қуръондаги ҳукмга оид оятлар билан қўшганда, 5000 та дейлик. Лекин ҳаётда миллионлаб, ўн миллионлаб масалалар бор-ку. Шулардан тахминан 5000 тасига Қуръон ва Суннатдан далил топармиз. Лекин қолган миллионлаб масалаларга-чи? Шахсий масалалару, муомалот бобини қўйиб турайлик, намознинг ўзини олсак, ундаги ҳолатларнинг майда тафсилотларига бу 5000 танинг ичидан далилни топа олмасак-чи? Икки йўлдан бирини танлаш керак бўляпти. Агар Қуръон ва Суннатнинг зоҳирига чекланиб қолсам, Қуръондаги «У ҳар бир нарсани баён қилувчидир» деган оятни ёлғонга чиқаришимга тўғри келиб қолади. Аллоҳ асрасин, ҳатто намоздаги ҳамма ҳолатларни тўлиқ баён қилиб бера олмаса, қандай қилиб ҳар бир нарсани баён қилувчи бўла олади?! Агар фақат Қуръон ва Суннатнинг ўзи билангина чеклансам, гўёки динсизликка чақираётган бўлиб қолар эканман, чунки ҳаётнинг ҳамма жабҳаларига ҳукм топиб бера олмай қоламан. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло: «Бу кун динингизни мукаммал қилиб бердим», деяпти. Демак, бу дин мукаммал бўлиши керак. Лекин Қуръон ва Суннатда кийим-кечак, самолёт, автомобиль, ширкатлар ва бошқа минглаб ижтимоий масалаларга тегишли очиқ ҳукм топа олмайман, чунки мен далилларни шу икки манбага, улардаги муайян ададга чеклаб қўйган бўламан.
Мана шунинг учун дин душманлари динни йўқ қилиш, уни амалдан чиқариб юборишни даъво қилишяпти. Ташаддуд ва таҳаллул йўналишлари мана шунга чақиришяпти, яъни Исломни далилларнинг зоҳири билан чеклаб қўйишга ҳаракат қилишяпти. Хўш, унда нима бўлади? Одамлар муомалотда (яъни ўзаро олди-берди, оилавий масалалар, даъволашув ишлари, мерос борасида), умуман олганда, юриш-туришда диндан узоқлашиб кетади. Далилларнинг фақат зоҳирига амал қиламан деса, ҳаётнинг жуда оз жабҳаларидагина Исломга амал қила олади.
У ҳолда қолган амалларнинг ҳукми нима бўлади? Уларни қаердан оламиз? Аллоҳ таоло бу саволга: «Билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг», деб жавоб берди. Демак, бундан бошқа ҳукмлар ижтиҳод, истинбот, яъни далилдан ҳукм чиқариш орқали олинади. Мана шу йўл, яъни ижтиҳод қилиш саҳиҳлигига чексиз далиллар бор.
Демак, яна мавзуимизга қайтсак. Ҳар бир масалага далил керак, лекин «Далил – фақат Қуръон ва Суннатнинг ўзи» десак, қийин аҳволда қоламиз. Қуръон ва Суннатда очиқ далили бор масалалар барча масаланинг ҳукмини олишга етарли эмас. Шунинг учун бу нотўғри йўлдир, чунки масалалар шу қадар кўпки, «Ўн мингта масаладан биттасига очиқ-ойдин далил бор», десак ҳам, муболаға қилмаган бўламиз. Ўн мингта масаладан биттасига! Эътибор беринг, далили Қуръон ва Суннатда бор бўлган масалалар ўн мингта масаладан биттасига тўғри келади.
Шунинг учун биз «Ҳар бир фиқҳий масаланинг далили бор» деганда, умумий далилларни, қиёс ва қоидаларни ҳам тушунамиз. Далилсиз бирон масала йўқ, дегани мана шудир. Масалани тор олиб, «Далил - фақат Қуръон ва Суннат» десак, ўн мингта масаладан биттасига далил топа олар эканмиз. Шу эътибордан, агар мендан ўша ўн мингта масаладан биттасининг ҳукмини талаб қилиб, қолган барча масалани инкор қилсангиз, Исломни бекор қилган бўласиз. Ташаддуд йўналишига чақирадиганлар шундай қилишяпти.
Биз улар ҳақида ҳазил қилиб, бундай деймиз: «Уларнинг олтмишта масаласи бор, Ислом шу олтмишта масаладан иборат, тамом. Қолган жабҳалар Ислом эмас. Улар учун Ислом нима? Фақатгина шанба куни рўза тутиб бўлмайди, йигирма ракат намоз йўқ, калта иштон кийиш керак, соқол ва шунга ўхшаган саноқли гапларни айлантираверишади».
Лекин муомалот масаласи, шахсий ҳолатлар ҳақидаги масалалар, давлат ишлари ҳақида гаплашайлик, десангиз, ҳеч нарса билишмайди, чунки улар Исломни ўн мингта, балки миллионта масаладан биттагинаси билан чеклаб қўйишди. Ёмон хулқлар, такаббурлик, тасарруфотлар, мусулмонларни ўлдириш, ҳаром ишларни ҳалол санаш ва бошқа мавзулар билан уларнинг иши йўқ. «Мен фақат далилга эргашаман», дейишади. Қандай далилга? Сен гумон билан даъво қиляпсан. Сен бу ишинг билан шариатни тўхтатишга, уни бекор қилишга даъват қиляпсан. Сен ҳар бир масалага очиқ-ойдин далил талаб қилсанг, бу нарса зоҳиран яхши ишдек кўринаверади, лекин аслида бу динни, унинг ҳукмларини емириш бўлади, шариатнинг аҳкомларини бекор қилиш бўлади.
Ҳар бир масалага далил топасиз, лекин ўша далил Қуръон ва Суннатдан келиб чиққан қоидалардан бўлади. Юқорида ҳам айтдик, ҳанафий мазҳаби қоидалар мажмуасидир, Қуръон ва Суннатдан хулоса қилиб олинган қоидалар тўпламидир. Қуръон ва Суннат асосида қоидалар ишлаб чиқилган, ана шу қоидалардан эса фиқҳий масалалар келиб чиққан. Демак, бизнинг далилимиз ҳам Қуръон ва Суннатдан олинган, лекин ўртадаги маълум восита орқали олинган. Ҳукм қоидадан олинган, қоида эса Қуръон ва Суннатдан олинган. Бундан бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас. Ҳар бир ҳукмнинг далили борлиги мана шудир. Истисносиз, миллионта фиқҳий масала бўлса ҳам, мана шу йўл билан унинг далилини топаверасиз. Лекин Қуръон ва Суннатдан очиқ-ойдин далил қидирсангиз, ўн мингта масаладан биттасига далил топасиз, холос.
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан